Самарқанд вилоятида “Ўзбекистон – ўз-ўзимизники!” шиори остида ўтказилаётган “Маърифат ҳафталиги” ижтимоий-маърифий лойиҳаси доирасида вилоятдаги олий таълим муассасалари ва техникумларда қатор маърифий учрашувлар ташкил этилди.

Дастлаб “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетида “Уйғоқ идрок” лойиҳаси доирасида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда тарғибот гуруҳи аъзолари қаторида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Жонибек Жумаев ёшларнинг маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш, ахборот маданиятини юксалтириш ва сохта ахборотларга қарши огоҳликнинг аҳамияти ҳақида фикр юритди.

Маънавий тарғиботга оид учрашувлардан фарқли ўлароқ, ҳафталик тадбирларида санъаткорлар куй-қўшиқлар ижро этмоқда. Бу иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлаяпти.
Шунингдек, ҳафталик доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тинчлик ва осойишталикнинг қадри, ёшларга яратилаётган имкониятларга бағишлаб, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида талабалар билан “Янги Ўзбекистон шукронаси” мавзусида мулоқот давраси ташкил этилди.


Бундан ташқари, Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида “Илм – келажак калити” мавзусида ўтказилган семинарда талаба-ёшлар ва ўқитувчилар билан илм-фан, замонавий касблар ва инновацияларнинг жамият тараққиётидаги ўрни ҳақида фикр алмашилди.
Ҳафталик иштирокчилари Самарқанд шаҳридаги Кўксарой майдонида 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” шиори остида ўтказилган тантанали байрам тадбирида ҳам қатнашди. Унда давлат мадҳияси янграб, муқаддас байроғимизнинг ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги ўрни эътироф этилди, Ватанни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлар ижро янгради.

Вилоят бўйлаб “Маърифат ҳафталиги” тадбирлари давом этмоқда.
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




