Home / МАҚОЛАЛАР / ТАСАВВУФ МАЪРИФИЙ ТАЪЛИМОТИНИНГ ЗАМОНАМИЗДАГИ МАВҚЕИ

ТАСАВВУФ МАЪРИФИЙ ТАЪЛИМОТИНИНГ ЗАМОНАМИЗДАГИ МАВҚЕИ

Кириш. Тасаввуф – ислом оламида кенг тарқалган, Ўрта ва Яқин Шарқ мамлакатлари маданияти тарихида чуқур из қолдирган диний-маърифий оқимдир. Бу таълимот асосида коинот, коинотдаги ва ундан ташқаридаги бутун борлиқ – мавжудот — битта ва ягона, ақл тушуна олмас даражада азалий ва абадий, кўриб ва ҳис қилиб бўлмас даражада қудратли Зот томонидан яратилган, яратилмишларнинг энг аълоси – инсон ва ана шу ҳамма махлуқот бағоят гўзал бир тарзда бир-бирига уйғунлаштирилган, мазмунидаги янги тафаккур тарзи ётади. Демак, Аллоҳ таолони таниш бутун оламнинг моҳиятини англашга ҳаракат қилиш демакдир. Бундай интилишлар эса ҳар бир шахснинг ахлоқий ва маърифий камолотига ижобий таъсир кўрсатади.

Жамият кишисининг соғлом маънавий тафаккури покиза ва самимий муҳитда шаклланади. Инсониятга тақдим этилган барча динлар шу мақсаднигина назарда тутиб ёйилган. Бу жараёнда диний-маърифий, фалсафий-маънавий таълимотлар, йўналишлар, уюшмалар юзага келган. Ана шу мафкуравий муҳитнинг асосий эътиборини инсон омили ташкил этган ва асосий куч-қудрат шахс тарбияси масаласига қаратилган. Биз “шахс маънавий камолоти масаласига қаратилган” демадик, чунки кўпгина таълимот ва уюшмалар бу масаланинг ижобий натижасига эришиш учун хизмат қила олмаган. Бунинг натижасида эса баъзан жамиятлар ҳаётида ислом дини тарғиб этган пок эътиқод – аҳли сунна вал жамоа йўлидан чалғиб кетиш ҳолатлари ҳам содир бўлган. Хусусан, тасаввуф маърифий оқимининг баъзи йўналишлари ҳақида ҳам шундай фикрларни билдириш мумкин. Ўзининг инсоният тарихидаги эволюцион тараққиётида катта бир даврни қамраб турган бу таълимотни билишга қизиқмасликнинг ҳам имкони йўқ.

Таҳлил ВА натижалар. Миллий мафкурамизнинг асосий мақсадларидан бири бўлмиш баркамол шахс тарбияси учун чуқур диний-маърифий таълимотлар қай даражада зарур, деган табиий савол туғилади.

Тасаввуф таълимоти ислом шариати сингари бутун башарият – инсон фарзандлари тушуниб, амал қилиши лозим бўлган қонун-қоидалар мажмуими ёки у илм аҳлининг махсус дастурими?

Хуллас, тасаввуф ва унинг жамиятимиздаги ўрни ва аҳамияти хусусида чуқурроқ ўйлаб кўриш лозим.

Маълумки, тасаввуф ислом дини кириб борган барча Шарқ мамлакатларида инсон фикри – мушоҳадаси даражасида ва жамият маънавий тараққиётига боғлиқ ҳолда турли сулуклар шаклида ривожланган, ижтимоий-сиёсий ҳаётга, илм-фан тараққиётига таъсир кўрсатган.

Тасаввуфнинг энг биринчи намояндаси, таъбир жоиз бўлса, пири – пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлганлар. Чунки ул зоти олий инсониятга “Гўзал хулқларни камолга етказиш учун” юборилганлар. Шу нарса муҳимки, башариятга нозил этилган барча динлар, уларнинг энг охиргиси ва мукаммали бўлмиш ислом ҳам шариат воситасида инсонда гўзал хулқни тарбиялайди. Тасаввуф эса тариқатлар воситасида ана шу гўзал хулқни босқичма-босқич олий камолот даражасига етказади. Барча тариқатлар силсилаларининг сарҳалқаси Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эканликларининг маъноси шундандир. Шу боисдан ҳам тасаввуф таълимоти ижодкори бўлмиш Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) жорий этган шариат ва суннатга риоя қилишда қусурли бўлган тариқат ёки сулук, ёки шайх – тасаввуф йўлида деб саналмайди.

