Home / ЯНГИЛИКЛАР / МАЪРИФАТ, ИЛМ ВА БАҒРИКЕНГЛИККА ТАЯНГАН ЁНДАШУВ

МАЪРИФАТ, ИЛМ ВА БАҒРИКЕНГЛИККА ТАЯНГАН ЁНДАШУВ

Бугунги дунё шиддат билан ўзгараётган, ахборот оқими инсон тафаккури ва дунёқарашига ҳар қачонгидан кўра кучлироқ таъсир кўрсатаётган мураккаб бир даврда жамият хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш масаласи фақат ҳуқуқий ёки маъмурий чоралар билан чекланиб қолмайди.

Зеро, жаҳолатнинг илдизи кўп ҳолларда билимсизлик, тор дунёқараш, ахборотни танқидий таҳлил қила олмаслик, сохта ва ишончли манбаларни ажрата билмаслик, шунингдек, ижтимоий муаммолар ҳамда бузғунчи ғояларнинг асл моҳиятини англамаслик билан боғлиқ.

Шу нуқтаи назардан, “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси оддий шиор эмас, инсонни билим, мустақил тафаккур, ҳуқуқий ва медиасаводхонлик, миллий ва умуминсоний қадриятлар, бағрикенглик ҳамда онгли танлов қобилияти билан қуроллан-тиришга қаратилган кенг қамровли ёндашувдир.

Мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмуни ҳам айнан шу ёндашув билан уйғунлашмоқда. Бу жараённи шартли равишда бир-бири билан узвий боғлиқ бўлган олти йўналишда кўриш мумкин: ҳуқуқий кафолат, маърифат ва таълим, илмий тадқиқот, профилактика, конфессиялараро бағрикенглик ҳамда замонавий ахборот муҳити билан ишлаш.

Айнан ушбу омилларнинг уйғунлиги янги Ўзбекистонда шаклланаётган диний-маърифий ёндашувнинг ўзига хос жиҳатларини белгилаб беради. Диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг биринчи шарти виждон эркинлигини таъминлашдир. Инсон эътиқодига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, унинг диний қарашлари бўйича эркин қарор қабул қилиши учун ҳуқуқий кафолатлар мавжудлиги маърифий ва бағрикенг жамиятнинг муҳим белгиларидан.

Мамлакатимизда бу борадаги ҳуқуқий база босқичма-босқич такомиллаштириб борилди. Хусусан, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши мазкур соҳадаги муносабатларни замонавий талаблар асосида тартибга солиш учун ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлади.

Диний-маърифий соҳани такомиллаштиришга нисбатан комплекс ёндашув шаклланиб, унинг ҳуқуқий, институционал ва илмий асосларини қамраб олган яхлит тизим босқичма-босқич қарор топди. Бу жараён диний-маърифий соҳага муносабат алоҳида муаммоларга жавоб беришдан кўра, тизимли ёндашув асосида ташкил этилаётганини кўрсатади.

Аждодларимиз илмни инсон ва жамият тараққиётининг муҳим омили сифатида қадрлаган. Шу жиҳатдан бугунги маърифий ёндашувни тарихий меросимиздаги илм ва маърифат анъаналарининг замонавий давоми сифатида баҳолаш мумкин.

2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президентимиз “Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз”, деган эди.

Мазкур ёндашув муҳим бир тамойилни ифодалайди: зўравонлик ва бузғунчи ғояларга қарши кураш қатъий ҳуқуқий чоралар билан бир қаторда, уларнинг тарқалишига замин яратувчи ижтимоий ва маърифий омилларни бартараф этишни ҳам қамраб олиши зарур.

Янги Ўзбекистондаги маърифий ёндашувнинг йирик амалий ифодаларидан бири Ислом цивилизацияси марказидир. Унинг аҳамиятини фақат тарихий меросни намойиш этувчи мажмуа сифатида баҳолаш масаланинг моҳиятини тўлиқ очиб бера олмайди. Марказнинг энг муҳим вазифаларидан бири юртимиз заминида шаклланган илмий, диний ва маданий меросни чуқур тадқиқ қилиш, замонавий илмий муомалага киритиш, жаҳон жамоатчилигига етказиш ҳамда мазкур меросни бугуннинг долзарб масалалари билан узвий боғлашдир.

