Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Сўғд шаҳарлари тарихига оид манбалар таҳлили

Сўғд шаҳарлари тарихига оид манбалар таҳлили

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон воҳаси маданий бойликлари” туркумида навбатдаги онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ ходимлари, Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти, Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти олимлари, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари, Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти Самарқанд филиали тингловчилари, Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти устоз ва талабалари қатнашди.

Семинарда тарихчи олим, Тошкент Кимё халқаро университети доценти Ҳусниддин Мамадалиев “Х асрга оид исломий ёзма манбаларда Сўғд шаҳарларининг тасвири: Ҳайратдан ҳақиқат сари” мавзусида маъруза қилди.

Олим Х аср мусулмон географлари асарларида Самарқанд ва Бухоро каби қадимий шаҳарларнинг тасвирланиши, уларнинг тарихий қиёфаси, иқтисодий ҳаёти ва шаҳарсозлик анъаналарини таҳлил этди. Хусусан, Истахрий, Ибн Ҳавқал ва Муқаддасий сингари олимларнинг географияга оид рисолалари, шунингдек, Наршахийнинг Бухоро тарихига оид асарларидаги маълумотлар ҳақида сўзлади.

Таъкидланганидек, Ўрта аср географик манбаларида шаҳарлар кўпинча ўзига хос бадиий ва муболағали тасвирлар билан ифодаланган. Шу билан бирга, уларда тарихий воқеъликни акс эттирувчи аниқ маълумотлар ҳам талайгина. Тадқиқотнинг муҳим жиҳати ана шу тасвирлар замиридаги тарихий ҳақиқатни аниқлаш, ёзма манбалардаги маълумотларни қиёсий таҳлил қилиш ва уларни бошқа тарихий далиллар билан солиштиришдан иборат.

Маърузачи Самарқанд ва Бухоронинг ички тузилиши, мудофаа деворлари ва дарвозалари, суғориш ва оқова тизимлари, бозорлар, савдо йўллари, ҳунармандлик ва вақф мулклари ҳақида қимматли маълумотларни тақдим этди. Айниқса, Самарқанднинг ободлиги, боғ-роғлари, сув иншоотлари ва меъморий қиёфаси ҳақидаги тасвирлар алоҳида таҳлил қилинди.

Шунингдек, географик асарларда шаҳарларнинг моддий ва иқтисодий ҳаёти кенг ёритилган бўлса-да, илм-фан ва илмий муҳитга оид маълумотларни аниқлашда табақот, таржимаи ҳол ва фиқҳий манбалар ҳам муҳим ўрин тутиши қайд этилди.

Семинар якунида тарихий манбаларни ўзаро қиёслаш, ёзма маълумотларни археологик далиллар билан бойитиш ҳамда Марказ билан хорижий илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Халқаро илмий алоқалар – янги босқичда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Туркиянинг Қириққале университети ислом илмлари факультети доктори Муҳаммед Кўч ва …