Home / МАҚОЛАЛАР / Ота-онага яхшилик қилиш саодат калитидир

Ота-онага яхшилик қилиш саодат калитидир

Ваҳб ибн Мунаббиҳдан нақл қилинишича, Аллоҳ таоло Мусо алайҳис  саломга шундай ваҳий қилган экан: “Эй Мусо! Ота-онангни улуғлагин. Кимки ота-онасини улуғласа, унинг умрини узун қилиб, унга ҳам уни улуғлайдиган фарзандни бераман. Ким ота-онасига оқ бўлса, умридан қисқартириб, унга ҳам оқ бўладиган фарзанд бераман”.

Дарҳақиқат, ҳар бир инсонни ўсиб, камолга етишида ота-онанинг хизмати беқиёсдир. Ота-она фарзандига дунёдаги бор яхшиликларни истайди. Фарзандини келажакда комил инсон бўлиб вояга етиши учун қўлидан келган барча имкониятларни муҳайё қилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадисларида ҳам ота-онага, хоссатан онага кўпроқ яхшилик қилишга буюрадилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир одам Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига келиб: “Эй Расулуллоҳ! Яхши муомала қилишимга одамларни энг ҳақлироғи ким?” деб сўради. Жаноб Расулуллоҳ: “Онанг!” деб жавоб бердилар. У: “Ундан сўнг ким?” деб сўради.  Жаноб Расулуллоҳ: “Онанг!” деб жавоб бердилар. У: “Ундан сўнг ким?” деб сўради.  Жаноб Расулуллоҳ яна: “Онанг!” деб жавоб бердилар. У тўртинчи бор: “Ундан сўнг ким?” деб сўради.  Жаноб Расулуллоҳ бу сафар: “Отанг!” деб жавоб қилдилар. Муттафақун алайҳ.

Мазкур ҳадисдан  онанинг фарзанд зиммасидаги ҳаққи отанинг ҳаққидан бир неча бор катта эканлиги, агар ҳар иккаласи баробар ҳолда  фарзандни чорласалар, аввал онанинг чақириғига жавоб бериш лозимлиги маълум бўлади. Чунки онанинг  фарзандини вояга етишида ҳиссаси кўпроқдир. У ҳомилалик вақтида тўққиз ой фарзандини қорнида кўтариб юради. Сўнг унинг гўдаклик вақтида икки йил эмизиб, қанча-қанча тунларни бедор ўтказади.

Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб (Аллоҳ иккаласидан ҳам рози бўлсин) бир киши онасини кўтариб, Каъбани тавоф қилаётганини кўрди. Шунда у киши: Эй ибн Умар! Нима  дейсиз, мен онамнинг ҳаққини бажардимми!? деб сўради. Абдуллоҳ ибн Умар у кишига: Туғруқ вақтидаги бир дақиқасининг ҳаққини ҳам адо қила олмадинг, лекин сен яхши иш қилдинг. Аллоҳ таоло сенинг бу озгина яхши амалинг учун кўп савоблар бергусидир, деди.

 Аллоҳ таоло ўзининг каломи шарифида шундай дейди: “Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “Уф!….” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут ва (дуода): “Эй Роббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”- деб айт!”[1]

 Аллоҳ таоло бандаларига қатъий қилиб фақат ўзигагина ибодат қилмоқликка ва ота-онага яхшилик қилишга буюрди. Уларга яхшилик қилишни ибодат даражасига кўтарди, ҳатто ота-онага яхшилик қилиш баъзи ибодатлардан ҳам афзалроқдир. Ота-онанинг  ҳурматини жойига қўйиб, мудом уларнинг ҳолидан хабар олиб хизматида бўлиш, улар ёқтирмаган нарсалардан йироқ бўлиш, улар вафотидан кейин дўстлари ҳолидан хабар олиб туриш ҳам уларга нисбатан яхшилик қилиш ҳисобланади. Аллоҳ таоло бандаларини ота-онасига ҳатто “Уф” деган сўзни айтмасликка буюради. “Уф” калимаси бирор нарсадан безор бўлганда айтиладиган сўз бўлиб, аслида инсон ўзига етган чанг-ғубор ва шунга ўхшаш ёқимсиз нарсаларни ўзидан даф қилиш учун айтиладиган сўздир. Шунингдек оятда ота-онага бақирмасликка буюрилган бўлиб, улар ҳузурида бошқага бақириш ҳам ота-онага нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади. Жумладан, уларга дунёдаги  энг яхши – чиройли сўзларни топиб сўзлашга ҳамда улар хизмати учун ўзни хору-ҳокисор тутишга  буюриладики, бу ота-онанинг фарзанди олдида нечоғлик улуғ мартабада эканлигини  англатади.

