Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Халқаро тажриба – янги тадқиқотлар учун имконият

Халқаро тажриба – янги тадқиқотлар учун имконият

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Тоҳир Эвадуллаев ва Ҳафизулло Бойқобилов айни кунларда Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб, халқаро илмий муассасалар фаолияти билан танишмоқда, илмий тадқиқотлар борасида тажриба алмашмоқда.

Илмий сафар Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) таклифи асосида ташкил этилган бўлиб, унинг доирасида илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва истиқболли тадқиқот лойиҳаларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу боис дастлабки учрашув IRCICA Бош директорининг маслаҳатчиси Аширбек Мўминов билан бўлиб ўтди. Мулоқот давомида Марказ ходимларининг илмий изланишлари муҳокама қилиниб, уларга тадқиқотларни янада ривожлантириш юзасидан тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Шунингдек, хорижий илмий муассасаларда муайян муддат давомида тадқиқот олиб бориш, бунинг учун аниқ илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди. Жумладан, уч, олти ва тўққиз ойлик тадқиқот дастурларини шакллантириш, илмий ходимларнинг халқаро илмий муҳитда тажриба орттиришини таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Илмий ходимларимиз Туркия Дин ишлари бошқармаси ҳузуридаги Ислом тадқиқотлари маркази (İSAM) фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Муассаса директори, профессор Муртазо Бедир билан учрашувда қўшма илмий тадқиқотларни ташкил этиш, қўлёзмаларни биргаликда ўрганиш ва таҳқиқ қилиш, шунингдек, икки муассаса ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимларининг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш, улар учун İSAM кутубхонаси ва электрон манбалар базасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, ўз илмий лойиҳаларини тақдим этган тадқиқотчиларнинг муайян муддат давомида мазкур кутубхонада ишлаши ва изланишлар олиб бориши мумкинлиги таъкидланди.

Учрашувда İSAM таҳқиқ бўлими раҳбари Ўрхон Хўжа ва ушбу муассасада фаолият юритаётган ўзбекистонлик олим, юридик фанлар доктори Озод Серсенбоев билан ҳам мулоқот қилинди. Унинг ёрдами билан Марказимиз ходимлари кутубхонадаги илмий манбалар, электрон маълумотлар базаси ва тадқиқотчилар учун яратилган шароитлар билан танишди.

Шунингдек, İSAM томонидан 2027 йил июль ойида ўтказилиши режалаштирилган қўлёзмаларни таҳқиқ қилиш курсларида Марказ ходимларининг иштирок этиш имкониятлари муҳокама қилинди. Бу ўқув мутахассислар малакасини ошириш ва қўлёзма манбалар билан ишлаш борасидаги амалий тажрибасини бойитишга хизмат қилади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Ўзбекистон тажрибаси халқаро илмий ҳамжамият эътиборида

Булғор ислом академиясида “Россия ва МДҲ мамлакатларида академик ислом илоҳиётшунослигини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро …