16 ноябрь – Халқаро диний бағрикенглик куни муносабати билан мамлакатимизда ўтказилаётган “Халқаро бағрикенглик” ҳафталиги доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари ва диний соҳа ходимлари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳа ривожи йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда жамиятда бағрикенглик ғояларини мустаҳкамлаш, турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик ва мафкуравий барқарорлик тамойилларини қарор топтиришда соҳа вакилларининг фидокорона меҳнати муносиб эътироф этиб келинмоқда.

Мана, бу йил ҳам вилоятдаги қатор давлат ва жамоат ташкилотлари, диний-маърифий муассасаларнинг самарали меҳнат қилиб келаётган вакиллари Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 сентябрдаги тегишли қарори асосида таъсис этилган “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Мукофотларни Самарқанд вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Бобир Каримов тантанали равишда топширди.

Қувонарлиси шуки, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этиш, маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, илмий-маърифий меросни ўрганиш йўлидаги фидокорона хизматлари учун мазкур мукофот билан тақдирланганлар орасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг Бош маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев ҳам бор.

Маросимда сўз олган устозимиз бағрикенглик тушунчасининг теран моҳиятига тўхталиб, оламнинг гўзаллиги унинг хилма-хиллигида эканини, турли миллат ва дин вакилларининг қадриятлари ва эътиқодига ҳурмат билан қараш, тоқатли ва ҳамжиҳат бўлиш халқимизга азалдан хос фазилат эканини таъкидлади. Ушбу юксак мукофот нафақат эътироф, балки юртимиздаги тинчлик, барқарорлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, илмий-тадқиқот фаолиятини янада ривожлантириш ҳамда янги асарлар яратиш йўлида улкан масъулият юклашини қайд этиб, давлатимиз раҳбарияти, Дин ишлари бўйича қўмита ва вилоят ҳокимлигига миннатдорлик билдирди.

Тақдирланганлар мамлакатимизда виждон эркинлиги таъминланаётгани, турли миллат ва дин вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳити қўшни ва хорижий давлатлар учун ҳам намуна бўлаётганини эътироф этди. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун шукроналик билдириб, юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги ва халқимиз фаровонлиги бардавом бўлишини тилаб дуо қилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси номидан мукофотга сазовор бўлган барча юртдошларимизни ҳамда устозимиз Бахтиёр Тўраевни ушбу юксак эътироф билан самимий муборакбод этиб, келгусидаги касбий ва илмий фаолиятида улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




