Марказий Осиё ғоят хилма-хил дин, маданият ва турмуш тарзи туташган ҳудуд ҳисобланади. Ўзбекистон заминида қадим замондан ислом дини билан бошқа динлар ёнма-ён яшаб ривожланган ва бу жамиятнинг маънавий юксалишига муайян ҳисса қўшган. Республикамизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Юртимиз истиқлолга эришган дастлабки кунлардан бошлаб диний бағрикенглик давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди.
Диний бағрикенглик, инсон қадр-қимматига ҳурмат, миллатлараро тотувлик ва турли эътиқод вакиллари билан тинч-тотув яшаш ислом динининг муҳим ахлоқий тамойилларидан ҳисобланади. Буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси ҳам ушбу қадриятларни англаш ва уларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Бугунги глобаллашув даврида турли дин, миллат ва маданият вакиллари билан тинч-тотув яшаш, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик тамойилларига амал қилиш жамият барқарорлигининг муҳим омилларидан саналади.
Ҳозирги кунда нафақат юртимизда, балки бутун минтақамизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш ҳамда диний бағрикенгликни таъминлаш борасида Президентимиз юритаётган сиёсат жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Албатта, муқаддас динимизда бу сиёсатнинг мустаҳкам пойдевори мавжуд. Ислом дини ўзининг илк давридаёқ инсонларни эзгулик, адолат, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка чорлайдиган бағрикенглик дини сифатида намоён бўлди. Жаҳон динлари ичида фақат исломда эътиқод эркинлиги очиқ-ойдин эълон қилинган. Муқаддас динимиз инсонларни эътиқодга мажбурлашни қоралайди. Бақара сурасининг 256-оятида “Ла икраҳа фид-дин” “Динда мажбурлаш йўқ” деб таъкидланган.
Шу маънода, диний бағрикенглик нафақат бошқа дин вакилларига тоқат қилишни, балки улар билан муносабатларни яхшилаш, ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш лозимлигини ҳам англатади. Бу эса, жамиятда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга катта ҳисса қўшади.
Қуръони каримнинг Оли Имрон сураси, 84-оятида пайғамбарларнинг ўзига хос шажараси қуйидаги тарзда келади: “Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарса – Қуръони каримга ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Ёқуб ва (унинг) авлодларига нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Исо ҳамда барча пайғамбарларга Парвардигори томонидан берилган нарса (ваҳий)га имон келтирдик. (Тасдиқлашда) Уларнинг орасини бирортасини ажратмаймиз ва Унинг ўзигагина бўйин синувчилармиз”.
Ислом дини инсонларни миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши ёки эътиқодидан қатъи назар, инсоний қадр-қимматини ҳурмат қилишга чақиради. Қуръони каримнинг Ҳужурот сураси, 13-оятида: “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ҳамда бир-бирингиз билан танишишингиз учун сизларни халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир”, деб марҳамат қилинади.
Ушбу оятда инсонлар ўртасидаги фарқлар устунлик ёки камситиш учун эмас, балки бир-бирини таниш, англаш ва ҳамкорлик қилиш учун экани баён этилган.
Диний бағрикенглик масаласида буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг илмий мероси ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Аллома нафақат ҳадис илмининг буюк намояндаси, балки ўз асарлари орқали мусулмонларни юксак ахлоқ, адолат, меҳр-оқибат ва инсонийликка чорлаган улуғ мутафаккир алломадир. Унинг “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарини диққат билан ўргансак, унда инсонлар ўртасидаги муносабатлар, қўшничилик ҳақлари, меҳмонни ҳурмат қилиш, етимларга ғамхўрлик, ота-онага яхшилик, зулмдан сақланиш ва бошқа кўплаб ахлоқий масалаларга алоҳида эътибор қаратилганини кўрамиз. Шу билан бирга, Имом Бухорий илмий меросида диний бағрикенглик масаласи ҳам акс этган.
Албатта, Имом Бухорий асарларида бугунги замонавий маънодаги “диний бағрикенглик” атамаси алоҳида назарий тушунча сифатида ишлатилмаган. Бироқ у зот ўзи жамлаган ҳадислар ва уларни танлаш ва муайян бобларга жойлаштириш орқали инсонпарварлик, адолат ва бошқа эътиқод вакилларига нисбатан ҳурмат каби тамойиллар аҳамиятини кўрсатган.
