Home / МАҚОЛА / ГУНОҲИ КАБИРА ҚИЛГАН КИШИ ШАФОАТ ҚИЛИНАДИМИ?

ГУНОҲИ КАБИРА ҚИЛГАН КИШИ ШАФОАТ ҚИЛИНАДИМИ?

(“Ал-Эътимод фил эътиқод” асари асосида)

Шафоат – қиёмат куни бошқа биров учун манфаат келтириш ёки зарарни даф қилишда воситачи бўлишдир. Шафоатнинг барчаси ёлғиз Аллоҳнинг ихтиёридадир. У Аллоҳ таолонинг мўмин бандалар учун берадиган буюк неъматидир. Ҳар бир мўмин банда қиёмат куни шафоатдан насибадор бўлишга умид қилади.

Баъзи фаришталар баъзи одамларни ва баъзи одамлар ҳам баъзиларини шафоат қилади. Пайғамбарлар ўз умматларини шафоат қилади. Баъзи ота-оналар ўз фарзандларини шафоат қилади. Баъзи фарзандлар ўз ота-онасини шафоат қилади. Энг катта шафоат эгаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Аллоҳ таоло: “Шояд, Роббинг сени мақталган мақомда тирилтирса”[1], деган. Саҳоба ва тобеинларнинг катта қисми “мақталган мақомда” деган иборани “шафоат мақоми”, деб тафсир қилган.

Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, Аллоҳ таоло гуноҳи кабира қилган кишини шафоатсиз ҳам кечириши мумкин. Шундай экан унинг Пайғамбарлар ва солиҳларнинг шафоати билан кечирилиши ундан ҳам афзалроқ саналади.

Мўътазилалар наздида гуноҳи кабира қилган кишини шафоат қилиш мумкин эмас. Улар: “Гуноҳи кабира қилган киши фосиқдир, мўмин ҳам, кофир ҳам эмас. У икки манзил орасида бўлади. Тоат-ибодатлари фойда бермайди. Унинг афв ва мағфират қилиниши мумкин бўлмайди”, дейди. Уларнинг наздида уни кечириш худди кофирни кечиришга ўхшайди. Бу нотўғридир.

Аллоҳ таоло:

﴿يَوْمَ نَحْشُرُ الْمُتَّقِينَ إِلَى الرَّحْمَنِ وَفْدًا (85) وَنَسُوقُ الْمُجْرِمِينَ إِلَى جَهَنَّمَ وِرْدًا (86) لَا يَمْلِكُونَ الشَّفَاعَةَ إِلَّا مَنِ اتَّخَذَ عِنْدَ الرَّحْمَنِ عَهْدًا (87) ﴾

“Тақводорларни Раҳмон ҳузурига меҳмон ҳайъати этиб тўплаган кунимизда. Жиноятчиларни жаҳаннамга чанқоқ ҳолларида ҳайдаймиз. Улар шафоатга молик бўлмаслар. Магар ким Раҳмон ҳузурида аҳду паймон олган бўлса (молик бўлур)”[2], деган. Гуноҳи кабира эгаси эса Раҳмоннинг ҳузурида имон ва тавҳид билан аҳду паймон олгандир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким “Лаа илааҳа иллаллоҳ” деб, У Зотга бирор нарсани шерик қилмаса, у Раҳмоннинг ҳузурида аҳду паймон олгандир”, деганлар[3]. Демак, ушбу оят гуноҳи кабира эгасини ҳам қамраб олади.

Аллоҳ таоло яна:

﴿وَلَا يَشْفَعُونَ إِلَّا لِمَنِ ارْتَضَى﴾

“У(фаришта)лар фақат У Зот рози бўлган шахсларнигина шафоат қилурлар”[4], деган. Гуноҳи кабира эгаси эса имони, тоати ва тавҳиди сабабли Аллоҳ таоло рози бўлган шахслардан ҳисобланади. Мўминдаги тавҳид уни Аллоҳ рози бўлганлар аҳлидан қиладиган энг улуғ тоатдир. Хабарда: “Тарозининг бир палласига етти осмон, бир палласига “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимаси қўйилса, “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимаси оғир келади”, дейилган[5].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг шафоатим умматимнинг гуноҳи кабира қилганлари учундир”, деганлар. Бу машҳур ҳадис. Бошқа ҳадисда у зот: “Қиёмат куни менинг шафоатим билан энг саодатли бўладиган инсонлар – қалбидан холис ҳолда “Ла илаҳа иллаллоҳ”, деб айтганлардир”, деганлар. Яна бир ҳадисда: “Умматимдан бир кишининг шафоати билан Бани Тамимдан ҳам кўпроқ киши жаннатга киради”, деганлар.

Хулоса қилганда, гуноҳи кабира қилган киши ҳам шафоат қилиниши жоиз саналади. У Аллоҳнинг раҳмати ва шафоат қилувчиларнинг шафоати билан мағфират қилиниб, бир йўла жаннатга кириши ёки қилган гуноҳларига яраша дўзахда азобланиб, сўнг жаннатга кириши жоиздир. Яъни, гуноҳкор мўминлар дўзахда абадий қолмайди. Кофирлар эса дўзахда абадий қолади ва мағфират қилинмайди.

[1] Исро сураси, 79-оят.
[2] Марям сураси, 85-87-оятлар.
[3] Абул Баракот Насафий. Ал-Эътимод фил эътиқод. Др.Абдуллоҳ Муҳаммад Исмоил тадқиқи. – Қоҳира: Мактабатул азҳарийя лит турос, 2011. –Б.419.
[4] Анбиё сураси, 28-оят.
[5] Шужоуддин Туркистоний. Шарҳул ақидатит Таҳовийя. –Уммон: “Дор ан-нур”, 2022. –Б.150.
Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Устозга эҳтиром — келажак авлодга эҳтиром

Илм-маърифат тараққиёти, аввало, устознинг жамиятдаги мақоми ва шогирднинг унга бўлган ҳурматидан бошланади. Зеро, устоз инсонни …