Кириш. Бола тарбияси ҳақида сўз кетганда, кўпинча билим бериш, интизомга ўргатиш, яхши ва ёмонни ажратиш каби масалалар биринчи ўринга чиқади. Бироқ тарбиянинг яна ўта нозик бир жиҳати бор, у ҳам бўлса “бола ўзини тарбия жараёнида қандай ҳис қилади ва қандай шахс бўлиб шаклланади?” деган саволдир. У ўз хатосини тузатиш жараёнида ўзини қадрли инсон сифатида ҳис қиладими ёки «ёмон бола» деган тамға билан қолиб кетиб, бу унда кейинчалик талай руҳий травмалар ва комплексларни келтириб чиқарадими? Каттанинг танбеҳи унинг ўз хатосини тушунишига ёрдам берадими ёки уялишга мажбур қиладими? Тарбияда талабчанлик билан меҳр ўртасида қандай мувозанат бўлиши керак?
Бу саволлар бугунги педагогика ва бола психологияси учун муҳим масалалардан биридир. Замонавий тадқиқотларда болани шарманда қилиш, уни бошқалар олдида камситиш ёки шахсиятига салбий тамға қўйиш тарбия усули сифатида шубҳа остига олинади. Анн Монро мактаб ёшидаги болаларга нисбатан уялтириш амалиётининг ривожланишга салбий таъсирини таҳлил қилиб, бундан тийиладиган педагогик ёндашувларга эътибор қаратади.[1] Жоан Ф.Гудман ва Бриттни Айрис Кук эса тарбияда шахснинг ўзини эмас, унинг муайян хатти-ҳаракатини баҳолаш муҳимлигини таъкидлайди.[2]
Қизиқ жиҳати шундаки, асрлар аввал ёзилган «Ал-Адаб ал-муфрад»да ҳам болага муносабатга фақат буйруқ ва интизом эмас, балки меҳр, масъулият, адолат ва шахсий муносабат нуқтаи назаридан қараш кераклигига аниқ ишоралар бор.
Шу жиҳатдан ушбу мақоланинг асосий мақсади «Ал-Адаб ал-муфрад»даги бола тарбиясига оид ҳадис ва ривоятларни замонавий педагогиканинг «болани уялтирмаслик» ва «қўллаб-қувватловчи мулоқот» тамойиллари билан қиёсий таҳлил қилишдан иборат.
- Тарбияда биринчи қадам: болага «муаммо» эмас, шахс сифатида қараш
«Ал-Адаб ал-муфрад»нинг «Китобу риъоятил авлод» – «Фарзандларга ғамхўрлик китоби»да бола билан муносабатнинг турли жиҳатлари бир жойга жамланган. Унда боланинг қувонч манбаи экани, уни кўтариб эркалаш, ўпиш, меҳр кўрсатиш, одоб ўргатиш ва ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчи каби масалалар алоҳида бобларда келтирилган.[3]
Бу тартибнинг ўзи эътиборга молик. Чунки асар болани фақат «тарбия қилиниши лозим бўлган субъект» сифатида эмас, балки меҳр ва эътиборга ҳақли хилқат сифатида тасвирлайди.
Жумладан, Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ибн Алини ўпганлари, ўша пайтда Ақраъ ибн Ҳобис «Менинг ўн фарзандим бор, бирортасини ҳам ўпмаганман» дегани ва унга «Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди» мазмунида жавоб берилган айтилган.[4]
Бу ривоятни замонавий педагогика нуқтаи назаридан талқин қилишда муҳим жиҳат – меҳрни тарбияга зид қўймаслик. Яъни, «болага меҳр кўрсатиш – уни эркалатиб, интизомсиз қилиб қўйиш» деган қараш асарнинг ушбу руҳига мос келмайди. Аксинча, меҳр тарбиянинг инсоний асоси сифатида намоён бўлади.
Замонавий педагогикада боланинг ўқиш ва ривожланишида ўқитувчи ёки ота-онанинг қўллаб-қувватловчи муносабати муҳимлиги таъкидланади. Эдвард Деси ва Ричард Райан ишлаб чиққан ўзини ўзи белгилаш назариясида инсоннинг автономия (муайян даражада мустақил бўлиш), қобилиятни ҳис қилиш ва ижтимоий боғлиқлик эҳтиёжлари муҳим психологик омиллар сифатида кўрсатилади.[5]
Демак, тарбиянинг мақсади болани фақат «итоаткор» қилиш эмас. Унда масъулият, ўзини англаш ва бошқалар билан соғлом муносабат қуриш қобилиятини шакллантириш ҳам муҳимдир.
- «Ёмон бола» билан «билиб-билмай хато қилиб қўйган бола» ўртасидаги фарқ
Замонавий педагогика учун жуда нозик масалалардан бири – хатони баҳолаш билан шахсни баҳолашни фарқлай билиш.
