Home / МАҚОЛАЛАР / СЎФИЯ РОБИАИ АДАВИЯ ҲАҚИДА

СЎФИЯ РОБИАИ АДАВИЯ ҲАҚИДА

Кириш. Аёл зотининг инсоният тарихида ҳам, жамият тараққиётида ҳам ўрни беқиёсдир. У беғараз меҳр соҳиби – она, инсоният давомчиси, тарбиячиси, эркак учун – ватан, ижтимоий, сиёсий ва илмий соҳаларда ҳам ўзига хос ўрнини топган муҳим шахсдир. Яратувчининг нозик хилқати – аёл инсоният олдидаги беминнат хизмати, фидокорона меҳнати таҳсинга лойиқ муқаддас зотдир. Ислом тарихи ва маданияти хазинасида, яъни ижтимоий, сиёсий ва фалсафий соҳаларда улуғ мутафаккир аждодларимиз қаторида шундай буюк аёллар борки, ҳаёти ва фаолияти ибрат мактаби бўлиб, ҳануз фахр билан ўрганилади.

Буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг “Насойимул муҳаббат мин шамойим ул-футувват” асари ўз устози, форс адабиёти намояндаси Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс мин ҳазарот ил-қудс” тазкирасининг эркин таржимасидир. Мазкур асарда 770 нафар машойих зикри қайд қилинади, шулардан 35 нафари аёллар бўлиб, улар ҳақида асар сўнгида “Эркаклар мартабасига етган ориф аёллар зикри” сарлавҳаси билан маълумот берган. Мазкур мақолада тасаввуф уламолари орасидан орифа Робиаи Адавия ҳазратлари тўғрисида сўз юритмоқчимиз.

Робиаи Адавия (718-801, Ироқда яшаб ўтган) – араб шоираси, машҳур сўфий, файласуф, авлиё аёл, зоҳидлик даврининг энг машҳур намояндаси. Унинг номи манбаларда турлича, жумладан, Робия ал-Адавия ал-Қайсийя Басрия, Робия ал-Басрий, Ҳазрати Биби Робия Басрий каби номлар билан аталган. Ҳаёти, оиласи, ота-онаси, фаолияти тўғрисида ёки ижоди маҳсули ҳақида хабар берувчи муфассал манба етиб келмаган. У ҳақида маноқиблар ва тазкира асарларда турли-туман ривоят ва нақллар етиб келган.

Мавзуга оид адабиётларнинг таҳлили. “Ҳазрати Биби Робия ҳижрий 90-йилда Басра шаҳрида камбағал оилада дунёга келган ва исломнинг яна бир тақводор ва солиҳ мутасаввифи ва авлиёси Ҳазрати Ҳасан Басрий даврида яшаган. Биби Робия Басрий VIII асрнинг энг буюк авлиёларидан бири сифатида шу кунгача эслаб келинади ва у имони, тақвоси ва сабри учун меҳр билан ёдга олинади [12:108-110].

Маргарет Смит берган маълумотга кўра, Қайс ибн Ади қабиласининг Ал-Атик (ёки Отикўғли) қавмидан бўлган озод аёл, унинг Адавия ёки Қайсия, шунингдек, Басрия дея аталиши қабиласи, туғилган жойи номи билан боғлиқ. У сунний агиографиянинг энг яхши вакилларидан бири бўлган [5].

