Инсон учун эътиқод — қалбга дахлдор масала. Шунинг учун турли эътиқод вакилларининг бир жамиятда тинч-тотув яшаши фақат қонун ёки сиёсат масаласи эмас. Бу, аввало, одамларнинг бир-бирини тушуниши, ҳурмат қилиши ва ўзгача қарашга эга инсонни душман эмас, жамиятнинг бир аъзоси сифатида қабул қила олиши билан боғлиқ.
Тарихга назар ташласак, бундай муносабат халқимиз учун мутлақо янги қадрият эмаслигини кўрамиз. Мовароуннаҳр асрлар давомида турли маданиятлар, илм-фан мактаблари ва диний қарашлар учрашган ҳудудлардан бири бўлган. Бу заминда савдо йўллари билан бирга ғоялар, билимлар ва маданиятлар ҳам туташган. Турли қарашларнинг ёнма-ён мавжудлиги эса жамият ҳаётида ўзаро мулоқот ва бағрикенглик маданиятининг шаклланишига таъсир кўрсатган.
Шу боис диний бағрикенгликни фақат бугунги куннинг сиёсий атамаси сифатида қабул қилиш тўғри эмас. Унинг илдизлари халқимизнинг тарихий тажрибаси, маънавий қарашлари ва жамиятдаги ўзаро муносабатлар маданияти билан чамбарчас боғлиқ.
Бироқ тарихий анъананинг ўзи етарли эмас. Ҳар бир давр уни янги мазмун билан бойитиши керак. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда айнан шу жараён юз берди: диний бағрикенглик ва виждон эркинлиги умумий маънавий қадрият даражасидан замонавий давлат сиёсати ва ҳуқуқий кафолатлар тизимига кўтарилди.
Бунинг аҳамиятини оддий бир мисолда ҳам кўриш мумкин. Бир жамиятда турли эътиқод вакиллари яшар экан, уларнинг ҳар бири ўз динига амал қилиш, эътиқодига кўра яшаш ва бошқаларнинг ҳуқуқларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш имкониятига эга бўлиши керак. Ана шу мувозанат таъминланган жойдагина ижтимоий тотувлик барқарор бўлади.
Виждон эркинлиги ҳам айнан шу нуқтада муҳим аҳамият касб этади. Инсоннинг эътиқоди унинг шахсий ҳаётига дахлдор бўлгани каби, бошқа инсоннинг эътиқодига ҳурмат билан қараш ҳам жамият маданиятининг муҳим кўрсаткичидир. Демак, бағрикенглик — “ҳамма бир хил фикрлаши” дегани эмас. Аксинча, турлича фикр ва эътиқодларга эга инсонларнинг тинч ва ўзаро ҳурмат асосида яшай олишидир.
Асл моҳиятни сохта даъволардан ажрата билиш эса бугунги ахборот муҳитида айниқса муҳим. Зеро, бугун инсон диний маълумотни фақат масжид, китоб ёки устоздан эмас, интернетдан ҳам оляпти. Бир қарашда оддий кўринган видеолавҳа, қисқа аудио ёки ижтимоий тармоқдаги пост ортида қандай мақсад турганини ҳар доим ҳам англаб бўлмайди. Айниқса, диний билими ҳали шаклланиб улгурмаган ёшлар учун бу муҳитда тўғри манбани танлаш осон эмас.
Масаланинг яна бир нозик томони шундаки, радикал ғоялар кўпинча ўзини очиқдан-очиқ хавф сифатида намоён қилмайди. Улар баъзан “ҳақиқат”, “адолат”, “соф дин” каби жозибали тушунчалар ниқоби остида тарқалиши мумкин. Шунинг учун уларга қарши курашнинг энг самарали йўлларидан бири — инсонга тўғри фикрлаш, манбани текшириш ва ахборотни таҳлил қилиш кўникмасини шакллантиришдир.
Шу маънода, “Жаҳолатга қарши — маърифат” тамойилининг аҳамияти тобора ортиб боряпти. Чунки илм ва маърифат бор жойда инсон ҳар қандай даъвони кўр-кўрона қабул қилмайди. Савол беради, манба қидиради, солиштиради ва хулоса чиқаради. Бу масала фақат ёшлар билан боғлиқ эмас. Ахборот тезлиги ортиб бораётган бугунги даврда ҳар бир инсоннинг диний ва ахборот саводхонлиги жамият барқарорлигига таъсир кўрсатади. Нотўғри маълумот бир кишининг қарашини ўзгартириши мумкин, аммо у оммавий тус олса, бутун жамиятда турли тушунмовчилик ва қарама-қаршиликларни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас. Шу сабабли диний бағрикенгликни фақат турли конфессиялар вакилларининг бир-бирига муносабати билан чеклаб қўйиш ҳам тўғри эмас. У ахборот маданияти, таълим, оила тарбияси, ёшлар билан ишлаш ва жамиятда мулоқот маданиятини шакллантириш билан ҳам бевосита боғлиқ.