Шу маънода, марказнинг очилиши нафақат муҳим тарихий воқеа, балки тарихий меросга муносабатда янгича ёндашув ифодасидир. Бу ўринда аждодларимизнинг илмга интилиш, изланиш ва инсонпарварлик анъаналарини замонавий авлоднинг интеллектуал салоҳиятига айлантириш, айниқса, муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, марказ янги Ўзбекистондаги кенг кўламли маърифий ислоҳотларнинг ҳам рамзий, ҳам амалий ифодаси сифатида намоён бўлади.

Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий ва Баҳоуддин Нақшбанд номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказларининг ташкил этилиши замирида ҳам улкан мақсадлар мужассам. Уларнинг фаолияти фақат бой тарихий меросимизни муҳофаза қилишдан иборат эмас. Бугун ноёб қўлёзма ва манбаларни тадқиқ этиш, уларни илмий муомалага киритиш ҳамда замон талаблари асосида ўрганиш ушбу марказларнинг бош вазифасига айланган. Мазкур жараён халқаро илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш билан бирга юртимизда кучли тадқиқот мактабларини шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда.

Айни марказларнинг роли икки томонлама аҳамиятга эга: улар бир вақтнинг ўзида ҳам тарихий-диний меросимизни чуқур ўрганади, ҳам жамият учун ишончли илмий манбаларни тайёрлаб беради. Бугун марказлар томонидан чоп этилаётган китоблар, илмий асарлар ва оммабоп рисолалар бу фикримизнинг ёрқин далилидир.

Диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни таълим тизимидан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Олий диний таълимда магистратура босқичининг жорий этилиши, шунингдек, ўқув дастурларининг замонавий талаблар асосида такомиллаштирилиши ҳам ушбу жараённинг муҳим қисми.

Диний таълим муассасаларида ўқитилаётган фан дастурларининг янгиланиши ва янги авлод ўқув адабиётларининг яратилиши эса, ўз навбатида, диний мутахассислар тайёрлашга қўйилаётган талабларнинг ўзгариб бораётганини кўрсатади.

Бугун диний мутахассис фақат диний манбаларни билиш билан чекланиб қолмаслиги керак. У ҳуқуқий саводхон, замонавий ахборот муҳитини тушунадиган, ёшлар билан мулоқот қила оладиган, ижтимоий жараёнларни теран англайдиган ва турли саволларга илмий асосланган жавоб берадиган етук мутахассис бўлиши зарур.

Имом-хатибларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимининг такомиллаштирилиши, ҳуқуқий ва ижтимоий-сиёсий фанлар бўйича махсус модулларнинг жорий этилиши соҳадаги ижобий сифат ўзгаришларининг муҳим кўринишидир.

Агар инсон мустақил фикрлаш, ахборотни танқидий баҳолаш ва далилларни солиштириш қобилиятига эга бўлса, уни сохта ахборот ва манипулятив ғоялар таъсирига тушириш қийинлашади.

Шу боис, инсоннинг ишончли ва сохта манбаларни ажрата олиши, ахборотни танқидий баҳолай билиши, турли қарашларни ўзаро солиштириши, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини чуқур англаши, бошқа эътиқод вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлиши ҳамда қабул қилган қарорлари учун масъулият ҳис қилиши жуда муҳим. Айнан мана шу кўникмалар мажмуи жамиятнинг маънавий ва интеллектуал барқарорлигини янада мустаҳкамлайди.

Бугун диний-маърифий ишлар маҳалла, таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ва ёшларга яқинлаштирилган ҳолда ташкил этилмоқда. Бу жараёнда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари ва маҳаллий аҳолининг эҳтиёжлари тўлиқ инобатга олинмоқда. Зеро, бир ҳудудда ахборот саводхонлиги долзарб масала бўлса, бошқа бир ҳудудда ёшлар билан ишлаш ёки оилавий-ижтимоий масалалар устувор аҳамият касб этиши мумкин.

Маърифий ишлар ягона қолип асосида эмас, балки аудитория ва ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, маърифий ишларнинг мазмуни ва шаклини жойлардаги реал эҳтиёжларга мослаштириш, амалий таъсирчанлигини ошириш имконини бермоқда.

