Мовароуннаҳр диёридан жаҳон цивилизацияси ва ислом тамаддуни ривожига катта ҳисса қўшган муфассир, муҳаддис, мутакаллим ва фақиҳ алломалар етишиб чиққан. Манбаларда келтирилишича, биргина ҳадис илми бўйича уч мингдан зиёд муҳаддис юртимизда фаолият олиб борган. Ислом оламида ҳадис илми устозлари саналган Имом Бухорий, Имом Доримий, Имом Термизий, Абдулҳамид Кеший, Ҳайсам Шоший ва Муҳаммад ибн Ҳиббон каби муҳаддисларнинг буюк хизматлари туфайли бу ўлка “Буюк муҳаддислар юрти” деб эътироф этилган ва уларнинг ноёб асарлари кенг ўрганилган.
Бу заминдан етишиб чиққан буюк уламолардан ҳадис илми соҳасида энг машҳурларидан бири, шубҳасиз, Имом Бухорийдир. Аллома ўзининг нодир зеҳни, ижтиҳоди, ақл бовар қилмас хотираси, ноёб истеъдоди билан ўз замонасида ҳам, кейинги даврларда ҳам катта ҳурматга сазовор бўлган. Ислом дунёсида муҳаддислар султони дея шуҳрат топган Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси даврлар оша ўз қадру қийматини йўқотмай, катта қизиқиш билан мутолаа қилиниб, тадқиқ этиб келинмоқда.
Маълумки, Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳимаҳуллоҳ (194-256/810-870) қирқ йил мобайнида илмий сафарда бўлиб, ижодий фаолияти давомида йигирмадан зиёд асар ёзган. Унинг илмий мероси ҳажми, замонасининг ижтимоий-маънавий илмларини тўла-тўкис қамраб олгани билан кишини ҳайратга солади. Имом Бухорийнинг жуда ёш пайтидаёқ китоб ёзишни бошлагани ва илмнинг бир неча йўналишларида кўплаб китоб ёзгани маълум.
“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”) Имом Бухорийнинг шоҳ асари ҳисобланиб, у ўн олти йил мобайнида ёзилган. Асарнинг қўлёзма нусхалари бугунги кунда дунёнинг машҳур кутубхоналарида сақланмоқда. Қолаверса, бу тўпламнинг асл нусхаси ҳақида баъзи уламо ва тадқиқотчилар изланиш олиб бориб, ўз фикр-мулоҳазаларини баён этган. Бугунги кунда бу тўплам ўзбекчага таржима қилинган.
“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” тўпламининг қўлёзма нусхалари дунёнинг кўплаб машҳур кутубхоналарида сақланишидан ҳам асарнинг қиймати нечоғлик юксак эканини англаб олиш мумкин. Имом Бухорийнинг бу асари Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манба саналади. “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” тўплами хорижлик олимлар томонидан мукаммал ўрганилган ва бу ҳақда китоб, рисола ва баҳслар ёзилган. Асар юртимизда ҳам ўрганилган, аммо уни мукаммал деб бўлмайди. Бу тўпламни ўрганиш, тадқиқ қилиш, у ҳақидаги қизиқарли маълумотларни халқимизга етказиш олдимизда турган муҳим вазифалардан бири саналади.
Манбаларда “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”га оид маълумотлар турлича келтирилган. Баъзи манбаларда тўпламнинг қўлёзма нусхалари ва дунёдаги машҳур кутубхоналарда сақланиши баён этилган бўлса, бошқаларида шарҳ, ҳошия ва таржималарига урғу берилган. Ҳожи Халифа (ваф. 1068/1657)нинг “Кашфуз зуннун” асарида “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” тўпламига бағишлаб ёзилган шарҳлар баён этилган. Шамсиддин Заҳабий (ваф. 748/1347) “Тарихул ислом”да “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манба эканига эътибор қаратган. Туркиялик олим доктор Фуад Сезгин (1342-1439/1964-2018) “Тарихи туросил арабий” (“Арабий мерослар тарихи”) асарида “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”га бағишлаб ёзилган шарҳ, мухтасар ҳамда қўлёзма нусхалари ва улар сақланаётган кутубхоналар ҳақида маълумот берган. Кўплаб уламо ва тадқиқотчилар бу тўпламнинг асл нусхаси ҳақида изланиш олиб бориб, ўз фикр-мулоҳазаларини баён этган.