 Дарҳақиқат, ота-оналаримизнинг узоқ умр кўриб, пиру бадавлат бўлиб уйимиз тўрида ўтиришлари ҳеч нарса билан қиёслаб, бўлмайдиган катта бахтдир. Халқимиз: “Қариси бор уйнинг фариштаси бор”, “Қари билганини пари билмас”, деб бежиз айтмаган. Чиндан ҳам, илмли, маърифатли, зиёли, нуроний ота-оналаримиз хонадонимиз зийнатидир.        Аммо, биз яшаб турган дунёда ҳеч нарса абадий бўлмаганидек, ота-оналаримиз ҳам бизга омонат эканлигини унутмаслигимиз лозим. Муқаддас динимиз таълимотларида ота-оналаримиз ҳатто вафот этганларида ҳам уларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром изҳори давом этиши кераклиги уқтирилади. Бир киши ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

“Ота-онам вафотларидан кейин ҳам уларга бирон-бир яхшилик қилишга имкониятим борми?” деб сўради. У жаноб жавоб бериб айтдилар: “Ҳа, уларнинг ҳақларига яхши дуолар қилиш, аҳду-паймонларини бажариш, дўстларини ҳурмат қилиш”.

 Ота-оналарни муносиб равишда иззат-икром қилиш, бой ҳаётий тажрибалардан унумли фойдаланиш, доно панду насиҳатларига қулоқ тутиш ва хайрли ишларни амалга оширишда уларга итоат этиш ҳар бир имонли ва эътиқодли ўғил-қизнинг фарзандлик бурчи ҳисобланади. Ёши улуғ ота-оналаримиз биз учун оилаларимизда нафақат барака гарови, бахтли ҳаёт омилидир, балки охират саодатига элтувчидирлар.

Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир мўмин кишининг мусулмон ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса, битта эшик очади. Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ундан ўша шахс рози бўлмагунича, Аллоҳ рози бўлмайди”, деганлар. 

Бу ҳадисда ота-онамиз воситасида биз учун жаннатдан икки эшик очилиши таъкидланмоқда.  Афсуски, бугунги кунда ўзининг фарзандлик бурчига эътибор қилмайдиган,  ўзига берилган бундай саодат калитини ғанимат билмайдиган кимсалар ҳам бор. Айниқса, айрим ёшларимиз дунёнинг арзимаган муаммоларини сабаб қилиб бирга яшаб турган ота-онасига бефарқ муносабатда бўлишмоқда, ҳатто ота-оналарига нисбатан ҳурматсизлик қилиб қўйишмоқдаки, бу каби ишларни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Аслини олганда, фарзанд агар мулоҳаза қилиб кўрса, унинг ота-онаси фарзанди учун яшаганлигини англаб етади. Ўз вақтида улар болаларининг ўсиб-улғайиб, ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун бор имконият ва куч-ғайратларини сарфлашганлар. Шунингдек,  улар бизларни ҳаётга келишимиздаги энг улуғ фазилат эгаларидир.

 Шунинг учун уларнинг бу хизматларини билиш, қадрига етиш ва уларга итоатда бўлиш фарзандларнинг бурчидир. Бу эса фарзанддан кўп нарса талаб қилмайди. Фарзандлари меҳрини соғинган ота-оналарни бир йўқлаб қўйсак ёки ширин сўзимизни аямасак, шунинг ўзи кифоя.

