Кириш. Луғат тузишдан мақсад, ўрганилаётган тил (мақсад тил)даги сўзлар маъноларини она тили ёки таржима тилида имкон қадар аниқ ва тушунарли ифодалаш ва бу билан тил ўрганиш ёки шу тилдаги матнларни теран тушунишга ёрдамлашишдан иборатдир. Луғатнинг бу ғояга тўлақонли эришуви учун муайян сўзнинг мақсад тилда мавжудлиги, ишлатилиш ўринлари, изоҳланаётган маъноларни билдиришини исботлаш мақсадида далилий мисоллар берилади.
Инглиз луғатнавислигида илк бор далилий мисолларни қўллаган киши Семуэл Жонсон бўлиб, у ўзининг 1755 йили тузилган луғатида бундай мисоллардан унумли фойдаланган. Жеймс Слэйдга кўра, бу С.Жонсоннинг луғатнавислик соҳасидаги ягона янгилиги эди [23:138]. Нима бўлганда ҳам, далилий мисоллар милодий VIII асрдан бошлаб, кўплаб (икки ёки кўп тилли) луғатларда ҳар хил зичлик ва маҳорат билан деярли ҳар бир бош сўз изоҳида қўлланиб келган. Европада лотин ва юнон тиллари луғатларида эса далилий мисолларга XVI асрдан бошлаб мурожаат қилинганини кўриш мумкин [23:138].
Таҳлил ва натижалар. Луғатнавис олимлар луғат тузишда далилий мисолларнинг нечоғли аҳамиятли эканини кўрсатиб ўтган. Профессор В.Дубичинский луғатнинг микротузилмаси таркибий қисмларини санаб ўтади ва уларни қуйидагича тартиблайди:
1) бош сўз;
2) унинг фонетик хусусиятлари;
3) унинг грамматик хусусиятлари;
4) бош сўзнинг семантизацияси (таржима, таъриф, муқобил таржима ва бошқалар);
5) бош сўзнинг мослик хусусиятлари;
6) бош сўзнинг сўз ясалиш имкониятлари;
7) этимологик маълумотлар;
8) далилий мисоллар;
9) лексикографик ёзувлар;
10) ҳаволалар, эслатмалар.
Кўриниб турганидек, далилий мисоллар луғатнинг муҳим таркибий қисмларидан бири этиб белгиланган.
Ниладри Сехар ҳам далилий мисолларни луғатнинг микротузилмаси таркибий қисмлари қаторида эсга олади. Унинг фикрича, сўзнинг муайян контекстда қандай ишлатилишини кўрсатиш учун далилий мисоллар ишлатилади. Бу, айниқса, кўп маъноли сўзларда нозик маъно тусларини аниқлаш ва ажратишга ёрдам беради [5:250].
Л.Згустага кўра, мисолларнинг мақсади бош сўзнинг бошқа лексик бирликлар билан биргаликда қандай ишлашини кўрсатишдир [7:340]. Ниладри Сехарга кўра, далилий мисоллар сўзнинг қандай хусусиятли контекстда ишлатилишини кўрсатиш учун фойдаланилади. Бу, айниқса, кўп маъноли сўзлар ҳолатида, маъноларнинг нозик фарқларини аниқлаш ва фарқлашга ёрдам беради [5:250].
Кўпчилик луғатшунослар далилий мисолларни бош сўз ва унинг таърифи, таржима эквивалентини тушунтирувчи ёзув деб қараса, Р.Барнхарт далилий мисолларни луғат мақоласида марказий ўринни эгаллайди, деб қарайди. Унга кўра, далилий мисоллар луғат бирлигининг танланган ва таҳрир қилинган контекстларидир. Анъанавий равишда “таърифлар” деб аталадиган ёзувларга эса ушбу мисолларни тушунтирувчи изоҳлар, уларни бирлаштирувчи умумийлик ёки фарқларни кўрсатувчи сарлавҳалар сифатида қаралиши мумкин [5:250].