Шариат ва тариқат ўртасидаги муносабат инсон жисми ва онгли ҳаёти ривожидаги боғлиқликка ўхшайди. Имон калимаси тил ва қулоқ воситасида инсонда фақат идрок орқали фаҳмланадиган кўнгил уйи борлиги, уни бўм-бўш қолдирмаслик лозимлигидан огоҳ этади. Ибодат эса инсон жисмоний ва руҳий саломатлигининг гарови сифатида унга кўркамлик, поклик нурини бахш этади. Худди шундай исломнинг кейинги уч рукни ҳам инсон жисмини иллатлардан халос этади, қалбига ва руҳига осойишталик бахш этади. Ана шу даражага етгачгина, тасаввуф йўлига қадам қўйиш учун эҳтиёж пайдо бўлади, шундагина тариқат “эшигини қоқиш” мумкин бўлади.

Бошқачароқ айтсак, тариқатга кирмаёқ, ислом шариати талабларини сидқидилдан тўкис бажариб юрган инсон – маданияти ва маънавияти етук шахс бўлиб шаклланиши мумкин. Аммо юксак инсоний сифатларга эга бўлган шу мусулмон ўзининг Яратгучи эгаси сифатларини чуқурроқ идрок этишни, унинг мўъжизаларини кўришни, ҳикматларини тушунишни истаса – тариқатга киради. Шу боисдан ҳам қадимда шариат оммавий равишда мажбурий таълим тури сифатида ўргатилган (инсон бошқа махлуқотдан фарқ қилиши лозимлиги учун), тариқат пешволари эса ўзларини жамиятдан четга тортганлар. Уларни узоқ дашт-чўлларга, ғорларга, чиллахоналарга шариат воситасида камолот пиллапоясига қадам қўйган хос толиби илмларгина излаб боришган. Шунинг учун ҳам улар “эшон”, яъни “улар”, биз эмас, биздан, жамиятдан узоқдагилар, деб аталганлар. Тасаввуфда камолга етган шайхлар илмларини пинҳон тутишга уринган, мурид тарбиясидан кўра кўпроқ ўзларининг ботиний аҳволларидан мунтазам хабардор бўлишга интилганлар. Шайхи нақшбандий Хожа Убайдуллоҳ Аҳрори Вали (қ.с.) “Волидия” асарида ёзишларича, тариқатнинг энг баланд даражаларига, орифликка етган шайх кичик бир хато қилиб қўйса, ўзининг шу баланд мақомидан яна энг қуйи – солиҳ даражасига тушиб қолади. Шу жиҳатдандир, машҳур суфий Жунайд Бағдодий ўттиз йил давомида минбарга чиқиб тасаввуф мавзусида маъруза айтишдан бош тортган. Умуман, барча тасаввуф шайхлари одам йиғиб пешволик қилиш ниятида бўлмай, аксинча, сокин гўшаларда, хилватда аҳли дил билан суҳбатда бўлганлар, уларнинг тарбия воситаси ҳам, таълим воситаси ҳам асосан суҳбат бўлган.

Шариат одобини ҳамма ўрганиши шарт, шундан сўнг у тартиб-интизом билан яшаётган инсон бўлади. Тариқат одоби эса ҳаммага ҳам тўғри келавермайди. Буни бир мисол воситасида англашга ҳаракат қилайлик. Шариат қонунларига кўра, ўғрилик қилиб қўлга тушган одамнинг қўли кесилади ва сазойи қилинади. У асло жазосиз қўйиб юборилмайди.

Тариқатда эса бундай ҳолга муносабат бутунлай бошқача. Алишер Навоий “Насойимул муҳаббат” асарида сўфий шайхлар шариат юзидан тариқат одобини маҳкам тутадилар, деб ёзади. [3:18] У қандай одоб экан?

