20 ноябрь куни Термиз шаҳрида Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллиги муносабати билан “Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлардан таниқли олимлар, тадқиқотчилар, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда таълим муассасалари вакиллари буюк мутафаккирнинг бой илмий-маънавий мероси, унинг ислом илм-фани ва тафаккури ривожидаги ўрни, асарларининг бугунги кундаги аҳамияти юзасидан фикр алмашди.

Халқаро конференцияда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакиллари ҳам ўз илмий изланишлари натижалари билан қатнашди.
Жумладан, Марказ бўлим бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Шукрулло Умаров “Ислом цивилизацияси ривожида Ҳаким Термизий ва Термизийлар мактаби” номли шўъбада “Ҳаким Термизий маънавий меросининг ислом тафаккурида тутган ўрни ва манбашунослик таҳлили” мавзусида маъруза қилди. Унда мутафаккирнинг маънавий мероси, унинг ислом тафаккури ривожига таъсири ҳамда ушбу меросни тарихий ва илмий манбалар асосида ўрганиш масалаларига эътибор қаратилди.

Мутафаккир илмий меросини ўрганиш фақат унинг асарлари ва ғояларини таҳлил қилиш билангина чекланмайди. Бу борада аллома ҳақида амалга оширилган тадқиқотларни тизимлаштириш, илмий изланишлар кўламини аниқлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан, Имом Бухорий халқаро стипендияси совриндори, Туркиянинг Бурса Улудағ университети тадқиқотчиси, ислом илмлари бўйича фалсафа доктори Мадинабону Моидинова “Ҳаким Термизий ҳақидаги илмий ишлар каталоги” мавзусида онлайн маъруза қилиб, мутафаккир меросини ўрганишга бағишланган илмий тадқиқотларни каталоглаштириш масалаларини халқаро илмий мулоқотга олиб чиқди.

Анжуманда Ҳаким Термизий таълимотининг тилшунослик ва Қуръон маъноларини англаш билан боғлиқ жиҳатлари ҳам эътибордан четда қолмади. Имом Бухорий халқаро стипендияси совриндори, Малайзия Ислом тараққиёти департаменти (JAKIM) илмий ходими Муҳаммад Узаир ибн Изҳам “Ҳаким Термизий таълимотида тародуф (синонимлик)ни инкор этиш тамойилининг қўлланилиши — Қуръондаги учта маънодош сўзнинг мавзувий таҳлили” мавзусида маъруза қилди. Унда мутафаккирнинг сўз ва маъно муносабатига доир қарашлари, Қуръони каримдаги маънодош сўзларнинг мазмуний хусусиятлари таҳлил этилди.
Мутафаккир меросининг яна бир муҳим қирраси бўлган тасаввуфий қарашлар, ахлоқий камолот ва маърифат масалалари эса Имом Бухорий халқаро стипендияси совриндори, Малайзия Ислом тараққиёти департаменти (JAKIM) илмий ходими Муҳаммад Шаҳир бин Ҳошимнинг “Ҳаким Термизийнинг тасаввуфий мероси — ахлоқ, маърифат ва комил инсон концепцияси” мавзусидаги маърузасида ўз ифодасини топди.

Марказимиз вакиллари ҳамда халқаро стипендия совриндорлари томонидан тақдим этилган маърузалар Ҳаким Термизий меросини манбашунослик, тадқиқотлар тарихи, тилшунослик ва тасаввуф каби турли илмий йўналишлар кесимида ўрганишга қаратилди.

Анжуман турли мамлакатлар олим ва тадқиқотчиларининг изланишларини ягона илмий мулоқот майдонида бирлаштириб, аждодларимиз меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш ва илмий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга замин яратди.
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




