Home / МАҚОЛАЛАР / САЙЙИД ШАРИФ ЖУРЖОНИЙНИНГ “АТ-ТАЪРИФОТ” АСАРИДА ҚУРЪОН ИЛМЛАРИГА ОИД ИСТИЛОҲЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ

САЙЙИД ШАРИФ ЖУРЖОНИЙНИНГ “АТ-ТАЪРИФОТ” АСАРИДА ҚУРЪОН ИЛМЛАРИГА ОИД ИСТИЛОҲЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ

Манбаларда Саййид Шариф Журжонийнинг (740-816/1340-1416) калом, тафсир, ҳадис, фиқҳ, мантиқ, балоғат, сарф, наҳв, мерос, фалсафа, астрономия каби илмларда юзга яқин китоб битгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Лекин олимни дунёга Журжоний сифатида танитган асарлари саноқли. Исломий илмларга оид истилоҳларга бағишланган “Ат-Таърифот” (“Таърифлар”) номли асар олим илмий меросининг энг кўзга кўринган намуналаридан бири ҳисобланади.

Муаллифнинг сўзига кўра, исломий илмлар соҳасида ўз даврига қадар ёзилган бутун бошли асарлардан саралаб олинган ушбу қомус илм талабидаги кишиларга қулайлик туғдириш мақсадида тасниф этилган бўлиб, алифбо ҳарфлари тартибида тузилган [1:29].

Журжоний ўзининг бу китобида 2026 та истилоҳнинг таърифини келтирган бўлиб, улар асосан калом, фалсафа, мантиқ, наҳв, сарф, аруз, қофия, тафсир, ҳадис, фиқҳ, фароиз, усулул фиқҳ, ҳисоб, балоғат, тасаввуф, астрономия, тиббиёт каби илмларга хос истилоҳларни ўз ичига олган [2:68].

“Ат-Таърифот”да истилоҳларнинг луғавий маънолари баён қилингандан сўнг уларнинг бошқа илмлардаги таърифлари келтирилади. Баъзи истилоҳларнинг луғавий маънолари ёритилмасдан тўғридан тўғри таърифлашга киришилган. Сўзларнинг дақиқ ва нозик жиҳатларигача баён этилган ушбу асарда баъзи тасаввуф ва фалсафа илмларига оид истилоҳларнинг таърифлари мубҳам бўлиб қолган.

Олим тилшуносликка оид таърифларни ёритишда машҳур наҳв олимлари Сибавайҳ, Али ибн Ҳамза Кисоий, Яҳё ибн Зиёд Фарро, фиқҳга оид сўзлар таърифида Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Имом Шофеий, тасаввуфга оид сўзлар таърифида Муҳйиддин Арабий, Абу Толиб Маккий ва Абдулкарим Қушайрий каби олимлар асарларидан фойдаланган.

Журжонийдан олдин Абу Наср Форобий “Эҳсоул улум”, Ибн Сино “Ақсамул улум”, Муҳаммад Хоразмий “Мафатиҳул улум”, Фахриддин Розий “Ҳадаиқул анвор”, Аҳмад Фарғоний “Латоифул иълам” номли асарлар битган. Аммо бу каби асарлар айнан истилоҳлар таърифига бағишланган бўлмай, балки уларда турли илмлар таърифи баён этилиши жараёнида қисман истилоҳларга ҳам жой ажратилган. “Ат-Таърифот” эса турли илм соҳаларига оид истилоҳларни алифбо тартибида жамлаган илк асар сифатида ажралиб туради [1:29].

Бугунги кунга қадар ўз аҳамиятини йўқотмай келаётган мазкур асар ўзидан кейинги даврда Таҳонавийнинг “Кашшоф истилоҳотил фунун ва-л-улум”, Абул Бақонинг “Ал-Куллиёт”, Ризо Тавфиқнинг “Муфассал қомуси фалсафа” каби асарлари ёзилиши учун манба вазифасини ўтаган.

