Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбариятининг Туркияга амалий ташрифи доирасида Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA)нинг Истанбулдаги Бош қароргоҳида ушбу муассаса Бош директорининг ўринбосари, профессор, доктор Ченгиз Томер ва профессор Аширбек Мўминов билан учрашув бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, Ибн Халдун университети билан ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб келмоқда. Университет вакиллари ва профессор-ўқитувчилари илгари Марказга ташриф буюриб, илмий ходимлар ва тадқиқотчилар учун онлайн семинарлар ҳамда нодир қўлёзмаларни тадқиқ этишга бағишланган тадбирларда фаол иштирок этган.
Мулоқотлар чоғида икки муассаса ўртасидаги кўп йиллик самарали алоқаларни янги мазмун билан бойитиш, ҳамкорлик кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.
Хусусан, томонлар иштирокида амалга оширилаётган “Марказий Осиё – Ислом маданияти ва санъати ўчоғи” илмий лойиҳаси доирасидаги амалий ишлар кўриб чиқилди.
Мулоқотда исломий қўлёзмаларни каталоглаштириш, рақамлаштириш ва илмий тадқиқ қилиш, буюк алломалар меросини чуқур ўрганиш ва ушбу йўналишдаги қўшма тадқиқотларни изчил давом эттириш юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, илмий ходимлар ва тадқиқотчиларнинг тажриба алмашувини кучайтириш ва истиқболдаги қўшма тадбирлар режалари бўйича келишувларга эришилди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




