Home / ЯНГИЛИКЛАР / ҲУРМАТ ВА БИРДАМЛИК МУҲИТИ – ТИНЧ-ОСУДА ҲАЁТИМИЗ АСОСИ

ҲУРМАТ ВА БИРДАМЛИК МУҲИТИ – ТИНЧ-ОСУДА ҲАЁТИМИЗ АСОСИ

Бугун мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг маънавий дунёсини бойитиш ҳамда миллий ва диний қадриятларни асраб-авайлашга хизмат қилмоқда. Янгиланиш ва тараққиёт йўлидаги иқтисодий ҳамда ижтимоий ўзгаришлар илм-маърифат, виждон эркинлиги ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш билан узвий боғлиқ ҳолда олиб борилмоқда. Бу жараёнлар жамиятда ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни юксалтириш, аҳолининг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муҳим замин ҳозирламоқда.

Эркин ва фаровон ҳаёт, тинчлик ва осойишталик, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, виждон эркинлиги ҳамда диний бағрикенглик — янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим асослари. Ўз тарихимиз, она тилимиз ва асрий қадриятларимизга эҳтиром билан муносабатда бўлиш ана шу жараённинг ажралмас қисмидир.

Мазкур ислоҳотлардан бош мақсад инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар яратишга қаратилган. “Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя айни мақсад рўёби йўлида давлат сиёсатининг марказига олиб чиқилди. Фуқароларнинг мурожаатлари ва кундалик ҳаётдаги эҳтиёжларига эътибор кучайиб, муаммоларни жойида ҳал этишга алоҳида аҳамият берилмоқда.

Мамлакатимиздаги иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар натижасида аҳолининг турмуш даражаси яхшиланмоқда, замонавий уй жойлар қурилмоқда, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашнинг манзилли механизмлари жорий этилмоқда.

Бу жараёнлар диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар билан ҳам узвий боғлиқ. Чунки инсон қадрини улуғлаш, унинг эътиқодига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, виждон эркинлигини таъминлаш ва турли қарашларга бағрикенглик билан ёндашиш барқарор ва адолатли жамиятнинг муҳим шартларидир.

Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, виждон эркинлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Кейинчалик мазкур қонун янги таҳрирда қабул қилиниши билан бу кафолатлар замон талаблари асосида янада такомиллаштирилди.

Бугун мамлакатимизда виждон эркинлиги конституциявий ҳуқуқ сифатида мустаҳкам кафолатланган. Диний соҳада давлат сиёсатининг ҳуқуқий ва институционал асослари такомиллаштирилиб, фуқаролар диний эҳтиёжларини қонуний ва эркин амалга ошириши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

Ўзбекистоннинг буюк тарихида илм-фан ва маърифат доимо юксак ўрин тутган. Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида башарият тафаккури хазинасини бойитган буюк алломаларимизнинг диний-маърифий мероси ана шу улкан цивилизациянинг ажралмас қисмидир.

Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд каби аждодларимизнинг илмий-маънавий мероси халқимизнинг бебаҳо бойлиги. Уларнинг асарларида илм, ақл, маърифат, эзгулик, инсонпарварлик, бағрикенглик ва маънавий камолот ғоялари мужассам.

Президентимиз ташаббуси билан Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилгани, Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази фаолияти йўлга қўйилгани ана шу бебаҳо меросни чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиши эса бу йўналишдаги ишлар янги босқичга кўтарилганининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Самарқанд заминида Имом Бухорий мажмуасининг қайтадан бунёд этилгани ҳам халқимизнинг буюк муҳаддис меросига юксак эҳтиромини ифодалайди.

Бу даргоҳлар фақат зиёрат масканлари эмас. Улар илм-маърифат, тарихий хотира, миллий ўзлик ва эзгулик ғояларини уйғунлаштирувчи маънавий марказлар сифатида ҳам катта аҳамиятга эга.

Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичида таълим, илм-фан ва маърифат ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Билимли, мустақил фикрлайдиган, юксак маънавиятли авлодни тарбиялаш миллий юксалишнинг муҳим шарти сифатида қаралмоқда.

Шу боис, билим ва малакани тараққиётимизнинг асосий капиталига айлантириш устувор вазифа этиб белгиланган. Болаларни мактабга тайёрлаш, таълим сифатини ошириш, ёшларни замонавий касбларга ўқитиш, олий таълим ва илмий изланишлар учун имкониятларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур жараёнда ёшларимизга миллий ва диний қадриятларнинг инсонпарварлик моҳиятини тўғри англатиш, уларни илм ва маърифат, ватанпарварлик ва эзгуликка йўналтириш, турли бузғунчи ғоялардан асраш бугунги даврнинг муҳим вазифаларидан.

Aйниқса, сунъий интеллект, замонавий технологиялар ва креатив иқтисодиёт каби соҳалар жадал ривожланаётган бир пайтда ёш авлоднинг рақамли дунёда муносиб ўрин эгаллаши билан бирга маънавий илдизлари, қадриятларига ҳамоҳанг фаолият юритиши жуда муҳим. Зеро, билим, маънавият ва қадрият уйғунлиги баркамол инсоннинг энг муҳим белгиси.

Ўзбекистон азалдан турли миллат ва дин вакиллари тинч-тотув, ҳамжиҳат яшаб келган заминдир. Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил-иноқ яшамоқда. Зеро, нотинчлик ва ўзаро қарама-қаршиликлар кучайиб бораётган бугунги мураккаб дунёда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик — халқимизнинг бебаҳо бойлиги.