Диний-маърифий соҳадаги ишлар мазмун ва шакл жиҳатидан ҳам замонавий аудитория эҳтиёжларига мослашиб бормоқда. Айниқса, ёшлар билан ишлаш жараёнида фақат тайёр маърузалар билан чекланиб қолмай, очиқ мулоқот, савол-жавоб, фикр алмашиш ва далиллар асосида хулоса чиқаришга йўналтирилган ёндашувларга устувор аҳамият берилмоқда.

Бундай тадбирларда иштирокчиларнинг фаол фикр билдириши, саволлар бериши ва турли қарашларни муҳокама қилиши учун барча имконият яратилмоқда. Шу боис, маърифий ишларнинг самарадорлиги фақат қамров кўлами ёки иштирокчилар сони билан эмас, балки уларда шаклланган билим, қараш ва кўникмалар даражасида ҳам баҳоланмоқда.

Ёшларнинг ахборотни асосан интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали қабул қилиши диний-маърифий соҳада рақамли контентнинг аҳамиятини янада оширяпти. Шу муносабат билан мазкур соҳада рақамли платформалар ва ижтимоий тармоқлар орқали маърифий контент тарқатиш амалиёти кенгайиб бормоқда.

Бу жараёнда асосий эътибор контентнинг сонига эмас, балки унинг сифати, тушунарлилиги ва муайян аудитория эҳтиёжларига мослигига қаратилмоқда. Зеро, замонавий ахборот муҳитида маърифий контентнинг таъсирчанлиги унинг қанча кўп тарқатилгани билан бирга инсонга қанчалик тўғри ва ишончли ахборотни етказа олгани билан ҳам белгиланади.

Интернетдаги бўшлиқни, албатта, кимдир тўлдиради. Агар ишончли, илмий асосланган ва маърифий контент етарли бўлмаса, турли сохта талқинлар учун майдон кенгайиб кетиши мумкин. Шу маънода, аудитория қаерда бўлса, маърифат ҳам айнан ўша ерда бўлиши керак.

Диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни конфессиялараро тотувлик ва ўзаро ҳурмат муҳитини шакллантириш жараёнидан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Кўп миллатли ва кўп конфессияли жамиятда турли эътиқод вакилларининг ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик асосида яшаши ижтимоий барқарорликнинг энг муҳим омилларидан.

Шу нуқтаи назардан, конфессиялар иши бўйича кенгаш фаолияти такомиллаштирилиб, ҳудудий механизмлар ривожлантирилмоқда ҳамда турли конфессиялар ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ишлар изчил бажарилмоқда.

Бағрикенглик — бошқа инсоннинг ҳуқуқлари, эътиқоди ва қарашларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш маданияти. Шу маънода, турли диний конфессияларнинг юбилейи, маданий-маърифий ва бошқа жамоатчилик тадбирларини ўтказиш борасидаги амалиёт конфессиялараро мулоқот ва ўзаро ҳамкорлик механизмлари мустаҳкам шаклланаётганини кўрсатади.

Бундай мулоқот муҳитининг мустаҳкамланиши турли эътиқод вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва ишончни кучайтиришга, жамиятда ҳамжиҳатлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Амалга оширилаётган ўзгаришларда фуқароларнинг диний эҳтиёжларини замонавий, қулай ва қонуний асосда таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳаж ва умра зиёратларини ташкил этишда қулайликлар оширилиши, электрон хизматларнинг жорий қилиниши, диний таълим олиш имкониятларининг кенгайиши, шунингдек, диний саволларга малакали жавоб олиш имкониятининг ривожланиши шулар жумласидан.

Бу жараёнларда асосий эътибор фақат тизим ва институтларнинг такомиллашувига эмас, балки уларнинг инсон учун яратаётган амалий имкониятларига ҳам қаратилмоқда. Яъни фуқаронинг ҳуқуқлари, вақти, турли эҳтиёжлари, саволлари ва маънавий талаблари ислоҳотларнинг муҳим мезонлари сифатида намоён бўлмоқда. Зеро, ҳар қандай тизимнинг самараси инсон ҳаётини қанчалик енгиллаштириб, унинг ҳуқуқ ва эҳтиёжларини қай даражада таъминлаётгани билан белгиланади.

