Кириш. Ҳанафий мазҳабига ҳар хил адашган фирқалар томонидан танқидий муносабат билдирилиб, унинг асосчиси Абу Ҳанифа (р.а.) “аҳли раъй” яъни, ҳадисларга асосланмай, фақат ўз раъйига кўра фатво чиқаради, деб айбланган. Лекин ҳанафий уламолар ўз асарларида бу мужтаҳид алломанинг фатволар масаласида ҳадислардан кенг кўламда фойдалангани, ўзи эса йирик муҳаддислардан бўлганини ёрқин мисоллар воситасида кўрсатиб берган. Шу муносабат билан Имом Аъзамнинг “Муснад” асарининг мукаммал шарҳи ҳисобланган “Ал-Мавоҳибул латифа” китобини чуқурроқ ўрганиш ҳамда ҳанафий мазҳабида ҳар бир ҳукм Қуръон ва суннатга асосланганини кўрсатиб бериш ҳозирги куннинг долзарб масалаларидан ҳисобланади.
Мавзуга оид адабиётлар таҳлили. Ўзбекистон ҳудудида Абу Ҳанифа (р.а.)нинг ҳаёти ва ижоди, ҳадис илмидаги тутган ўрни ҳамда фатво беришда ҳадисларга суянганини ўрганишга олдиндан қизиқиб келинган. Мустақилликдан кейин эса бу мавзулар устида алоҳида тадқиқотлар олиб боришга янада имкониятлар ортди.
Ғарб тадқиқотчиларидан Х.Мотцки, Ж.Браун, В.В.Бартольд, И.П.Петрушевский, К.Броккельман, Ф.Сезгин каби таниқли олимлар ўз асарларида Абу Ҳанифа (р.а.)нинг фаолияти, ҳанафий мазҳабининг аҳамияти ҳақида қисқа ва умумий тарздаги маълумотларни келтириш билан чегараланган.
Араб тадқиқотчи олимларидан Муҳаммад Солиҳий, Муҳаммад Абдуррашид Нўъмоний, Ваҳбий Сулаймон Ғовжий, Ҳабиб Аҳмад Кийронавий, Муҳаммад Қосим Абдуҳ Саййид Афифий ва бошқаларни келтириш мумкин. Мазкур олимлар ҳанафий мазҳабининг бошқа мазҳаблардан фарқли жиҳатлари, ўзига хос томонлари ва мазҳабдаги фатво чиқариш усуллари ва Абу Ҳанифа (р.а.)нинг фиқҳ соҳасида қилган ишларига кенг тўхталган.
Ҳинд олимларидан Зафар Аҳмад Усмоний, Ашраф Али Таҳонавий, Ҳабиб Раҳмон Аъзамий, Муҳаммад Обид Синдий ва бошқалар асосан Абу Ҳанифа (р.а.)нинг шахсияти, ҳанафий мазҳабидаги масалалар раъйга эмас, ҳадисларга суянганини ёритиб берган.
Ўзбекистонлик тадқиқотчилардан У.Уватов, А.Ш.Жузжоний, Б.Эшонжонов, Д.Раҳимжонов, Д.Муродов, Р.Матибоева, М.Комилов Р.Обидов, С.Оқилов ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. Булар орасида У.Уватов, Б.Эшонжонов, Д.Раҳимжонов Р.Обидов ва С.Оқиловлар ўз тадқиқотларида асосан ҳадис илми ва ҳанафий мазҳабига тўхталиб ўтган. А.Ш.Жузжоний, Д.Муратов, Р.Матибоева томонидан амалга оширилган тадқиқотларда Абу Ҳанифа (р.а.)нинг фазилати ва у кишининг маноқиблари ҳақида маълумот берилган.
Шунингдек, Абу Ҳанифа (р.а.)нинг ибратли ҳаёти, илмий-маънавий мероси, асарлари ва таълимотига бағишланган қатор мақола ва рисолалар ҳам нашр этилган. Жумладан, “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган “Имоми Аъзам асарлари” номли рисолада асосан олимнинг асарлари хусусида фикр юритилган .
Лекин зикр этилганидек, ҳанафий мазҳаби ва унинг асосчисига оид қатор илмий тадқиқот ва изланишлар амалга оширилган бўлса-да, Абу Ҳанифа (р.а.)нинг муҳаддис эканини тасдиқловчи етти томдан иборат бўлган “Муснад” асарининг шарҳи “Ал-Мавоҳибул латифа” китоби борасида тадқиқот олиб борилмаган.
Тадқиқот методологияси. Ушбу мақолани ёзишда тарихий-таҳлилий, илмий-танқидий, мантиқий, қиёсий-таҳлилий ва эмпирик усуллардан фойдаланилди.