Ўзбекистоннинг бу борадаги ёндашуви ҳам тобора кенгайиб, фақат ички ҳаёт билан чекланиб қолмаяпти. Мамлакатимиз халқаро майдонда ҳам диний бағрикенглик, тинчлик ва маърифат ғояларини илгари суришга ҳаракат қилмоқда. Самарқанд, Бухоро, Тошкент каби тарихий шаҳарларда ўтказилаётган халқаро анжуманлар, илмий мулоқотлар ва маърифий тадбирлар ҳам бу жараённинг муҳим кўринишларидир.
Бу ташаббусларнинг аҳамияти шундаки, Ўзбекистоннинг тарихий тажрибаси бугунги дунё эҳтиёжлари билан боғлиқ экани аён бўлиб боряпти. Яъни гап фақат “бизнинг тарихимизда бағрикенглик бўлган” деб хитоб қилиш билан чекланмасдан, шу тарихий тажрибадан бугунги дунё учун зарур бўлган тинчлик, ўзаро ҳурмат ва маданиятлараро мулоқот ғояларини илгари суришда фойдаланиш истиқболларини очиб бериш ҳақида кетяпти.
Айниқса, глобаллашув шароитида бу масаланинг аҳамияти янада ошади. Чунки бугун дунёнинг бир бурчагида содир бўлган воқеа бир неча дақиқа ичида бошқа қитъадаги инсоннинг қарашларига таъсир қилиши мумкин. Ахборот чегара билмай қўйган бир пайтда бағрикенглик ҳам фақат бир давлатнинг ички қадрияти бўлиб қола олмайди. У халқаро мулоқотнинг муҳим асосига айланмоқда.
Бундай шароитда Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси ҳам катта имконият беради. Зеро, бу заминда илм-фан, маданият ва маънавият ривожи кўп асрлар давомида турли ҳудудлар ва халқлар ўртасидаги мулоқот билан уйғун кечган. Демак, бугунги тинчлик ва бағрикенглик ғояларини илгари суришда биз фақат замонавий сиёсий тажрибага эмас, балки чуқур тарихий хотирага ҳам таяна оламиз.
Бугунги вазифа ҳам ана шу мувозанатни асрашдан иборат. Диний бағрикенгликни қонун ҳимоя қилади, аммо унинг ҳаётда қарор топиши инсонларнинг кундалик маданиятига боғлиқ. Қонун тартиб ўрнатиши мумкин, аммо ўзаро ҳурматни инсоннинг ўзи шакллантиради. Шунинг учун бу масалада давлат сиёсати билан бир қаторда оила, таълим муассасаси, маҳалла ва жамоатчиликнинг ҳам масъулияти катта.
Энг муҳими, биз ёш авлодга бағрикенгликни фақат тушунча сифатида ўргатмаслигимиз керак. Уни ҳаёт тарзи сифатида кўрсатишимиз лозим. Бошқача фикрлаган инсонни эшита билиш, ўзга эътиқод вакилига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, ҳақиқатни шов-шувли даъволардан ажрата олиш — бугунги ёш учун зарур фазилатлардир. Мустақиллик йилларида эришилган энг муҳим натижалардан бири ҳам шунда: диний бағрикенглик жамият ҳаётида ўз-ўзидан шаклланадиган оддий муносабат эмас, балки инсон ҳуқуқлари, виждон эркинлиги, ижтимоий тотувлик ва давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда.
Аммо ҳар қандай қадриятнинг келажаги уни кейинги авлодга қандай етказишимизга боғлиқ.
Шу боис бугунги мақсад фақат тинчликни асраш эмас, балки тинчликнинг қадрини англайдиган, турлиликдан хавф эмас, хайр кўра оладиган, динни адоват эмас, эзгулик ва маърифат манбаи сифатида англайдиган авлодни тарбиялашдир.
Зеро, диний бағрикенглик — бир-биримизнинг фарқларимизни йўқотиш эмас, шу фарқлар билан бирга тинч ва муносиб яшаш маданиятини шакллантиришдир. Мустақиллик эса бизга ана шу маданиятни тарихий қадриятдан замонавий давлат сиёсати ва жамият тараққиётининг муҳим омилига айлантириш учун кенг имконият берди.
Энди бу имкониятни асраш, унинг мазмунини чуқур англаш ва ёш авлодга етказиш — барчамизнинг умумий вазифамиздир.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




