Home / МАҚОЛАЛАР / МОТУРИДИЙЛИКДА “ТАКВИН” СИФАТИ ТАҲЛИЛИ

МОТУРИДИЙЛИКДА “ТАКВИН” СИФАТИ ТАҲЛИЛИ

Кириш. Мотуридийлик мактабининг ўзига хос жиҳатларидан бири Аллоҳнинг таквин (яратувчилик) сифати ҳақидаги таълимотида намоён бўлади. Ушбу масала мотуридийлар ва ашъарийлар ўртасидаги энг муҳим теологик ихтилофлардан бири саналади. Мазкур ихтилофнинг негизида ҳар бир калом мактабининг илоҳий сифатлар, уларнинг илоҳий зотга ва феълларга нисбати ҳамда инсон феълининг моҳияти ҳақидаги фундаментал тамойиллари ётади. Мотуридийлар “таквин” сифатига доир ўзларининг оригинал концепциясини илгари суриб, уни Аллоҳнинг бошқа зотий сифатлари каби азалий (қадим) деб ҳисоблайди. Уларнинг наздида, таквиннинг онтологик мақоми ва унга тегишли теологик ҳукмлар Аллоҳнинг зоти билан қоим бўлган бошқа сифатларникидан фарқ қилмайди.

Таҳлил ва натижалар. Мотуридийлар “таквин” сифати борасида ўзига хос ёндашувга эга бўлиб, улар бу сифатни қадим (азалий) деб билган. Уларга кўра, таквин сифатига боғлиқ ҳукмлар зотий сифатлар билан боғлиқ ҳукмлардан фарқ қилмайди. Яъни, Аллоҳнинг яратиши (ат-тахлиқ, التخليق), ризқ бериши (ат-тарзиқ, الترزيق), эҳсон қилиши (ал-иҳсон, الإحسان), раҳмат қилиши (ар-раҳма, الرحمة), мағфират қилиши (ал-мағфира, المغفرة) ва ҳидоят бериши (ал-ҳидоя, الهداية) каби барча феъллари алоҳида ҳодис (яратилган) сифатлар эмас, балки ягона ва азалий “таквин” сифатининг турли тааллуқотлари (боғланишлари) ва махлуқотлардаги турлича кўринишларидир. Шу сабабли, мотуридийлар Ҳаёт (ал-Ҳаёт, الحياة), Илм (ал-Илм, العلم), Қудрат (ал-Қудра, القدرة) ва Ирода (ал-Ирода, الإرادة) каби феълларнинг барчасини Аллоҳнинг  “таквин” сифати билан боғлайди. Мотуридийлар бу сифатни қадим деб ҳисоблаб, уни القدرة (ал-қудрату) қудрат, الإرادة (ал-иродату) ирода, العلم (ал-ъилму) илм ва الحياة (ал-ҳаяту) ҳаёт каби Аллоҳнинг азалий сифатлари қаторига киритган.

Мотуридийларнинг “таквин” сифатини азалий деб ҳисоблаши ўрта асрлар калом илми мунозараларида бир қатор мураккаб теологик масалалар ва эътирозларни келтириб чиқарди. Ушбу эътирозларнинг энг муҳимлари қуйидагилар эди: Мотуридийларнинг зотий ва феълий сифатлар ўртасидаги таснифи ва муносабати; “Таквин” (яратиш) ва “қудрат” (яратишга қодир бўлиш) сифатлари ўртасидаги фарқнинг аниқлаштирилиши. Энг асосийси, агар “таквин” (яратиш сифати) азалий бўлса, унинг таъсирида вужудга келувчи “мукавванот” (яратилган мавжудотлар, المكونات) қандай қилиб ҳодис (вақт давомида пайдо бўлган) бўлиши мумкинлиги масаласи. Ушбу саволларга жавоб бериш асносида мотуридий мутакаллимлари “таквин” сифатининг моҳиятини чуқур таҳлил қилдилар. Улар мазкур сифатнинг илоҳий зот, унинг бошқа сифатлари ва инсон феъллари билан боғлиқлигига оид мукаммал таълимотни ишлаб чиқди. Шунингдек, улар ашъарийлар ва мўътазилийлар каби мухолиф мактабларнинг танқидий қарашларига ва эътирозларига асосли илмий раддиялар берган.