Робиаи Адавия туғилган пайтда оиласи ночор ҳаёт кечираётганди. Оилада тўртинчи фарзандлиги учун Робиа (тўртинчи) деб исм қўйилган. Манбада келтирилишича [8:145], онасининг илтимоси билан отаси қўшнидан чақалоқни ўрашга мато ва уйни ёритиш учун бироз мой олиб келишга чиқади, бироқ бу ҳаётда бировдан бирор нима сўрамасликка аҳд қилган (ислом одобига кўра эҳтиёжлар бандасидан эмас, фақат Яратувчидан сўралади) ота бориб, қўшнининг эшиги олдидан қайтади, онаси йиғлаб уйқуга кетган. Шу кеча онаси тушида Пайғамбар(с.а.в)ни кўрган, Пайғамбар(с.а.в) унга ғамгин бўлмаслигини, туғилган қиз умматдан етмиш минг кишини шафоат этадиган даражаларга эришажагини айтади. Оилага эса  Басра амири Исо Родон, Пайғамбар (с.а.в)га саловот айтишни унутгани эвазига  ёрдам беришини, бунинг учун Робианинг отаси амир олдига бориб, бу ҳолатни унга эслатишини тайинлаган. Ота эртасига амир олдига бориб, туш ҳақида айтганида амир йиғлайди, ўн баравар ортиғи билан маблағ бериб бу оилага доим ёрдам бериб туришини айтади. Шу воқеанинг ўзиёқ Робиа Аллоҳнинг хос кишиларидан бири эканига далолатдир.

Ота-онаси (шаҳар амири ҳам) вафотидан кейин Басрадаги қаттиқ очарчилик ва касаллик тарқалган даврда Робиа қул қилиб сотиб юборилган. Робианинг тақвоси,  сабри, ибодатда собитлиги золим хўжайинининг унга бўлган муносабатини ўзгартиради ва уни хўжайини озод қилади. Шундан кейин чўлу саҳрода гўшанишинликда тоату ибодат билан яшай бошлайди. Бир муддатдан кейин Басра шаҳрида уламолар мажлисларида қатнашган ҳолда, ўзи ҳам одамларга ёрдам бериб, Яратганнинг амрларини бекаму кўст, бажариб, жуда оддий, сабр-қаноатда, розичиликда ёлғиз ўзи (кўп манбаларда келтирилишича оила қуришни рад этиб) умргузаронлик қилган. Манбаларда унинг дастлаб, соз чалиб қўшиқ айтгани ва шеърлар ёзгани қайд қилинган.

Муҳаммад Зиҳний: “У аёл бўлса-да, феъл-атвори билан қалби маърифатли эдики, у инсоний камолот масаласида кўп эркаклардан яққол устун эди ва шунинг учун уни “Эркаклар тожи” деб аташган. Тақво ва зоҳидликда шу қадар машҳур эдики, унинг мақтови ҳамманинг тилида бўлиб, улуғ номи зоҳид эркак ва аёллар учун ўзига хос мақол бўлиб қолди” (Машоҳир ан-Нисо) [5]. Дарҳақиқат, саййида бўлиб дунёга келган, кароматли ва кароматларга бой  бўлган бу зотнинг ҳаёти  вақт ўтгач тилдан-тилга кўчиб, афсонага айланди. Кўряпмизки, Робиаи Адавиядан бирор ёзма манба, илмий, бадиий китоб, рисола ёки машҳур шогирд, солиҳ фарзанд ёки моддий мерос қолмаган, сақланмаган. Бундай нарсалар унда йўқ ҳам, бироқ у машҳур авлиё аёл, ҳатто, баъзи машҳур эркак уламолардан ўз йўналишида авло кўрилган. Бинобарин, Робиаи Адавия тасаввуф таълимотига асос солган ва амалда яшаб берган, биринчи зоҳид, биринчи сўфий-ориф, биринчи бўлиб илоҳий ишқ тушунчасини муомалага киритган, ўз даври уламолари эътирофига сазовор бўлган, алломалар масалаларини ҳал қила олган орифа-авлиё аёл. Дарҳақиқат, бу орифа аёл юксак илм-маърифати, сабр-қаноати, тақвоси, тақдирдаги ҳар қандай ҳолатлардан ризоси, қайтариқлардан қаттиқ тарки-парҳези, содиқ таважжуҳи ва энг муҳими Яратувчисига қалби тўла ишқи билан  асрлар оша инсониятга ибрат-намуна  бўлиб келмоқда. Тахминан 80 йиллик ҳаётининг ўзи, турмуш тарзи, одам, олам, табиат ва жамиятга самимий ва ҳаққоний муносабати орифанинг инсон умри мазмунини, яратилишидан мақсадини, Олий Ҳақиқатни чуқур англаганининг далили сифатида бебаҳо хазинадир. Бу китоб бугунги замон кишиси учун ҳам, айниқса, аёллар учун амалий қўлланма, дастуруламал бўла олади.

