Самарқанд шаҳридаги Чокардиза қабристонида буюк фақиҳ ва мутафаккир олим Бурҳониддин Марғиноний қабрини тадқиқ қилиш бўйича олиб борилган илмий изланишлар натижалари муҳокама этилди.

Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, диний-маърифий соҳа муассасалари ва тарихчи олимлар иштирок этди. Муҳокамада, хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази мутахассислари, Ҳадис илми мактаби устоз ва талабалари, Самарқанд археология институти раҳбарияти ҳамда Маданий мерос агентлиги вакиллари сўнгги уч йил давомида мазкур йўналишда амалга оширилган илмий тадқиқотлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Қайд этилганидек, Чокардиза қабристонидаги изланишлар давомида Бурҳониддин Марғинонийнинг эҳтимолий дафн жойи бўйича археологик, эпиграфик ва манбашунослик таҳлиллари олиб борилган. Ушбу жараёнда тарихий манбалар, ёзма ҳужжатлар ва илмий мулоҳазалар чуқур солиштирма таҳлил қилинди.
Муҳокама якунида тадқиқотчилар мавжуд далил ва илмий хулосаларни ўзаро таққослаб, Бурҳониддин Марғинонийга мансуб қабр жойлашуви борасида илмий жиҳатдан асосланган охирги тўхтамга келди. Бу натижа мамлакатимиздаги диний ва илмий меросни тиклаш йўлида муҳим қадам бўлди.

Тадбирда, шунингдек, Чокардиза қабристонидаги археологик ишлар ва тарихий обидаларни муҳофаза қилиш, уларни илмий асосда ўрганиш ҳамда келгусида жамоатчиликка кенг тарзда танитиш масалалари муҳокама этилди.

Қатнашчилар бу жараённи Ўзбекистоннинг маънавий ҳаётидаги муҳим воқеа сифатида баҳолаб, тадқиқот натижаларини халқаро илмий жамоатчиликка етказиш бўйича таклифлар ҳам билдирди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




