Home / МАҚОЛАЛАР / ТИЖОРАТ БИЛАН ШУҒУЛЛАНГАН МУҲАДДИСЛАР

ТИЖОРАТ БИЛАН ШУҒУЛЛАНГАН МУҲАДДИСЛАР

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида, айниқса, Макка шаҳрида тижорат аҳолининг энг муҳим тирикчилик манбаларидан бири ҳисобланган. Зеро, Макка сувсиз ва қуруқ иқлимли шаҳар бўлгани сабабли унинг аҳолиси қадимдан савдо-сотиқ билан шуғулланиб келган ва бу борада катта тажриба орттирган эди. Ҳатто Қуръони каримнинг «Қурайш» сурасида ҳам ушбу ҳолат очиқ-ойдин баён этилган:

«Қурайш (аҳолиси)га қулай қилиб қўйгани учун, яъни уларга қишда (Яманга) ва ёзда (Шомга) сафар қилишни қулай қилиб қўйгани учун мана шу Уй(Каъба)нинг Парвардигорига ибодат қилсинлар! Зеро, (У) уларни очликдан (қутқариб) таомлантирди ва хавф (ва хатар)дан хотиржам қилди» (Қурайш сураси, 1-4-оятлар).

Ушбу оятлардан англашиладики, ўша даврда Қурайш қабиласи қиш ва ёз мавсумларида мунтазам равишда савдо сафарларини амалга оширган. Ёз ойларида Шом каби шимолда жойлашган ҳудудларга, қиш мавсумида эса Яман сингари жанубий ўлкаларга йўл олганлар. Бундай савдо алоқалари Сурия, Миср, Ироқ, Эрон, Яман ва Ҳабашистон каби мамлакатларни ҳам қамраб олган эди.

Ислом динининг вужудга келиши билан тижоратнинг аҳамияти янада ортди. Чунки Ислом ўзининг адолат ва ҳалолликка асосланган қонун-қоидалари орқали савдо-сотиқ муносабатларига янгича ҳуқуқий ва ахлоқий мазмун бағишлади. Шу тариқа тижорат фақат иқтисодий фаолият тури сифатида эмас, балки ҳалол меҳнат, ўзаро ишонч ва ижтимоий муносабатларни мустаҳкамлаш воситаси сифатида ҳам намоён бўлди.

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бараканинг ўндан тўққиз қисми тижоратдадир», деган мазмундаги ҳадислари ҳам мусулмонлар орасида савдо-сотиқ билан шуғулланишга рағбат уйғотувчи омиллардан бири сифатида қабул қилинган (ал-Умарий, ал-Ҳираф, 119-б.).

 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу (ваф. 13/635)

Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг болалик ва ёшлик даври, шунингдек, Исломни қабул қилишларидан олдинги ҳаёти ҳақида тарихий манбаларда етарлича маълумот учрамайди. Бироқ у зотнинг кийим-кечак ва мато савдоси билан шуғулланганлари, Исломни қабул қилган пайтларида тахминан 40 000 дирҳам миқдорида сармояга эга бўлганлари маълум. Шунингдек, савдо карвонлари билан Сурия ва Яманга сафар қилганлари ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд. Ривоятларга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йигирма беш ёшларида иштирок этган Сурияга йўналтирилган савдо карвони таркибида Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам бўлганлар.

Ҳижрат вақтида у зот бутун мол-мулкларидан 5000 дирҳамни ўзлари билан бирга олиб келганлар. Мадинаи мунавварага келганларидан кейин ҳам тижорат фаолиятларини давом эттирганлар. Ҳатто Мадина бозорида савдо-сотиқ ишларини амалга оширадиган ўзларига тегишли савдо жойлари ҳам бўлган.

Маълумки, жоҳилият даврида Ҳижоз яриморолида марказлашган ва барқарор давлат тузуми мавжуд эмас эди. Шу сабабли бу ҳудудда ўз тангаларини зарб қилиш амалиёти ҳам ривожланмаган. Зеро, пул зарб этиш, одатда, муайян давлат ҳокимияти томонидан амалга ошириладиган иқтисодий ва сиёсий фаолият тури ҳисобланади. Ислом дини пайдо бўлган илк йилларда ҳам вазият бундан фарқ қилмаган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Ҳижоз ҳудудида асосан унинг ташқарисида зарб қилинган пул бирликлари муомалада бўлган. Булар соф олтиндан тайёрланган динор ва кумушдан зарб этилган дирҳам эди.

Динор Византия давлати томонидан зарб қилинган. У юмалоқ шаклда бўлиб, танганинг бир томонида ўша даврдаги Византия императорининг тасвири акс эттирилган. Шом ва Ҳабашистон каби мамлакатлар билан олиб борилган савдо-сотиқ муносабатлари натижасида ушбу тангалар Ҳижоз ҳудудига олиб келинган. Бир динорнинг оғирлиги 4,25 грамм олтинга тенг бўлган. Етти динор қиймати ўн дирҳамга баробар ҳисобланган.

