Бугунги кунда дунёда тинчлик ва барқарорликка таҳдид солаётган муаммолар тобора кўпайиб, инсонларнинг осуда ҳаётига хавф соладиган омиллар кўлами кенгайиб бормоқда. Айниқса, бир қарашда кўз илғамайдиган таҳдидлар – турли бузғунчи ғоялар ва мафкуравий таҳдидларнинг кучайиши ўта ташвишли ҳолатдир. Айрим экстремистик гуруҳлар динни ниқоб қилиб, барча мусулмонларни гўёки ягона бўлган, моҳиятан эса, бузуқ ва ўта хавфли мафкура ва мақсадлар атрофида бирлаштиришга уринади. Аслида уларнинг мақсади жамиятдаги тинчлик ва ҳамжиҳатликка путур йетказиб, давлатларнинг мустақил тараққиёт йўлига тўсқинлик қилиб, “халифалик” сингари ҳокимият ўрнатиб, унга бош бўлишдан иборат. Бундай бузғунчи кучлар, айниқса, жамиятда пайдо бўладиган ғоявий вакуумдан, бепарволик ва лоқайдлик кучайган муҳитдан фойдаланишга ҳаракат қилади. Шу боис ёшларни бундай зарарли ғоялар таъсиридан асраш, уларда соғлом дунёқараш ва мафкуравий иммунитетни шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.
Тинчлик ва осойишталик улуғ неъмат экани ислом манбаларида ўзининг қатъий ифодасини топган. Хусусан, Бақара сурасининг 208-оятида “Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз!” [1:1-208] дейилади. Ушбу амр тафсир китобларида “сулҳга, ўзаро тинчликка киришинг”, “урушни тарк этинг” маъносида талқин қилинади [2:335-338]. Шунингдек, Бақара сурасининг 205-оятида “Аллоҳ бузғунчилик – фасодни суймайди” [1:1-205] дейилган.
Бундан ташқари, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларида “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар маҳрумдир” [5:198], “Кимки бизларга қарши тиғ кўтарса, у аҳли исломдан эмас” [6:6847-ҳадис] деган сўзлар билан инсонлар тинчликни қадрлашга, ўзаро аҳил-иноқ яшашга чақирилган.
Ислом динининг тинчлик ва осойишталикка эътибори юқори бўлиши билан бир қаторда, бағрикенглик унинг негизи ҳисобланади. Муқаддас динимизнинг бош манбаи бўлган Қуръони каримда бундай дейилади: “…бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин!” [1:5-8].
Бу борада Пайғамбаримиз алайҳиссалом ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга намуна бўлганлар. У зот Мадинага ҳижрат қилганларида, давлат ишларидаги энг биринчи амаллари ўша йерлик яҳудийлар билан уларнинг ақидаларини ҳурмат қилишга асосланган аҳднома тузиш бўлди. Расулуллоҳ алайҳиссалом аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар, ҳадя бериб, улардан ҳам турли ҳадялар қабул қилиб турар эдилар. Мадинага Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганда, уларни масжидга тушириб зиёфат берганлар ва хизматида бўлганлар. Ҳатто шоҳ Нажроннинг насроний вакилларига масжиднинг бир қисмида ибодат қилишга ижозат берганлар [3:165].
Демак, ислом дини азалдан инсониятга асл мурувватни, нафақат мусулмонлар, балки ўзга дин вакилларига ҳам эҳтиром ва бағрикенглик билан муносабатда бўлишни уқтириб келган. Олдинги самовий динларни (яҳудийлик ва насронийликни) шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳллари билан тинч-тотув яшашга, фитна ва турли адоватларга барҳам беришга чақирган. Ислом таълимотига биноан барча пайғамбарлар биродардирлар, рисолат (элчилик) бобида улар орасида бир-биридан афзаллик йўқ, эътиқодга, динга мажбурлаш мумкин эмас, илоҳий диёнатларнинг барча ибодатхоналари ҳимоя ва мудофаа қилиниши керак, динлараро ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшиликдан тўсмаслиги лозим.
Бу борада Қуръони карим қатъий мезонни белгилайди: “Аллоҳ сизларни дин борасида сиз билан урушмаган ва ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга яхшилик қилишингиз ва уларга нисбатан адолатли бўлишингиздан қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни суяр” (1:60-8). Ушбу оят тафсирида “Сиз билан урушмаган ўзга дин вакиллари билан яхши муносабатда бўлинг” деган аниқ ҳукм борлиги айтилади [4:376].