Луғатларнинг мутлақ кўпчилигида мисоллар берилади. Луғат қанчалик катта бўлса, мисоллар шунча кўп бўлади. Фақат жуда кичик луғатлар мисоллар бермаслиги мумкин. Лекин мисолларнинг мутлақ бўлмаслиги одатда луғат савиясининг кескин пасайишига олиб келади (агар унинг мақсади қатъий чекланган бўлмаса, масалан, техник терминология луғати ёки соф орфографик ёки шунга ўхшаш).
Кўпчилик луғатшуносларга кўра, айрим техник атамалардан ташқари, ҳеч бир луғат бирлигини иллюстратив мисолларсиз бериш керак эмас. Лекин техник атамалар учун ҳам, агар сўз кўп маъноли бўлса ёки аниқ бир соҳадаги ишлатилиш доирасини кўрсатиш керак бўлса, мисоллар жуда фойдали.
Далилий мисоллар мустақил ва ташқи ёрдамсиз тушуниладиган бўлиши керак. Уларнинг узунлиги луғат турига боғлиқ. Қисқа луғатларда қисқа ёки қисқартирилган мисоллар келтирилиб, луғат бирлигининг ишлатилишига урғу берилади. Катта луғатларда эса тўлиқ жумла шаклидаги мисоллар келтирилиши мумкин. Баъзи ҳолларда ҳатто бир неча жумладан иборат иқтибослар ҳам учраши мумкин.
Ал-Қосимийнинг фикрича, далилий мисол ҳар қандай ибора, жумла ёки бирор шеърий байт ёхуд мақолдан иборат бўлиб, ундан луғатда изоҳланаётган ёки таржима қилинаётган сўзнинг ишлатилишини изоҳлаш, тушунтириш кўзланади. “Далилий мисол” атамаси тушунчанинг ўзини кўрсатиш учун ишлатиладиган атамалардан бири бўлиб, бу атамалар контекстли мисоллар (contextual examples) ва иқтибосларни (quotations) ўз ичига олади. Гарчи муаллифлар бу икки атамани бир маънода ишлатса ҳам, “иқтибослар” атамаси (бирор асарда) битилган ёки ҳақиқатда ҳам айтилган гаплардан олинган мисоллар билан чекланади [ 21].
Кўпгина икки тилли луғатларда далилий мисоллардан кенг фойдаланиб келинади. Масалан, С.Ф.Акобиров ва бошқалар томонидан тузилган Ўзбекча-русча луғатда қуйидаги мисолни кўришимиз мумкин: Аввало – прежде всего, первом долгом…; у аввало халқ қўшиқларини ижро этиб юрди, кейин ўзи тўқиган қўшиқларни куйлай бошлади [1:20].
Инглизча-русча луғатда қуйидаги мисолни кўрамиз: adjust — … 3. Приспособляться, адаптироваться, привыкать; freshmen soon adjust to school life новички быстро привыкают к школе [12:57].
Юқоридаги ҳар икки мисол луғат муаллифлари томонидан ижод қилинган ва берилган сўз маъносини янада равшанроқ тушунишга ёрдам берувчи жумлалардан иборат.
Бундай ҳолатни биз “Ал-Қомус” луғатида ҳам кўп учратишимиз мумкин. Масалан, اِسْتَأْثَرَ … ўзи ёлғиз эгалик қилди; ўзлаштириб олди, ўзига жалб қилди…; اِسْتَأْثَرَ الْمَوْضُوعُ بِاهْتِمَامٍ كَبِيرٍ Мавзу катта қизиқиш уйғотди [9:26]. Яна бир намуна: تِرْبٌ кўп. أَتْرَابٌ … 2. тенгқур, тенгдош …; كَانَ يَخْتَلِفُ عَنْ أَتْرَابِهِ فِي الْجَامِعَةِ У ўзининг университетдаги тенгқурларидан ажралиб турарди [2:26].
