Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, профессор Шовосил Зиёдов Туркиянинг Ülke TV телеканалига интервью берди.
Суҳбат давомида Имом Бухорийнинг ислом илм-фани тарихидаги беқиёс ўрни, буюк муҳаддиснинг бой илмий мероси ва унинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, Марказнинг асосий фаолият йўналишлари, алломалар меросини илмий асосда ўрганиш, тадқиқот натижаларини халқаро миқёсда тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Интервьюда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва самаралари, буюк аждодларимиздан қолган илмий-маънавий меросни ўрганиш ҳамда келажак авлодга етказишга қаратилаётган эътибор масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Мазкур интервью Туркия телеканали ижодий гуруҳининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида тасвирга олинди. Гуруҳ мамлакатимиздаги ижодий сафари давомида Самарқанд ва Бухоро мисолида ислом ва туркий цивилизациянинг шаклланиши, буюк алломаларнинг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига қўшган ҳиссасини ёритишга қаратилган 20 қисмли ҳужжатли фильм тайёрлашни мақсад қилган.

2006 йилда ташкил этилган Ülke TV Туркиянинг янгиликлар ва ахборот-таҳлилий йўналишидаги телеканалларидан бири бўлиб, мамлакат ва жаҳон воқеаларини, ижтимоий-сиёсий жараёнларни ҳамда турли соҳаларга оид мавзуларни ёритиб боради.
Марказ раҳбарининг мазкур интервьюси орқали Ўзбекистоннинг бой илмий-маънавий мероси, Имом Бухорийнинг жаҳон цивилизациясидаги ўрни ва бугунги диний-маърифий тараққиёт ҳақидаги маълумотлар телеканал эфирида халқаро аудиторияга етказилади.
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




