Шу кунларда Мир Араб олий мадрасасида “Глобаллашув даврида соф ақида ва тасаввуф масалалари” мавзуида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Форумнинг очилиш маросимида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Мақсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Татаристон Республикаси муфтийсининг ўринбосари, Россия ислом институти ректори, профессор Рафиқ Муҳаметшин ва Мир Араб олий мадрасаси ректори Жобир Элов иштирок этиб, анжуман ишига муваффақият тилади.

Шундан сўнг анжуман “Глобаллашув даврида соф ақида: Муаммолар ва ечимлар” ва “Глобаллашув даврида тасаввуф: Маънавий мерос ва замонавийлик” мавзуларига бағишланган икки шўъбада давом этди.

Форумда ўзбекистонлик ва чет эллик олим ва тадқиқотчилар глобаллашув шароитида соғлом эътиқодни асраш, Мотуридийлик таълимотининг илмий асослари, тасаввуфнинг назарияларининг жамият маънавий ҳаётидаги ўрни, диний-маърифий меросни тадқиқ этиш ва замонавий таҳдидларга қарши илмий ёндашувлар юзасидан маърузалар қилди.

Анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари ҳам иштирок этди. Шукурилло Умаров иккинчи шўъбада “Ижтимоий барқарорлик ва руҳий-маънавий тарбияда тасаввуф таълимининг ўрни (Нажмиддин Кубро таълимоти мисолида)” мавзусида маъруза қилди.
Шунингдек, Равшан Элмуродовнинг “Глобаллашув шароитида соф ақидани сақлашда Мотуридия таълимотининг илмий-назарий асослари” ҳамда Қодирхон Маҳмудовнинг “Ибн Ҳиббоннинг «Саҳиҳ»ида қадар масаласи” мавзуидаги илмий мақолалари анжуман материаллари қаторидан ўрин олди.

Мазкур халқаро илмий-амалий форум диний-маърифий соҳадаги долзарб масалаларни илмий жиҳатдан муҳокама қилиш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, шунингдек, маҳаллий ва хорижий олимлар ўртасида илмий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди.
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