Тузувчилар томонидан тўқилган мисоллар, исбот кучи жиҳатидан гарчи адабий ёки илмий иқтибос даражасида бўлмасада, берилган сўзнинг маъносини янада аниқроқ тушунтириш, ишлатилиш ҳолати, грамматик хусусиятларини кўрсатиб беришда фойдалидир. Т.Н.Қори-Ниёзий ва А.К.Боровковлар таҳрири остида тузилиб нашр этилган “Ўзбекча-русча” луғатда қуйидаги каби мисоллар берилганини кўрамиз: “Кўрмоқ 1) видеть; 2. рассматривать; … бу масалани биз мажлисда кўрамиз этот вопрос мы рассмотрим на заседании” [16:237]; “Мубтало … страдать (чем л.); у киши сил касалига мубталодир он страдает чахоткой” [16:272]. Кўрилган намуналарда келтирилган мисоллар сўзларнинг маъносини аниқлаштириш билан бир қаторда уларнинг ишлатилиш ўрни ва услуби ҳақида жуда керакли маълумот бермоқда.
Маҳмуд Кошғарий ўзининг “Девону луғотит турк” асарида жуда кўп ўринларда тўқима жумлаларни далилий мисол сифатида келтиради ва феълан, сўз маъносини теран тасаввур қилиш имконини беради. Масалан, “Сунди – сунди, берди. Ул манга этмак сунди – у менга нон берди”[10].
Кези келганда шуни ҳам айтиб ўтиш ўринлики, айрим луғатлар, сўзлари сони кўп, катта луғат бойлигини ўз ичига олган бўлишига қарамай, далилий мисоллар берилмагани боис, кўзланган даражада ютуққа эришмаслиги мумкин. Улуғбек Султон томонидан тузилган “Ас-Султон” луғати ўзбек тилидаги 50 мингга яқин сўзни ўз ичига олади. Луғатда шаклдош (омоним ва б.), бўлган бош сўзнинг ҳар бир мустақил маъноси рақам билан ажратиб кўрсатилган ёки кўп маъноли бош сўзнинг ҳар бир маъноси ажратиш белгиси (дробь) орқали берилган. Бироқ берилган маъноларни бир биридан фарқлаш учун муҳим бўлган контекст ва мисоллар йўқлиги кўп ҳолларда талаба ва ўрганувчиларга қийинчилик туғдиради. Масалан, ўзбек тилидаги “айирмоқ” феълининг “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да 9 та маъноси берилган [17:53]. “Ас-Султон” луғатида ушбу маъноларнинг арабча таржимаси “айирмоқ فَرَقَ / فَرَّقَ / فَرَزَ / أَفْرَزَ / مَيَّزَ /قَسَّمَ // أَفْرَدَ / عَزَلَ / فَصَلَ / فَصَّلَ // طَرَحَ / شَقَّ / شَقَّقَ / فَلَقَ” кўринишида берилган [15:56] ва мазкур маъноларнинг қайси бири бош сўзнинг ўзбек тилидаги маъноларидан қайси бирини англатиши ҳақида маълумот берилмаган. Луғат ўзбек тилини ўрганаётган арабларга қўл келиши мумкин. Бироқ ўзбек тилидан араб тилига таржима қилувчи араб бўлмаган фойдаланувчилар учун ноқулайлик туғдиради.
Далилий мисоллар берилмаган луғатлар қаторида С.Раҳмонқулов ва А.Карам томонидан тузилиб, 1920 йили Қозонда нашр этилган “Русча-татарча мукаммал луғат”[14]нинг ўзбекчалаштирилган кўриниши бўлган “Русча-ўзбекча мукаммал луғат”[13], Виллиам Томас Вортабет қаламига мансуб “Арабча-инглизча луғат” [23] ва бошқаларни тилга олиш мумкин. Мазкур луғатларнинг ҳар бири катта ҳажмли луғатлар бўлсада, уларда луғатнависликнинг муҳим меъёрларидан саналган, берилаётган маълумотни мустаҳкамлаш ҳамда яхшироқ натижага эришишнинг муҳим омилларидан бўлган далилий мисолларга эътибор қаратилмаган.