Имом Бухорий “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” тўпламини ёзиб, уни ҳадис ўрганувчи кўплаб шогирдларига ўқиб ва ривоят қилиб берган. “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни Имом Бухорийнинг ўзидан жуда кўп толиби илм эшитган. Бу ҳақда Имом Бухорийнинг энг машҳур шогирдларидан бири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий (231-320/846-932): “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифнинг ўзидан мен билан бирга тўқсон мингга яқин киши эшитган. Бу китобни Имом Бухорийнинг ўзидан ривоят қиладиган мендан бошқа бирор киши қолмади”, деб айтади [6:28]. Ҳақиқатан, “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” нусхалари орасида Имом Фирабрий ривояти жуда машҳур бўлиб кетган. Бунинг сабаби унинг узоқ умр кўргани ва китобининг нусхаси тўлиқ бўлганидир.
“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китобини эшитадиган толиби илмларнинг баъзилари эшитиш ва оғзаки нақл билан кифояланиб қолмасди, балки устозидан эшитган ҳадисларни ёзиб борарди. Шу боис, уларнинг қўлида Имом Бухорий ҳузурида ёдлаган оғзаки нусхаларига мувофиқ келадиган “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг қўлёзма нусхалари ҳам пайдо бўларди.
Улар Имом Бухорийдан эшитиб ёзиб олган нарсалари билан кифояланиб қолмасдан, ўзлари ёзиб олган нусхаларини ўта диққат билан устозининг нусхасига солиштириб кўрарди ҳамда учраган хато ва камчиликларни тўғрилаб оларди. Имом Бухорийнинг қўлидаги асл нусхага мувофиқ бўлган нусхалар тугаганидан кейин, ўзларининг нусхаларига тугаган вақтини ва устозининг нусхаси билан солиштирилганини ёзиб қўярди. Шу сабабли, бизнинг қўлимизда “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг асл нусхасига мувофиқ келадиган бир нечта нусхалар пайдо бўлган. Бу эса Имом Бухорийнинг ҳаётлик чоғидаёқ рўй берган.
Имом Бухорий шогирдларидан бугунги кунимизгача исми ва нусхалари машҳур бўлганлари – Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий, Иброҳим ибн Маъқил Насафий, Ҳаммод ибн Шокир Насафий, Абу Талҳа Мансур ибн Муҳаммад Паздавий ва Абу Абдуллоҳ Муҳомилийдир.
Қолаверса, улардан “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни эшитган ва таълим олган, сон-саноқсиз толиби илмлар пайдо бўлди. Улар ҳам қўлидаги нусхаларни олдинги талабалар нусхаларига солиштириб кўрарди. Ҳатто, нусхалар кўплиги ва ривоятларнинг аниқ санад билан боғлангани учун “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни Имом Бухорийга нисбат бериш мутавотир даражасига етди.
“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг ривояти ва тадвини дастлаб ёзилган кунидан бошлаб бугунги кунимизгача одамлар орасида мутавотир шакл билан нақл қилинган. Уламолар ва оддий одамлар бу китобни ривоят қилиш, ўрганиш, таълим олиш ва тушунишга ҳаракат қилган. “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг асл нусхасидан кўчирилган нусхаларнинг кўплиги ҳам буни исботлайди.
“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг асл нусхаси Имом Бухорий вафотидан кейин шогирди Абу Абдуллоҳ Фирабрий қўлида қолган. “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг ривояти Абу Абдуллоҳ Фирабрий орқали машҳур бўлган. Ундан “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни жуда кўп сонли шогирдлари таълим олган. Улардан етти ёки тўққизтаси машҳур бўлган. Фирабрийдан таълим олган шогирдлари “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” матнини устозининг қўлидаги асл нусхадан кўчириб олган. Улар Абу Исҳоқ Мустамлий, Абу Муҳаммад Ҳаммувайҳ, Абу Ҳайсам Кушмиҳаний, Абу Зайд Марвазий ва бошқалар [5:287]. Бирорта таҳқиқчи ва аҳли илм улар ёзган нусхаларга шак-шубҳа қилмаган ва эътироз билдирмаган.