Абдураҳмон Суламий, Имом Ёфиъий, Абу Бакр Калободий, Ибн Халликон, Муҳаммад Зиҳний, Имом Абдулкарим Қушайрий, Абулҳасан Ҳужвирий, Имом Ғаззолий, Фаридуддин Аттор  каби уламолар асарларида  орифа Робиаи Адавия умр йўли, ҳаёт тарзи таҳлил қилинган, унинг фаолиятининг ўзи бир таълимот даражасида экани таъкидланган, бу орифа аёл қарашларига юксак баҳо берилган ҳамда тасаввуф тарихидаги юксак ўрни, аҳамияти  эътироф этилган. Робиаи Адавия тўғрисида ёзилган бошқа барча асарлар юқорида келтирилган манбалар асосида яратилган.

Мустамлий Бухорийнинг (ваф.1043) “Шарҳ ат-Таарруф” асарида VIII-XI асрларда яшаган 134 нафар сўфий тўғрисида агиографик маълумот жамланган. Робиаи Адавия зоҳидлик даврининг Басра мактаби йирик вакиллари Ҳасан Басрий, Иброҳим Адҳам, Молик ибн Динор, Абдулвоҳид ибн Зайд қаторида тилга олинган. Унинг зуҳдида тоат-ибодат, тақводорлик ва парҳезкорликдан ташқари, Аллоҳга таваккул ва муҳаббат, Аллоҳдан қўрқиш ва розилик сингари тушунчалар мавжудлиги таъкидланган. Назарий ва амалий асосларга эга зоҳидлик даврининг иккинчи босқичига мансуб Робиаи Адавия фаолиятида тавба (қайтиш), таваккул (ўзини топшириш), ризо (розилик), муҳаббат (севги), ҳузн(қайғу), хавф(қўрқиш), ражо (умид) етакчилик қилади. Мустамлий Бухорий ўн икки мақом (тавба, зуҳд, таваккул, зикр, унс, қурб, фано, бақо, ризо, иттисол, тажрид, тафрид)ни талқин қилар экан, ризо мақомини шундай шарҳлайди: “Робиа шундай бир мақомда эдики, Худо уни азоблаганда ҳам, азобламаганда ҳам, буларнинг ҳар иккаласини раво деб биларди. Чунки Робиа Ҳақнинг унга нисбатан қилган ишларидан рози эди” [6:160].

Хожа Ориф Ревгарий “Орифнома”да Робиаи Адавия ҳаётига оид бир неча нақлларни келтиради. Жумладан, Робиаи Адавиянинг Ҳасан Басрий билан асрдош эканини, бу уламога уч нарса, яъни шам, игна ва соч толаси юборганини ҳамда  ҳикмат аҳлининг бу ҳолатга шарҳини баён этади: “мум каби мулойим бўл ва ўзинг ёниб оламни мунаввар айла!  Ва игна каби ўзинг яланғоч қолиб бўлса-да, ўзгаларни кийинтир ва бир-бировига пайванд эт! Ва Аллоҳ таолога олиб борувчи йўл – худди соч толасидек нозик ва ингичкадурким, тойиб йиқилишдан ҳушёр бўл!” [9:8]. Бу нақлдан шундай ибрат олиш керакки, мулойимлик – бу суҳбат, муносабатлар ва атроф-муҳитга мулойимликдир. Мулойимлик нимадан пайдо бўлади дейилса, албатта меҳрдан яралади, демак, меҳр-мулойимлик билан оламни ёруғ-мунаввар қилиш мумкин. Игна каби хизмат қилиш деганда беминнат, беғараз яхшилик қилиш тушунилса, инсоннинг асосий мақсади Аллоҳга яқинлашиш, Уни англаш бўладиган бўлса, бу йўл жуда нозик, адашмаслик учун ҳушёр бўлиш кераклиги уқтирилмоқда.