Дирҳам эса Эронда ҳукмронлик қилган Сосонийлар давлати томонидан зарб этилган. У ҳам юмалоқ шаклда бўлиб, танганинг бир юзида ўша даврдаги Сосоний подшоҳининг сурати тасвирланган. Иккинчи томонида эса оловни асраб турган, қуролланган икки нафар аскарнинг тасвири туширилган. Бу тасвир зардуштийликдаги оташпарастлик эътиқодини ифодалаган.

Ироқ, Ҳабашистон ва Яман каби мамлакатлар билан амалга оширилган савдо алоқалари натижасида дирҳамлар ҳам Ҳижоз ҳудудига келтирилган. Бир дирҳамнинг оғирлиги 2,97 граммни ташкил этган.

Ўша даврда динор ва дирҳамлардан фойдаланишда савдо-сотиқнинг миқдорига қараб турлича усул қўлланилган. Агар олди-сотди ҳажми катта бўлса, пул бирликлари тарози орқали тортиб ҳисобланган, савдо миқдори оз бўлган ҳолларда эса улар донабай санаш усулида муомалага киритилган (ал-Умарий, ал-Ҳираф, 152-б.).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларидан сўнг, Маккадаги тижорат муҳитига кўниккан кўплаб саҳобалар ўз кундалик эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида савдо-сотиқ билан шуғуллана бошладилар. Дастлаб улар Мадина яҳудийлари назорати остида бўлган Бану Қайнуқоъ бозорида тижорат қилиб, тирикчилик ўтказганлар.

Бироқ Мадина бозорининг яҳудийлар қўлида бўлиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мусулмонлар учун мустақил савдо майдони ташкил этиш борасида янги чоралар кўришга ундади. Натижада мусулмонлар асосий ўринни эгаллаган янги бозор ташкил этилди. Кўплаб саҳобалар ушбу Мадина бозорида савдо-сотиқ билан шуғуллана бошладилар. Улар орасида ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳам бор эди (ал-Умарий, ал-Ҳираф, 127–128-бетлар).

Хазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифа этиб сайланганларидан кейин давлат бошқаруви ишлари билан банд бўлганликлари сабабли тижорат фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлдилар. Шу боис уларга байтулмолдан йиллик 6000 дирҳам миқдорида маош тайинланди. Вафотлари арафасида ҳазрат Оиша розияллоҳу анҳуга ўзларининг васиятларини билдириб, маошдан ортиб қолган маблағни байтулмолга қайтаришни топширдилар.

 

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу (ваф. 23/644)

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу жоҳилия даврида Макканинг нуфузли кишиларидан бири бўлганлар. У зотнинг Уккоз ярмаркасида иштирок этганлари, ҳатто баъзан савдогарлар билан савдо-сотиқ масалалари юзасидан баҳс-мунозараларга киришганлари ҳақидаги ривоятларни инобатга олсак, тирикчиликларини асосан тижорат орқали таъминлаганлар, деб айтиш мумкин.

Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларидан кейин ҳам савдо фаолиятларини давом эттириб, Мадина бозоридан ўзларига тегишли савдо жойини эгаллаганлар ва шу ерда тижорат билан шуғулланганлар.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан кейин ўн йил давомида халифалик вазифасини адо этдилар. Халифа бўлганларидан сўнг ҳам байтулмолдан маош олганлар, ҳам тижорат ишларини давом эттирганлар. Моддий жиҳатдан ҳеч қандай қийинчиликлари бўлмаганига қарамай, содда ва камтарона ҳаёт кечиришни афзал кўрганлар. Ҳатто ямоқ туширилган кийимларни кийиб юришни одат қилганлар. Кундалик оилавий эҳтиёжларини қондириш учун икки дирҳам сарфлаганлар.

Кўп рўза тутишлари ва тунги ибодатларга алоҳида эътибор қаратишлари билан танилган ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу зоҳидона ҳаёт тарзини кечирганлар.

 

Хотиб ибн Абу Балтаъа розияллоҳу анҳу (ваф. 30/651)

Хотиб ибн Абу Балтаъа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Бадр, Уҳуд ва Хандақ каби йирик жангларнинг барчасида иштирок этганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотни Миср ҳукмдори Муқавқис ҳузурига элчи сифатида юборганлар.

Хотиб розияллоҳу анҳу моддий жиҳатдан таъминланган кишилардан бўлиб, ўз тирикчиликларини тижорат орқали ўтказганлар. Шунингдек, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу билан тижорат ҳамкорлиги асосида фаолият юритганлар. Вафот этганларида уй-жойлари билан бир қаторда 4000 динордан ортиқ мол-мулкни мерос қилиб қолдирганлар.

Давоми бор…

 

Отабек МУҲАММАДИЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
катта илмий ходими

Check Also

XIX АСР ОХИРИ ВА XX АСР БОШЛАРИДА ТУРКИСТОН ЎЛКАСИДАГИ ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВАЗИЯТ ВА ЖАДИДЧИЛИК ҲАРАКАТИНИНГ ЮЗАГА КЕЛИШИ

 “Умуман, биз жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Бу маънавий хазинани қанча кўп …