Ҳар қандай ақлли одам бу уммат санади муаллифига боғланмаган бирорта китобни қабул қилмаслигини билади. Уммат ижмоси кучли шаръий далиллардан саналади.
Манбаларда бу асарнинг ёзилишига Имом Бухорийнинг устози Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг сўзлари сабаб бўлган, деб кўрсатилган. Хусусан, Иброҳим ибн Маъқил Насафий (ваф.854/1450)дан бундай ривоят қилинади: “Имом Бухорий: “Исҳоқ ибн Роҳавайҳ бир куни: “Қанийди сизлардан бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан саҳиҳларини тўплаб, бир асар таълиф этсангиз”, деди. Мана шу сўз менинг қалбимга қаттиқ ўрнашиб қолди. Натижада “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни жамлашга киришдим”, деб айтади” [4:7].
Туркиялик олим доктор Фуад Сезгин баъзи ривоятлардан “Тарихи туросил арабий” китобида Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарини вафотидан 23 йил олдин ёзиб тугатганини айтади. Имом Бухорий “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарини 16 йил давомида ёзганини зикр қилган. Уни тахминан 217/832 йили бошлаб, 233/848 йилда тугатган [2:16-17].
Шамсиддин Заҳабий (ваф. 748/1347) “Тарихул ислом” китобида: “Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари Қуръони каримдан кейинги энг улуғ ва афзал китоб бўлиб, ҳозирги кунда одамлар учун энг олий санаддир”, деб ёзган [8:274].
Ибн Рушайд Сабтий айтади: “Бугун машриқ ва мағрибда “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китобини эшитишда санади Имом Бухорийга боғланган йўл Абу Абдуллоҳ Фирабрий йўлидир. Унинг ривояти комиллиги, муаллифга яқинлиги ва ровийларининг машҳурлиги учун инсонлар унга суянади. Унинг қўлида “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китобининг асл нусхаси бўлган ва ундан Абу Абдуллоҳ Фирабрий шогирдлари кўчириб олган. Бу эса Абу Абдуллоҳ Фирабрийни қўллаб-қувватлайдиган ҳужжат ва унинг тўғрилигига гувоҳдир. Сўнг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китоби Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан мутавотир йўл билан нақл қилинган. Мусулмонлар буни маҳкам ушлаган ва унга ижмо боғланган. Натижада ҳужжат аниқ бўлган” [1:18-19].
Бу ҳақда Ибн Ҳажар Асқалоний (ваф.852/1448): “Бу асрда ва бундан олдинги асрларда “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китобини эшитишда санади боғланган ривоят Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийнинг ривоятидир”, деган [7:491-492].
Имом Бухорийнинг машҳур шогирди Абу Абдуллоҳ Фирабрий нусхасининг турли хил шаҳарларда шогирдлари томонидан кўчириб ёзилган ўн тўртта нусхаси бор. Бу нусхалар устози Абу Абдуллоҳ Фирабрий нусхасига мувофиқ. Фирабрий нусхаси эса устози Имом Бухорий нусхасига мувофиқ. Абу Абдуллоҳ Фирабрий шогирдларининг ҳар биридан жуда кўплаб одам ривоят қилган. Шу даражада кўпки, ривоят қилишда уларнинг ёлғонга тўпланиши ва келишиб олиши мумкин эмас. Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг ўзида ҳам худди шундай ҳолат. “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг Фирабрийдан бошқа ровийлари ҳақида ҳам худди бўлган.