У шундай одобдирки, – деб ёзади Навоий, – яхши-ёмонга, катта ва кичикка бирдай бажо келтирилади. Бундай одобни ўз табиатларида мужассам этганлар барча инсонлардан ўзларини кичик, камтар ва хоксор тутади. Улар кўпчиликнинг хизматини қилиш, кўпчиликка фойда етказиш учун шошилади. Улар, ҳаттоки ўз фарзандлари ва хизматкорларига ҳам ниҳоятда чиройли муомалада бўлади. Булардан бирор адабсизлик юз берса, дилларини оғритмайди. Шу тариқа, тариқат йўлида бўлган ахлоқи комил инсонлар барчага, ҳатто ўғрига ҳам насиҳатни юмшоқ ва чучук тил билан қилади.

Шарқ маънавий оламининг бебаҳо бойлиги бўлмиш буюк аждодларимиз – мутафаккир донишмандлар асарларида тариқат одоби баён этилган ҳикоят ва ривоятлар, панд-ўгитлар ниҳоятда кўп. Хусусан, бировнинг уйига ўғриликка кириб, ҳеч нарса топа олмаётган ўғридан шу ерда китоб мутолааси билан банд бўлиб ўтирган шайх ўрнидан туриб, хижолатлик билан кечирим сўрайди ва ўзи ўтирган гиламчани йиғиб, унга тутқизади. Бундай бағрикенгликни кўриб, ўғрининг “кўнгли бузилиб кетади” ва қилмишидан пушаймон бўлиб, шайх олдида тавба қилади, тўғри йўлга киради. Хоразмлик Шайх Абул Вафои Хоразмий дасторининг ғоятда эски ва йиртиқлиги боис уни ўғрилаб, йўлда ташлаб кетган ўғри олдида хижолатини баён этади. Улуғ диний раҳнамомиз – буюк муҳаддис олим Имом Бухорий ҳазратлари (қ.с.) Маккаи мукаррама сафарига ёлғиз кетаётганлари ҳолда, бегона ва синалмаган ҳамроҳларининг “ёнингда ниманг бор”, деган саволига ёлғондан ҳазар қилганлари сабабли “минг динор тангам бор”, деб ҳақиқатни айтади ва туҳмат балосига гирифтор бўлади. Ул зоти шарифни бу балодан Ҳақ таоло ўз инояти ила халос этади.

Келтирилган мисоллардан кўринадики, тариқат одобини ҳамма ҳам ўзида мужассам эта олмайди. Чунки инсонлар яратилишдан турли – тумандирлар. Улар табиати ва феълининг намоён бўлишида инсон вужудини ташкил этган тўрт унсурнинг ўзаро мутаносиб ёки номутаносиблиги катта аҳамиятга эга. Инсон жисми тупроқ, сув, ҳаво ва олов каби табиати ўзаро бир-бирига зид унсурлардан ташкил топган экан, бу унсурлар ҳамма инсонлар жисмида ҳам бир хил мутаносибликда бўлмайди. Бир инсоннинг яратилишида тупроқ ва сув каби сабр, ҳиммат, шафқат, саховат, поклик хислатлари кўпроқ жамланган бўлса, бошқа бир инсон табиатида шамолдек беқарорлик, оловдек бешафқатлик хусусиятлари намоён бўлади.

Табиатда мис бўлиб яратилган модда олтин вазифасини бажара олмаслиги ҳаммага маълум. Ҳамма инсонлар ҳам ўз табиатини чуқурроқ ўрганиб, жисм ва руҳида аъло даражадаги мутаносиблик ҳосил бўлмоғига эришиши ниҳоятда мушкул. Бунинг учун инсондан жуда катта меҳнат, сабр, ирода ва кучли эътиқод талаб қилинади. Шу жиҳатдан, тўғри ҳаёт тарзини тутган, жамиятнинг солиҳ фуқароси бўлмиш оддий мўмин инсон сўфийлар табиати ва амалларини тушунмай, ҳайрон бўлиши мумкин. Тасаввуф ахлоқида бўлмаган шахслар жиноятнинг албатта жазоланишини, яхши амалнинг эса албатта мукофотланишини кутадилар ва буни адолатдан деб биладилар. Сўфийлар эса жиноятга жисмоний жазо бера олмайдилар, буни уларнинг табиати қабул қила олмайди. Яхшилик эвазига мукофотни эса жамиятдан эмас, фақат Яратгандан кутадилар. Бу хулқлари билан улар жамиятнинг шаръий ахлоқидан юксаладилар. Агар жамият аъзоларининг ҳаммаси комил ва гўзал ахлоқ – тасаввуф ахлоқига риоя эта олсалар, у ҳолда Форобий айтмиш “фозил шаҳар” шаклланади.

