Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Меҳнат ва фидойилик эътирофи

Меҳнат ва фидойилик эътирофи

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда Марказ раҳбарияти, касаба уюшмаси фаоллари, илмий ва техник ходимлар иштирок этди.

Маросимда Марказ директори Шовосил Зиёдов касаба уюшмалари ҳар бир меҳнат жамоасида ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда меҳнат ва ижтимоий шароитларни яхшилашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Шунингдек, ташкилотда ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва дўстона муҳитни мустаҳкамлашда касаба уюшмаси фаолларининг масъулияти ва фидойилиги алоҳида эътироф этилди.

Тадбир давомида Марказда узоқ йиллар самарали ва фидокорона меҳнат қилган, бошланғич касаба уюшмаси қўмитасининг раиси сифатида жамоа аҳлининг чуқур ҳурматини қозонган тадқиқотчимиз Йўлдошхон Исаев ҳам ёдга олинди. Инсоннинг қадри ҳаётлигида қилган эзгу ишлари, эл-юрт ва жамоа манфаати йўлида кўрсатган фидойи хизматлари билан ўлчаниши, марҳум ҳамкасбимизнинг ҳалол меҳнати, касбига садоқати ва жамоага меҳр-эътибори қалбларда абадий сақланиб қолиши қайд этилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда 11 ноябрь санасининг Ўзбекистон касаба уюшмалари кун этиб белгиланиши ўзига хос тарихий аҳамиятга эга. 1905 йил айнан шу куни Тошкентда мамлакатимиз тарихидаги илк касаба уюшмаси ташкилотига асос солинган эди. Ушбу тарихий воқеълик ҳамда соҳа ходимларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини инобатга олиб, 2020 йил 23 ноябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ, 11 ноябрь расман Ўзбекистон касаба уюшмалари куни этиб белгиланган.

Касаба уюшмаси – бу нафақат меҳнат ҳуқуқларининг ишончли ҳимоячиси, балки жамоада аҳиллик, адолат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини шакллантирувчи маънавий кучдир. Илм ва маърифат йўлида хизмат қилаётган ҳар бир ходимнинг меҳнати муносиб қадрланиши ва муҳофаза қилиниши барқарор тараққиёт ва юксак натижаларнинг бош омили бўлиб хизмат қилади.

Тадбир сўнгида жамоанинг касаба уюшмаси аъзоларига эсдалик совғалари улашилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Исломшунослик соҳасидаги муҳим мулоқот

5 ноябрь куни Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида “Глобаллашув жараёнида исломни англаш муаммолари” мавзусида VI халқаро …