Журжонийнинг “Ат-Таърифот” асарида юқорида санаб ўтилган илмларга оид истилоҳлар билан бирга, Қуръон илмларига тегишли истилоҳлар таърифи ҳам келтирилган. Жумладан, олим асарда “Қуръон”, “муҳкам”, “муташобеҳ”, “мутлақ”, “муқайяд”, “насх”, “мужмал”, “муқтадо-н-нас”, “тафсир”, “таъвил”, “муаввал”, “лаҳн”, “мажоз”, “мутавотир”, “муфассар”, “баён ат-тафсир” каби йигирмага яқин истилоҳлар таърифини келтирган.

Журжоний “Қуръон” сўзи таърифида бундай дейди: “У Пайғамбарга нозил этилган, саҳифаларга ёзилган, пайғамбардан шубҳасиз ва мутавотир тарзда нақл қилинган (Китоб)дир” [3:146]. Ушбу таърифдан сўнг Журжоний ўз услубига кўра, сўзнинг бошқалар наздидаги таърифини келтиради ва: «Қуръон аҳли ҳақ наздида: “Умумий ладуний илм ва барча ҳақиқатларнинг жамловчисидир”», дейди. Шунингдек, “тафсир” ва “таъвил” сўзлари таърифидан мазкур икки истилоҳ ўртасидаги фарқни осонгина англаш мумкин: “Тафсирнинг асл маъноси кашф этиш ва изҳор қилиш. Шариатда эса оят маъноси, мақсади, унга оид қисса ва нозил бўлиш сабабини очиқ-ойдин далолат қилувчи лафз билан баён этишдир”. Таъвил сўзи таърифида: “Таъвил аслида қайтиш маъносини англатади. Шариатда эса лафзни зоҳирий маънодан эҳтимолли маънога йўналтиришдир. Эҳтимолли маъно қуйидаги оят таъвилидаги каби Китоб ва суннатга мувофиқ бўлиши лозим:

يُخْرِجُ الْحَيَّ مِنَ الْمَيِّتِ

“…тирикни ўликдан, ўликни тирикдан (ким чиқаради?)” (Юнус сураси, 31-оят).

Агар (муфассир) бу оятдан қушнинг тухумдан чиқиши (маъноси)ни назарда тутса, бу тафсир ҳисобланади. Агар кофирдан мўминни чиқариш, жоҳилдан олимни чиқариш назарда тутилса, бу таъвил ҳисобланади”, дейди [3:46].

Маълумки, Қуръони каримда 77347 та сўз келган бўлиб, улардан 14721 сўз такрорсиз қўлланган. “Ат-Таърифот” асарида Қуръон илмларига оид истилоҳлар қаторида Қуръони каримда зикр этилган 341 та сўзнинг таърифи ҳам ёритиб ўтилган. Уларнинг орасида “ал-уфуқ ал-аъла”, “ал-уфуқ ал-мубийн”, “ал-китаб ал-мубийн”, “қоба қовсайни”, “мажмаъу-л-баҳройн”, “ал-Аъроф”, “аъйна-л-яқийн”, “табзийр” “улу-л-албаб”, “умму-л-китаб”, “явму-л-жамъ”, “ат-тавбату-н-насуҳ” каби сўзлар Қуръони каримда қандай шаклда келган бўлса, айнан шундай ифодаланган.

Журжоний “ат-тавбату-н-насуҳ” ибораси таърифида қуйидагиларни келтиради: “Қилган (гуноҳ)ининг ўхшашига қайтмасликка қатъий қарор қилиш. Ибн Аббос розияллоҳу анҳума: “Ат-тавбату-н-насуҳ қалб билан надомат қилиш, тил билан истиғфор айтиш, жисман (гуноҳни) тарк этиш, гуноҳга қайтмасликни қасд қилишдир”, деган. Айтилишича, тавба луғатда “гуноҳдан қайтишдир”. Шунингдек, бу маъно учун التوب[ат-тавб] сўзи ҳам қўлланади. Аллоҳ таоло: 

غَافِرِ الذَّنْبِ وَقَابِلِ التَّوْبِ

“У, гуноҳни мағфират қилгувчи, тавбани қабул этгувчи…” (Ғофир сураси, 3-оят), дейди. Айтилишича, التوب [ат-тавб] التوبة[ат-тавба] сўзининг кўплигидир. Тавба шариатда: “Ёмон феъллардан мақталган феълларга қайтишдир. Барча уламолар наздида (гуноҳга) тезда тавба қилиш вожибдир. Тавбанинг вожиблигига Аллоҳ таолонинг:

وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَ الْمُؤْمِنُونَ

“Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар!” (Нур сураси, 31-оят) ояти ҳужжат бўлади.

