Марказий Осиё, хусусан, ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди IX–XII асрларда Шарқ уйғониш даврининг йирик марказларидан бири сифатида дунё илм-фани ва ислом тафаккури ривожига беқиёс ҳисса қўшди. Ушбу даврда етишиб чиққан буюк сиймолар орасида Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн ал-Ҳасан ибн Бишр ал-Ҳаким Термизий алоҳида ўрин тутади. Термизий нафақат тасаввуф ва ирфон соҳасида, балки ҳадисшунослик, фиқҳ, калом ҳамда ислом фалсафаси йўналишларида ҳам чуқур из қолдирган кўп қиррали олимдир.
Ҳаким Термизийнинг илмий меросини ўрганиш бугунги кунда жаҳон шарқшунослиги ва исломшунослигининг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Алломанинг асарлари нафақат ўз даври ижтимоий-маънавий муҳитини акс эттиради, балки исломий илмларнинг таснифаш ҳамда тасаввуф таълимотининг шаклланиш босқичларини ёритишда муҳим манба ҳисобланади. Ушбу мақоланинг мақсади Ҳаким Термизийнинг мавжуд қўлёзма ва босма манбалари, хусусан, манбашунослик нуқтаи назаридан асосий ҳисобланган асарларини таҳлил қилиш ва уларнинг илмий қийматини белгилашдан иборат.
Ҳаким Термизий тахминан IX асрнинг биринчи ярмида Термиз шаҳрида таваллуд топган. Тарихий манбаларда у «ал-Муҳаддис» ва «ал-Ҳаким» унвонлари билан тилга олинади. Абу Абдурраҳмон ас-Суламий ўзининг «Табақот ас-суфийя» номли асарида Термизийнинг сўфийлик ва муҳаддислик мактабидаги ўрнини алоҳида таъкидлаб, уни ўз даврининг энг етук орифларидан бири сифатида таърифлайди [4:175-178].
Аллома ҳақидаги маълумотлар Хайриддин аз-Зириклийнинг «Ал-Аълом» қомусида ҳам батафсил келтирилган. Аз-Зириклий у кишининг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Али ибн ал-Ҳасан ибн Бишр эканлигини таъкидлаб, Термизийнинг ирфоний ва илмий салоҳиятига юқори баҳо беради [2:272]. Алломанинг «Ҳаким» (донишманд) деб аталишига сабаб, у шариат ва тариқат илмларини, зоҳирий ва ботиний билимларни ўзида мужассам этганлигидадир.
Ҳаким Термизий қаламига мансуб бой илмий мерос сақланиб қолган бўлиб, улар орасида ҳадисшунослик, тасаввуф ва ахлоққа оид асарлар устуворлик қилади. Классик асарлар, қўлёзма ва нодир асарлар устида манбашунослик ва матншунослик тадқиқотлари ривожланган ҳозирги даврда аллома асарларининг ўрганиш имконияти янада кенгайди.
Қуйида Ҳаким Термизий асарларнинг энг муҳимларини таҳлил қилимиз:
«Наводир ал-усул фи маърифат ахбор ар-Расул» . Ушбу асар Ҳаким Термизийнинг энг машҳур ва ҳажман энг йирик асарларидан биридир. Асарда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳадисларининг руҳий ва маънавий маънолари, уларнинг зоҳирий ва ботиний ҳикматлари таҳлил қилинади [8].
Термизий бу асарда бошқа муҳаддислардан фарқли ўлароқ, ҳадисларнинг фақат иснод ва матнини келтириш билан чекланмай, уларнинг ботиний ва фалсафий моҳиятини очиб беришга ҳаракат қилган. Одил Нувейҳид ўзининг «Мўъжам ал-муфассирин» асарида Термизийнинг бу ёндашуви кейинги давр тафсир ва ҳадис шарҳловчилари учун методологик замин яратганини таъкидлайди[3:2/576] .
«Ал-Манҳиййот ва куллу ма жаъа мин ҳадисин бин-наҳй» . «Ал-Манҳиййот» асари ислом ҳуқуқи (фиқҳ) ва ахлоқ тизимида тақиқланган (наҳий қилинган) амаллар ҳамда уларнинг сабаблари ва оқибатларига бағишланган. Термизий ушбу асарда Пайғамбаримиз (с.а.в.) тақиқлаган ҳар бир амалнинг замирида инсон руҳияти ва жамият маънавиятини муҳофаза қилиш ҳикмати ётганини илмий-руҳий нуқтаи назардан асослаб беради. Асар фиқҳ ва тасаввуф кесишувида ёзилган нодир манба ҳисобланади [6].
«Ал-Ҳидояту ила маърифат арбоб ал-вилоят». Ушбу рисола тасаввуф таълимотининг марказий тушунчаларидан бири бўлган «Валоят» (валийлик) ва «Валий» даражаларига бағишланган. Ҳаким Термизий ислом тафаккури тарихида биринчилардан бўлиб «Хатм ал-авлиё» (Валийлар муҳрловчиси) концепциясини назарий жиҳатдан ишлаб чиққан мутафаккирдир. «Ал-Ҳидояту» асари айни шу концепциянинг моҳиятини тушунишда, валийларнинг табақаланиши ва маънавий мақомларини таҳлил қилишда муҳим манба вазифасини ўтайди [7].