Шунингдек, Ҳужурот сурасининг 13-оятида бундай дейилади: “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”. Аллоҳ таоло «Эй одамлар!» дея бутун инсониятга мурожаат қилиб, барча инсонларнинг келиб чиқиши бир эканини, яъни ҳаммамиз Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалганимизни таъкидлаяпти. Шу билан бирга, инсонлар турли миллат, элат ва қабилаларга ажратилгани ҳам Ўзининг иродаси эканини баён қиляпти. Бу Демак бир-биридан устунлик эмас, балки ўзаро танишиш, ҳурмат қилиш ва ҳамжиҳат яшаш учун экан.
Қуръони каримнинг кўплаб оятларида мусулмонлар тинчликсевар, бағрикенг ва бошқа дин вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақирилган. Ислом дини инсон қадрини улуғлаб, ҳар бир кишининг ҳаёти, шаъни, ор-номуси ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратади. Диний бағрикенглик эса турли эътиқод вакилларининг бир-бирини ҳурмат қилиб, ўзаро ҳурмат ва тотувликда яшашини таъминлайди. Зеро, жамиятда бағрикенглик қанчалик мустаҳкам бўлса, миллатлар ва динлар ўртасида ҳамжиҳатлик ва тинчлик ҳам шунчалик барқарор бўлади.
Ўзбекистон азалдан динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик қарор топган юрт сифатида танилган. Бу заминда мусулмонлар билан буддавийлик, зардуштийлик, насронийлик, яҳудийлик вакиллари асрлар давомида ёнма-ён яшаб, ўз эътиқодига эркин амал қилиб келган. Масжид, черков ва синагогалар ҳеч бир тазйиқсиз фаолият кўрсатган. Ўзбек халқи тарих давомида бошқа миллат ва дин вакилларига доимо ҳурмат ва бағрикенглик билан муносабатда бўлиб келган.
Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, деган эди [7]. Бу ўз навбатида юрт тинчлиги, тараққиёти ва умуминсоний маданият ривожига хизмат қилади. Давлатимиз раҳбари: “Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради. Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади. Бу – бизнинг энг катта бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир” [8] деб бежиз таъкидламаган. Халқимизга хос миллатлараро тотувлик ва динлараро ҳамжиҳатлик жамиятда эзгулик ва инсонпарварликни мустаҳкамлаб, юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Барчамиз бугунги мураккаб замонда тинчлик ва барқарорлик инсон ҳаётида нақадар катта аҳамиятга эга эканини чуқур англашимиз лозим. Афсуски, айрим кимсалар динни ниқоб қилиб, талончилик, босқинчилик, террорчилик ва бузғунчилик каби жиноятларга қўл урмоқда. Бу эса жамият осойишталигига путур йетказиб, миллатлар ва динлар ўртасида низо, адоват ҳамда ишончсизликнинг кучайишига сабаб бўлмоқда.
Шундай экан, бундай ёт ғоя ва бузғунчи ҳаракатларга қарши биргаликда курашиш, айниқса, ёшларни жаҳолат, адашиш ва зарарли қарашлар таъсиридан асраш ҳар биримизнинг муҳим вазифамиздир. Зеро, ёш авлодни эзгулик, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш, жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
-
Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири (Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур). – Тошкент: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2012.
-
Тафсир ат-Табарий. – Байрут: Дорул кутубил илмийя, 1999. Ж.2.
-
Аҳмад Шалабий. Ислом. – Қоҳира: Дорун наҳдатил мисрийя, 1997.
-
Абу Лайс Самарқандий. Баҳрул улум. Т.ИИИ. – Байрут: Муассасатур рисола, 2004.
-
Табароний. Муъжамул авсат. Ж.1. – Қоҳира. Дорул ҳарамайн, 1995.
-
Олтин силсила. Саҳиҳул Бухорий. Ж.8. – Тошкент: “Ҳилол-нашр”, 2018.
-
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлади. http://uza.uz/oz/politics/zbekiston-prezidenti-shavkat-mirziyeev-bmt-bosh-assambleyasi-20-09-2017
-
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