Тезда тавба қилиш лозимлиги эса уни кечиктиришда тақиқланган ишда давом этиш эҳтимоли борлиги учундир. “Инобат” сўзи ҳам тавбага шаръий ва луғавий жиҳатдан яқиндир. Бир қарашга кўра, “ат-тавбату-н-насуҳ” хоҳ жаҳрий, хоҳ махфий бўлсин, қилган амалида гуноҳнинг асарини қолдирмаслик саналади. Бошқа бир қарашда, у соҳибини дунё-ю охиратда нажотга олиб боради, дейилади. Бир қавлда, тавба эътироф, надомат ва тарк этишдир, дейилади.

Тавба уч маънони англатади. Биринчиси, надомат, иккинчиси, Аллоҳ қайтарган ишга қайтишни тарк этиш, учинчиси, қилинган зулм ва ноҳақликларни бартараф этишга ҳаракат қилишдир” [3:63].

Шунингдек, асарда “иститоат”, “исроф”, “тафрит”, “тафаккур”, “таваккул”, “масҳ”, “нисён”, “таяммум” каби Қуръони каримда феъл тарзида зикр этилган сўзларнинг масдар шакллари келтирилган бўлиб, уларни ҳам Қуръони карим сўзларининг таърифи, деб баҳолаш мумкин. Шу билан бирга, асарда “масбуқ”, “мамдуд” каби асли Қуръони каримда зикр этилган сўзлар таърифи келтирилган бўлса-да, сўзлар мазмуни оятда келган маънога далолат қилмаслиги сабабли уларни Қуръони каримда келган сўзларнинг таърифи сифатида баҳолаб бўлмайди. Масалан, Қуръонда المسبوق [ал-масбуқ] сўзи икки ўринда “ожиз” маъносида зикр этилган, “Ат-Таърифот”да эса ушбу сўзнинг фиқҳий маъноси, яъни намозга кейин келиб қўшилган киши ҳақида сўз юритилади.

“Ат-Таърифот”да сўзларнинг маъноларини ёритишда Қуръон оятлари ва ҳадислардан изчил фойдаланилган бўлиб, умумий олтмиш тўққизта истилоҳ таърифида қирқ уч суранинг саксон беш ояти далил сифатида келтирилган. Шулардан саккиз оят такрор қўлланган.

XV асрдан ҳозирги кунимизга қадар исломий илмларга оид истилоҳлар борасида эътироф ва эътиборда бўлган “Ат-Таърифот” асарини Қуръон илмлари нуқтаи назаридан ёритиш Саййид Шариф Журжоний меросининг ўрта асрлар Қуръон илмлари ривожида тутган ўрнини кўрсатиб беради.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Islam ansiklopedisi. Ж. 40. – Истанбул, 2013.
  2. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Самарқанднинг сара уламолари. – Т.: Hilol nashr, 2014.
  3. Саййид Шариф Журжоний. Мўъжам ат-таърифот. – Қоҳира: Дор ал-фазила, 2004.

 

Достон МУСТАФОЕВ,
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси,
“Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш
IСESCO” кафедраси ўқитувчиси,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими
«МОВАРОУННАҲР ВА ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИНИНГ ШАКЛЛАНИШИ» МАВЗУСИДА ЎТКАЗИЛГАН ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ТЎПЛАМИДАН ОЛИНДИ.

Check Also

“АЛ-ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ” ҲАДИС ТЎПЛАМИНИНГ АСЛ НУСХАСИ ҲАҚИДА УЛАМОЛАР ФИКРЛАРИ

Кириш. Мовароуннаҳр диёридан жаҳон цивилизацияси ва ислом тамаддуни ривожига катта ҳисса қўшган муфассир, муҳаддис, мутакаллим …