Муқаддас Қуръони каримда жиноятларни қандай жазолаш ҳақида инсониятга аниқ-равшан кўрсатмалар берилган. Ҳадиси шарифларда бу кўрсатмаларга аниқлик киритилиб, марҳамат қилинади. Хусусан, юқорида сўз юритганимиз ўғрилик масаласида Имом Муслим (р.а.)нинг “Саҳиҳ ал-Муслим” асарида шундай маълумот келтирилади: Ойша (р.а.)дан хабар беришларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чорак динордан кам миқдорда ўғрилик қилган кишининггина қўли кесилмайди”, деганлар. Бу кўрсатмаларга ҳар бир жамият ислом шариати асосида риоя этмоғи лозим. Ўрта асрлар шарқ мамлакатларида бундай кўрсатмаларнинг тўғри бажарилишини назорат қиладиган махсус лавозим эгалари ҳам бўлган. Шундай шахслардан бири Ҳазрат Навоий – Низомиддин эдилар. Ул зотнинг акалари Шайх Баҳлулбек ҳам Низомиддин, яъни дин низоми бажарилишини кузатиб турувчи бўлганлар. Фиқҳ олимлари ҳам ҳар қандай масалага шариат қонун-қоидалари юзасидан фатво берганлар. Шариат ва суннатдан ташқари чиқмаганлар.

 Аммо, муқаддас Китобимизнинг муайян ояти карималарида ёмонликка қай тариқа жавоб бериш ҳақида хос инсонлар – аҳли тариқатга ҳам махсус кўрсатмалар берилган. Улар “Раҳмоннинг суюкли бандалари” сифатида эътироф этиладилар. Чунончи, уларга ер юзида, инсонлар жамиятида тавозуъ ва виқор билан юриш, жоҳил ва нодон кимсалар бемаъни гап-сўзлар, ножоиз ҳаракатлар қилган тақдирда ҳам уларга чиройли муомала қилиб, нодонларнинг ўзларини хижолатга солишгина тавсия этилади.

Хайру саховат бобида ҳам шаръий ва тариқий маданият, этика бир-биридан фарқ қилади. Закот, фидя, фитр садақа, эҳсони ҳасананинг миқдори шариатда белгилаб қўйилган. Тариқатга кирган соликка эса: “Ўзингда боридан халос бўлмоғинг – тасаввуф”, – деб таълим берилади. ХVI аср бошларида Самарқанднинг Ғазира туманида яшаб фаолият кўрсатган яссавия тариқатининг йирик раҳнамоларидан бири Шайх Бобо Худойдоди Вали (қ.с.)га бағишлаб ёзилган қатор манбалар, жумладан, “Улуғ авлиё” китобида [25:78] келтирилишича, Ҳазрат Шайх бир куни кўчада кетаётганларида олдиларидан ниҳоятда ғамгин бир киши чиқибди. У муҳтожлигини, қарзга ботганлигини, қарз берганлар қайтаришини сўраб ҳолини танг қилаётганликларини айтиб, дард-ҳасрат қилибди. Шайх ҳазратлари у кимсадан қарзининг қанчалигини аниқлабдилар-да, қўлларидаги бор ақчаларини берибдилар. Етмаганига уйларидаги идиш-товоққача, болаларининг кийим-кечакларигача қарз берганларга чиқариб бериб, бир бечорани ғамдан озод бўлишига сабаб бўлибдилар.

