Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ва Марказ директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев 12 октябрь куни Туркия Республикасига амалий сафарини бошлади.

Ташрифнинг асосий мақсади – Туркиянинг етакчи илмий-маърифий марказлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ислом цивилизацияси ва маданий меросини тадқиқ этишда тажриба алмашишни кенгайтириш, истиқболли қўшма тадқиқот ва илмий лойиҳаларни йўлга қўйишдан иборат.

Марказ раҳбарияти даставвал Истанбул Маданиятлараро ҳамжиҳатлик, таълим ва тадқиқот жамғармаси (İKADAV — İstanbul Kültürler Arası Dayanışma, Eğitim ve Araştırma Vakfı)га ташриф буюрди.
Ташриф доирасида Жамғарма Бошқаруви раиси, профессор, доктор Ўмер Кўркмаз билан учрашув ўтказилди.

Мулоқотда томонлар ўртасида илк ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилиб, истиқболдаги режалар ва муҳим йўналишлар белгилаб олинди. Келажакда Имом Бухорийнинг ҳаёти ва бой илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этишга қаратилган янги илмий лойиҳаларни амалга ошириш, биргаликда халқаро конференциялар ва бошқа тадбирларни биргаликда ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

İKADAV раҳбари Ўзбекистонда ислом цивилизацияси ва алломалар меросини ўрганиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликни изчил ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




