Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Иорданияда илмий семинар ва ҳамкорлик келишуви

Иорданияда илмий семинар ва ҳамкорлик келишуви

Айни кунларда Ўзбекистон делегацияси амалий ташриф билан Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигида меҳмон бўлиб турибди. Делегация таркибида Марказимиз директори, тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдов ҳам мамлакатимизнинг етакчи илмий муассасалари ва Иордания академик доиралари иштирокида ўтказилаётган илмий-маърифий тадбирлар ва икки томонлама учрашувларда фаол иштирок этмоқда.

Хусусан, Мафрақ шаҳридаги Ол ал-Байт университетида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон» китобига бағишланган илмий семинар ўтказилди.

Тадбирда мазкур асарда илгари сурилган ғоялар, мамлакат тараққиётининг устувор йўналишлари ва юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар таҳлил қилинди. Икки мамлакат илм-фан намояндалари Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, халқаро ҳамкорлик алоқалари ва бой тарихий-маънавий мероси юзасидан фикр алмашди.

Анжуманда икки мамлакат ўртасидаги илмий-маданий алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилди.

Шунингдек, семинар доирасида тасаввуф таълимотининг шаклланиши ва ривожланиши, хусусан, Бухоро ва Термиз тасаввуф мактабларининг илмий меросига бағишланган тақдимот ўтказилди.

Ташрифнинг муҳим воқеаларидан бири Ол ал-Байт университети ва Ўзбекистоннинг етакчи илмий муассасалари ўртасида ҳамкорлик меморандумларининг имзолангани бўлди.

Хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан тузилган меморандум муассасалараро илмий-академик алоқалар учун мустаҳкам пойдевор бўлиб, икки мамлакатнинг олим ва тадқиқотчилари ўртасида илм, фикр ва тажриба алмашувини кенгайтиришга йўл очади. Меморандум тарих, шарқшунослик ва ислом мероси йўналишларида илмий ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма тадқиқотларни амалга ошириш, қўлёзмалар ва илмий манбаларни ўзаро ўрганиш, халқаро конференция ва семинарлар ташкил этиш ва бошқа йўналишларни назарда тутади.

Университет ректори профессор Муҳаммад Наззол ушбу келишув икки мамлакат илмий муассасалари ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга, ислом цивилизацияси ривожига муносиб ҳисса қўшган халқларимизнинг муштарак илмий-маънавий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Делегация сафари давом этмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

ҲУРМАТ ВА БИРДАМЛИК МУҲИТИ – ТИНЧ-ОСУДА ҲАЁТИМИЗ АСОСИ

Бугун мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, унинг …