Қиссадан ҳисса шуки, тариқатга тарғиб қилинмайди, шариат эса жорий ва тарғиб этилади. Шариат назорат қилинади, пири тариқат эса ҳар бир муридининг ботиний аҳволидан хабардор, унинг ва ўзининг маънавий тарбияси билан муттасил машғул бўлади.

Нақшбандия тариқатининг ХIХ аср ниҳояси ХХ аср бошларида Самарқанднинг Ургут мавзеида яшаб фаолият юритган йирик пешвоси Шайх Хожа Муҳйиддинхон Ургутий (қ.с.) ўзларининг “Мактубот” асарларида шундай сатрларни келтирадилар: “Бандалик одобини асло тарк қилманг. Ҳаётингизни ғанимат билиб, қўлингиз билан, тилингиз билан, қадамингиз билан, қаламингиз билан, молингиз ва жонингиз билан муслимлар оммасига роҳат келтиришга ҳаракат қилинг” [26:56]. Шайхнинг ўгит беришларича, тариқат аҳлининг дили куюк, кўзи мудом ёшли, тани изтироб ичида бўлмоғи лозим. Аммо, нақшбандия тариқатининг йирик раҳнамоларидан бўлган Шайхнинг бу йўл-йўриқларини асло таркидунёчилик, зоҳидлик маъносида тушунмаслик лозим. Шайх инсоннинг ботиний дунёси тарбиясини тасарруфларига оладилар. Яъни, зоҳиран жамият ҳаётининг фаол аъзоси бўлган солик ўз қалбига хотиржамлик, кўнгилтўқлик, лоқайдлик ва бепарволикни асло киритмаслиги лозим. Ёмонликнинг заррачаси ҳам сўфийдек нозик қалб эгасини қаттиқ ранжитмоғи, ларзага солмоғи лозим. Сўфий ёмонликка қарши исён қилса ҳам хуфёна қилади: ҳеч ким билан тортишмайди, шикоят қилмайди, адолат талаб қилиб курашга отланмайди – у ўзини жамиятдан четга олади, ёмонлик бор ердан кетади, ёмонларга инсоф тилаб, Яратганга ибодат қилади. Тасаввуф таълимоти ва тариқатлари шаклланишининг асосий сабаби ҳам айнан шу – жамиятда йўқолиб бораётган самимият, ихлос, покликка қарши ҳолатларга нисбатан хуфёна исён эди. Шу илм нуктадони Ҳамидхон Исломий бунинг маъносини аниқроқ тушунтирадилар: “Тасаввуф у олам, бу оламдаги пайдо бўлиш ва йўқ бўлиш жараёнини ифодаловчи олий таълимот эди. Бу маънавият оламининг, қолаверса, инсон тафаккур оламининг инсон иродасини оширмоқ билан кишини доноликка чорловчи, ўз-ўзини тарбиялаш, барча ишларда илмга асосланиш, ақл-идрокни юксалтириш, нафс-хоҳишдан узоқ бўлиш каби фазилатларга етакловчи буюк таълимот эди” [3:13] Мутасаввиф олимлар инсон ва жамиятнинг тасаввуфдан бехабарлик билан ўтаётган ҳаётини “ноқис ҳаёт”, яъни “ўзининг аъло даражасига етмаган” ҳаёт, дейдилар. Гўёки, ишлов берилмаган бўлса-да, олтиннинг қиймати, албатта, баланд бўлади, аммо тажрибали уста қўлида қимматбаҳо санъат асарига айланган олтин буюм энди фақат олтин бўлганлиги учунгина қадрланмайди, у инсон тақдирига, миллат тақдирига, мамлакат тақдирига айланади. Шу мазмунда, хусусан, нақшбандий олимлар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини баён этадилар: [20;17,39,40]

