Home / ҲАЛОЛЛИК ВА МАЪРИФАТ / Ҳалоллик ва ростгўйлик – саодат калити

Ҳалоллик ва ростгўйлик – саодат калити

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:

“Албатта, ростгўйлик яхшиликка, яхшилик эса жаннатга етаклайди. Киши рост гапиришда давом этса, Аллоҳ ҳузурида сиддиқ деб ёзилади. Ёлғон гуноҳкорликка, гуноҳкорлик эса дўзахга етаклайди. Киши ёлғон гапиришда давом этса, Аллоҳ ҳузурида каззоб деб ёзилади” [Имом Бухорий ривояти].

Ушбу ҳадис ростгўйлик ва ҳалоллик инсонни эзгуликка етакловчи муҳим ахлоқий фазилатлар эканини кўрсатади. Ростгўйлик инсоннинг сўзи ва амали ўртасидаги уйғунликни таъминлайди, унинг маънавий камолотига хизмат қилади. Ҳалол инсон ўз вазифасига масъулият билан ёндашади, бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилади ва ҳар қандай вазиятда адолатли бўлишга интилади.

✅ Ҳалоллик жамиятда ўзаро ишонч, ҳамжиҳатлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Айниқса, илм олиш, меҳнат қилиш, савдо-сотиқ ва инсонлар ўртасидаги муносабатларда ростгўйликка амал қилиш муҳим аҳамиятга эга. Негаки, ҳалоллик устувор бўлган муҳитдагина адолат, масъулият ва ўзаро ҳурмат қарор топади.

⁉️Ёлғончилик эса инсоннинг обрў-эътиборига путур етказади, одамлар ўртасидаги ишончни сусайтиради ва турли келишмовчиликларга сабаб бўлади. Шу боис ҳар бир инсон рост сўзлашни, ваъдасига вафо қилишни, ўзгаларнинг омонатига хиёнат қилмасликни ҳаётий тамойилига айлантириши лозим.

🟢 Хулоса қилиб айтганда, ростгўйлик ва ҳалоллик инсон маънавиятининг мустаҳкам пойдеворидир. Ушбу фазилатларга эга инсон нафақат ўзининг ахлоқий камолотига эришади, балки жамиятда соғлом маънавий муҳит шаклланишига ҳам муносиб ҳисса қўшади.

⏺Ҳалоллик – инсон зийнати, ростгўйлик – саодат калити!

Нурмуҳаммад Маткаримов,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ИНСОНПАРВАРЛИК – ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

Инсонпарварлик деганда кўпчиликнинг хаёлига табиий офатлар ёки можаролардан жабр кўрган инсонларга озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа …