Home / МАҚОЛАЛАР / ИСРОФ – САХИЙЛИК ЭМАС

ИСРОФ – САХИЙЛИК ЭМАС

Инсон ҳаёти давомида турли неъматлардан баҳраманд бўлади. Унга берилган умр, соғлик, вақт, мол-мулк, ризқ-рўз, сув ва табиат бойликлари – барчаси қадрлашга лойиқ бебаҳо неъматлардир. Аммо баъзан инсон уларнинг қадрига етмай, ортиқча ва ўринсиз сарфлайди. Ана шундай ҳолат исроф деб аталади. Исроф бугунги кунда нафақат айрим оилалар, балки бутун жамият фаровонлигига салбий таъсир кўрсатаётган долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.

Исроф – берилган неъматлардан меъёрдан ортиқ, мақсадсиз ёки ўринсиз фойдаланиш. У фақат пул ва мол-мулкни беҳуда сарфлаш билан чекланмайди. Вақтни қадрламаслик, сувни оқизиб қўйиш, электр энергиясини керагидан ортиқ ишлатиш, озиқ-овқатни чиқитга чиқариш ҳам исрофдир.

Ислом дини инсонни ҳалол меҳнат қилишга, неъматларни қадрлашга, қаноатли ва саховатли бўлишга чорлайди, биродарлар. Муқаддас динимизда исроф қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни суймас”, дейди (Аъроф сураси, 31-оят). Бу оят инсон ҳаётида меъёр ва мувозанат қанчалик муҳим эканини кўрсатади. Бундан келиб чиқадики, Аллоҳ таоло берган неъматларни исроф қилиш, уларнинг қадрига етмаслик гуноҳдир.

Муқаддас динимизда бойликнинг ўзи қораланмайди. Балки уни нотўғри сарфлаш, манманликка берилиш ва бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқини унутиш қораланади.

Шунингдек, Қуръони карим оятларида Аллоҳнинг солиҳ бандалари мол сарфлаганида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслиги, балки шу икки ҳолат ўртасида мўътадил йўл тутиши баён этилган. Демак, тежамкорлик дегани бахиллик эмас. Инсон зарур эҳтиёжларини қондириши, оиласига ғамхўрлик қилиши, хайр-саховат кўрсатиши, барча ишларида меъёрни сақлаши лозим, холос.

Ҳадисларда ҳам исрофгарчилик қораланиб, тежамкорлик тарғиб қилинади. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер”, деган сўзларидан ҳар бир инсон ўзи учун тегишли хулоса чиқармоғи даркор.

Хайру эҳсон қилиш ва зиёфат беришдан асосий мақсад муҳтожларга моддий ёрдам кўрсатиш бўлмоғи тўғрисида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Таомларнинг ёмони қорни очлар қолиб, қорни тўқлар чақирилган зиёфатдир”.

Исрофнинг энг ёмон жиҳати шундаки, инсон кўпинча уни оддий ҳолат деб қабул қилади. Масалан, дастурхонни ҳаддан ташқари тўлдиришни меҳмондўстлик, қимматбаҳо буюмларни намойиш қилишни обрў, ортиқча харажатни тўкин-сочинлик деб тушунади. Аслида ҳақиқий фаровонлик кўп сарфлашда эмас, бор неъматдан оқилона фойдаланишдадир.

Исроф оқибатида оила маблағлари беҳуда сарфланади, инсоннинг молиявий имкониятлари чекланади, табиий ресурслар камаяди ва атроф-муҳитга зарар етади. Энг муҳими, исрофга одатланган инсон қаноат, шукроналик ва масъулият каби муҳим фазилатлардан узоқлашади.

Бугунги кунда исрофнинг кўзга бирдан ташланадиган кўринишларидан бири тўйлар, маъракалар ва турли маросимлардаги ортиқча дабдабадир. Баъзилар маросимни ихчам ва мазмунли ўтказиш ўрнига, элдан қолмаслик ёки бошқалардан устун кўриниш мақсадида катта харажатларга қўл уради. Оқибатда айрим оилалар ўз имкониятларидан ортиқроқ сарф-харажат қилади, қарз олишга мажбур бўлади. Ахир, маросимнинг қадри дастурхоннинг қиммати ёки меҳмонлар сони билан эмас-ку!