“Рисолаи азиза” Сўфи Оллоёрнинг “Саботул ожизин” асарининг шарҳи бўлиб, “Ҳикояти Робиа алайҳа роҳмаҳ” сарлавҳаси остида Робианинг хотинлар мажлисида кўнглига Аллоҳ таолодан қўрқув тушиб, йиғлагани, етти йилда Каъбага пиёда боргани шарҳланган. Муаллиф, “Айтмишларки, Каъбатуллоҳ Робиа хотун томон юрди, ўзини тавоф қилдирди” деб ёзади [7:108]. Аллоҳнинг Ердаги уйи – Каъба бир ожиза аёлга пешвоз чиқди, бу замоннинг биз каби ғафлатдаги бандалари бу ҳолатни ҳазм қилолмай, уни афсона дейишимиз аниқ, бироқ Аллоҳнинг муқарраб, яқин дўсти, пайғамбарлардан кейин тургувчи авлиёуллоҳ зотлари шу мартабага эриша олганлар. “Рисолаи азиза”да яна ғофил бандалар ҳамма вақтини тириклик ҳаваслари, ўйин-кулгу билан ўтказиши, тавба қилса-да, тавбасида қатъийлик йўқлигини қоралаб, “Эрта билан тавба қилсак, туш вақтида уни бузиб, аввалги хатоларимизга қайтармиз. Бизга Робиа каби камолот топмоққа йўл бўлсин!?”, деб якунлайди шарҳни.

Имом Ғаззолий “Мукошафатул қулуб” асарида ёзишича, бу орифа аёлга қадар мутасаввифлар ижодида Аллоҳдан қўрқув мавзуси кенг ўрин олган бўлса, унинг ижодида эса Аллоҳга муҳаббат бош ғояга айланган. Мазкур китобда бу орифа аёлнинг қуйидаги мисраларини келтириб, чиндан ҳам, севгининг аломати – суйганига мослашмоқ ва севгилиси ёқтирмаган хатти-ҳаракатлардан тийилмоқ деб тушунтиради:

“Севаман!” дейсану, этасан исён,

Бу ҳолинг ажойиб, бўламан ҳайрон.

Итоат қилгин-да, севсанг гар албат

Севган суйганига этар итоат [1:20].     

Робиаи Адавия Ғарбда илк ислом сўфийси сифатида ХIII асрдаёқ танилган ва бемисл шуҳрат қозонган. Немис олимаси Аннамарие Шиммел Робиаи Адавияга “Қирқ сўфий” ва “Жонон менинг жонимда” асарларида юксак баҳо беради: “Робиаи Адавия дунёнинг барча лаззатларидан воз кечишга ундайдиган таркидунёчиликнинг чинакам ишқ, яъни Аллоҳнинг ишқи билан яшашга ундайдиган тасаввуфга айланишида асосий ҳал этувчи рол ўйнайдиган аёлдир” [3:44-45,18].

Исломшунос, рус тасаввуфшунос олими Александр Дмитриевич Книш бу авлиё аёл ҳақида шундай ёзади: Робиа ал-Адавиянинг сўзларига кўра, диний амрларни ва зоҳидликни синчковлик билан бажариш, руҳни барча бегона ташвиш ва эҳтирослардан тозалаш, уни илоҳий севгини идрок этишга, “севгили” ҳақида фикр юритишга ва у билан мулоқот қилишга тайёрлаш керак [4:195-196].

Муҳаммад Сиддиқ Рушдийнинг (XVIII аср) “Тазкиратул авлиёи туркий” асарида: “Хусусан, Робиа ўз вақтида амалда ва маърифатда, яъни худони танимоқда ҳам тенги йўқ эрди. Ва ўз замонидаги авлиёлар ораларида (андин) мўътабари йўқ эрди. Ва анинг илми ўшал замонадақа халойиққа ҳужжати қотеъ (рад этиб бўлмас) эрди, яъни “бу ишни Робиа қилди ва бу сўзни Робиа деди” деса, далил лозим эрмас эрди” [10:76].  

Тадқиқот методологияси. Мақола фалсафа тарихининг бир нечта, жумладан, тарихийлик, таққослаш, герменевтик, мантиқийлик каби  методлари  асосида тайёрланди.