Тадқиқот методологияси. Ушбу мақолани тайёрлашда илмий, тасвирий, таҳлилий ва муқояса методларидан фойдаланилди. Чунки таквин атамасининг мазмуни ва ундан келиб чиқадиган ҳукмлар борасидаги ихтилофни тўғри англаш учун турли ёндашувларни солиштириш муҳим аҳамиятга эга.

Таҳлил ва натижалар. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, умумий мутакаллимлар ва Мотуридийлар ўртасидаги “таквин” сифатига оид ихтилоф аслида илоҳий сифатларнинг номланиши билан алоқадор эканига бориб тақалади. Ихтилофнинг моҳияти шундаки, Аллоҳ таолонинг феъллари натижасида вужудга келган ҳолатлар турли номлар билан аталади ва уларнинг таъсири ҳар хил шаклда намоён бўлади. Ҳосил бўлган феъллар Аллоҳ таолонинг мафъули (яратиғи) ҳисобланади. Масалан, Аллоҳ таолонинг الإحياء (ал-иҳё) “тирилтириш” сифати билан қандайдир мавжудотни ҳаётга келиши, الإماتة (ал-имота) “ўлдириш” сифати билан қандайдир мавжудотнинг ўлиши, التحريك (ат-таҳрийку) “ҳаракатга келтириш” сифати билан қандайдир мавжудотни ҳаракатга келтириши мисол бўлади. Шунингдек, барча феъллар ҳам ўз мазмунига кўра турли номлар билан ифода этилади: إيلام (ийломун) “оғриқ бериш”, كسر (касрун) “синдириш”, قطع (қатъун) “кесиш”, قتل (қатлун) “ўлдириш”, جرح (жарҳун) “яралаш”, إطعام (итъамун) “таомлантириш”, إشراب (ишробун) “ичириш”, إكرام (икромун) “икром қилиш”, منع (манъун) “ман қилиш”, إعطاع (иътоъун) “бериш”, ترزيق (тарзийқун) “ризқлантириш”, تصوير (тасвийрун) “тасвирлаш” ва бошқалар.

Мутакаллимлар орасидаги мазкур ихтилоф уч асосий йўналишда намоён бўлади. Биринчиси, илоҳий сифатларнинг ҳақиқати ва уларнинг Аллоҳ таолони зоти билан боғлиқлиги. Иккинчиси, яратилган феълларнинг Аллоҳ таолонинг قدرة (қудратун) “қудрат”, إرادة (иродатун) “ирода” ва تكوين (таквийнун) “таквин” сифатлари билан алоқадорлиги. Учинчиси, мутакаллимлар “таквин” сифати ва унинг ҳодисотлар (яратилган нарсалар) билан боғлиқлиги доирасидаги муaммоларга тегишлидир.

Мотуридийлик таълимотига кўра, “таквин” сифати ягона ва қадимий бўлиб, Аллоҳ таоло худди битта қудрат билан Қодир ва битта илм билан Олим бўлгани каби битта феъл билан Фоилдир. Унинг феъллари турли номлар билан аталишига келсак, уларнинг таъсири ва натижалари турлича бўлгани учун шундай номланган, зотидаги фарқ туфайли эмас. Феъл номларининг кўплиги ва хилма-хиллиги, унинг зотининг кўплиги ёки хилма-хиллиги билан эмас, балки унинг яратиғи ва таъсирининг турфа хиллиги билан изоҳланади [2]. Бу борада Абул Муин Насафий шундай деган: “Билингки, التكوين (ат-таквийну) “таквин”, التخليق (ат-тахлийқу) “яратиш”, الخلق (ал-халқу) “халқ қилиш”, الإيجاد (ал-ийжоду) “пайдо қилиш”, الإحداث (ал-иҳдосу) “бор қилиш” ва الإختراع (ал-ихтироу) “йўқдан пайдо қилиш” сўзлари бир-бирига синоним бўлиб, уларнинг барчаси битта маънони англатади, яъни “йўқликдан борликка чиқариш” маъносини ифодалайди. Шунинг учун биз буларнинг барчасининг маъносини ўзида акс эттирган “таквин” сўзини салафи солиҳларимизнинг маслакига эргашиб қўллаймиз” [4].