“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни Имом Фирабрийдан жуда кўплаб сиқа (ишончли) ровийлар жамоаси ривоят қилган. Уларнинг энг машҳурлари қуйидагилар: Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад Мустамлий (ваф.376/986), Сарахснинг хатиби Абдуллоҳ ибн Аҳмад Ҳаммувайҳ (ваф.381/991), Абу Ҳайсам Муҳаммад ибн Маккий Кушмиҳаний (ваф.389/999), Абу Али Муҳаммад ибн Умар Шаббавий, Ибн Сакан Саид ибн Усмон Баззоз (ваф.353/964), Абу Зайд Муҳаммад ибн Аҳмад Марвазий (301-371/913-981) ва Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Муҳаммад Журжоний (ваф.373/983)дир.
Абу Валид Божий айтади: Ҳофиз Абу Зар Абдураҳмон ибн Аҳмад Ҳаравий бизга Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад Мустамлийдан ривоят қилади. Абу Исҳоқ Мустамлий: “Мен “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китобини Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийнинг олдидаги асл нусхадан кўчириб олдим. Шунда уни ҳали тўлиқ бўлмаганини кўрдим. Китобда кўплаб ёзилмаган бўш жойлар бор эди. Орқасида бирор нарса ёзилмаган таржимаи ҳоллар ва таржимаи ҳоллари ёзилмаган ҳадислар бор эди. Шунда баъзисини баъзисига қўшиб қўйдик”, деган [5:287].
Ибн Рушайд ҳам ўзининг “Ифодатун носиҳ фит-таъриф би-санад ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” номли китобида: “Абу Исҳоқ ўзининг китобини “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китобининг асл нусхасидан нақл қилган”, деб айтади [1: 25]. Абу Зар Ҳаравий “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китобини Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад Мустамлий, Абу Ҳайсам Муҳаммад ибн Маккий Кушмиҳаний ва Сарахснинг хатиби Абдуллоҳ ибн Аҳмад Ҳаммувайҳдан ривоят қилган. Унинг ривояти ривоятлар орасида энг кучлисига айланган. Бунга Абу Зар Ҳаравий “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни ривоят қилган устозлари орасида Абу Исҳоқ Мустамлийнинг борлиги кифоя қилади. Ҳақиқатда, Абу Исҳоқ Мустамлий “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни ўзи учун “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг асл нусхасидан кўчириб олган.
“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг асл нусхаси орадаги муддат узоқ бўлиб кетгани учун бугунги кунимизгача етиб келмаган. Уламолар таълим олган баъзи китобларнинг асл нусхаси бугунги кунгача етиб келмаган. Бу эса ҳеч нарсани ўзгартирмайди.
Қадимги китобларнинг кўпчилигида шунга ўхшаш ҳолат мавжуд. Ибн Исҳоқ (ваф.151/768)нинг “Ас-сийра ан-Набавия” китоби ва Имом Сибавайҳ (ваф.180/796)нинг “Наҳв” китоби бунга мисол бўла олади. Кўпчилик инсонлар уламолар қадимги китобларни бугунги кунгача эшитиш ва ижоза орқали ривоят қилганини билмайди. Толиби илмлар бу китобларни муаллифига боғланган санадлар билан ривоят қилган.
Шунингдек, орадаги муддат жуда узоқ бўлгани учун “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг Имом Бухорий ўз қўли билан ёзган асл нусхасининг йўқлиги ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Чунки у кишининг шогирдлари ўша асл нусхадан кўплаб нусхаларни кўчириб олган. Сўнг улардан кейинги шогирдлари ҳам асл нусхага мувофиқ бўлган кўплаб нусхаларни кўчириб олган. Шу сабабли, “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” нусхалари Ер юзига кенг тарқалиб кетган. Чунки ҳар бир асрда яшаган ровийлар “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни ёзиб олиб, уни саҳиҳ нусхалари билан солиштириб кўрарди. Сўнг устозларидан Имом Бухорийнинг ўзига боғланган санад билан ривоят қиларди.
Шунинг учун “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг Имом Бухорий ўз қўли билан ёзган асл нусхаси йўқолиб кетган бўлса ҳам, “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг ҳозирги нусхалари ўз аҳамиятини йўқотмайди. Чунки “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китоби Имом Бухорий шогирдлари орасида тарқалиб кетган ва ҳар бирининг санади Имом Бухорийга боғланган нусхалари кўпайиб кетган. Унга бир неча шарҳлар ёзилган. Аллоҳнинг фазли ва карами билан барча нусхалари бир хил бўлган.
