Олдинги мақолаларда шубҳага ўрин қолдирмайдиган далиллар билан пайғамбарлик китоб нозил бўлиши эмас, ваҳий келиши билан собит бўлиши баён қилинди. Шу асосда ваҳийнинг икки тури – тиловат қилинадигани ва тиловат қилинмайдигани борлиги ҳам кўрсатиб берилди.
Шунингдек, биринчи қисмда Аллоҳ таолодан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тиловат қилинмайдиган ваҳийлар ҳам келгани Қуръони карим оятлари ва қатъий ақлий далиллар асосида исботланди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ана шундай ваҳий жумласидандир.
Бу сафар эса ҳадис динда ҳужжат эканини ва мўминлар унга эргашиши шартлигини баён қилинади. Шунингдек, унга хилоф иш қилиш ё рад этиш мўминларга жоиз эмас экани очиб берилади.
Бу масалани ёритишда ҳам асосан Қуръони карим оятлари билан кифояланамиз. Албатта, улар ояти карималарни қўллаб-қувватлаш ва янада мустаҳкамлаш мақсадида бир қанча саҳиҳ ҳадисларни ҳам келтирамиз.
Бу қисмни бир муқаддима билан бошласак. Ҳадиснинг динда ҳужжат экани ҳақида ақл тасаввур қилиши мумкин бўлган уч эҳтимолни кўриб чиқайлик.
Биринчиси: ҳадислар тўлалигича ҳужжатдир.
Иккинчиси: ҳадисларнинг бир қисми ҳужжат, бошқа қисми ҳужжат эмас.
Учинчиси: ҳадисларнинг ҳеч бир қисми ҳужжат эмас.
Масаланинг асосий қисмига, яъни Қуръони каримдан ҳадис шаръий ҳужжат эканини кўрсатувчи далилларни келтиришга киришишдан олдин охирги икки эҳтимол нотўғри эканини қисқача далиллар билан кўрсатиб ўтишни маъқул топдик.
Иккинчи эҳтимол қатъиян нотўғри. Чунки бунда бир қисмни бошқа қисмдан устун қўйиш учун ҳеч қандай асос йўқ. Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари, амаллари ва тасдиқларидан бир қисмини қабул қилиб, унга эргашиш учун бошқа қисмидан устун қиладиган асос ҳам мавжуд эмас. Бундан ташқари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан қайси бири қабул қилиниши, қайси бири эса қабул қилинмаслигини аниқ ажратиб берадиган нақлий ёки ақлий асос ҳам йўқ. Бу эса икки хил муаммога олиб келади.
Биринчидан, ҳадисларга амал қилишнинг имкони қолмайди. Чунки амал қилиниши керак бўлган ҳадисларни аниқ билиш ва уларни бошқаларидан ажратишнинг иложи бўлмай қолади.
Иккинчидан, бундай ёндашув ҳадисларни ҳар ким ўз фикри ва ҳавойи хоҳишига қараб талқин қилишига олиб боради. Бунда ҳар бир киши нақл ёки тўғри ақлий далилга асосланмаган ҳолда, ўз хоҳиши ва қарашларига мос келадиган ҳадисга амал қилиб кетаверади. Ўз фикри ва хоҳишига мос келмайдиган суннатни эса тарк этади. Оқибатда умматнинг ҳар бир вакили ёки ҳар бир гуруҳи бошқаларникидан фарқ қиладиган алоҳида динни шакллантириб олиши мумкин. Бундай ҳолатни дин эгаси у ёқда турсин, ақл-ҳуши жойида бўлган инсоннинг ўзи ҳам маъқулламайди.
Учинчи эҳтимол иккинчисидан ҳам батамом нотўғридир. Чунки бунақа қараш Аллоҳ таолонинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш ҳақидаги амрини бекор қилишга олиб боради. Бу эса, Ҳақ таоло ва Расули акрам алайҳиссаломга очиқдан-очиқ қарши чиқишни, жўн айтганда, куфрни англатади. Чунончи, Оли Имрон сурасининг 32-оятида бу очиқ баён қилинган: “Айтинг: «Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этингиз!» Агар юз ўгирсалар, Аллоҳ, шубҳасиз, кофирларни суймас”.
Учинчи эҳтимолга суяниш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш, сўзларини амал ва ижро учун қабул қилиш, у зотга эргашишни буюрувчи ўнлаб бошқа оятларни ҳам рад этишни англатади. Шунингдек, Пайғамбар алайҳиссаломга осий бўлишни бирор шарт ва истисносиз тақиқловчи оятларни ҳам инкор қилишга олиб боради.
Чуқурроқ мушоҳада қиладиган бўлсак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ҳужжат саналмаса ва уларни қабул қилиш вожиб бўлмаса, Қуръони карим Аллоҳ таолонинг каломи экани ҳам, унинг ҳужжатлиги ҳам собит бўлмай қолади. Чунки унинг илоҳийлиги фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари билан маълум бўлган.
Шу тариқа бу эҳтимолга таяниш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлигини ҳам йўққа чиқаришга олиб боради. Чунки ҳар қандай илоҳий элчининг, жумладан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлиги фақат унинг ўзини пайғамбар деб эълон қилиши ва «Аллоҳ таоло мени пайғамбар ва расул қилиб юборди» деб айтиши билан собит бўлади. Расулнинг расул экани ҳам, илоҳий каломнинг Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган ва тиловат қилинадиган ваҳий экани ҳам ваҳий орқали маълум бўлади.
Ўз-ўзидан келиб чиқадики , Набий ﷺ Аллоҳнинг Пайғамбари ва Расули эканлари ҳам, Қуръоннинг Ҳақ таоло томонидан нозил қилинган ваҳийлиги ҳам тиловат қилинмайдиган ваҳий, яъни ҳадис орқалигина собит бўлади.
Шу жиҳатдан ҳадислар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлиги тасдиқ топиши, Қуръони каримнинг ҳақ экани тасдиқланиши, ислом динининг асослари ва фаръий ҳукмлари собит бўлиши учун – бугунги кун истилоҳи билан айтганда – асосий ҳуқуқий асосдир. Бундан бошқа манбанинг ўзи йўқ.
Пайғамбарлик собит бўлмай туриб, соддароқ айтганда, Расули акрам алайҳиссаломнинг элчилигига имон келтириб, ҳадисларини қабул қилмагунча исломда бирор ҳукм чиқаришнинг иложи йўқ. Негаки, пайғамбарлик у зотнинг Аллоҳ таоло томонидан расул ва набий этиб юборилганини эълон қилишлари, бу даъво мўъжизалар ва пайғамбарлик аломатлари билан тасдиқланиши орқали собит бўлган. Бу эълон ҳам, тасдиқ ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан биридир. Яъни, кўриб турганимиздек, исломда ҳуқуқий пойдеворнинг замирида ҳадислар – биринчи навбатда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан чиққан сўзлар турипти. Оят ҳам, ҳадис ҳам аввал лафз орқали инсонларга етиб борган. Шундай бўлгач, ҳадисларга риоя этмаслик исломнинг манбаини рад этиш билан баробар саналади. Бу эса, исломнинг ўзини инкор қилиш демакдир.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