Мотуридийлар ўз асарларида ушбу сифатга катта эътибор қаратиб, уни баён қилиш, муҳокама этиш ва мухолифларига раддия беришга алоҳида эътибор қаратди. Бунинг сабаби, Насафийнинг таъкидлашича, улар бу масалада бошқа мутакаллимлардан ажралиб турган эди. Уларнинг мухолифлари эса буларга қарши тортишув ва танқид билан чиқишни истаган эди. Шу боис, мотуридийлар ушбу сифатнинг ҳақиқати ва қадимлигини баён этишни мақсад қилди ҳамда ўз айтганлари ҳақ эканини исботлашга интилдилар. Мотуридийлар шуни таъкидладиларки, ҳақиқат озчилик томонидан қўллаб-қувватланиши билан заифлашиб қолмайди ва ботил кўпчилик тарафидан қўллаб-қувватланиши билан ҳақиқатга айланиб қолмайди.

Аллоҳнинг сифатларини тақсимлаш ва уларнинг ҳукмларини ажратиш, Имом Мотуридий ва кўпчилик мутакаллимлар ўртасидаги ихтилофнинг асосий сабабларидан биридир. Уларнинг барчаси сифатларни зотий ва феълий сифатларга бўлинишига иттифоқ қилишади-ю, бироқ улар ҳар бир қисмнинг мазмуни, унга боғлиқ ҳукмларда ихтилоф қилади. Бу ҳақда кейинроқ батафсил сўз юритилади.

Мотуридийлар зотий ва феълий сифатларни бир-биридан фарқламай, уларнинг барчаси Зотнинг азалий сифатлари, дейди. Бу ҳақда мотуридийлар имоми Абу Мансур Мотуридий: “Унинг феълий сифати, аслида Унинг зотий сифатидир”, деб баён қилган [1:51]. Унинг издошлари ҳам бу фикрга эргашиб, сифатларни иккига бўлишни қабул қилишган-у, бироқ улар борасида бир хил ҳукм чиқарганлар. Абул Муин Насафий “Баҳру ал-калом” асарида: “Сифатлар икки турга бўлинади: зотий ва феълий сифатлар. Зотий сифатлар: الحياة “ал-ҳаёту” (тириклик), القدرة “ал-қудрату” (қудратлилик), السمع “ас-самъу” (эшитиш), البصر “ал-басору” (кўриш), العلم “ал-ъилму” (билиш), الكلام “ал-каламу” (гапириш), المشيئة “ал-машиату” (хоҳлаш) ва الإرادة “ал-иродату” (ирода қилиш). Феълий сифатлар: الخلق “ал-холқу” (яратиш), الترزيق “ат-тарзийқу” (ризқ бериш), الإفضال “ал-ифдолу” (фазл кўрсатиш), الإنعام “ал-инъому” (неъмат бериш), الإحسان “ал-иҳсану” (яхшилик қилиш), الرحمة “ар-раҳмату” (раҳм қилиш), المغفرة “ал-мағфирату” (мағфират қилиш) ва الهداية “ал-ҳидаяту” (тўғри йўл кўрсатиш). Аллоҳ таоло Ўзининг барча сифатлари ва исмлари билан яккаю ягонадир [9:210] (Бу Абу Мансур Мотуридий ва унинг аксарият издошларининг қарашидир. Бу масалада Мовароуннаҳрнинг баъзи олимлари уларга хилоф қилган. Улар ризқ бериш, тирилтириш, ўлдириш ва тасвир каби сифатларни ҳақиқий сифатлар, аммо бир эмас, балки ҳар бири алоҳида қадимий сифат деб даъво қилган. Бу мотуридийлар орасида тарк этилган қарашдир. Унинг шоз ва қабул қилинмайдиган фикр эканига ишора қилиш учун бу ерда зикр қилинди – А.А.). У барча сифатлари ва исмлари билан қадимий, азалий Зотдир [5:104]. Шунинг учун зотий ва феълий сифатларнинг барчаси азалийдир [3:405]. Шунинг учун мотуридийлар التكوين “ат-таквийн” ва бошқа феълий сифатларни эътиборий сифат деб билмай, ҳақиқий, азалий сифат деб хулоса қилганлар [8:91]. Улар наздида феълий сифатлар бевосита феълнинг ўзи эмас, балки уни пайдо қилувчисидир. Шунинг учун феълий сифатлар қадимий, феълнинг ўзи эса ҳодис (яратилган) ҳисобланади. Феълий сифат аслида ягона сифатдир, бироқ у тааллуқининг эътиборидан турлича номланади [7:181-187].

