Home / МАҚОЛАЛАР / Имом Бухорий меросида ҳалол ризқ ва ижтимоий адолат

Имом Бухорий меросида ҳалол ризқ ва ижтимоий адолат

Инсон ҳаётида ризқ ва уни топиш манбалари азалдан муҳим ижтимоий ва ахлоқий масалалардан бири бўлиб келган. Моддий эҳтиёжларни қондириш, касб-ҳунар эгаллаш, савдо-сотиқ қилиш ва оила фаровонлигини таъминлаш ҳар бир шахснинг табиий интилишидир. Ислом таълимотида бу жараён фақат бойлик орттириш воситаси сифатида эмас, балки ҳалоллик, поклик ҳамда адолат мезонлари асосида баҳоланади.

«Эй имон келтирганлар! Сизларга ризқ қилиб берганимиз пок нарсалардан енглар ва Аллоҳга шукр қилинглар, агар Унгагина ибодат қиладиган бўлсангиз» (Бақара сураси 172). Мазкур оятдаги “пок нарсалар” тушунчаси алоҳида аҳамият касб этади. Муфассирлар ушбу кўрсатмани фақат истеъмол қилинадиган озиқ-овқатнинг шаръан рухсат этилгани билан чекламайдилар. Энг муҳими, ризқнинг қандай манба ва усул орқали топилгани назарда тутилади. Яъни, инсон даромадига фирибгарлик, порахўрлик, ўғирлик, зулм ва бошқаларнинг ҳақи аралашмаган бўлиши лозим. Оятдан англашиладики, “ризқнинг мавжудлиги”нинг ўзи кифоя эмас, унинг манбаи ва топилиш йўли инсоннинг маънавий ва ахлоқий масъулиятини белгилайди. Пок манбадан келган ризқ инсоннинг ички дунёсини ва жамиятдаги муносабатларини соғломлаштирувчи асосий негиздир.

Буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг маънавий ва илмий меросида ҳалол ризқ ва ижтимоий адолат тушунчалари бир-бирини тўлдирувчи яхлит тизим сифатида илгари сурилган. “Ал-жомиъ ас-Саҳиҳ” асарида Миқдом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис келтирилади: «Ҳеч бир киши ўз қўли билан меҳнат қилиб топган таомидан кўра яхшироқ ризқ еган эмас. Аллоҳнинг пайғамбари Довуд алайҳиссалом ҳам ўз қўл меҳнати билан таомланар эдилар».

Мазкур ҳадиснинг “Саҳиҳул Бухорий”нинг “Китобул байъ” (савдо-сотиқ) бўлимида, айнан «Кишининг ўз қўли ва меҳнати билан топган касби ҳақидаги боб»да келтирилиши чуқур маънога эга. Бу исломда меҳнатга ахлоқий ва ижтимоий юксак қадрият сифатида қаралишини кўрсатади. Меҳнат – шунчаки моддий манфаат олиш воситаси эмас, балки ўзгаларга муҳтож бўлмай шараф билан яшаш манбаидир. Ҳадисда пайғамбарлик ва подшоҳлик мақоми берилган Довуд алайҳиссаломнинг ўз қўл меҳнати билан ризқ топгани мисол қилиб келтирилиши ҳалол касб-ҳунар инсон қадр-қимматини юксалтиришини англатади. “Саҳиҳул Бухорий”нинг “Китабул Ижора” (ижара ва ёлланиш китоби), мардикорнинг иш ҳақини бермаган кишининг гуноҳи бобида бировнинг ҳақига даҳл қилиниши қуйидаги “ҳадиси қудсий” орқали қаттиқ тақиб қилинган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло айтди: “Қиёмат куни Мен уч тоифа кишига қарши даъвогар бўламан… (шулардан бири) бир мардикорни ишга ёллаб, ундан тўлиқ фойдаланиб, сўнг ҳақини бермаган кишидир”.

Ҳадисда ишчининг ҳақини бермаслик оддий маъмурий камчилик сифатида эмас, балки ниҳоятда оғир ахлоқий жиноят сифатида кўрсатилади. Чунки иш берувчи ишчининг меҳнатидан фойдаланган, унинг меҳнати натижасини олган, аммо унинг ҳақини бермаган. Бу ҳолатда бир томон бойлик ёки фойдага эга бўлади, иккинчи томон эса ўз меҳнати учун белгиланган ҳақдан маҳрум бўлади.

Ҳадиснинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда «меҳнатини тўлиқ олган» мазмуни мавжуд. Яъни, иш берувчи ишчидан ўз вазифасини бажаришни талаб қилган, ишчи эса ўз мажбуриятини адо этган. Шундай экан, иш берувчининг мажбурияти ҳам иш ҳақини бериш билан тугайди. Бу ўзаро мажбурият ва масъулият тамойилидир. Мазкур ҳадис замонавий меҳнат муносабатлари учун ҳам муҳим ахлоқий мезон беради. Меҳнат шартномасида белгиланган ҳақни ўз вақтида тўлаш, ишчининг меҳнатини асоссиз камайтириб баҳоламаслик, унинг меҳнатидан фойдаланиб, кейин ҳақини кечиктирмаслик ижтимоий адолатнинг асосий талабларидан биридир. Имом Бухорий меросида меҳнат муносабатлари икки томонлама масъулият асосида қурилади: ишчи ўз вазифасини ҳалол ва сидқидилдан бажаради; иш берувчи эса унинг ҳақини адолатли равишда беради.

Баёзхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Манба: “Зарафшон” газетаси 3-октябрь 86-сони

Check Also

ЗАРАФШОН ВОҲАСИ ТАСАВВУФ ТАРИХИГА ОИД ЭПИГРАФИК ЁДГОРЛИКЛАР

Нақшбандия-мужаддидия мусулмон жамиятининг барча жабҳаларига таъсир қилувчи кучга айланиб, ҳукмдорлар, давлат арбоблари, зиёлилар ва оддий …