Бу шарҳлардан ва “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг эътибор қилиш лозим бўлган нусхаларидан бири Имом Хаттобий (319/931-388/998)нинг “Аъломул ҳадис” деб номланган шарҳидир. Бу китоб Имом Бухорий замонига энг яқин бўлган шарҳдир. Имом Бухорийнинг 256/870 йилда вафот этганини биламиз. Демак, Имом Хаттобий “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни устозлари орқали Имом Бухорийдан ривоят қилган ровийларни кўрган.
Имом Бухорийнинг машҳур шогирди Фирабрий нусхаси машҳур бўлиб, ундан нақл қилиш кенг тарқалган. Фақат шу нусхадан нақл қилиш билан чекланиб қолмаган. “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китоби бундан бошқа йўлдан ҳам нақл қилинган. Бу Имом Хаттобий йўлидир. У “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”га ёзилган “Аъломул ҳадис” номли шарҳида: “Мен китобнинг кўпроқ қисмини Халф ибн Муҳаммад Хиёмдан, у Имом Бухорийнинг ўзидан “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китобини эшитган шогирди Иброҳим ибн Маъқил Насафий (ваф.295/907)дан, яъни Фирабрий йўлидан бошқа йўл билан эшитдим”, деган.
“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг энг қадимги қўлёзмаси ҳижрий IV асрларга бориб тақалади. Яъни Имом Бухорий вафотидан бир неча ўн йиллар кейин. Бу Имом Абу Зайд Муҳаммад ибн Аҳмад Марвазий нусхасидир. У “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни 318/930 йилда устози Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан эшитган. Абу Абдуллоҳ Фирабрий эса “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни 252/866 йилда Имом Бухорийнинг ўзидан эшитган.
Ҳар бир авлод ва ҳар бир табақанинг қўлида “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни нақл қилинган нусхалари бўлган. Ровийларнинг барчаси бу китобни ўзидан олдинги устозларидан, уларнинг қўлидаги нусхаларга мувофиқ ҳолда ривоят қилган. Имом Абу Зар Ҳаравий (ваф.434/1042) ва Карима Марвазия (ваф.463/1070)нинг нусхаси санади Абу Абдуллоҳ Фирабрийга боғланган машҳур ривоятлардан ҳисобланади.
Доктор Фуад Сезгин “Тарихи туросил арабий” асарининг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари қўлёзма нусхалари бўлимида қуйидагиларни келтиради: “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари қўлёзма нусхалари араб оламидаги деярли барча кутубхоналарда учрайди. Нусхалар орасида биз билган энг қадимий қўлёзма – 370-390/980-999 йилларда Марвазий ривоятига кўра кўчирилган “Минжана” нусхаси ҳам бор. Мазкур нусха 1936 йил Кембриж университетига олиб кетилган” [3:228].
“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китоби бизнинг замонамизгача саҳиҳ ҳолда етиб келганига ақлий далиллардан бири, бузғунчи ва ёлғон аҳллари “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”га бирор нарсани зиёда қилишдан ноумид бўлганидир. Агар “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китоби ўзининг муаллифига ёлғондан нисбат берилганда, албатта, саҳиҳ бўлмаган ҳадисларни унга киргизиш мумкин бўларди. Бундай ҳолат асло учрамаган. Бу эса “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни Имом Бухорийга нисбат бериш тўғрилигини исботлайди.
Имом Бухорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилишда ўзидан бошқа ҳадис имомларидан ёлғизланиб қолмаган. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадислар ўнлаб Сунан, Мўъжам, Муснад китобларида ва ҳадис жузларида мавжуд. “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”даги ҳар бир ҳадиснинг турли ҳадис китобларида ўнлаб ривоятлари бор. Бу эса “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”даги ҳадислар ҳақида шак-шубҳа қилувчи кишининг шак-шубҳасини кетказади.