Масалан, «сен ёмон боласан» деган гап боланинг муайян хатти-ҳаракатини эмас, унинг бутун шахсини баҳолайди. «Бу ишинг нотўғри бўлди» дегани эса хатти-ҳаракатга қаратилган бўлади ва уни тузатишга имконият қолдиради.
Гудман ва Кук мактаб муҳитида уялтиришнинг салбий жиҳатларини таҳлил қилар экан, шахсни камситиш билан унинг муайян хатти-ҳаракатини баҳолаш ўртасида фарқ борлигини кўрсатади.[6] Бу фарқ замонавий педагогика учун жуда муҳим.
«Ал-Адаб ал-муфрад»даги тарбияга оид материаллардан ҳам шунга яқин хулоса чиқариш мумкин: тарбия инсонни синдириши эмас, уни одобга йўналтириши керак. Айниқса, Ибн Умарнинг ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчи ҳақида келтирилган сўзлари диққатга сазовор: «Сенинг ота-онанг олдида бурчинг бўлганидек, фарзандинг олдида ҳам бурчинг бор».[7]
Бу қараш тарбияга бир томонлама ҳокимият сифатида эмас, ўзаро масъулият муносабати сифатида қараш имконини беради.
Замонавий педагогика нуқтаи назарида ҳам боланинг эҳтиёжларини инобатга олиш уни интизомдан озод қилиш дегани эмас. Аксинча, бола билан муносабатда чегаралар аниқ бўлгани ҳолда унинг қадрини сақлаш муҳим шарт ҳисобланади.
- Фарзандлар ўртасида адолат – педагогик муҳитнинг яширин омили
«Ал-Адаб ал-муфрад»даги энг қизиқ ва замонавий педагогика билан боғлаш мумкин бўлган мавзулардан яна бири фарзандларга муносабатда адолат сақлашдир.
Нуъмон ибн Башир ривоятида отаси унга нарса беради ва буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга билдиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа фарзандларига ҳам худди шундай нарса берилган-берилмаганини сўрайдилар. Ота «йўқ» деганида эса бу ишни гувоҳликка олишдан бош тортадилар ва фарзандларга яхшиликда тенг муносабат қилиш зарурлигига эътибор қаратадилар.[8]
Бу ҳадисга фақат моддий совға масаласи сифатида қараш тор ёндашув бўлади. Унинг тарбиявий аҳамияти болалар орасида ўзаро адолат ҳисси билан боғлиқ.Оилада бир фарзандни бошқасидан устун қўйиш, бирини «ақлли», бошқасига «муаммоли, одам бўлмайди, ўқиб нима ҳам бўларди, шаҳар олиб берармиди» деб қараш, қиз ё ўғил эканига кўра ажратиш, қиз болани камситиш, бир-бири билан солиштириш болалар ўртасидаги муносабатларга жуда ёмон таъсир қилади.
Мактаб муҳитида ҳам худди шундай ҳолат учрайди. Ўқитувчи бир ўқувчини «энг яхши», бошқасини эса «доимо муаммо чиқарадиган, қобилиятсиз, уқувсиз» ўқувчи сифатида белгилаб қўйса, бундай муносабат болага қаттиқ салбий таъсир қилади.
Шу нуқтаи назардан «Ал-Адаб ал-муфрад»даги адолат ғояси замонавий педагогика учун «тамғалашдан сақланиш» тамойили билан мулоқотга киришиши мумкин.
- Меҳр ва интизом – бир-бирига зид эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи кучли омиллардир
Тарбия ҳақидаги эски қарашларнинг айримларида қаттиққўллик яхши натижанинг асосий кафолати сифатида кўрилади. Замонавий ёндашувда эса меҳр ва интизомни бир-бирига қарши қўймаслик тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. «Ал-Адаб ал-муфрад»да болага меҳр кўрсатиш билан бирга унга одоб ўргатиш, ота-онанинг тарбиявий масъулияти ва фарзанднинг ахлоқий камолоти ҳақида ҳам гап кетади.
Демак, асардаги ёндашувни шартли равишда «меҳр + масъулият» модели сифатида кўриш мумкин.Фақат меҳр бўлиб, талаб бўлмаса, тарбия жараёнида чегаралар йўқолади. Бола “нима қилсам ҳам мумкин”, “истаганимни қилавераман”, “истаганимни гапиравераман” деган тушунчалар билан катта бўлади. Фақат талаб бўлиб, меҳр бўлмаса, бола тарбияни қўрқув ва босим сифатида қабул қилади.
Шунинг учун замонавий педагог учун асосий вазифа «қаттиққўл ё юмшоқ бўлиш» эмас, балки талабни боланинг қадрини сақлаган ҳолда ифодалашдир.
- Уялтириш ўрнига масъулиятни шакллантириш
Мақоланинг энг муҳим таклифи шуки, тарбияда «уялтириш» ва «масъулият уйғотиш» тушунчаларини бир-биридан ажратиш зарур.