Масалан, “Саҳиҳул Бухорий”нинг “Одоб китоби”да қўшнига озор бермаслик ҳақидаги ҳадис келтирилади. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнига озор бермасин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин”, деганлар(Имом Бухорий, “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, 6018-ҳадис).
Бу ҳадисда қўшнига озор бермаслик имон билан боғлиқ ҳолда баён қилинган. Қўшнининг дини, миллати ёки ижтимоий мавқеига қараб унга озор беришга рухсат берилмаган. Демак, инсоннинг яхши қўшни бўлиши унинг фақат ўз диндошларига эмас, балки атрофидаги барча инсонларга нисбатан муносабатида намоён бўлади.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадислар орасида бошқа дин вакилларига нисбатан ҳурмат ва инсоний муносабатни ифодаловчи ибратли воқеалар ўз ифодасини топган. Бунга “Саҳиҳул Бухорий”да келтирилган қуйидаги ҳадис мисол бўла олади: Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан жаноза олиб ўтилди. Шунда у зот ўринларидан турдилар. Саҳобалар ҳам у зот билан бирга турдилар. Улар: “Эй Аллоҳнинг Расули, бу яҳудийнинг жанозаси-ку”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У ҳам инсон эмасми?!” дедилар(Имом Бухорий, “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, 1311-ҳадис).
Бу воқеа инсон қадр-қимматига бўлган ҳурматнинг нечоғлик юксак эканини кўрсатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур муносабатлари инсонга унинг дини ёки эътиқодидан қатъи назар, аввало, инсон сифатида қараш лозимлигини ўргатади.
Яна бир ибратли ҳодиса Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хизмат қилиб юрган бир яҳудий бола касал бўлиб қолгани, Пайғамбаримиз уни кўргани борганлари баён қилинади. У зот боланинг бош томонида ўтириб, уни исломга даъват қиладилар. Бола отасига қарайди. Отаси эса унга Абу Қосимга итоат қилишни айтади. Бола исломни қабул қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ердан чиқиб: “Уни дўзахдан қутқарган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, дейдилар(Имом Бухорий, “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, 1356-ҳадис).
Бу ҳодисада ҳам улкан ибрат бор. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларига хизмат қилган боланинг бемор бўлиб қолганда ҳолидан хабар олиш учун унинг уйига борганлар. Унинг яҳудий экани бу инсоний муносабатга тўсиқ бўлмаган.
Мазкур воқеалардан англашиладики, ислом дини инсонларга меҳр кўрсатиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, касал бўлганда зиёрат қилиш, қийинчиликда ёрдам бериш каби фазилатларни юксак қадрлайди. Бундан ташқари, “Саҳиҳул Бухорий”да “Китобу аҳодисил анбиё –Пайғамбарлар ҳадислари китоби” мавжуд. Асар таркибидаги мазкур китобда аввалги ўтган пайғамбарлар ривоятлари келтирилган. Шунингдек, Пайғамбарлар тавҳидга асосланган дин деб аталмиш ягона бинонинг ғиштлари каби экани ва у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини бу бинога қўйилган энг сўнгги ғишт каби, энг сўнгги пайғамбар экани айтилади (3534-3535-ҳ).
Имом Бухорий келтирган ушбу ҳадислар бугунги жамиятимиз учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, ҳозирги глобаллашув, ахборот оқимининг тезлашиши ва турли қарашлар ўртасидаги муносабатлар мураккаблашиб бораётган бир шароитда бу ҳадислар аҳамияти янада ортиб бормоқда.
Бу борада Имом Бухорий ривоят қилган ҳадислардан келиб чиқадиган бир неча муҳим хулосаларни айтиш мумкин.
Биринчидан, бошқа дин вакилларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш лозим. Инсоннинг эътиқоди бошқача экани уни камситиш, ҳақорат қилиш ёки унга нисбатан адолатсизлик қилиш учун асос бўла олмайди.
Иккинчидан, қўшничилик ва ҳамжиҳатлик муносабатларини мустаҳкамлаш зарур. Қўшнининг миллати ва динидан қатъи назар, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, тинчлиги ва осойишталигига дахл қилмаслик мусулмон ахлоқининг муҳим талабидир.