Таҳлил ва натижалар. Ўзбекистон ҳудудида азалдан амал қилиб келинаётган ҳанафий мазҳаби соҳиби Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳадис илми борасида ҳам етук муҳаддис олимларидан бири бўлган. Шундай экан, у кишининг ҳадисни жамлаган асарларини ўрганиш ҳам зарурий масалалардан бири ҳисобланади. Бунга аллома Муҳаммад Обид Синдийнинг ҳадис илми борасида ёзилган “Ал-Мавоҳибул латифа” асари зарурий манба бўла олади. Муҳаммад Обид Синдий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу китобни 1235/1819 йилдан олдин ёзиб битирган. Чунки Шайх Ориф Ҳикмат деган шогирдига 1235/1819 санада ижоза ёзаётганда қуйидаги сўзларни ёзган: “… Ориф Ҳикматга “Саҳиҳ Муслим” китобининг бошидан Намоз китобигача ва “Муснад Абу Ҳанифа” китобига ёзган биринчи шарҳимни эшитиш насиб қилди” [5:298].
Муаллиф шайх Муҳаммад Обид Синдийнинг ҳадис илмида ҳофиз саналиши ва буюк муҳаддислиги, шунингдек, фиқҳда имомлиги инобатга олинса, ҳадисдан истинбот қилиб олинадиган фиқҳий масалаларни ёритишда Синдий бошқа китобларда учрамайдиган манфаатли маълумотларни келтирганига гувоҳ бўлиш мумкин [3:321].
Мавзуларни синфларга ажратиш. Маълумки Абу Ҳанифа (роҳимаҳуллоҳ)нинг ушуб асари муснад йўналишида ёзилган. Муснад йўналишида ёзилган асарларнинг бошқа ҳадис китоблардан фарқи шундаки, унда муаллиф ҳадисларни маълум мавзулар асосида тартиб билан келтирмайди. Битта устозидан нечта ҳадис эшитган бўлса, ўша ҳадисларнинг барчасини зикр қилиб, кейин бошқа устозига ўтади ва шу тартибда ҳар бир устозидан эшитган ҳадисларни келтиради. Шунинг учун “Муснад” асарида муайян мавзу остидаги ҳадисларни топиб бўлмайди.
Муҳаммад Обид Синдий Абу Ҳанифанинг ушбу “Муснад” асарини қайта тартиблаб, ҳадисларни мавзуларга бўлиб, ҳар бир ҳадисни ўша мавзу остида тартиблаб чиқди. Синдий “Муснад”да келган 526 та ҳадисни 33 та китоб остида шарҳлади. Асар “Имон” китобидан бошланиб, “Қиёмат ва жаннат васфи” китоби билан якунланган [1:901].
Санад ҳақида гапириш. Муҳаммад Обид Синдийнинг алоҳида ажралиб турадиган томони, у ҳар бир ҳадиснинг санади ҳақида албатта тўхталиб ўтади. У санаддаги ровийларни, санаднинг олтин силсилага кириши ёки кирмаслигини, ўша санад билан ривоят қилинган ҳадис ягона ёки бир нечталигини, санаднинг бошидан охиригача узилиш бор ёки йўқлигини, ўша санад билан яна қайси муҳаддислар ҳадис ривоят қилганини, санаддаги иллатни, санад ровийлари икки, шайх яъни Бухорий ёки Муслимнинг шартига тўғри келиши ёки келмаслигини ва санадга оид бошқа нарсаларга тўхталиб ўтади. Шунингдек, Синдий “Муснад” асарида келган ҳадиснинг санадидан тушиб қолган ровийни зикр қилиб, аслида ўша йўналишда ривоят қилган санадда ровийлар силсиласи қандай бўлганини баён қилади.
Ҳадисни саҳиҳга чиқариш: Маълумки, ҳадисни саҳиҳ ёки заифга чиқаришда муҳаддислар икки йўналишни батафсил ўрганиб чиқади. Улар: ҳадис санади ва матни. Ҳадисни саҳиҳга чиқариш учун олимдан жуда кўп нарса талаб қилинади. У санад борасида жарҳ ва таъдил илмига тегишли бўлган барча илмни ўзлаштирган бўлиши керак. Ровийлар аҳволи, улар яшаган аср, ривоят қилган ҳадислар, улар ҳақида муҳаддислар билдирган фикрлар, ровийлар исми, куняси, машҳур бўлган иккинчи номи, ровийларнинг бир-бири билан учрашгани, ровийнинг кам ёки кўп ҳадис ривоят қилувчилар турига кириш ёки кирмаслиги, ровийларнинг ҳадисини қабул қилиш учун уларда топилиши керак бўлган сифатлар, ровий ҳаёти давомида ёлғон гапирганми, ровий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кўп бўлганми ёки маълум муддат бўлиб, кейин ўз юртига қайтиб кетганми, ровий фиқҳи ва шунга ўхшаш ровийга тааллуқли барча илмларни ўзида мужассам этган бўлиши керак [5:441].