Мўътазилийлар наздида القدم “ал-қидаму” (қадим) сифати Аллоҳ таолонинг хос сифатидир. Шу сабабли қадимийликка зид ҳар қандай сифатни инкор қилганлар. Улар: “Қайсидир маъно ёки феълий сифатнинг қадимийлигини тасдиқлаш зотларнинг сонини кўпайишига олиб келади”, деганлар. Бу уларнинг энг муҳим асосларидан бўлган “ат-тавҳид”га зид келади. Шу боисдан, мўътазилийлар Аллоҳ таоло олим, қодир, тирик, эшитувчи ва кўрувчи эканини Унинг зотига хос деб билиб, зотга қўшимча маъно сифатида олим, қодир, тирик, эшитувчи ва кўрувчи сифатларини қадимийлигини инкор этган. Бу билан улар Аллоҳ таолонинг “илм”, “қудрат”, “эшитиш” ва “кўриш” сифатларини инкор қилади.

“Калом”га келсак, улар буни Аллоҳ таолонинг феълларидан бири деб билиб, уни Ўзи ихтиёр қилган вақтда махлуқотлар билан мулоқот қилиш учун жисмларда яратиб, вужудга келтиради, деб таъкидлаган. Шу сабабли, улар “калом” сифатини ҳодис ва махлуқ деб билган. Ибн Муртадо бу ҳақда шундай деган: “Мўътазилийлар оламнинг яратувчиси қадим, қодир, олим, тирик бўлиб, бу сифатлар зотга қўшимча маънолар воситасида эмас, деб иттифоқ қилган” [6]. “Девон ал-усул” китобининг муаллифи: “Аллоҳ таоло қудрат сифатисиз қодирдир”, деган.

Мўътазилийлар наздида “ирода” сифати ҳам “калом” сифати каби ҳодис бўлиб, унинг қадимий бўлиши мумкин эмас. Қози Абдулжабборнинг таъкидлашича, у қадим эмас, балки у феълий сифатдир. Тирилтириш, ўлдириш, таквин, сурат бериш, ризқ бериш каби сифатлар феълий сифатлар бўлиб, улар ҳодисдир.

Мотуридийлик таълимотига кўра, зотий сифатлар деб – Аллоҳ таолони уларнинг зидди билан тавсифлаш мумкин бўлмайдиган сифатларга айтилади. Яъни бу сифатлар Аллоҳнинг зотида доимий ва зарурий равишда мавжуд бўлиб, Унинг комиллигини ифода этади. Бундай сифатларга қуйидагилар киради: ҳаёт (тириклик), қудрат (қодирлик), илм (билиш), калом (сўзлаш), самъ (эшитиш), басор (кўриш) ва ирода (ихтиёр). Масалан, Аллоҳни “илмли” дейиш мумкин, аммо “жоҳил” дейиш мумкин эмас. Демак, бу каби сифатларнинг зидди билан Аллоҳ таолони тавсифлаш жоиз эмас.

Феълий сифатлар – Аллоҳ таолони уларнинг зидди билан тавсифлаш мумкин бўлган сифатлардир. Масалан, яратиш ва ризқ бериш – бу феълий сифатларга киради. Аллоҳ бир пайтда яратади, баъзан эса яратмайди; ризқ беради, баъзан ризқ бермаслиги мумкин. Шу боис, бу сифатларнинг иродага боғлиқ равишда содир бўлиши ва маълум вақтда юз бермаслиги мумкин. Шунингдек, меҳрибонлик ва раҳмдиллик каби мусбат феъллар, ҳамда қаҳр ва ғазаб каби манфий феъллар ҳам феълий сифатлар доирасига киради.

Мотуридийлик таълимотига кўра, зотий ва феълий сифатлар бир-биридан таърифда фарқланса-да, моҳият жиҳатидан иккиси ҳам азалий, қадимий сифат ҳисобланади. Чунки феълий сифатлар ҳам зотий “таквин” сифати остига киради ва феълий сифатнинг азалий, қадимийлик ҳукми шундан келиб чиқади.