Л.Згустага кўра, далилий мисоллар зарур. “Ёзувга киритилган мисоллар луғатнавис томонидан қўшимча материал сифатида эмас, балки ёзувнинг ажралмас қисми сифатида кўриб чиқилиши керак. Мисоллар асосий таърифнинг ўрнини босмаслиги керак, балки уни тасвирлаши ва тўлдириши керак. Бундан табиий равишда келиб чиқадики, агар битта ёзув ичида кўпроқ таърифлар бўлса, яъни кириш сўзи кўп маъноли бўлса, мисоллар маънога кўра бирма-бир тақсимланиши керак” [7:340].
Далилий мисоллардан бир тилли, икки тилли ва кўп тилли луғатларда бирдек кенг фойдаланилади. Арабчадан бошқа тилларга таржима луғатларнинг мутлақ кўпчилигида бу меъёрга амал қилинган. Бунинг бир нечта сабаблари бор, албатта.
Биринчидан, араб тилининг илк ёзма изоҳли луғатлари истеъмолда бўлган арабча сўзларнинг имкон қадар катта миқдорини қамраб олишга ҳаракат қилган. Араб луғатнавислигининг бир неча асрлик тажрибасида ҳар бир муаллиф олдинги луғатларда мавжуд сўзларнинг ҳақиқатан ҳам истеъмолда бўлиб-бўлмагани, бор бўлса, изоҳланган маънони англатиши масаласига аниқлик киритган ҳамда истеъмолда бор бўлиб, олдинги луғатларга кирмай қолган сўзларни ҳам зикр этиш билан тил бойлигининг сақланиб қолишига, шу билан бирга, араб луғатнавислиги ривожига беқиёс ҳисса қўшган.
Иккинчидан, араб тилидаги сўзлар жуда ҳам кўп маъноли. Буни биз “Ал-Қомус” луғати орқали ҳам кўришимиз мумкин. Унда айрим сўзларнинг 70 дан ортиқ маъноси берилган [3:186-187]. 25-30 та маъноси берилган сўзлар ҳам талайгина. Шу боис, сўзнинг маъноларини бир-биридан аниқроқ фарқлаш учун ҳам далилий мисолларга эҳтиёж туғилган.
Учинчидан, далилий мисоллар нафақат сўзнинг маъносини аниқлашда, балки унинг грамматик қўлланиши, сон, келишик, ҳолат (аниқлик — ноаниқлик) категориялари ҳақида тўлиқроқ тасаввур бериш учун муҳимдир.
Арабча бир тилли изоҳли луғатларнинг деярли барчасида далилий мисолларга жуда катта аҳамият қаратилган. Илк арабча ёзма луғат саналган Халил ибн Аҳмаднинг “Ал-Айн” луғатида ҳам деярли ҳар бир сўз ёки ибора юзасидан далилий мисоллар келтирилган ва бу билан муаллиф далилий мисоллар бериш анъанасини ҳам бошлаб берган. Халил ибн Аҳмад шундай келтиради:
عَدِيدَةٌ – وَهَذِهِ الدَّرَاهِمُ عَدِيدَةُ هَذِهِ Сон, саноқ – “Бу дирҳамлар мана бунинг соничадир”.
Луғатларда далилий мисолнинг иқтибос тури ҳам кенг қўлланилади. Иқтибос мақсад тилда яратилган бирор асардан ёки оғзаки тилда бирор шахс томонидан айтилган машҳур сўздан олинган бўлиши мумкин. Иқтибослар бир тилли изоҳли луғатларда кўпроқ қўлланишига қарамай, икки тилли луғатларда ҳам кенг ишлатилади. “Девону луғотит турк”да тўқима жумлалар билан бир қаторда далилий мисолнинг иқтибос туридан ҳам унумли фойдаланилган. Бу билан сўзнинг маъносини теран тушунтиришга эришиш билан бир қаторда мазкур сўзнинг туркий тилда мавжудлиги ҳамда айни контекстда ишлатилиши исботланган. Масалан, “Ар бўри – сиртлон. (Шоир) деди:
“Кўруб нечук қочмадинг,
Ямар сувин кечмадинг,
Товарингни сочмадинг,
Есун сени ар бўри” [11].