Шунингдек, ҳадис саҳиҳлигини исботлаш учун унинг матнига тегишли илмни ҳам билиш керак. Чунки санади саҳиҳ талабларига жавоб бериб, матни жавоб бермаса, саҳиҳга киритилмайди. Матнга тегишли илмни соҳили йўқ денгизга ўхшатиш мумкин. Чунки ҳадис матнининг шариат умумий мақсадларига мувофиқ ёки хилофлигини билиш учун муҳаддис фиқҳ, ақида, тарих илмларини ҳам билиши керак. Шунингдек, араб тили грамматикасини, яъни сарф, наҳв ва луғат илмидан ҳам хабардор бўлиши керак. Муҳаммад Обид Синдий мана шу илмларни ўзлаштирган буюк муҳаддис эди. Шунинг учун ҳадисни саҳиҳлигини исботлашдек улкан масъулиятли ишга қўл урган.
Ҳадиснинг мутавотирлигини кўрсатиб бериш. Ҳадис санад жиҳатидан саҳиҳ, ҳасан, заифга бўлинса, туруқ, яъни ҳадис ривоят қилинган санадларининг бир неча йўлга эгалиги жиҳатидан, мутавотир, машҳур ва оҳодга бўлинади. Бир ҳадисни мутавотир (Мутавотир – у кўпчилик томонидан ривоят қилинган хабар бўлиб, одатда мазкур ровийларнинг ёлғонга келишиб олиши мумкин эмас), яъни машҳур қилиш учун муҳаддис барча ҳадис тўпламларини ўқиб чиққан бўлиши керак. Шу нуқтаи назардан бир ҳадисни машҳур даражасига олиб чиқиш учун инсон барча ҳадис тўпламларни ўқиган бўлиши керак. Синдий мазҳабдаги маст қилувчи нарсанинг ози ҳам ҳаром деган масала борасида фақиҳлар ўртасидаги ихтилофни баён қилиб, Имом Муҳаммаднинг “Кўпи маст қилувчи нарсанинг ози ҳам ҳаром”, деган сўзини қувватлаш мақсадида йигирма олтита ҳадисни санади ва саҳиҳлик даражаси билан келтиради. Бу билан Синдий ўша масала борасида ворид бўлган ҳадисни мутавотирлигини исботлаб берган [4:305-308].
Ҳадиснинг бошқа йўлларини санаб чиқиш. Имом Аъзамнинг “Муснад” асарларида келган 526 та ҳадиснинг икки юздан ортиғига Синдий ҳадиснинг бошқа иснод йўллари билан ривоят қилинган кўринишини келтирган. У бу билан ўзи айтганидек, ҳадисни далил олишга яроқли даражага олиб чиққан. Гоҳида битта ҳадисни қувватлаш мақсадида унинг бошқа йўл билан ривоят қилинган (Мисол учун таҳорат борасидаги “Бисмиллаҳ”ни айтиш масаласида) ўн учта кўринишини зикр қилган. Аслида Синдий китобни ёзишдан кўзлаган мақсадини баён қилиб: “Бор кучимни “Муснад”да келган ҳадисларнинг шавоҳид ва мутобеъларини зикр қилишга сарфладим”, деган. Шундан маълум бўладики, аллома деярли барча ҳадислар остида унинг бошқа йўл билан ривоят қилинган санадини келтирган.
Жарҳ ва таъдил. Бу илмда олимлар ҳадис ривоят қилган ровийларнинг ишончли, омонатдор, зеҳни ўткир ёки ёлғончи, унутувчан, фосиқ ва шунга ўхшаш бошқа сифатларини аниқлаб, ривоят қилган ҳадиси саҳиҳ ёки заифлигини аниқлайди.
Ровийларнинг номини аниқлаш. Муҳаммад Обид Синдий деярли ҳар бир ҳадис остида ўша ҳадис ровийлари исми, отасининг исми, куняси (агар бўлса), танилган иккинчи номини албатта зикр қилади. Гоҳида ровий исми борасида узоқ тўхталиб, унинг асл исмини баён қилади. Бу билан у ҳадис ровийларини жарҳ ва таъдил қилувчиларга енгиллик яратади. Чунки ровийнинг асл номи аниқ бўлгач, уни саҳиҳ ёки заиф ровийлар сарасига ажратиш осон бўлади.
