Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Исломшунослик соҳасидаги муҳим мулоқот

Исломшунослик соҳасидаги муҳим мулоқот

5 ноябрь куни Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида “Глобаллашув жараёнида исломни англаш муаммолари” мавзусида VI халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Анжуманда Туркия, Миср, Индонезия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг нуфузли олий таълим муассасалари, илмий марказлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Конференцияда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдов онлайн форматда “Глобаллашув даврида маърифатни тиклаш ва ёйиш ҳуқуқи” мавзусида маъруза қилиб, Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ўзгаришлар, буюк алломаларнинг бой илмий меросини ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар хусусида сўз юритди.

Хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд халқаро илмий-тадқиқот марказларининг ташкил этилиши, буюк алломаларнинг асарларини изоҳ ва шарҳлар билан таржима қилиб, кенг жамоатчиликка етказиш ишларининг аҳамияти таъкидланди.

Шунингдек, бугунги жадал глобаллашув шароитида диний жаҳолат, радикал ғоялар ва мутаассибликка қарши курашишда бой илмий мерос, юксак маърифат ва соғлом тафаккурнинг ўрнига алоҳида эътибор қаратилди. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш тамойили Ўзбекистоннинг диний-маърифий соҳадаги муаммолар ечимига ёндашувининг муҳим асоси экани қайд этилди.

Анжуман глобаллашув даврида исломни тўғри англаш, диний радикаллашувнинг олдини олиш, ислом манбаларини илмий таҳлил қилиш ва маърифий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан самарали мулоқот майдони бўлди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Илмий алоқалар давомийлиги таъминланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Анқара Ижтимоий фанлар университети Илоҳиёт факультети профессори Селжуқ Жўшқун ташриф …