 Муборак ислом динимизда  ота-онага оқ бўлиш энг катта гуноҳлардан бири  ҳисобланиб, унинг даражаси Аллоҳдан бошқага сиғинадиган кишининг гуноҳи билан тенглаштирилган. Афсуски, ота-онанинг хизматини қилмаслик, уларнинг ҳаққи – мартабасини билмаслик сабабли уларнинг норозилига олиб борадиган нарсалар кейинги авлодларни назаридан бирмунча четда қолиб, бу одатий ҳолга айланиб бормоқдаки, бунинг оқибати инсон учун салбий ҳолатлар билан тугашлиги кўпчиликка маълум нарсадир.  Ана шу салбий оқибатлардан бири ота-онага оқ бўлишдир. “Оқ бўлиш”нинг луғавий маъноси – гапга кирмайдиган, бошқаларни ҳурмат қилмайдиган, деган маънолари мавжуд бўлиб, асл истеъмолда “ўзидан йироқ қилиш, бегона қилиш”  маъноларини англатади. Хоссатан, ота-онага оқ бўлиш – уларга бегона бўлиш маъносида қўлланилиб, ота-она ва фарзанд муносабатларига хос иборадир.

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онасига оқ бўлганлар ҳақида шундай дейдилар: “Энг катта гуноҳлар ҳақида сизларга хабар берайинми? Улар; Аллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлишдир”.  “Тўрт тоифа инсонлар (қилган ишларидан) тавба қилмаган бўлсалар жаннатга кирмайдилар ва жаннат неъматларини татиб ҳам кўрмайдилар. Улар; маст қилувчи ичимликларни кўп истеъмол қилган киши, (ризқини) судхўрликдан ейдиган киши,  етимнинг молини ейдиган киши ва ота-онасига оқ бўлган кишилардир”.  Ота-онасига оқ бўлиб, ҳоли ҳаётларида  ота-онасининг розилигини олмасдан вафот этган кишилар ҳар қанча яхши амал қилган бўлсалар ҳам ҳоҳ тавба қилган бўлсинлар, ҳоҳ тавба қилмаган бўлсинлар улар жаннатга кирмайдилар.

Фарзанднинг ота-онасига оқ бўлиши учун уни ота-онаси “оқ қилдим” дейиши шарт эмас. Ўзи тўқ бўлиб, ота-онасини оч ўтириши, ёки уларнинг дилини оғритадиган ишларни мудом қилиши, ёки уларни норози қилиш амаллари фарзандни ўзи билмаган ҳолда ота-онасига оқ бўлишига олиб келади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уч бора: “Бурни ерга ишқалсин (хор бўлсин)!” дедилар. Саҳобалар: Эй Расулуллоҳ! Кимнинг бурни ерга ишқалсин? деб сўраганларида, у зот: “Ота-онаси ёки улардан бири унинг ҳузурида кексалик ёшига етсаю, уларнинг  хизматини қила олмаган фарзанднинг бурни ерга ишқалсин!” дедилар.

Демак, диний ва миллий қадриятларимиз таълимотларимизда кўрсатилганидек, ота-оналаримиз хизматини қилиб, уларнинг хайрли, барокотли дуоларини олиш учун ҳаракат қилмоғимиз, уларга итоатда бўлиш фарзандлик бурчларимиздан саналиб, бу хизмат биз учун икки дунё саодатига эришмоғимиз омилидир.

[1] Исро сураси. 23-24-оятлар.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЖАМИЯТ БИРДАМЛИГИНИ САҚЛАШДА ДИНЛАР ВА МИЛЛАТЛАР ЎРТАСИДАГИ БАҒРИКЕНГЛИКНИНГ АҲАМИЯТИ

 Инсоният тарихи шуни кўрсатадики, жамият тараққиёти, унинг иқтисодий ва маданий юксалиши биринчи навбатда ўша жамиятдаги …