Ҳаким Термизий даврининг етук илмий ва тасаввуфий муҳити билан чамбарчас боғлиқ бўлган. Манбаларда таъкидланишича, у ўз даврининг кўплаб кўзга кўринган олимлари билан илмий мулоқотда бўлган. Шундай сиймолардан бири – Абу Бакр ал-Варроқ Термизийдир. Абу Бакр ал-Варроқ ал-Балхий Ҳаким Термизийнинг яқин маънавий маслакдоши бўлиб, унинг асарлари ва ғоялари кенг тарқалишига хизмат қилган.
Муҳаммад Иброҳим ал-Жуюший ўзининг «Ал-Ҳаким Термизий: дироса ли-асариҳи ва афкориҳи» номли тадқиқотида Термизий ва унинг замондошлари ўртасидаги илмий ва ирфоний мулоқотларни чуқур ўрганиб, алломанинг Хуросон ва Мовароуннаҳр тасаввуф мактаби шаклланишига қўшган ҳиссасини юқори баҳолаган [1:54].
Ҳаким Термизийнинг бой илмий мероси, хусусан, унинг “Наводир ал-усул”, “Хатм ал-авлиё”[5] ва бошқа асарлари ҳикматларга, қалб ва нафс тарбиясига оид чуқур фалсафий фикрларга жуда бой. Қуйида уларнинг энг таъсирли ва мазмунли намуналарини келтирамиз:
Қалб ва нафс ҳақида. “Қалб кўзгуга ўхшайди. Агар унга гуноҳ ва ҳавойи нафс чанглари юқса, у хиралашади ва ҳақиқатни кўра олмай қолади. Уни фақат тавба, зикр ва солиҳ амалларгина тозалайди.”
“Нафснинг истакларига қарши курашиш — энг буюк жиҳоддир. Ким ўз нафсини жиловлай олса, у дунё ва охиратда азиз бўлади.”
Илм ва ақл ҳақида. “Илм кўпайгани сари инсоннинг тавозеси (камтарлиги) ҳам ортиши керак. Илм кибр келтирса, у ҳақиқий илм эмас, балки жаҳолатнинг бир тури ҳисобланади.”
“Ҳақиқий олим — илмига амал қилган ва одамларга манфаати теккан кишидир. Илм фақат ёдлаш учун эмас, балки ахлоқни гўзал қилиш учун берилади.”
Вақт ва ҳаёт қадри ҳақида. “Умр — бу сенга берилган энг қимматли сармоядир. Уни бекорчи нарсаларга сарфлаш энг катта зиён ҳисобланади.”
“Ким бугунги кунини ғанимат билиб, эзгу ишлар қилмаса, эртага пушаймон чекади, лекин у пайтда пушаймонлик фойда бермайди.”
Ахлоқ ва одамийлик ҳақида. “Инсонларнинг энг яхшиси — бошқаларга фойдаси тегадигани ва тилидан биров озор кўрмаганидир.”
“Гўзал хулқ — диннинг устуни ва бандани Аллоҳга энг яқин қиладиган энг қисқа йўлдир” [9].
Ҳаким Термизийнинг илмий-маънавий мероси ислом тафаккури ва тасаввуф таълимотида алоҳида ўрин тутади. Алломанинг «Наводир ал-усул», «Ал-Манҳийёт» ва «Ал-Ҳидояту» каби асарлари шариат ва тариқат, зоҳирий ва ботиний илмларнинг уйғунлигини кўрсатувчи ёрқин мисоллардир.
Замонавий манбашунослик ва рақамли гуманитар фанлар ривожланаётган бир даврда Ҳаким Термизий асарларининг янги қўлёзма нусхаларини аниқлаш, уларнинг танқидий матнларини тайёрлаш ҳамда жаҳон тилларига таржима қилиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Аллома меросини чуқур ўрганиш нафақат минтақамизнинг бой тарихий-маънавий ўтмишини англашга, балки умуминсоний ва маънавий қадриятларни тарғиб этишга ҳам кенг хизмат қилади.
-
Жуюший, Муҳаммад Иброҳим. Ал-Ҳаким Термизий Муҳаммад ибн Али Термизий – дироса ли-асариҳи ва афкориҳи. Қоҳира: Дор ан-Наҳда ал-Арабийя, 54-бет.
-
Зириклий, Хайриддин. (2002). Ал-Аълом. Байрут: Дор ал-Илм лил-Малайин, 6-жилд, 272-бет.
-
Нувайҳид, Одил. (1988). Мўъжам ал-муфассирин: мин садр ал-Ислом ҳатта ал-аср ал-ҳадийр. Байрут: Муассасат Нувейҳид ас-Сақофийя, 2-жилд, 576-бет.
-
Суламий, Абу Абдурраҳмон. (2003). Табақот ас-суфийя. Байрут: Дор ал-Кутуб ал-Илмийя, 2-нашр, 175–178-бетлар.
-
Ҳакиим Термизий. Хатм ал-авлиё. (Усмон Исмоил Яҳё таҳрири). Байрут. Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1988
-
Ҳакиим Термизий. Ал-Манҳиййот ва куллу ма жаъа мин ҳадисин бин-наҳй. Қоҳира: Дор ал-иътисо, 1986.
-
Ҳакиим Термизий. Ал-Ҳидояту ила маърифат арбоб ал-вилоят. Байрут. Дор ал-кутуб ал-илмийя,
-
Ҳакиим Термизий. Наводир ал-усул фи маърифат ахбор ар-Расул. Бейрут, Дор ал-кутуб ал-илмийя,
-
Ҳаким Термизий. Ал-Амсол мин китоб ва сунна. Байрут: Дор ал-китоб, 2003.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