Ровийлар кунясини аниқлаш. Муҳаддисларда учраб турадиган энг кўп тарқалган хато бу ровийлар кунясида адашиш. Синдий ҳадис ривоят қилган ровийнинг куняси бўлса, албатта уни зикр қилиб ўтади. Нафақат куняси, ҳатто танилган иккинчи номи, қаердан экани ва гоҳида эътиқодий йўналишини ҳам баён қилади.
Ривоятнинг мавсуллигини баён қилиш. Баъзи муҳаддислар Абу Ҳанифанинг “Муснад” асарида келган аксар ҳадислар мавсул эмас, деб даъво қилган. Лекин Муҳаммад Обид Синдий бу даъволар нотўғрилигини ушбу асарида исботлаб берган [6:234].
Ривоятнинг мақтуълигини кўрсатиш. Шунингдек, аллома Синдий ушбу асарида ҳадис санадидаги инқитоъ, яъни узилишни ҳам баён қилган.
Амал қилинган ҳадисларни баён қилиш. Синдийнинг яна бир мақтовга сазовор жиҳати, у бир бобдаги бир неча ҳадисни келтиргач, ўша ҳадислардан қайсига амал қилинганини ёритиб беради. Жумладан, у бир мавзудаги турли ривоятларни келтиргач, “мана шу ҳадисга амал қилинади”, деб таъкидлаб қўяди.
Амали тарк қилинган ҳадисларни баён қилиш. Шунингдек, аллома Синдий ушбу асарида ҳадис санадидаги узилишни ҳам баён қилган. У “Муснад”даги баъзи ҳадисларнинг мунқотиълигини ва ўша инқитоъ санаднинг нечанчи табақасида содир бўлганини айтиб ўтгач, ўша ҳадисни марфуъ ва мавсул ҳадислар билан кучайтирган.
Саҳобийнинг тобеиндан ривоят қилиши. Гарчи бундай ҳол камдан-кам учраб турса-да, тарихда содир бўлган.
Катталарнинг кичиклардан қилган ривоятини баён қилиш. Бу борада тўртта Абдуллоҳдан, яъни Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр, Абудуллоҳ ибн Зубайрлардан катта саҳобаларнинг қилган ривоятини мисол қилиш мумкин. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Хатиб Бағдодий бу борада китоб ёзиб, уни “Ривоятул акобир ан а-с-сағоир”, деб номлаган.
Ровийлар тарихини баён қилиш. Ровийларнинг туғилган санаси ва туғилиб ўсган жойини билиш ҳадис илми билан шуғулланувчилар учун ниҳоятда зарур маълумотлардир. Муҳаддис ва муаррих сифатида Синдий бу борада ҳам яхши илмга эга бўлган. У ровийлар яшаган асрни баён қилиш орқали баъзи ҳадислар мурсал, мавқуф ёки мунқотиълигини айтиб ўтган [2:56].
Юқорида санаб ўтилган илмларнинг ҳар бири учун алоҳида китоблар ёзилган. Алломанинг ҳадисни шарҳлашда ҳадис илмига оид масалаларга тўхталиб, кенг қамровли ва батафсил шарҳлаши асарнинг ҳадис илмидаги мавқейини янада кўтаради. Ушбу асарда келган ҳадис илмига оид фан ва масалалардан шу нарса маълум бўладики, “Ал-Мавоҳибул латифа” ҳадис илмида жуда ноёб ва керакли манбадир.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу асарда аллома ҳадис матни, санади, тарихи ва фиқҳига оид илмлар ҳақида батафсил ва кенг маълумот берган.
-
Абдулҳай ибн Абдулкарим Каттоний. Фиҳрисул фаҳорис. – Байрут: Иҳёу туросул арабий, 2003.
-
Имом Шавконий. Бадрут толиъ. – Байрут: Дорус салом, 2006.
-
Муҳаммад Обид Синдий. Ал-Мавоҳибул латифа. 5-жуз. – Байрут: Дорун наводир, 2013.
-
Муҳаммад Обид Синдий. Ал-Мавоҳибул латифа. 3-жуз. – Байрут: Дорун наводир, 2013.
-
Саид Бектош. Имом фақиҳ муҳаддис шайх Муҳаммад Обид Синдий. – Байрут: Дору башоир ал-исламия, 1987.
-
Саййид Абдулмажид Ғоврий. Шайх Муҳаммад Обид Синдий ва жуҳудуҳу фи ҳадисин набавий. – Байрут: Дорул ирфон, 2015.
-
Тақиюддин Надавий. Таржимату имом фақиҳ муҳаддис шайх Муҳаммад Обид Синдий. – Байрут: Дорун наводир, 2012.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