Ашъарийлик таълимотига кўра, зотий сифатлар инкор қилинганда, уларнинг зидди (акси) келиб чиқадиган сифатлар “зотий сифат” дейилади. Масалан, ҳаёт сифатини инкор қилсангиз, унинг зидди – ўлим келиб чиқади. Қудрат сифатини инкор қилсангиз, унинг зидди – ожизлик келиб чиқади. Бу таърифга кўра, ашъарийлар наздида, ирода сифатини инкор қилсангиз, мажбурлик ва изтирор (мажбурият) юзага келади. Агар калом сифатини инкор қилсангиз, соқовлик ва сукут (жимлик) келиб чиқади. Демак, уларнинг эътиқодига кўра, ушбу икки сифат (ирода ва калом) ҳам зотий сифатлар ҳисобланади. Уларнинг наздида феълий сифатлар – инкор қилинганда, унинг зидди келиб чиқмайдиган сифатлардир. Масалан, тирилтириш, ўлдириш, яратиш, ризқ бериш сифатларини инкор қилсангиз, уларнинг мутлақ зидди келиб чиқмайди.

Мўътазилийлик таълимотига кўра, Аллоҳ таолонинг феълий сифатлари – яратиш, ризқ бериш каби амалий ишлар билан боғлиқ бўлиб, улар мусбат ёки манфий шаклда ифода этилиши мумкин. Масалан, “Фалон кишига фарзанд яратди, фалончига эса яратмади” ёки “Зайдга ризқ берди, Амрга эса бермади” каби. Бу каби феъллар баъзан амалга ошган, баъзан эса амалга ошмаган ҳолда тилга олинади. Мўътазилийлар бу турдаги сифатларни ҳодис, яъни кейин пайдо бўлган, вақт ва ҳолатга боғлиқ сифатлар деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрича, зотий сифатларни манфий шаклда ифода этиш мумкин эмас. Масалан, илм ва қудрат сифатларини Аллоҳ таолога нисбатан “фалон нарсани билмади” ёки “фалон ишга қудрати етмади”, деб ишлатиб бўлмайди. Чунки бу сифатлар Аллоҳнинг зотий абадий сифатларидир. Шунингдек, мўътазилийлар наздида, ирода ва калом сифатлари феълий сифатларга киради, чунки у икки сифатни мусбат ва манфий маъноларда ишлатиш мумкин.

Хулоса. Мотуридийлик таълимотига кўра, “таквин” сифати зотий, қадимий сифат бўлиб, Аллоҳ таоло ушбу сифат билан азалда сифатлангандир. Махлуқотлар, мавжудотлар мазкур сифат орқали яратилган бўлиб, таквин сифати азалий, у орқали пайдо бўлган нарсалар ҳодисдир. Бу худди Аллоҳ таолонинг “илм” сифати қадимий бўлиб, маълумотлар яратилган эканига ўхшайди. Аллоҳ таолонинг таквин сифати боқийдир. Ҳар бир мавжудот унинг азалий таквини ила пайдо бўлади.

Абул Муин Насафий ушбу масалада мотуридийларнинг эътиқоди тўғри эканини таъкидлаб шундай дейди:

“Биз айтган сўзимиз тўғрилигига Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти далил бўлади:

إِنَّمَا قَوْلُنَا لِشَيْءٍ إِذَا أَرَدْنَاهُ أَنْ نَقُولَ لَهُ كُنْ فَيَكُونُ

“Бир нарсани ирода қилсак, унга айтадиганимиз “Бўл!” демоғимиз, холос, бас, у бўлади” (Наҳл сураси, 40-оят). Аллоҳ таоло Ўзининг таквин сифатини мазкур оятда كن [кун] “бўл” сўзи билан ифодалади. Аллоҳ таоло мукавван (яралмиш)ни эса فيكون [фаякуну] “бўлади” сўзи билан ифодалаган. Шунингдек, яралмишни мазкур оятда “шайъ” (нарса), деб айтади. Ушбу “кун” хитоби ашъарийликда ҳам, бошқа мутакаллимлар наздида ҳам мукавван (яралмиш)дан бошқа нарсадир. Бизнинг наздимизда ҳам, ашъарийлар наздида ҳам Аллоҳ таолонинг “калом” сифати Аллоҳ таолонинг зотида мавжуд, азалий, зотий сифатдир. Мукавван, яъни жавҳарлар ва аразлар яратилган бўлиб, улар Аллоҳ таолонинг зотида қоим эмасдир. Шубҳасиз, азалий ва яратилган нарсалар орасида ҳам, Аллоҳ таолонинг зотида мавжуд сифат билан Унинг зотида мавжуд бўлмаган сифат орасида ҳам фарқ бордир. Таквин (пайдо қилиш) – бу “ат-такаввун” (التكون), яъни ҳосил бўлиш билан боғлиқ нарсадир. “Ижод” (яратиш) эса – мавжуд бўлиш билан боғлиқ нарсадир. Оламнинг мавжудлиги “кун” хитобига боғлиқдир. Демак, бу ижод (яратиш), таквин ва яратиш бўлиб, у яратилган, мукавван нарсадан бошқадир”.

