Home / МАҚОЛАЛАР / КАСБ-ҲУНАРНИ МУКАММАЛ ЭГАЛЛАШ – ФАРОВОН ҲАЁТ ВА ЮКСАК МАЪНАВИЯТ ГАРОВИ

КАСБ-ҲУНАРНИ МУКАММАЛ ЭГАЛЛАШ – ФАРОВОН ҲАЁТ ВА ЮКСАК МАЪНАВИЯТ ГАРОВИ

Ҳар қандай касбни мукаммал эгаллаш учун инсонда қатор муҳим фазилат ва кўникмалар шаклланган бўлиши зарур

Инсон ҳаётида касб-ҳунарнинг ўрни беқиёс. Касб нафақат тириклик манбаи, балки шахснинг жамиятдаги ўрнини белгилайдиган, қобилияти ва салоҳиятини намоён этадиган муҳим омиллардан биридир. Инсон муайян касбни эгаллаш орқали ўз ҳаётини мазмунли ташкил этади, оиласи фаровонлигини таъминлайди ва жамият тараққиётига ҳисса қўшади. Шу боис касб-ҳунар ўрганиш, пухта эгаллаш ва ўз соҳасининг етуги бўлиш ҳар бир инсон олдида турган муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Аммо бугунги тезкор тараққиёт, илм-фан ва технологиялар жадал ривожланаётган даврда касб-ҳунарни эгаллашнинг ўзи етарли эмас. Шиддатли давр билан ҳамқадам бўлиш учун энди танланган соҳа бўйича чуқур билимга эга бўлиш, амалий кўникмаларни такомиллаштириш, унга алоқадор илғор технологияларни ўзлаштириш ва доимий равишда янгиланиш ва изланиш тақозо қилиняпти. Чунки замон ўзгаргани сари меҳнат бозоридаги талаблар ҳам янгиланиб бормоқда. Бундай шароитда ўз касбининг устаси бўлган, масъулиятли, ҳалол ва ташаббускор инсон кўпроқ қадрланади.

Касб-ҳунарни мукаммал эгаллаш масаласи нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ва маънавий аҳамиятга ҳам эга. Зеро, ҳунарли инсон ўз меҳнати билан ризқ топади, бошқаларга наф келтиради, ёшларга ибрат бўлади ва жамиятда меҳнатсеварлик муҳити шаклланишига хизмат қилади.

Касб-ҳунар – инсон камолоти ва айни пайтда жамият равнақининг муҳим омили саналади. Касб инсоннинг муайян соҳадаги фаолияти, ҳунар эса шу фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган амалий маҳорат ва кўникмалар мажмуидир. Ҳар қандай касбни эгаллаш учун билим, сабр-тоқат, машқ, тажриба ва масъулият талаб этилади. Инсон бирор ҳунарни ўрганишни бошлаганида дастлаб оддий вазифаларни бажаради, вақт ўтиши билан тажрибаси ошиб, мураккаб ишларни ҳам мустақил равишда ва сифатли қилиб амалга оширадиган даражага етади.

Касбни мукаммал эгаллаш бир кунлик риёзат эмас. Бу узоқ давом этадиган таълим, изланиш ва ўз устида ишлаш жараёнидир. Ҳақиқий мутахассис фақат ўз вазифасини бажариш билан чекланмайди, балки уни янада сифатли, самарали ва замонавий усулларда амалга ошириш йўлларини ҳам излайди.

Жамият тараққиёти турли касб эгаларининг меҳнатига боғлиқ. Муаллим билимли авлодни тарбиялайди, шифокор жамиятда саломатликни муҳофаза қилади, деҳқон халқ дастурхонини тўлдиради, қурувчи бино ва иншоотлар барпо этади, муҳандис ишлаб чиқаришни ривожлантиради, дастурчи рақамли технологияларни такомиллаштиради. Даромади, нуфузи ва бошқа жиҳатлари қандай бўлишидан қатъи назар ҳар бир касбнинг жамият ҳаётида ўз ўрни ва аҳамияти бор. Темирчи ҳар қанча зўр пичоқ ясамасин, қассобликни бошқага топширади. Лекин қассоб ҳам сочини ўзи калтартирмайди, сартарошга боради. Ҳатто ёндош касб эгалари ҳам бир-бирига муҳтож бўлади, дейлик, монтёр одам уйидаги сув қувурини ўзи созламайди, ўша ҳар куни кўришиб турадиган сантехник дўстини ёрдамга чақиради.