Тўй ва маросимларнинг файзи улардаги дабдаба билан белгиланмайди. Тўйнинг файзи дуо, ўзаро ҳурмат, эзгу ният ва самимий муносабатларда намоён бўлади. Ҳар бир оила ўз имкониятига қараб иш тутса, ортиқча харажатлар ўрнига ёшларнинг келажаги, таълим олиши ва оилавий фаровонлигига маблағ ажратса, бу янада хайрли натижаларга хизмат қилади.

Халқимиз нонни азалдан муқаддас ва азиз неъмат сифатида қадрлаб келган. Баъзан истеъмол қилинмай қолган таомлар ва нонларнинг чиқинди қутисига ташланаётганига гувоҳ бўламиз. Буни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. Қолаверса, ҳар бир бурда нон ортида кўплаб инсонларнинг машаққатли меҳнати ётади. Демак, озиқ-овқатни ва ўзгаларнинг меҳнатини қадрлаш ҳам керак.

Оилада таомни эҳтиёжга қараб тайёрлаш, маҳсулотларни тўғри сақлаш, ортиқча харид қилмаслик ва яроқли маҳсулотларни ташлаб юбормаслик орқали исрофнинг олдини олиш мумкин. Ортиб қолган озиқ-овқатни хавфсиз сақлаш ва муҳтожларга улашиш энг эзгу ишлардандир.

Айтилганидек, исроф фақат маблағ ёки дастурхон билан боғлиқ эмас. Сувни беҳуда оқизиб қўйиш, газни бемақсад ишлатиш, кераксиз чироқларни ёқиб қўйиш, ишлатилмаётган электр жиҳозларини ўчирмаслик ҳам ресурсларни исроф қилишдир. Табиий бойликларни тежаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири бўлиб, келажак авлод олдидаги масъулиятимизни ҳам англатади.

Бундан ташқари, вақт исрофи ҳам инсон ҳаётига катта таъсир кўрсатади. Беҳуда ишларга берилиш, фойдали машғулотларни ортга суриш, ўқиш ва меҳнатга ажратилиши керак бўлган вақтни мақсадсиз ўтказиш инсоннинг шахсий ривожланишига тўсқинлик қилади. Бугунги кунда кўпчилигимиз қимматли вақтимизни телефон ва телевизор олдида зое қилаяпмиз. Олтиндан-да қиммат вақтимизни исроф қилганимизга ачинмаяпмиз.

Вақтни қадрлаган инсон режа билан яшайди, меҳнатини самарали ташкил этади ва олдига қўйган мақсадларига эришиш имкониятини оширади. Зеро, йўқотилган маблағни қайта топиш мумкин. Аммо ўтган вақтни ортга қайтариб бўлмайди.

Исрофнинг олдини олиш оиладан бошланади. Ота-она фарзандга тежамкорликни ўргатиши, унда меҳнатга ҳурмат ва неъматларга шукроналик туйғуларини шакллантириши керак. Шунингдек, жамиятда ортиқча дабдабадан воз кечиш, камтарликни қадрлаш ва эҳтиёжмандларга ёрдам бериш каби фазилатларни кенг тарғиб этиш мақсадга мувофиқ.

Исроф – инсоннинг моддий имкониятларига ҳам, маънавий дунёсига ҳам салбий таъсир кўрсатувчи иллат. Неъматларни қадрлаш эса шукроналик, қаноат ва масъулият белгисидир. Ҳар бир инсон ўз ҳаётида исрофга йўл қўймасликка интилса, оиласида барака, жамиятда ўзаро ҳурмат ва фаровонлик мустаҳкамланади.

Биз бойликни фақат кўп сарфлаш билан эмас, уни оқилона ишлатиш, хайрли мақсадларга йўналтириш ва бошқалар манфаатига хизмат қилдириш билан қадрли қиламиз. Зеро, инсоннинг ҳақиқий бойлиги унинг қўлидаги мол-мулк билан эмас, балки қаноати, саховати, ҳалол меҳнати ва маънавий камолоти билан ўлчанади.

Ҳар бир неъматнинг қадрига етайлик, исрофдан сақланайлик ва тежамкорликни ҳаёт тарзимизга айлантирайлик. Шунда тинч-хотиржам ва фаровон ҳаёт кечирамиз.

Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

МОТУРИДИЙЛИКДА “ТАКВИН” СИФАТИ ТАҲЛИЛИ

Кириш. Мотуридийлик мактабининг ўзига хос жиҳатларидан бири Аллоҳнинг таквин (яратувчилик) сифати ҳақидаги таълимотида намоён бўлади. …