Муҳаммад Фуад Абдулбоқи “Ал-луълуъ вал-маржон фий-ма иттафақо алайҳи аш-Шайхон” китобида бундай деган: “Имом Муслим “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китобида ривоят қилинган 1906 та ҳадисда Имом Бухорий билан иттифоқ бўлган”. Ҳар бир одам Муснад, Жомеъ, Сунан ва бошқа ҳадис китобларини кўздан кечирадиган бўлса, у ерда “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”да келган кўплаб ҳадисларни кўради. “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китобидаги ҳадислар булардан бошқа ҳадис китобларида ҳам учрайди.
“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”даги ҳадисларни “Мустахраж” номли бошқа ҳадис китобларида ҳам топамиз. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадислар “Мустахраж” номли китобларда Имом Бухорийнинг номи зикр қилинмаган санадлар билан келтирилган. Бу ҳадислар Имом Бухорийнинг устозларидан ёки устозларининг устозларидан ривоят қилинган. Бу эса Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китобидаги ҳадисларни қувватлайди. Чунки бу ҳадислар Имом Бухорийнинг йўлидан бошқа йўлдаги турли санадлар билан ҳам ривоят қилинган.
Юқорида келтирилган маълумотлардан қуйидагича хулоса қилиш мумкин:
- Имом Бухорий ҳадис илмида мўминлар амири бўлиши билан бирга, бошқа илмларни ҳам мукаммал эгаллаган. У ислом илмларининг деярли ҳар бир соҳасига оид китоб ёзган. Афсуски, айрим асарлари бизгача етиб келмаган. Ҳозирги кунга қадар етиб келган асарларининг қўлёзма нусхалари жаҳоннинг кўплаб кутубхоналарида сақланмоқда;
- “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг асл нусхаси орадаги муддат узоқ бўлиб кетгани учун бугунги кунимизгача етиб келмаган. Уламолар таълим олган баъзи китобларнинг асл нусхаси бугунги кунгача етиб келмаган. Бу эса ҳеч нарсани ўзгартирмайди;
- “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китоби бизнинг замонамизгача саҳиҳ ҳолда етиб келганига ақлий далиллардан бири, бузғунчи ва ёлғон аҳллари бу тўпламга бирор нарсани зиёда қилишдан ноумид бўлганидир;
- Имом Бухорий ривоят қилган ҳадислар ўнлаб Сунан, Мўъжам, Муснад китоблари ва ҳадис тўпламларида мавжуд. “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”даги ҳар бир ҳадиснинг турли хил ҳадис китобларида ўнлаб ривоятлари бор. Бу эса “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”даги ҳадислар ҳақида шак-шубҳа қилувчининг шак-шубҳасини кетказади.
-
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Рушайд Сабтий Фиҳрий Андалусий. Ифодатун носиҳ фит-таъриф би-санад ал-Жомеъ ас-саҳиҳ. – Тунис: Ад-дор ат-Тунисия.
-
Абу Жаъфар Варроқ Бухорий. Шамоили Бухорий. Абу Муовия Байрутий таҳқиқи. Абдувоси Шоназаров таржимаси. – Самарқанд: “Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази” нашриёти, 2023.
-
Доктор Фуад Сезгин. Тарихи туросил арабий. – Саудия Арабистони: Имом Муҳаммад ибн Сауд университети. Ж.1. 1411/1991.
-
Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳул борий. – Байрут. Дорул маърифа, 1959.
-
Имом Абу Валид Сулаймон ибн Халаф ибн Саъд ибн Айюб Божий. Ат-таъдил ват-тажрийҳ: 3 жилдли. – Мағриб: Визоратул авқоф ваш шуъунил исломия, 2010.
-
Исмоил ибн Умар ибн Касир. Устозлар жамоасининг таҳқиқи. Ал-бидоя ван ниҳоя: 15 жилдли. Ж.11. – Байрут: Дорул кутубул илмия, 1407/1986.
-
Ҳофиз Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар Асқалоний. Ҳадюс сорий муқаддимату Фатҳил борий: 2 жилдли. Ж.1 – Ар-Риёд: Дору Тойба, 1426/2005.
-
Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. Тарихул ислом ва вафоётил машайир вал аълом. Ж.2. – Байрут: Дорул китобил арабий, 1990.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