Таҳлил ва натижалар. Робиаи Адавия тасаввуф тарихида ўчмас из қолдирган Иброҳим Адҳам Ҳасан Басрий, Суфён Саврий, Малик бин Динор, Боязид Бистомий каби буюк зотлар билан замондош. У ўзигача ва замонидаги сўфийлардан фарқли равишда мужоҳада йўли билан ўзни таниш, зоҳирий ва ботиний (қалбни ҳасад, риё, ужб, кибр ва шу каби иллатлардан поклаш, шунингдек, тилни ғийбат, ёлғон ва бекорчи сўзлардан тийиш) рўза воситасида покланиш билан Ҳақни танишдан бўлган мақсад-муддаога янгича руҳ ва мазмун бағишлади. У яшашдан, тақводан мақсад ягона – Ёр (Аллоҳ) висоли, деб билди ва ўзининг яшаш тарзи, хатти-ҳаракати, гап-сўзи билан буни амалда исботлади. Аллоҳ ишқи хусусида кенг тўхталган илк сўфий аёл – Робиаи Адавия тасаввуфда илоҳий ишқ тимсолига айланган.

Робиа доим зорилиқ билан бўзлар эди. Айтишар эдики,

– Эй охират аёли! Кўряпмизки, зоҳир бир дард – касалинг йўқ,  нечун бундоқ бўзлайсан?

– Зоҳир хасталигим йўқ,  аммо ботинимда бир дард бор,  табиблар бу дардни ҳеч муолажа қила олмагай. Дардимнинг дармони дўст висолидир!.. –  дер эди [8:151-152].

Робиа  доим шундай муножот қилар эди:

Ё Худованд-о, Подшоҳ-о, Парвардигоро! Менинг ишим ва орзуим дунё саройида Сенинг зикрингдир, охиратда лиқоингдир! (учрашиш, кўришиш, восил бўлиш). Мен заиф ҳолимни арз этдим. Бошқасини, не истасанг, Сен қил! [8:154].

Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут тайр” асарида ўқиймиз:

          Ул аёл эрмасди, юз бир мард эди,

Бор вужуди бирла айни дард эди.

Ғарқи нури Ҳақ эди ул доимо,

Поку мустағрақ эди ул доимо [11:26].

Фаридуддин Аттор Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг “Аллоҳ йўлидаги аёл эрдир” деган ҳадисларини келтириб, “Робиа ўз замонида Хақ муомаласи ва маърифати бобида беназир эди”, дейди. Мазкур асарда иккинчи Марям дея Робиаи Адавияга жуда юқори баҳо беради: “Ул махдуми маҳзураи хос, ул мастураи ихлос, ул сўхтаи ишқу иштиёқ, ул шифтаи қурбу иҳтироқ, Марями сонийи мақбули – Робиъат ул-Адавиййа… раҳматуллоҳи алайҳо…” [8:145] (У хос ходим,  ихлос билан пардаланган, ишқ-иштиёқда куйган…)

Ўзбек мутафаккири Алишер Навоийнинг “Насойимул муҳаббат” тазкирасида Робиаи Адавия ҳақида шундай келтирилган: Суфён андин сўрдики, банда Тенгри таолоға тақарруб тилар нималардин яхшироғи қайсидур? Ул деди, улдурки, билгайки, дунё ва охиратда андин ўзгани севмас [2:479]. Яъни Аллоҳга яқин қиладиган амалларнинг қай бири афзал деб сўралса, Робиа деди: “Бу дунёда ҳам, охиратда ҳам Аллоҳдан ўзгани севмаслик”.