  • Тасаввуф бўлмагунча исломий юксалиш бўлмас, ноқисдан комил иш чиқмас;
  • Тасаавуф… жамият муносабатларини энг тўғри, энг яхши, энг фидойи, энг қаноатли, манфаат туйғусидан йироқ бўлган ҳолда тартибга солгани, таълим бергани учун ҳам севилади. Бугун ҳам ҳаёт билан боғлиқ бўлган бу таълимотни амалда қўллашга мажбурмиз;
  • Ахлоқ тарбиясини Америка таълим тизимидан, Оврупо таълим тизимидан, Яли университетидан, Кембриж университетидан эмас, балки фақатгина ТАСАВВУФ таълимотидан ўрганиш мумкин;
  • Тариқат жамиятга қандай муносиб бўлмасин?! Ахир, тариқатда ажойиб бир тарбия тизими йўлга қўйилган! Жамиятнинг комил инсонга эҳтиёжи борми, демак, тариқатга ҳам эҳтиёжи бор. Агар эҳтиёжи бўлмаса, у ҳолда бу жамият ўзгармоғи лозим…

Шу ўринда муҳим бир нарсани қайд этмоқ, таъкидламоқ керакки, у ҳам бўлса тасаввуфни фақатгина ҳалимлик, кечиримлилик, сабру қаноатдан иборат беозор бир оқим, суфийлар ҳеч кимга зарар етказа олмайдиган бир гуруҳ, уларга эътибор қилмаса ҳам бўлади, деб тушуниш нотўғри. Сўфийлар имонсизликка, Ватанга хиёнатга, муқаддас маънавиятимизга ҳурматсизликка, бир беозор инсон дилининг ранжишига, умуман жамики адолатсизликка муросасиз зотлардир. Улар бир оғиз сўз ёки бир қўл ҳаракати билан ёмонларга қаттиқ жазо бериш қудратига эга бўлганлар, йирик амалдор шахслар, жамиятлар, давлатлар тақдирида, тарихида из қолдирганлар. Манбаларда, хусусан, Шайх Хожа Аҳмад Яссавий, Хожа Аҳрори Вали, Мавлоно Низомиддин Хомуш (р.а.) дилларини оғритиб, тақдирдан қаттиқ жафолар кўрган қабилалар, амалдорлар, таназзулга учраган салтанатлар ҳақида маълумотлар келтирилади. “Амир Темур ҳақида ҳикоя қиладиган “Темурнома” деган китобнинг дебочасида келтирилишича, Бухоро хони Маликшоҳнинг раиятга жабру зулми ҳаддан ошиб кетди. Шунда Шайх Сайфиддин Бохарзий унинг ҳузурига бориб, зулмингни тўхтат, бўлмаса ўзинг ҳам ҳалок бўласан, деб қуйидаги рубойини ўқийди:

То чанд бувад зулму жафо кардани ту,

Пайваста дили халойиқ озурдани ту,

Гар ту накуни тарки жафо, эй золим,

Гуфтам туро: хуни ту дар гардани ту!

(Мазмуни: Қачонгача зулму жафо қиласан, халойиқ кўнглини ранжитганинг ранжитган. Эй золим, агар жафо қилишни тарк этмасанг, сенга шуни айтиб қўяй: сенинг хунинг ўз бўйнингда!). Сайфиддин Бохарзийнинг бу сўзи башорат бўлиб чиқади: Маликшоҳ ўз одамлари томонидан ўлдирилади ва эл унинг зулмидан халос бўлади” [19:77].

Сўфийлар ўзларига эмас, элга жафо қилинса фарёд урадилар, ўзларининг бошларига тош ёғилса сабр қилиб, элга қарата гул япроғи отилса, тоқат қилолмай, душмандан муросасиз ўч оладилар, Алишер Навоий: 

  • Юз жафо қилса манга бир қатла фарёд айламон,

Элга қилса бир жафо юз қатла фарёд айларам;

 

  • Тийғи бедоди агар кўнглумни нокор этди, лек,

Элга урғон тийғи беҳад кўнглума кор айлади;

 

  • Шиква қилмон гар жафодин бошима ёғдурса тош,

Тоқатим йўқ элга қилса барги гул урмоқ ҳавас.