Диний конфессиялар вакилларининг ўз диний анъана ва маросимларини амалга ошириши учун зарур шароит яратилгани, конфессиялараро мулоқот ва ҳамкорлик ривожланиб бораётгани юртимизда қарор топган бағрикенглик муҳитининг амалий ифодасидир.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, мамлакатимизда “Бағрикенглик ҳафталиги” тадбирларини кенг миқёсда ўтказиш яхши анъанага айланди. Ҳафталик доирасида юртимиз ҳудудларида ташкил этилаётган маърифий учрашувлар, очиқ мулоқотлар, илмий-амалий анжуманлар ва маданий тадбирлар турли миллат ва дин вакилларини эзгу мақсадлар атрофида бирлаштирмоқда. Уларда диний конфессиялар, жамоат ташкилотлари, илм фан ва таълим соҳаси вакиллари ҳамда ёшларнинг фаол иштироки бағрикенгликнинг жамиятимиз ҳаётидаги амалий ифодасини намоён этмоқда.

Бу тадбирларнинг аҳамияти, аввало, инсонлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишончни мустаҳкамлаш, турли дин ва маданиятларнинг инсонпарварлик моҳиятини чуқурроқ англашга хизмат қилишида кўринади. Aйниқса, ёш авлодни турли эътиқод ва қарашларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, мулоқот маданиятини ривожлантириш ҳамда тинч-тотув яшаш масъулиятини англатишда ҳафталик муҳим маърифий майдон бўлмоқда.

2023 йилда “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони таъсис этилгани бу қадриятни рағбатлантиришга эътиборнинг ёрқин намунаси бўлди. Ўтган даврда 500 дан ортиқ киши ушбу мукофот билан тақдирланди. Улар орасида жамиятимизда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўлида самарали фаолият юритаётган турли соҳа вакиллари борлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари расмий байрам сифатида нишонланиши эса элимизнинг асрий диний ва миллий қадриятларига давлат даражасида юксак эҳтиром кўрсатилаётганини билдиради. Бу қутлуғ айёмлар меҳр-оқибат, саховат, кечиримлилик, ҳамжиҳатлик ва инсонпарварлик каби фазилатларни янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Инсон қадрини улуғлаш ғояси жамиятимизда меҳр-оқибат ва саховат муҳитини мустаҳкамламоқда. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, муҳтож ва бемор инсонларга ёрдам кўрсатиш, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ғамхўрлик қилиш борасидаги ишлар кўлами тобора кенгаймоқда.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудида амалга оширилаётган хайрия ва кўмак тадбирлари, маҳаллаларда оилаларнинг эҳтиёжларини ўрганиш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш ишлари ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистонда маҳалла нафақат ижтимоий ҳаётнинг муҳим бўғини, балки инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳам жиҳатликни мустаҳкамлайдиган маънавий мактаб ҳамдир. Зотан, маҳаллада турли миллат вакиллари, ҳар хил диний қарашларга эга инсонлар бир оиладек яшайди. Шу маънода, маҳалла бағрикенглик ва тотувликнинг энг муҳим ҳаётий мактабидир.

Инсон қадри улуғланган, қонун устувор бўлган ва жамиятда ўзаро ҳурмат қарор топган юртда иқтисодий тараққиёт ҳам, ижтимоий ишонч ҳам юксалади. Ўзбекистоннинг халқпарвар сиёсати ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

Марказий Осиёда аҳил қўшничилик, стратегик шериклик ва дўстлик муносабатлари янги босқичга кўтарилгани нафақат минтақавий барқарорлик, балки халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва бағрикенгликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.

Жаҳоннинг турли минтақалари билан ҳамкорлик кенгайиши, халқаро нуфузи ортиб бораётгани Ўзбекистоннинг тинчликсевар ва конструктив давлат сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамламоқда.

Биз учун тинчлик шунчаки сиёсий тушунча эмас. Тинчлик инсоннинг хотиржам ҳаёти, фарзандлар келажаги, оила фаровонлиги, илм ва маърифат равнақи, диний эътиқод эркинлиги ҳамда жамият тараққиётининг энг муҳим шартидир.

Ўзбекистоннинг тараққиёт тажрибаси бир ҳақиқатни яққол кўрсатмоқда: халқ ва давлат ягона мақсад йўлида бирлашиб, астойдил ҳаракат қилса, жамият ҳаётида барқарор ва изчил ўзгаришларга эришиш мумкин.

Юртимизнинг тинчлик ва дўстлик диёри, бағрикенг ўлка сифатидаги нуфузини юксалтириш диний-маърифий соҳа учун ҳам катта масъулият юклайди. Бағрикенгликни фақат қонунлар билан эмас, аввало, инсонларнинг қалби ва онгида қарор топтириш зарур. Бунинг учун илм, маърифат, соғлом эътиқод ва ўзаро ҳурмат муҳитини янада кучайтиришимиз керак.

Тинчлик ва осойишталикни асраш, инсон қадрини улуғлаш, виждон эркинлигини таъминлаш, илм-маърифатни юксалтириш, ёшларни эзгу мақсадлар сари йўналтириш, миллий ҳамда диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, турли миллат ва конфессия вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш янги Ўзбекистоннинг ёруғ келажагини бунёд этиш йўлидаги энг муҳим вазифаларимиздир.

Содиқ ТОШБОЕВ,
Дин ишлари бўйича қўмита раиси
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2026 йил 18 ноябрь, №239 (1838)

Check Also

ҚАДРИЯТДАН ДАВЛАТ СИЁСАТИГАЧА

Инсон учун эътиқод — қалбга дахлдор масала. Шунинг учун турли эътиқод вакилларининг бир жамиятда тинч-тотув …