Учинчидан, сўз одобига риоя қилиш керак. Бугун ижтимоий тармоқларда турли дин ва мазҳаблар ҳақида ҳақоратомуз, адоватни қўзғатувчи фикрлар тарқатилиши учраб турибди. Бундай ҳолатлар жамиятда ишончсизлик ва низоларни келтириб чиқариши мумкин.
Тўртинчидан, турли эътиқод вакиллари билан мулоқотда билим, ҳикмат ва одобни устувор қўйиш лозим. Фикрлар хилма-хиллигига тоқат қилиш, бир-бирини тинглаш ва ўзаро тушунишга интилиш жамият барқарорлигининг муҳим омилларидандир.
Бугунги кунда айрим инсонлар диний бағрикенгликни соғлом эътиқоддан воз кечиш сифатида талқин қилмоқда. Аввало, диний бағрикенглик билан диний эътиқодга содиқлик ўртасидаги муносабатни тўғри тушуниш керак. Бу долзарб масала ҳисобланади. Баъзи инсонлар томонидан диний бағрикенглик тушунчаси нотўғри талқин қилиниб, ўз диний эътиқодидан воз кечиш сифатида тушунилади. Аслида эса бундай эмас.
Диний бағрикенглик – ўз эътиқодини мустаҳкам сақлаган ҳолда, бошқа эътиқод вакилларининг ҳам ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, уларга адолатли муносабатда бўлиш ва тинч-тотув яшашдир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар ҳаётларини ўрганар эканмиз, улар жамиятда носоролар билан ҳам, яҳудийлар билан ҳам тинч-тотувликда, ўзаро мулоқотда яшаганини гувоҳи бўламиз. Бу иш уларнинг эътиқодига таъсир қилмаган. Аслида мана шундай йўл тутиш исломий эътиқод буюрган амаллардан биридир.
Демак, ҳақиқий мусулмонлик фақат ибодатларни адо этиш билангина эмас, балки инсонлар билан муносабатда адолатли, инсофли ва бағрикенг бўлиш билан ҳам намоён бўлади.
Ҳозирги кунда диний мутаассиблик, экстремизм ва муросасизлик дунёдаги тинчлик ва осойишталикка таҳдид солмоқда. Бундай шароитда Имом Бухорий меросини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисларда эса инсон тили ва хатти-ҳаракатларига масъулият билан ёндашишга алоҳида эътибор берилган.
Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин”, деган ҳадислари бугунги ахборот маконида ҳам катта аҳамиятга эга.
Зеро, ижтимоий тармоқларда бир оғиз ўйламай айтилган сўз, асоссиз айблов ёки ҳақорат минглаб инсонлар ўртасида низо келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун диний мавзуда фикр билдиришда Қуръон ва суннат кўрсатмаларига, уламолар илмий меросига таяниш, текширилмаган маълумотларни тарқатмаслик, одамлар қалбига адоват соладиган гаплардан сақланиш лозим.
Имом Бухорий мероси нафақат ўзбек халқи, балки бутун мусулмон уммати ва инсоният маънавий тараққиёти учун улкан бойликдир. Унинг “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, “ал-Адаб ал-муфрад”, “ат-Тарих ал-кабир” каби асарлари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Айниқса, “ал-Адаб ал-муфрад” асарида ота-онага яхшилик қилиш, қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш, қўшни ҳаққи, болаларга меҳр кўрсатиш, беморларни зиёрат қилиш, инсонлар билан хушмуомала бўлиш каби масалалар кенг ёритилган.
Шунингдек, Имом Бухорий ҳадисларини замонавий тилда шарҳлаб, ёшлар учун тушунарли рисола, мақола, видеоматериал ва таълимий дастурлар тайёрлаш муҳимдир. Бизнинг вазифамиз Имом Бухорий номини фақат тарихий фахр сифатида тилга олиш эмас, балки у зотнинг илмий ва маънавий меросини кундалик ҳаётимизга татбиқ этишдан иборат.
Хулоса қилиб айтганда, Имом Бухорий илмий мероси ислом динининг ҳақиқий инсонпарварлик моҳиятини очиб беради. У кишининг ҳадислар орқали етказган таълимоти инсонларни тинчлик, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматга чорлайди. Зеро, буюк муҳаддис Имом Бухорий илмий мероси бизга нафақат ҳадисларни ўрганиш, балки улардаги ҳикматларни англаб, ҳаётимизга татбиқ этишни ҳам ўргатади.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