“Насойимул муҳаббат”да Навоий бундай инсонларни қимматбаҳо гавҳардек виқорли, шифобахш маъдандек ҳалим, деб атайди. “Виқор гавҳарию ҳилм маъдани” бўлмиш шайхлар халқни табиий офатлардан, дардлардан фориғ қилишга қанчалик сидқидилдан ҳаракат қилсалар, ўзларига келганда ҳар қандай дарду балоларни кўтарар, сабр қилар эдилар. Асарда шундай воқеа ҳикоя қилинади: Ул жумладин, Шайх Саҳл Тустарийдин манқулдурким, алар йиллар бавосир маразиға мубтало эрдилар. Ва ҳол улким, алар ул замоннинг машойихи аросида мустаъжоб уд-дуо эрдилар. Ҳар кишиға бир суъубат ва балое воқеъ бўлса, алардин дуо истидъо қилур эрдилар. Дуо қилғоч, мустажоб бўлиб, ул ташвишдин қутулар эрди. Йиллар ул саъб маразға сабр қилиб, дуо қилмадиларким, ҳар не тангридин келса, хушдур, биз они нечук рад қилали?

  Нақшбандия таълимотига кўра, бу дунё, табиат инсонга уни обод қилиш, яшнатиш учун берилган. Шундай экан, ўтган тасаввуф алломалари ҳаётларидан ўрнак олиб, таълимотларини ибрат мақсадида чуқурроқ ўрганмоқ лозим. Тариқатлар эса Яратганнинг ҳикмати билан биз кутмаган ва тасаввур қилмаган тарзда давом этаверади. Айниқса, ҳадиси шарифда келтирилишича, нақшбандия дарахтининг сояси то қиёматгача етади.

 Алишер Навоий ботини мунаввар, поктийнат ва поксийрат сўфий шайхларнинг собирлик, ҳилм, ватанпарварлик бобидаги ибратли ҳолатларини ўз асарларида мадҳ этган. Биз учун бу ўрнак эмасми?! Тасаввуф ҳаётимиз учун ҳикмат ва ибрат дастури бўлиши мумкин-ку! Шундай қилсак, машҳур хоразмлик авлиё Шайх Нажмиддин Кубро (қ.с.) ёшлар онгида тасаввуф намояндаси ва ватанпарварлик тимсоли сифатида муҳрланиб қолади. Шайх Фаридуддин Аттор (қ.с.) ўзини мўғул навкаридан юз тиллога сотиб олмоқчи бўлган ихлосманд кишига соттирмай, мўғулга: “мен бундан қиммат тураман, сотма”, дейди. Бир муддатдан кейин мўғулнинг оти учун бир челак сомон бериб, шайхни сотиб олмоқчи бўлган харидорни кўргач: “мени шунга сот, мен бундан ортиқ турмайман”, дейди. Қаҳр ва алам ичида қолган мўғул шайхни шаҳид қилади. Хокисор шайх бир мўминнинг меҳнат билан топган юз тиллоси душман қўлига ўтишини, бир мўминнинг юз тиллоси ўзи учун сарф бўлишини, қолаверса, ўзининг дунё ҳаётини юз тиллога баҳоланишини истамайди. Ана шу тафаккурга чорлайдиган мардлик намунаси ҳар бир давр, ҳар бир жамиятнинг шаклланиб келаётган ёш авлоди учун ниҳоятда зарур.

Хулоса. Ислом энг халқпарвар, энг байналмилал дин. Шунинг учун жаҳоний шуҳратга эга ижодкорлар ўз мусаннифотлари учун уни чин юракдан ғоявий таянч қилиб олганлар. Тасаввуф таълимоти эса ана шу гўзал диннинг жавҳарини, пинҳона хазинасини ташкил этади. Бизга икки дунё саодатига эришиш учун мукаммал дастуриламал – шариат тақдим этилган, жавҳар ҳақида эса жавҳаршунос – олим, мутафаккир сўзлайди.

Тасаввуф миллий маданиятимиз тарихида энг нодир мерос – антиквар сифатида қолиши ҳам мумкин. Аммо уни жамиятимиз учун зиё манбаига, йўл кўрсатувчи маёққа айлантиришимиз ҳам мумкин. Қалб кўзи очиқ инсон унга ўзи йўл топиб олади. Пир ҳам кўнгил уйининг поклигига қараб буюк Яратгучи томонидан танланади. Чунки қалбимиздаги бор нарсани ёлғиз унинг эгасигина аниқ-равшан кўра олади.  