Шунинг учун касбларни фақат даромад миқдори ёки ташқи нуфузи билан баҳолаш тўғри эмас. Касбнинг қадри, аввало, у орқали инсонларга қандай наф етказилиши, қандай сифатли маҳсулот ёки хизмат яратилиши, энг муҳими, мижознинг қаноати ва қониқиши билан белгиланади. Ўз вазифасини виждонан бажарадиган, меҳнатига масъулият билан ёндашадиган ҳар бир мутахассис ҳурматга лойиқдир.

Ислом таълимотида меҳнат ва ҳунарнинг қадри алоҳида аҳамиятга эга. Ҳалол меҳнат, ризқни ҳалол йўл билан топиш, ўз зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан бажариш ибодат даражасидаги амаллар саналиб, муҳим ахлоқий тамойиллардан ҳисобланади. Қуръони каримда инсоннинг саъй-ҳаракатлари ва амалларига алоҳида эътибор қаратилган.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Инсонга фақат ўзи қилган ҳаракатигина (мансуб) бўлур” (Нажм сураси, 39-оят).

Ушбу оят инсон ўз олдига қўйган мақсадларига эришиш учун ҳаракат қилиши, масъулиятни зиммасига олиши, меҳнат қилиши, риёзат чекиши лозимлигини англатади. Касб-ҳунарни мукаммал эгаллаш ҳам айнан шундай саъй-ҳаракат, интизом ва сабрни талаб қиладиган ибодат саналади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалол меҳнатнинг фазилатини алоҳида таъкидлаганлар: “Ҳеч ким ҳеч қачон ўз қўли билан топган ризқидан яхшироқ таом емаган” (Имом Бухорий ривояти).

Бу ҳадис инсоннинг ўз меҳнати билан кун кечиришни, ҳалол йўл билан ризқ топиши ва бошқаларга қарам бўлиб қолмаслиги нақадар муҳим эканини кўрсатади. Демак, касб-ҳунар ўрганиш ва уни пухта эгаллаш нафақат дунёвий эҳтиёжларни таъминлаш, балки ҳалоллик, масъулият ва мустақиллик каби фазилатларни қарор топтиришга ҳам хизмат қилар экан, агар билсаларинг.

Ислом тарихида пайғамбарлар ва солиҳ кишилар ўз меҳнати билан кун кечиргани ҳақида кўплаб маълумотлар бор. Жумладан, “Саҳиҳул Бухорий”да Довуд алайҳиссалом қўл меҳнати билан топган ризқдан таомланганлари баён этилган. Бундай маълумотлар меҳнат қилиш ва ҳунар орқали ҳалол ризқ топиш юксак қадрият эканини англатади.

Шунингдек, ислом ахлоқида (қабул қилувчи ўта зийрак ва синчков бўлмаганда ҳам) ишни пухта бажариш, (рўпарадаги киши унутувчан ё майда нарсаларга беэътибор бўлса ҳам) омонатга хиёнат қилмаслик, (важ келтириш ва уялиб қолмаслик йўлини топиш жуда осон бўлганда ҳам) ваъдага вафо қилиш ва инсонларга (ҳатто ёмонликка жавоб қайтаришга мутлақо ожиз бўлган тоифаларга ҳам) зарар етказмаслик муҳим ўрин тутади. Ҳар қандай касб эгаси ўз фаолиятида шу тамойилларга амал қилса, меҳнати нафақат моддий самара беради, балки маънавий қадрият ҳам касб этади.

Касбни мукаммал эгаллашнинг бир неча шартлари мавжуд бўлиб, бирор касбни мукаммал эгаллаш учун инсонда қатор муҳим фазилат ва кўникмалар шаклланган бўлиши зарур.

Биринчидан, яхши билимга эга бўлиш керак. Ҳар қандай касбда амалий фаолиятни тўғри ташкил этиш учун назарий асосларни билиш зарур. Шунинг учун касб-ҳунар ўрганиш жараёнида фақат амалий машқлар билан чекланиб қолмасдан, соҳага оид назарий билимларни ҳам чуқур ўзлаштириш лозим. Ҳатто ўта механик иш бўлиб кўринган ғишт қуйишда ҳам лойнинг қанчалар пишгани, суюқ-қуюқлиги, қолипнинг нотўғри-нотўғрилиги, қумнинг ҳолати ва бошқа жиҳатлар билан боғлиқ маълумотларни билиш керак.