Иқтибосларда шеърий парчалар билан бир қаторда мақоллар ҳам кўп қўлланилади. Масалан, “Девону луғотит турк”да кўплаб қимматли мақоллар келтирилган. “Эрик эр – ишчан, тиришқоқ киши. Мақолда бор: “Эрик эрни ирини ёғлиғ, эрмаку эрни боши қонлиғ”. Яъни, тиришқоқ кишининг лаби ёғли, дангаса кишининг боши қонли.
“Ал-Айн” луғатидаги иқтибос турига оид қуйидаги мисолни кўриб чиқайлик:
«إن العَيْنَ لا تَأْتَلِف مع الحاء في كلمة واحدة لقُرْب مَخْرَجَيْهما إلا أنّ يُشْتَقَّ فِعلٌ من جمعٍ بين كلمتين مثل حَيَّ على كقول الشاعر: ألا رُبّ طَيفٍ بَاتَ منك مُعانِقِي … إلى أن دَعَا داعي الفَلاحِ حَيْعَلا».
“Айн” ҳарфи махражи яқин бўлгани учун “ҳа (ҳуттий)” ҳарфи билан бир сўзда келмайди. Бироқ, “حَيَّ عَلَى” сўзига ўхшаб икки сўзни бирлаштиришдан пайдо бўлган феъл бундан мустасно. Шоирнинг қуйидаги сўзи каби:
“Оҳ ким, тарк этмади хаёлинг нечалар мени,
То муаззин чорлади “ҳаййа алал” фалоҳ дебон” [ 20].
Халил ибн Аҳмад ўзи тузган луғатда далилий мисол сифатида жоҳилият даври ва илк Ислом даври араб шоирларининг шеърлари, араб халқ мақоллари, қадимги воизларнинг хутбалари ва Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифлардан фойдаланган. Бу анъана кейинги даврдаги барча луғатнавислар томонидан давом эттирилган.
Баъзан сўзнинг маъноси тўқима мисол орқали тушунтирилгач, яна иқтибос билан ҳам далилланиб, ушбу сўзнинг тилда мавжудлиги, истеъмолда борлиги исботланади. Бундай ҳол деярли барча луғатларда мавжуд. Масалан, Ибн ал-Манзур “Лисонул араб”да шундай келтиради: والفَلْجُ الظَّفَرُ والفَوْزُ وقد فَلَجَ الرجلُ على خَصْمِه يَفْلُجُ فَلْجاً وفي المثل مَنْ يَأْتِ الحَكَمَ وَحْدَه يَفْلُجْ فَلَجَ – ютди, ғолиб бўлди. Киши рақибини ютди. Мақолда борки: “Ким қозига ёлғиз келса, ютади (Рақибининг сўзини эшитмаган қози унинг фойдасига ҳукм қилади)” [18]. Кўриб турганимиздек, бу ерда ҳам тўқима мисол, ҳам мақолдан иборат иқтибос далилий мисол қилиб берилмоқда.
Луғат тузишда иқтибоснинг ҳажми ҳам муҳим. Л.Згуста фикрича, энг муносиб иқтибос бутун лексикографик контекстни ифодалаганидир, яъни матндан олинган парчанинг қисқартирилган қисмини келтиришдир. Яъни, иқтибос, ундан кўзланган мақсад – бош сўзнинг ёки изоҳланаётган сўз ёки бирикманинг маъноси, ишлатилиш ўрни ва ҳолатини тушунтириш учун етарли бўлиши лозим. Парчанинг етарли қисмидан ортиғини қисқартириш мумкин [7:340].