          Хулоса ва таклифлар. Хулоса қилиб қуйидагиларни айтиш мумкин:

  • Робиаи Адавия VIII асрда Ироқнинг Басра шаҳрида яшаб, умргузаронлик қилган.
  • Робиаи Адавия ислом тарихидаги энг машҳур аёл сўфийлардан бири бўлиб, тасаввуф таълимотининг шаклланиши ва ривожига муносиб ҳисса қўшган.
  • Бу орифа аёл тасаввуфнинг илк босқичи – зоҳидлик даврининг таниқли намояндасидир.
  • Робиаи Адавия тасаввуфда илоҳий ишқ ғоясини илгари сурган илк сўфийлардандир.
  • У тасаввуф тарихида илоҳий ишқ тимсолига айланган, Аллоҳга бўлган муҳаббатни энг олий даражада ифода этган орифадир.
  • Унинг ҳаёти ва қарашлари Аллоҳга бўлган холис муҳаббатни тарғиб қилади.
  • Бу орифа аёл сунний агиографиянинг энг яхши вакилларидан бири бўлган.
  • Робиа Ҳақни таниган, Ҳаққа ета олган, яъни тасаввуфнинг маърифат, ҳақиқат босқичларига эриша олган авлиё – Аллоҳнинг яқин дўстидир.

Бинобарин, Яратувчи Зотнинг инсониятни ҳидоят йўлига йўлловчи хос бандалари орасида аёлларнинг ҳам улуши борлиги буюк шарафдир. Робиаи Адавия ва бошқа авлиё аёлларнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, уларни қалбан англаш, илгари сурган инсонпарварлик ғояларини ҳаётимизда тадбиқ этиб, шулар асосида инсон ҳаёти ва жамиятни янада яхшилашга ҳаракат қилиш ўзлигимизни англашга ва инсоний моҳиятимизни тушунишга ёрдам беради.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абу Ҳомид Ғаззолий. Мукошафатул қулуб. Миразиз Аъзам таржимаси. – Т.: Адолат, 
  2. Алишер Навоий. Насойимул муҳаббат. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. 17-том. – Т.: Фан, 2001.
  3. Аннемарие Шиммел. Жонон менинг жонимда. Т.: Шарқ, 1999, 44-45-б.; Хорижда тасаввуф таълимотининг ўрганилиши. Талқин ва таржималар муаллифи Қ.Исмоилов, масъул муҳаррир Ҳ.Болтабоев. – Т.: Мумтоз сўз,  
  4. Ислам: Энциклопедический словарь. – М.: Наука, 1991.
  5. Margaret Smith. Rabi’a the mystic and her fellow-saints in Islam. Cambridge library collection – religion. 2010.
  6. Раҳимов К. Мовароуннаҳр тасаввуфи тарихи: таълимотнинг шаклланиши ва тизимлаштирилиши (VIII- XI асрлар). – Т.: Академнашр, 2020.
  7. Рисолаи азиза – Саботул ожизийн шарҳи//Тузувчи: Б.Ҳасан/. – Т.: А.Қодирий номидаги Халқ мероси нашр., 2000.
  8. Фаридиддин Аттор. Тазкиратул авлиё. Мирзо Кенжабек таржимаси. – Т.: Ўз.МЭ, 1997.
  9. Хожа Ориф Ревгарий. Орифнома. Форс-тожик тилидан Садриддин Салим Бухорий, Исроил Субҳоний таржимаси. – Т.: Наврўз, 1994.
  10. Ҳомидов Ҳ., Остонқулов И. Тазкиратул авлиёи туркий. Мақола. Ёшлик журнали. 1990 йил 8-(август) сон.
  11. Шайх Фаридуддин Аттор Нишопурий. Асрорнома. Форс тилидан Жамол Камол таржимаси. Мантиқут тайр. – Т.: Тамаддун, 2012.
  12. Hanif N. Biographical encyclopaedia of sufis Central Asia & Middle East. – New Delhi, 2002.
Гавҳар ИСТАМОВА,
Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими,
мустақил тадқиқотчи
“Имом Бухорий сабоқлари” журнали 2025-йил 3-сонидан олинди.

Check Also

ҲАДИС АНЪАНАЛАРИДА АЁЛ МУҲАДДИСЛАРНИНГ ИЛМИЙ САФАРЛАРИ: ТАРИХИЙ ВА МАДАНИЙ ТАҲЛИЛ

Кириш: Ислом тарихида аёллар бошидан бошлаб таълим жараёнида иштирок этган. Илм олиш – иймон ва …