Иккинчидан, амалий тажриба орттириш муҳимдир. Билим тажриба билан мустаҳкамланмаса, уни ҳаётда самарали қўллаш қийин бўлади. Шу сабабли шогирдлик, устоз билан ишлаш, машғулотларда фаол қатнашиш ва мустақил вазифаларни бажариш касбий маҳоратни оширишнинг муҳим воситалари саналади. Ўзимиздан қиёс – бир-икки ой рулга ўтирмасак, кейин дабдурустдан машина ҳайдашга тўғри келиб қолса, ҳийла довдирашимиз – бор гап.

Учинчидан, сабр-тоқат ва қатъият талаб этилади. Ҳар бир соҳани ўрганиш жараёнида қийинчиликлар, хатолар ва муваффақиятсизликлар учраши табиий. Бундай пайтларда тушкунликка тушмасдан, хатолардан хулоса чиқариш ва янада кўпроқ ҳаракат қилиш зарур. Мукаммалликка интилиш йўлидаги ҳар бир қийинчилик инсон учун тажриба мактаби вазифасини ўтайди. “Мен муваффақиятсизликка учраганим йўқ, тажрибам ошяпти, холос” деган тамойил билан ёндашиш энг тўғри йўлдир.

Тўртинчидан, касбий етукликнинг муҳим белгилари – интизом ва масъулият. Ишга ўз вақтида келиш, вазифаларни белгиланган муддатда бажариш, меҳнат хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш ва иш натижаси учун жавобгарликни ҳис этиш ҳар бир мутахассиснинг нафақат раҳбарият ё жамоа, балки аввало ўз виждони олдидаги бурчидир.

Бешинчидан, доимий ўқиб-ўрганиш ва мудом янгиликка интилиш лозим. Ҳозирги даврда янги технологиялар, рақамли воситалар ва иш усуллари тез суръатларда ривожланмоқда. Кечаги билим бугунги талабларга тўлиқ жавоб бермаслиги мумкин. Шунинг учун касб эгаси ўз соҳасидаги янгиликлардан хабардор бўлиб бориши, малакасини муттасил ошириши ва замонавий талабларга мослашиб бориши зарур.

Олтинчидан, касбий одоб ва ҳалолликка амал қилиш керак. Мутахассиснинг маҳорати меҳнатининг маҳсули билангина эмас, балки одамлар билан муомаласи, виждонлилиги, адолатлилиги ва ишончни қай даражада оқлаши билан ҳам ўлчанади. Мижозни алдамаслик, иш сифатини сунъий равишда пасайтирмаслик, бошқаларнинг ҳаққи ё ишончини поймол қилмаслик ва касбий сирларни сақлаш юксак ахлоқ белгиларидир.

Демак, касбий маҳорат билим, тажриба, интизом, ахлоқ ва доимий изланишнинг уйғунлиги асосида шаклланар экан, биродарлар. (давоми бор).

Фойдаланилган адабиётлар
  1. Қуръони карим. Нажм сураси, 39-оят.
  2. Имом Бухорий. “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”. 2072-ҳадис.
  3. Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни. 2020 йил 23 сентябрь. “ЎРҚ-637-сон Қонуни”. 9-модда. “Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим”.
  4. Ўзбекистон Республикасининг “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонуни. 2020 йил 20 октябрь. “ЎРҚ-642-сон Қонуни”. 3-модда. “Касбий малака ва билимларни ривожлантириш миллий тизими”. // 63-модда. “Касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва малака оширишга доир давлат буюртмаси”.
  5. Касб-ҳунар таълими, меҳнат тарбияси ва шахс камолотига оид илмий-услубий адабиётлар.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

«АЛ-АДАБ АЛ-МУФРАД»ДА БОЛА ҚАДРИ ВА ЗАМОНАВИЙ ПЕДАГОГИКА: ТАРБИЯДА УЯЛТИРИШДАН ОЧИҚ ВА САМИМИЙ МУЛОҚОТГАЧА

Кириш. Бола тарбияси ҳақида сўз кетганда, кўпинча билим бериш, интизомга ўргатиш, яхши ва ёмонни ажратиш …