Масалан, “Ал-Қомус”даги қуйидаги иқтибосларга эътибор берсак: أَجَلٌ кўп. آجالٌ … 3. ажал, ўлим вақти, вафот; الأَجَلُ الْمَحْتُومُ муқаррар ўлим; ▌الرِّزْقُ مَقْسُومٌ والْأَجَلُ مَحْتُومٌ Ризқ тақсимланган, ўлим эса муқаррар [2:33]; Ушбу иқтибос машҳур тобеин Ҳасан Басрий (ваф.728)нинг катта ҳажмга эга сўзидан олинган: (قال الحسن البصري: لا تجاهد في الطلب جهاد المغلب، ولا تتكل على القدر اتكال المستسلم، فإن ابتغاء الفضل من السنة، والإجمال في الطلب من العفة، وليست العفة بدافعة رزقاً، ولا الحرص بجالب فضلاً؛ الرزق مقسوم، والأجل محتوم، وفي الحرص اكتساب المآتم.) [19]. Парчадан олинган иқтибос изоҳланаётган сўз маъносини очиб бериш учун етарли бўлгани учун, парчани тўлиғича беришга зарурат бўлмаган.
Луғатда далилий мисолларни таржима қилиш масаласи ҳам диққатга молик. Уларни аслият матн ва унинг муайян нашр этилган таржимасидан олиш керакми ёки луғат тузувчининг ўзи мустақил таржима қилиши керакми? Бу масалада луғатшуносларнинг ўзига хос қарашлари мавжуд.
Ал-Қосимий, Зофген ва бошқалар фикрича, далилий мисоллар албатта таржима қилиниши керак [8:2888-2903]. Бироқ Жакобсен (Jacobsen) [6:2782-2789] каби олимлар мисолларни таржима қилишга эҳтиёж йўқ, деб ҳисоблайди [4:493-501]. Далилий мисоллар таржима тилига ўгирилиши шарт эмас, деган олимлар фикрича, мисоллар манба тилда берилса кифоя, уни ўқувчига она тилида қандай ифодалашни ўргатиш зарурати йўқ. Лекин тажриба шуни кўрсатадики, луғат тузувчи оддий фойдаланувчига қараганда манба тилини ҳар томонлама яхшироқ билади, бинобарин, берилаётган мисолларни таржима тилида ҳам теранроқ, назарда тутилган маънога мосроқ таржима қила олади. Боз устига далилий мисоллар доим ҳам маъноси барчага бирдек тушунарли содда йиғиқ гаплардан ташкил топмайди. Шу боис изоҳланаётган сўзнинг ёлғиз ҳолда, луғат бирлиги сифатидаги маъноси ҳамда берилаётган далилий мисол (тўқима жумла ёки иқтибос) контекстидаги маъноси ўртасидаги уйғунликни эътиборга олган ҳолда луғатнавислар томонидан таржима билан тақдим этилиши мақсадга мувофиқ. Масалан, “Ал-Қомус”да қуйидаги мисолни кўрсак: “ضَرَّ … 1. ~هُ / ~ بِهِ к.гадир зарар етказди, зиён келтирди; … لَا يَضُرُّ السَّحَابَ نُبَاحُ الْكِلَابِ Ит ҳурар, карвон ўтар (мқл. сўзма-сўз: Итлар ҳуришининг булутга зарари йўқ)”. Ушбу далилий мисолда берилган мақол таржимасиз қолдирилса, эҳтимол фойдаланувчи унинг сўзма-сўз маъноси билан чекланар-да, ундан кўзланган мақсадни англамаслиги ва ўзбек тилидаги муқобилини топмаслиги мумкин эди.
