Ривоятлари ёдда қолган инсон вафот этса-да, одамлар орасида тирикдир. Зеро, унинг номи тилларда яшайверади.
Шундай инсонлар борки, ҳаётлик чоғида яшайдилар, аммо уларнинг эзгу ишлари ёдга олинмайди. Оқибатда, ўзлари ҳаёт бўлсалар-да, номлари унутилади.
Суннат соҳиби вафот этса, Аллоҳ унинг номини абадий тирилтиради. Бидъат аҳли эса эсга олинмайди.
Фирабрий ҳақида уламоларнинг таърифлари:
- «Ишончли ва омонатдор зот. У Бухорий китоби орқали мусулмонларнинг Расулуллоҳ ﷺ билан боғланиш воситаси ва уларнинг мустаҳкам риштасидир».
- «Мусулмонлар учун Бухорий китобининг асосий таянчидир. Унинг машҳурлиги ҳолатини алоҳида таърифлашга эҳтиёж қолдирмайди».
- «У ишончли ва тақводор эди».
- «Муҳаддис, ишончли олим… Абу Абдуллоҳ Бухорийнинг «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» асарини ривоят қилган ровийдир».
Имом Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий буюк олим, ишончли ва пухта хотира соҳиби бўлган муҳаддисдир. Унинг номи оламга таралиб, шуҳрати бутун дунёга ёйилган. Унинг номи устози Имом Бухорий ва унинг «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» асари билан чамбарчас боғланиб кетган. Шу боис, мазкур китоб ўқилганда ёки ўрганилганда, унинг ровийси бўлган ҳофиз ва ҳужжат мақомидаги Фирабрий ҳам доимо яхши сўзлар билан тилга олинади, ҳаққига раҳмат ва мағфират сўраб дуо қилинади.
Бироқ ушбу буюк имом илмий тадқиқот ва изланишларда муносиб ўрин эгаллай олмаган. Унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган, ибратли умрининг ёрқин қирраларини ёритадиган ҳамда «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» асарини асраб-авайлаш ва тарқатиш йўлидаги хизматларини очиб берадиган мустақил ва мукаммал таржимаи ҳол ҳанузгача етарлича яратилмаган.
Ҳолбуки, бутун ислом уммати унинг имомлиги, ишончлилиги ва ривоятни пухта сақлаш қобилиятини эътироф этган. У ҳадис илмининг буюк намояндаларидан Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» асарини ривоят қилишда алоҳида ўрин тутган зотдир.
Афсуски, бу улуғ имом ҳақида ҳозиргача мукаммал таржимаи ҳол мавжуд эмас. Бизгача етиб келган маълумотлар тарқоқ ва қисқа бўлиб, қадимги ва кейинги уламолар томонидан такрор-такрор келтирилган. Уларда асосан Фирабрийнинг нисбаси ва унинг қандай талаффуз қилиниши, туғилган ва вафот этган санаси, шунингдек, ундан илм олган айрим кишиларнинг исмлари баён этилган.
Фирабрий ҳақида тадқиқот олиб боришдаги муаммолар бир неча жиҳатда намоён бўлади.
Биринчи муаммо: унинг ҳаётига бағишланган мукаммал таржимаи ҳолнинг мавжуд эмаслиги
У ҳақида қалам тебратган муаллифларнинг аксарияти унинг исми, насаби, туғилган ва вафот этган санаси, айрим шогирдлари ҳамда уламоларнинг у ҳақдаги мақтов сўзларини келтириш билан чекланганлар.
Бизгача етиб келган дастлабки таржимаи ҳоллардан бири Имом Дорақутний (ваф. 385/995) қаламига мансуб бўлиб, унинг «Ал-Муъталиф ва-л-мухталиф» асарида келтирилган. Ушбу маълумот бизга Фирабрийнинг исми, отасининг исми, бобосининг исми, Фирабр шаҳрига нисбат берилиши ва Бухорий китобининг ровийси эканлиги ҳақида маълумот беради.
Бизгача етиб келган иккинчи таржимаи ҳол ҳофиз Абу Наср Калобозийнинг (ваф. 398/1008) «Ал-Ҳидоя ва-л-иршод» асарида келтирилган. Унда Фирабрийнинг куняси, насаби ва нисбаси баён қилиниши билан бирга, унинг устози Имом Бухорийдан қачон ва қайси вақтларда ҳадис эшитгани ҳам кўрсатилган.
Учинчи таржимаи ҳол ҳофиз Ибн Мокула (ваф. 475/1082)нинг «Ал-Икмал» асарида учрайди. Муаллиф унда Фирабрийнинг нисбаси ва насабини келтириб, унинг «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» асарини ривоят қилганини қайд этган.
Тўртинчи қисқача таржимаи ҳол Абу Али Жиёний (ваф. 498/1105)га тегишли. У Фирабрий нисбасининг тўғри талаффузини аниқлашга биринчи бўлиб эътибор қаратган олимлардан бўлиб, унинг вафот этган йилини ҳам қайд этган. Шунингдек, «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ»ни эшитган йиллари ва бу эшитиш қайси жойда содир бўлганини кўрсатган.
Табасий (ваф. 537/1142) эса Фирабрийнинг иккинчи ва учинчи боболарининг исмларини бизга етказган илк муаллифлардан саналади. У, шунингдек, Фирабрийнинг вафот этган соати, ойи ва йили ҳақида ҳам маълумот берган. Қози Иёз эса «Фирабр» сўзининг талаффузидаги ихтилофни биринчи бўлиб қайд этган олимлардан ҳисобланади.