Демак, таквин – илм, қудрат, эшитиш, кўриш сифатлари каби Аллоҳ таолонинг зотида қоим азалий сифатдир. Таквин азалий, мукавван (яралмиш) эса ҳодис (пайдо бўлган)дир. Мисол учун, қудрат сифати Аллоҳнинг азалий сифати, мақдур (қудрат асосида пайдо бўлган нарса) эса ҳодисдир. Ирода сифати ва мурод (ирода қилинган иш) ҳам худди шундай. Таквин ҳар бир мукавван (яралмиш)нинг юзага келиш пайтида, унга таквин бўлади. Бу худди ҳар бир мавжуд нарсани пайдо бўлишини Аллоҳ таолонинг ирода қилишига ўхшайди. Чунки мавжуд нарсани юзага келиш вақтида пайдо бўлиши учун Аллоҳнинг иродаси бўлади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абу Мансур Мотуридий. Ат-Тавҳид // Фатҳуллоҳ Хулайф таҳқиқи. – Искандария: Дорул жомиъа ал-мисрия, 1970.
  2. Абу Муин Маймун ибн Муҳаммад. Табсиратул-адилла фи усулид-дин // Ҳусейн Атай таҳқиқи. – Анқара: Раислик ишлари бўйича диний ишлар бошқармаси, 2004, 1-жилд. – Б.489.; Шайх Камолиддин Аҳмад бин Ҳасан. Ишоратул-маром мин Ибаротил Имам Абу Ҳанифа. – Байрут: Дарул кутубил илмия. Биринчи нашр, 2007. – Б.181.
  3. Абу Муин Маймун ибн Муҳаммад. Табсиратул-адилла фи усулид-дин // Ҳусейн Атай таҳқиқи. – Анқара: Раислик ишлари бўйича диний ишлар бошқармаси, 2004, 1-жилд.
  4. Абу Муин Маймун ибн Муҳаммад. Табсиратул-адилла фи усулид-дин // Ҳусейн Атай таҳқиқи. – Анқара: Раислик ишлари бўйича диний ишлар бошқармаси, 2004. 1-жилд. – Б.400.; Таътозий. Шарҳул-Ақоид. – Истанбул, 1982. – Б.
  5. Абул Муин Насафий. Баҳрул калом // Муҳаммад ас-Саййид ал-Барсижий таҳқиқи. – Иордания: Дорул фатҳ, 2014.
  6. Ибн Муртадо. Табақотул мўътазила.
  7. Ишоратул-маром мин Ибаротил Имам Абу Ҳанифа. – Байрут: Дарул кутубил илмия. Биринчи нашр, 2007.
  8. Қосим ибн Қутлубғо. Ҳошия ъалал мусомара ъалал мусояра. – Қоҳира: Ал-Мактабатул азҳария, 2006.
  9. Хиёлий. Шарҳул Хаёлий ъалан нуния лил мавла Хизр ибн Жалолиддин // Абдуннасийр Натур Аҳмад ал-Малибарий. – Қоҳира: Мактабату ваҳба, 2008.

 

Абдулатиф АЛЛАҚУЛОВ,
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси
доценти, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Имом Бухорий сабоқлари” журнали 2025-йил 3-сонидан олинди.

Check Also

ИБН СИНОНИНГ РУҲ ВА ҚАЛБ ФАЛСАФАСИ

Ибн Сино “Ал-қонун фи-т-тибб” асарида қалбнинг (юракнинг – Н.Ж.) анатомик тузилишини ва физиологик  вазифаларини батафсил …