Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “Маърифат ҳафталиги” Навоий шаҳрида давом этди

“Маърифат ҳафталиги” Навоий шаҳрида давом этди

Навоий вилоятида бошланган “Маърифат ҳафталиги” ижтимоий-маърифий лойиҳаси доирасидаги тадбирлар Навоий шаҳрида қизғин мулоқот ва маданий-маърифий учрашувлар билан давом этди.

Дастлаб Навоий давлат университетида “Уйғоқ идрок” лойиҳаси доирасида маърифий семинар ўтказилди. Ахборот маданиятини юксалтириш, интернетдан оқилона фойдаланиш, миллий ва умуминсоний қадриятлар, диний бағрикенглик ҳамда зарарли ғоявий таъсирларга қарши маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган тадбирда олий таълим муассасаларининг масъул ходимлари, тьюторлар ва шаҳар ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Учрашувда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Бахтиёр Турсунов ҳам сўзга чиқиб, глобаллашув даврида энг катта хавфлардан бири – сохта, текширилмаган, шубҳали ахборотларга ишониш ва уларни тарқатиш эканини таъкидлади. Шунингдек, ёшларни мустақил ва танқидий фикрлашга ўргатиш, турли ғаразли мафкуравий хуружлардан огоҳ этиш, бой маънавий меросимизга таянган ҳолда маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш зарурлигини алоҳида қайд қилди.

Ҳафталик тадбирлари доирасида Навоий шаҳридаги Болалар қўғирчоқ театрида вилоятдаги талаба-ёшлар, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари учун “Қасамёд” спектакли намойиш этилди. Жадид боболаримизнинг Ватан озодлиги ва маърифат йўлидаги фидойилиги акс эттирилган драма томошабинларда, айниқса, ёшларда катта таассурот қолдирди.

Вилоят бўйлаб “Маърифат ҳафталиги” доирасидаги маърифий учрашувлар ва хайрли тадбирлар давом этмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Женевада Мовароуннаҳрнинг буюк муҳаддислари илмий мероси халқаро миқёсда намоён этилди

БМТнинг Женевадаги қароргоҳида 22 октябрь куни «Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий-илмий мероси ва маърифат уфқлари» …