Гарчи мазкур таржимаи ҳоллар қисқа бўлса-да, улар бизга ушбу буюк ровий имом ҳақида кўплаб қимматли маълумотларни тақдим этади.
Унинг шахсий маълумотлари:
- Тўлиқ исми: Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матар ибн Солиҳ ибн Башр.
- Куняси: Абу Абдуллоҳ.
- Нисбаси: ал-Фирабрий — Фирабр шаҳрига нисбат берилган.
- Вафоти: 320/932 йил, Шаввол ойининг охирига икки кеча қолганда, якшанба куни пешин вақтида.
- «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ»ни эшитиши: Имом Бухорийдан ушбу асарни икки марта эшитган: биринчиси 248/862 йили Фирабрда, иккинчиси 252/866 йили Бухорода.
Ҳофиз Самъонийнинг (ваф. 562/1167) Фирабрий ҳақидаги таржимаи ҳоли уни ўрганиш тарихида муҳим бурилиш нуқтаси бўлди. Ундан кейинги олимлар мазкур маълумотлар асосида Фирабрийнинг ҳаёти ва фаолиятига доир кенгроқ таржимаи ҳол яратиш имконига эга бўлдилар.
Самъоний ўз баёнини Фирабрийнинг учинчи бобоси Башргача бўлган насабини келтиришдан бошлаган. Унинг Бухорий китоби ровийси эканини, ушбу асарни эшитиш ва ўзлаштириш мақсадида толиби илмлар унинг ҳузурига сафар қилганларини қайд этган.
Сўнгра «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ»ни Фирабрийдан ривоят қилган кишилар ҳақида тўхталиб, улардан беш нафарини санаб ўтган:
- Абу Зайд Муҳаммад ибн Аҳмад Марвазий (301/914-371/981).
- Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад Мустамлий (ваф. 376/986).
- Абу Ҳайсам Муҳаммад ибн Маккий Кушмиҳаний (ваф. 389/999).
- Ҳамавий.
- Шайх Абу Али Исмоил ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳожиб Кушоний (ваф. 391/1001).
Самъоний бизга яна бир муҳим маълумотни етказади: Фирабрий Имом Бухорийдан мазкур китобни 253/867, 254/868 ва 255/869 йилларда эшитган. Шунингдек, унинг устози Али ибн Хашрамдан ҳадис эшитганини қайд этиб, таржимаи ҳолини туғилган йили, вафот этган куни, ойи ва йилини баён қилиш билан якунлаган.
Кейин ҳофиз Ибн Нуқта (ваф. 629/1232) ҳам Фирабрий ҳақида маълумот бериб, унинг Имом Бухорий, Али ибн Хашрам, Қутайба ва бошқа олимлардан ҳадис ривоят қилганини қайд этган.
У Фирабрийдан ривоят қилган кишилар қаторига Муҳаммад ибн Умар Шабавий ва Абу Ҳомид Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Нуъайм Нуъаймийни ҳам қўшган.
Сўнгра Ибн Нуқта ўз санади орқали Бухоро тарихчиси Ғунжордан, у эса Кушонийдан нақл қилган қуйидаги маълумотни келтиради. Кушоний устози Фирабрийнинг шундай деганини эшитган:
«Мен Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоилдан “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китобини Фирабрда уч йил давомида — 253/867, 254/868 ва 255/869 йилларда эшитганман».
Ҳофиз Ибн Рашид Сабтий (ваф. 721/1321) эса Фирабрий ҳақидаги таржимаи ҳолида ниҳоятда юксак маҳорат кўрсатган. Унинг баёни кенг илм соҳиби, таҳлил ва тадқиқда юксак салоҳиятга эга олим бўлганини, шунингдек, муҳаддис уламоларнинг таржимаи ҳолини ёзиш услубини чуқур билганини намоён этади.
Ибн Рашиднинг Фирабрий ҳақидаги таҳлилини қуйидаги мавзуларга ажратиш мумкин:
- Унинг исми ва насаби.
- «Фирабр» сўзининг тўғри талаффузи.
- Уламоларнинг Фирабрий ҳақидаги мақтовлари.
- Фирабрийнинг Имом Бухорийдан асарни эшитган йилларини аниқлаш.
- Имом Бухорийдан кўплаб ровийлар ривоят қилган бўлса-да, «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» ривоятида Фирабрийнинг алоҳида ўрин тутгани.
- Фирабрийдан ривоят қилган ровийлар.
- У орқали етиб келган ривоятлар.
- Туғилган ва вафот этган санаси.
Ҳофиз Имом Заҳабийнинг (ваф. 748/1347) Фирабрий ҳақидаги таржимаи ҳоли эса энг кенг қамровли маълумотлардан бири ҳисобланади. У ўзига хос илмий маҳорати билан Фирабрий ҳақида аввал ёзилган маълумотларни умумлаштириб, ниҳоятда қимматли ва мукаммал таржимаи ҳол яратган. Мазкур асар ушбу буюк имом ҳақида кенг қамровли тадқиқот тайёрлашимиздаги асосий манбалардан бири бўлди.
Замонавий тадқиқотлар орасида Муҳаммад ибн Абдулкарим Убайднинг «Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари ривоятлари ва нусхалари: тадқиқ ва таҳлил» номли иши ҳам эътиборга молик. Унда Фирабрий ҳақида қисқача маълумот берилган, сўнгра Мағриб уламоларининг мазкур асарни Фирабрий орқали ривоят қилишлари ва ривоятлар ўртасидаги фарқлар баён этилган.
Давоми бор…
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