Уялтиришда болага «Нега бундай иш қилдинг? Сендан одам чиқмайди!» дейиш мумкин. Масъулиятга асосланган мулоқотда эса, «Бу ишинг бошқа одамга зарар етказди. Энди уни қандай тўғрилашимиз мумкин?» деган савол қўйилади.
Биринчи усул боланинг шахсига зарба беради; иккинчиси эса уни хатти-ҳаракатининг оқибатини англашга ундайди.
Энн Монро таълимда уялтиришнинг салбий таъсирларини кўриб чиқиб, бундан воз кечадиган муқобил педагогик ёндашувларни таклиф қилади. Гудман ва Кук эса интизомда шахсни камситиш ўрнига унинг қилмишига эътибор қаратиш муҳимлигини уқтиради.
Бу ерда «Ал-Адаб ал-муфрад»нинг ахлоқий тарбияга оид ғоялари билан замонавий педагогика ўртасида параллель юзага келади. Иккиси бир хил тарихий ёки назарий тизим эмас, аммо ҳар бирида тарбия инсоннинг ахлоқий ривожланиши билан боғланади.
- Ота-она ва ўқитувчи учун янги педагогик формула таклифи
«Ал-Адаб ал-муфрад»дан замонавий педагогик амалиёт учун шартли равишда қуйидаги формулани чиқариш мумкин:
Меҳр → ишонч → мулоқот → масъулият → одоб.
Бу формула асарда айнан шу шаклда берилмаган, балки ундаги болага меҳр, ота-онанинг бурчи, адолат ва одобга оид гапларни замонавий педагогик тушунчалар билан қиёслаш асосида шундай таклиф илгари сурилмоқда.
Бола ўзини хавфсиз ҳис қилган муҳитда хатосини тан олиши осонроқ кечади. Доимо камситилган ёки қораланган бола эса хатони яширишга, ёлғон гапиришга ё мулоқотдан қочишга мойил бўлади.
Шу сабабли тарбияда «Нима учун бундай қилдинг?» деган саволнинг ўзи эмас, бу савол қандай оҳангда ва қандай мақсадда берилаётгани ҳам муҳим.
Замонавий таълимда ўқитувчининг қўллаб-қувватловчи муносабати ўқувчининг ички мотивацияси билан боғлиқ экани бўйича тадқиқотлар мавжуд.8 Демак, педагогик таъсир фақат маълумот бериш ёки назорат қилиш билан чекланмайди; ўқитувчининг муносабат услуби ҳам таълим жараёнининг бир қисми ҳисобланади.
Хулоса. «Ал-Адаб ал-муфрад»га одоб-ахлоқ қоидаларининг ўтмишдаги тўплами эмас. Унинг тарбиядаги имкониятлар доираси жуда катта. Асарда болага меҳр кўрсатиш, ота-онанинг фарзанд олдидаги масъулияти, фарзандлар ўртасида адолат, яхши муомала ва ахлоқий тарбия каби масалалар бир-бири билан боғлиқ ҳолда намоён бўлади.
Ушбу ғояларни замонавий педагогика билан қиёслашда энг эътиборли жиҳат эса, тарбиянинг инсон қадрини сақлаш билан бирга олиб борилиши масаласидир.
Мактаб ё оилада болани хатоси учун шарманда қилиш осон. Лекин унинг хатосини англатиш, оқибатини кўрсатиш ва тўғри йўлни танлашга ўргатиш анча мураккаб педагогик маҳоратни талаб қилади.
Шу маънода «Ал-Адаб ал-муфрад»даги меҳр, адолат ва масъулиятга оид материаллар замонавий педагогика билан мазмунли илмий мулоқотга киришиши мумкин. Бу ерда мақсад қадимги манбани замонавий педагогикага «мослаштириш» ёки унда замонавий педагогик назариялар борлигини даъво қилиш эмас. Аксинча, икки хил тарихий тажрибани бир савол атрофида учраштириш муҳим: болани унинг қадрини сақлаган ҳолда қандай тарбиялаш мумкин?
Асосий хулоса шундан иборатки, самарали тарбия боланинг хатосини инкор этмайди, аммо хатонинг ўзи билан боланинг шахсини бир нарса деб қарамайди. Хатони тузатиш мумкин, лекин бунда албатта боланинг қадри сақланиши керак. Бу тамойил «Ал-Адаб ал-муфрад»даги меҳр ва адолатга оид тарбиявий қарашлар билан замонавий педагогикадаги инсон қадри, эмоционал хавфсизлик ва қўллаб-қувватловчи мулоқотга эътибор ўртасидаги энг муҳим умумий нуқталардан бири сифатида кўрилиши мумкин. Бу масалага эътибор қаратганингиз учун ташаккур.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