Аждодларимиз меросини ўрганишда бош мақсад фақат уларнинг номини такрорлаш ёки тарихий хотирани тиклаш билан чекланмайди. Асосий вазифа улар қолдирган бой илмий мерос, анъана ва қадриятларни янги авлоднинг интеллектуал салоҳиятига айлантиришдир.

Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа кўплаб алломаларимизнинг мероси бугун янги илмий тадқиқотлар объектига айланмоқда. Бу жараён тарихий меросимизга муносабатнинг тубдан ижобий томонга ўзгараётганини кўрсатади.

Мазкур жараёнларни яхлит тизим сифатида кўрсак, янги Ўзбекистонда шаклланаётган ёндашувни шартли равишда олти асосий хусусият билан ифодалаш мумкин.

Биринчидан, ҳуқуқий кафолат.Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолияти учун ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш маърифий муҳитнинг институционал пойдеворини яратади.

Иккинчидан, маърифат ва таълим. Диний билимни замонавий таълим, ҳуқуқий ва медиасаводхонлик ҳамда мустақил фикрлаш кўникмалари билан уйғунлаштириш инсоннинг интеллектуал иммунитетини кучайтиради.

Учинчидан, илм-фан ва тарихий мерос. Буюк алломаларимиз меросини илмий тадқиқ этиш, қўлёзма ва манбаларни ўрганиш ҳамда уларни замонавий илмий муомалага киритиш тарихий хотирани интеллектуал ресурсга айлантиради.

Тўртинчидан, профилактика. Радикализм ва экстремизмга қарши курашда ҳуқуқий чоралар билан бир қаторда таълим, ёшлар билан мулоқот, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ахборот саводхонлигига эътибор қаратиш хавф-хатарларнинг илдиз омилларини камайтиришга қаратилган.

Бешинчидан, бағрикенглик ва мулоқот.Турли конфессия вакилларининг ўзаро ҳурмати, очиқ мулоқот ва ҳамкорлик муҳитини ривожлантириш ижтимоий барқарорликнинг энг муҳим омилларидан.

Олтинчидан, рақамли билим ва маърифат. Ёшлар ва кенг жамоатчилик ахборотни асосан рақамли муҳитдан олаётган бугунги шароитда ишончли, сифатли ва тушунарли маърифий контент яратиш янги давр талабига айланмоқда.

Айнан ушбу йўналишларнинг ўзаро уйғунлиги янги Ўзбекистонда шаклланаётган ёндашувнинг асосий хусусиятларини белгилаб беради.

Диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг мазмунига теран назар ташласак, улар бир-бири билан узвий боғлиқ жараёнларни қамраб олганини кўрамиз. Буларнинг барчасини бирлаштириб турган бош ғоя эса “Жаҳолатга қарши маърифат”дир. Унинг мазмуни оддий, аммо стратегик аҳамияти жуда катта: инсонга тайёр фикр бериш эмас, балки уни мустақил фикрлай оладиган даражага етказиш; билим билан қуроллантириш; зарарли ғояларга қарши фақат тақиқлар билан эмас, соғлом дунёқараш билан қарши туриш; шунингдек, тарихни шунчаки эслаш эмас, ундан келажак учун интеллектуал куч ва озуқа олишдир.

Шу маънода, жаҳолатга қарши курашнинг энг ишончли йўли фақат унинг оқибатлари билан эмас, балки сабаблари ва илдизлари билан ишлашдир. Бу эса узоқ муддатли ёндашувни талаб қилади. Чунки маърифат бир кунда натижа бермайди. Аммо инсонда мустақил тафаккур, билим ва масъулият шаклланса, бу натижа жамиятнинг узоқ муддатли барқарорлигига хизмат қилади.

Илҳом МАЪРУПОВ,
Дин ишлари бўйича қўмита раисининг маслаҳатчиси
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2026 йил 14 октябрь, №212 (1811)

Check Also

Яна бир тадқиқотчимизнинг илмий мақоласи – АҚШнинг нуфузли журналида

Аввал хабар қилинганидек, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Шукурилло Умаров ва Нодир Қобиловнинг …