Мисоллар грамматик мақсадларда ҳам қўлланади. Леммада кириш сўз ҳақида керакли грамматик кўрсаткичлар бўлиши ва шунга ўхшаш кўрсаткичлар эквивалентлардан кейин келиши керак. Луғат ўқувчига ушбу сўзма-сўз аниқловчи кўрсаткичлардан ташқари, бош сўз ёки эквиваленти ёки иккаласи ҳақида турли хил грамматик маълумотларни тақдим этиши мумкин. Ушбу маълумот бош сўзнинг (ёки эквивалентининг) жумладаги бошқа сўзлар билан бирикишига алоқадор бўлади. Морфологик жиҳатдан ривожланган тилларда ушбу маълумот талаб қилинадиган шакллар (масалан, “датив” билан) ва грамматик омиллар билан бирикмалар (зарур предлоглар ва бошқалар)га алоқадор бўлади. Морфологияси ривожланмаган тилларда бириктириш имкониятлари диққат марказида бўлади [7:340]. Бунга мисол тариқасида “Ал-Қомус” луғатидаги қуйидаги намунани кўришимиз мумкин: “عَسَّ … 5. عَسَّ عَلَيَّ / عَنِّي خَيْرَهُ وَبِخَيْرِهِ عَسًّا (у) менга яхшилигини кечиктирди, пайсалга солди, камайтирди”. Бу ерда далилий мисол عَسَّ феълининг ўтимли бўлиб, тушум – насб келишигидаги воситасиз тўлдирувчи (خَيْرَهُ) билан бир қаторда, предлог орқали қаратқич – жарр келишигидаги воситали тўлдирувчи билан (عَلَيَّ / عَنِّي) ҳам келиши мумкинлигини, шунингдек, عَسَّ феъли воситасиз тўлдирувчини بِـ предлоги билан талаб қилиши мумкинлиги каби маълумотлар тақдим этилган.
Далилий мисолларни қандай манбалардан олиш керак? Бу масала ҳам луғатнинг муваффақиятли ва ўз мақсадларига тўлиқ эришиши учун муҳим. Луғатшунос олимларнинг хулосаларига кўра, мисоллар тилнинг (одатда ёзма) матнларидан олиниши мумкин ёки луғат тузувчи томонидан маълумот берувчи бирикма ёки жумлалар шаклида тузилиши мумкин. Ёзма матнлардан олинган мисолнинг катта афзаллиги шундаки, у феълан далилий хусусиятга эга: кўриб чиқилаётган сўз ҳақиқатан ҳам маълум бир парчада, маълум бир муаллиф томонидан ишлатилганлигини исботлаши мумкин. Шу боис, бундай мисоллар “иқтибос” деб аталади ва ҳар қандай филологик луғатда, энг аввало, йирик иқтибослар афзал кўрилади. Умумий тавсифий луғатларда, айниқса ўлик тилда ёки тирик тилнинг эски босқичида келтирилган мисолларни келтириш мумкин бўлган ягона мисол деб айтса бўлади [7:265].
Хулоса қилиб айтиш лозимки, луғат, бир тилли изоҳли луғат бўлса ҳам, икки ёки кўп тилли таржима луғати бўлса ҳам, унинг фойдалилик нисбатини ошириш учун албатта далилий мисолларга ўрин бериш лозим. Далилий мисоллар фақатгина луғат бирлигининг маъноси ёки маъноларини очиб бермай, балки унинг ишлатилиш ўринлари, грамматик хусусиятлари каби муҳим жиҳатлари бўйича ҳам муҳим маълумотни ўз ичига олади. Далилий мисоллар тузувчи томонидан ижод қилинган бирикма, жумла ва б. билан бир қаторда мўътабар асарлардан олинган ёки тарихий шахслар сўзлари ва шу кабилардан олинган иқтибос кўринишида бўлиши мумкин.
-
Акобиров С.Ф., Маъруфов З.М. ва б. Ўзбекча-русча луғат. – Москва, 1959.
-
Ал-Қомус, I жилд.
-
Ал-Қомус, III жилд.