 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ. 4 томлик. – Т.: Қомуслар Бош таҳририяти, 1992-1997.
  2. Алишер Навоий. МАТ. 20 томлик. – Т.: Фан, 1991-1997.
  3. Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат мин-шамойим ул-футувват. – Т.: Мовароуннаҳр, 2011.
  4. Ал-Ҳаким ат-Термизий. Инсон одоби. – Т.: “Ношир” нашриёти, 2015.
  5. Бедил. Куллиёт. – Душанбе: Ирфон,
  6. Бертельс Е.Э. Суфизм и суфийская литература. – М.: Наука, 1965.
  7. Болтабоев Ҳ. Ислом тасаввуфи манбалари. Тасаввуф назарияси ва тарихи. – Т.: Ўқитувчи, 2005.
  8. Валихўжаев Б. Буюк маънавий муршид. – Т.: Фан, 2004.
  9. Валихўжаев Б. Суфия ва тасаввуф. // “Зарафшон”. 1997 йил, 4-август. – Б.4.
  10. Воҳидов Р. Алишер Навоий ва илоҳиёт. – Бухоро: “Бухоро” нашриёти, 1994.
  11. Зарринкуб Абулҳусайнй. Чустучу дар тасаввуфи Эрон. – Душанбе: Ирфон, 1992.
  12. Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Волидиййа. – Т., 2000.
  13. Ислам. Энциклопедический словарь. Главная редакция восточной литературы. – Москва: Наука, 1991.
  14. Ислам. Энциклопедия культуры и искусства. Классическое издание. – Москва: ЭКСМО, 2010.
  15. Ислом. Энциклопедия. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2017.
  16. Исҳоқов Ё. Нақшбандия таълимоти ва ўзбек адабиёти. – Т.: Абдулла Кодирий, 2002.
  17. Комил инсон ҳақида тўрт рисола. Форсчадан Н.Комилов таржимаси. – Т.: Маънавият, 1997.
  18. Комилов Н. Тасаввуф ёки комил инсон ахлоқи. 1-китоб. – Т.: Ёзувчи, 1996.
  19. Комилов Н. Тасаввуф ва бадиий ижод. // “Ёшлик” журнали, 1991. – № 8.
  20. Муршиди комил ҳикматлари. Доктор, профессор, Шайх Маҳмуд Асъад Жўшон (р.а.) ҳикматларидан сайланма. – Т.: Янги аср авлоди, 2004.
  21. Муҳаммад Анвар Бадахшоний. Ақийдатут таҳовия шарҳининг талхийси. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф таржимаси. – Т.: “Ҳилол нашр” нашриёти, 2015.
  22. Муҳаммад Нуруллоҳ Сайдо ал-Жазарий. Тасаввуф сирлари. – Т.: Мовароуннаҳр, 2000.
  23. Муҳиддинов М. Комил инсон – адабиёт идеали. – Т.: Маънавият, 2005.
  24. Одилов Н. Чаҳонбинии Чалолиддини Румй. – Душанбе: Нашриёти Давлатии Точикистон, 1964.
  25. Улуғ авлиё. Шайх Бобо Худойдоди Вали. – Т.: Ўзбекистон, 2017.
  26. Шайх Муҳйиддин Ургутий. Мактубот. – Т.: Мовароуннаҳр, 2006.

 

Дилором САЛОҲИЙ,
филология фанлари доктори, профессор
Самарқанд давлат чет тиллар институти “Яқин Шарқ тиллари” кафедраси
«МОВАРОУННАҲР ВА ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИНИНГ ШАКЛЛАНИШИ» МАВЗУСИДА ЎТКАЗИЛГАН ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ТЎПЛАМИДАН ОЛИНДИ.

Check Also

АБУЛ БАРАКОТ НАСАФИЙНИНГ “АЛ-ЭЪТИМОД ФИЛ ЭЪТИҚОД” АСАРИ ТАВСИФИ

Абул Баракот Насафий (ваф. 710/1310 й.) тафсир, фиқҳ, ақида ва усулул фиқҳ каби соҳаларда сермаҳсул …