Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Илмий изланишлар, имкониятлар ва истиқболлар

Илмий изланишлар, имкониятлар ва истиқболлар

Марказ раҳбари билан суҳбат

Туркияда нашр этиладиган “Nukkad Hadis Araştırmaları Dergisi” илмий журналининг жорий йил октябрь сонида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдов билан Марказ фаолияти ва халқаро ҳамкорлик истиқболларига бағишланган интервью эълон қилинди.

Мустафо Алагўзўғли тайёрлаган суҳбатда Марказнинг илмий-тадқиқот йўналишлари, алломалар меросини ўрганиш, қўлёзмаларни сақлаш ва рақамлаштириш, шунингдек, хорижлик тадқиқотчилар учун яратилган имкониятлар ҳақида сўз юритилган.

“Биз ўз қобиғимизга ўралиб қолишни истамаймиз”, дейди Шовосил Зиёдов халқаро илмий ҳамкорлик ҳақида фикр билдирар экан. У Туркия ва бошқа мамлакатларнинг илмий муассасалари билан алоқаларни янада кенгайтириш, тажриба алмашиш ва қўшма тадқиқотларни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаган.

Интервьюда Марказ қўлёзмалар хазинасида 653 та қўлёзма, 937 та тошбосма китоб ва 114 та тарихий ҳужжат сақланаётгани қайд этилган. Мавжуд қўлёзмаларнинг қарийб 70 фоизи рақамлаштирилган. Шунингдек, уларни халқаро стандартлар асосида электрон каталоглаштириш бўйича ҳамкорлик лойиҳаси режалаштирилаётгани маълум қилинди.

Суҳбатда ёш олимларни қўллаб-қувватлашга қаратилган Имом Бухорий стипендияси дастури ҳам ёритилган. Унинг доирасида маҳаллий ва хорижлик тадқиқотчиларга Марказ кутубхонаси, илмий манбалари ва замонавий иш хоналаридан фойдаланиш, шунингдек, Ўзбекистондаги бошқа илмий муассасаларда тадқиқот олиб бориш имкониятлари тақдим этилади.

Ш.Зиёдов Марказнинг келгуси режалари борасида сўз юритар экан, алломаларнинг ҳали ўрганилмаган асарларини тадқиқ этиш, янги қўлёзма манбаларни илмий муомалага киритиш, халқаро конференция ва симпозиумлар сонини ошириш устувор вазифалардан эканини таъкидлаган.

Мазкур суҳбат Марказнинг илмий салоҳияти, қўлёзма меросини ўрганиш борасидаги фаолияти ва халқаро илмий ҳамкорлик имкониятларини хорижий илмий жамоатчиликка танитишга хизмат қилади.

Интервью билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин: https://doi.org/10.67764/nukkad.2026.2.475

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Халқаро тажриба – янги тадқиқотлар учун имконият

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Тоҳир Эвадуллаев ва Ҳафизулло Бойқобилов айни кунларда Туркиянинг …