-
Arleta Adamska-Salaciak. Proceedings of the 12th EURALEX International Congress // Translation of Dictionary Examples – Notoriously Unreliable? Torino, 2006.
-
Dash, Niladri Sekhar. The Art of Lexicography. In, Vesna Muhvic-Dimanovski and Lelija Sočanac (Eds.) Encyclopedia of Life Support Systems. – Oxford,
-
Jacobsen, J. Ģ., Manley, J., Pedersen, V. Ę. (1991), ‘Examples in the bilingual dictionaryʼ, in Ęausmann, F.-J., Ģeichmann, O., Wiegand, Ę. E., Zgusta, L. (eds.) Wörterbucher/Diclionaries/Dictionnaires (vol. 3). – Berlin and New York, Mouton de Gruyter.
-
Zgusta L. Manual of lexicography. – Czechoslovak Academy of Sciences, 1971.
-
Zöfgen E. Bilingual Learnerʼs Dictionaries. Hausmann, F.J. et al. (Eds.). 1989–1991: Worterbücher. Dictionaries. Dictionnaires: An International Encyclopedia of Lexicography. Vol. 3.
-
Иброҳимов Н., Арипов А., Икромжонов И., Зайриев А. Ал-Қомус: арабча-ўзбекча қомусий луғат (бундан кейин Ал-Қомус). 4 жилдли. I жилд. – Тошкент.
-
Маҳмуд Кошғарий. Девону луғоти-т-турк (Туркий сўзлар девони). С.Мутталибов таржимаси. Нашрга тайёрловчи Содиқов Қ. –Тошкент, 2017. – Б. 217.; محمود بن الحسين الكاشغري. كتاب ديوان لغات الترك. إسطنبول، 1333/1915. المجلد الثاني، ص 24.
-
Маҳмуд Кошғарий. Девону луғоти-т-турк (Туркий сўзлар девони). С.Мутталибов таржимаси. Нашрга тайёрловчи Қ.Содиқов. – Тошкент, 2017. – Б. 45.; محمود بن الحسين الكاشغري. كتاب ديوان لغات الترك. إسطنبول، 1333/1915. المجلد الأول، ص 75.
-
Новый большой англо-русский словарь. В трёх томах. Около 250 000 слов. Под общим руководством Э.М.Медниковой и Ю.Д.Апресяна. Том I. – Москва, 1993.
-
Русча-ўзбекча мукаммал луғат. Ўзбекчалаштирувчи Ашурали Зоҳирий. 2 жилдда. – Самарқанд – Тошкент, 1927.
-
Рахманкуловъ С., Карамъ А. Русча-татарча мукаммал луғат / Полный русско-татарский словарь. – Казанъ, 1920.
-
Султон У. Ас-Султон: арабча-ўзбекча луғат. – Т., 2011.
-
Узбекско-русский словарь. Под Редакцией Т.Н.Кари-Ниязова и А.К.Боровкова. – Т., 1941.
-
Ўзбек тилининг изоҳли луғати. А.Мадвалиев таҳрири остида. 5 жилдда. I жилд А-Д. – Т., 2006.
-
ابن المنظور، أبو الفضل جمال الدين محمد بن مكرم الإفريقي المصري. لسان العرب. في 15 مجلدا. المجلد الثاني. بيروت: دار صادر، ص 347.
-
أبو حيان التوحيدي. البصائر والذخائر. المجلد الخامس. بيروت، 1988. ص 227.
-
خليل بن أحمد الفراهيدي. كتاب العين. تحقيق مهدي المخزومي وإبراهيم السامرائي. المجلد الأول. بيروت، 1988. ص 60.
-
علي القاسمي. علم اللغة وصناعة المعاجم. الرياض، الطبعة الثانية، 1991. ص 147؛ Zgusta L., – S. 267.
-
علي القاسمي. علم اللغة وصناعة المعجم. الرياض، 1991. ص 138.
-
وليم طمسن ورتبات. قامرس عربي إنكليزي. بيروت، 1896.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




