Ўзбекистоннинг буюк цивилизация мероси ЮНЕСКО минбаридан жаҳонга намойиш этилди. Икки кунлик халқаро анжуманлар эса Шарқ ва Ғарб ўртасидаги кўп асрлик илмий-маданий мулоқотнинг янги саҳифасини очди.
Буюк цивилизациялар меросини асраб-авайлаш, уни илмий асосда ўрганиш ва жаҳон ҳамжамиятига етказиш Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев илгари сураётган маънавий-маърифий ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ЮНЕСКО, БМТ тизимидаги бошқа нуфузли халқаро майдонларда, дунёнинг етакчи давлатлари илмий ва маданий марказларида кенг тақдим этиш ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилади.
Франция пойтахти Парижда 7-8 октябрь кунлари ўтказилган йирик халқаро тадбирлар Ўзбекистоннинг бой тарихий, илмий ва маънавий меросига бағишланган муҳим мулоқот майдонига айланди.
Мовароуннаҳрдан Сена соҳилларигача
Париж сайёрамизнинг энг йирик дипломатия ва маданият марказларидан бири сифатида алоҳида мавқега эга. Шу боис Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тақдимотининг айнан Париж шаҳрида ўтказилиши чуқур рамзий маънога эга. Зеро, бу сафар минг йиллар давомида Шарқ илмий тафаккурини юксалтирган буюк алломалар мероси Ғарбнинг йирик маърифат минбарларидан бирида яна бир бор янгради.
Икки кунлик тадбирларда Франциянинг таниқли олимлари, етакчи илмий муассасалар вакиллари, университетлар профессор-ўқитувчилари, талабалар, музей ва кутубхона мутахассислари, дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари фаол иштирок этди.
ЮНЕСКО бош қароргоҳида “Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий ва илмий мероси ҳамда маърифат уфқлари” мавзуида халқаро анжуман ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг махсус тақдимоти бўлиб ўтди.
Нуфузли анжуманда марказ директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация қатнашди.
Ўзбекистон ҳудудида шаклланган буюк илмий мактаблар, мусулмон Шарқининг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси ҳамда юртимизда бу бебаҳо меросни тадқиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар анжуман иштирокчиларининг диққат марказидан жой олди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида тақдим этилган маълумотлар, намойиш қилинган фильмлар, видеороликлар қатнашчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Марказ музей экспозициялари, бой қўлёзмалар ва китоблар хазинаси, илмий тадқиқотлар, халқаро ҳамкорлик лойиҳалари, рақамли технологиялар ва маърифий ташаббусларни бирлаштирган илмий-маданий мажмуа сифатида шакллантирилган.
Илмий-маданий мерос — цивилизациялар ўртасидаги кўприк
Париж анжуманида билдирилган мулоҳазалар Ўзбекистонда кечаётган маърифий жараёнларга халқаро ҳамжамиятнинг қизиқиши мунтазам ортиб бораётганидан дарак берди. Хусусан, ICESCO бош директори Салим ал-Малик ўз маърузасида ислом тамаддуни тинчлик, биродарлик, маданият ва илм-фан цивилизацияси эканини алоҳида таъкидлади.
— Маданий мерос халқлар, авлодлар ва цивилизациялар ўртасида кўприк вазифасини бажаради. Илм-фан ҳамда таълимга таянган ҳамкорлик эса турли маданият ва жамиятлар ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлайди. Бу борада Ўзбекистон раҳбари муҳтарам Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ишлар диққатга сазовор, — деди у.
IRCICA бош директори, профессор Маҳмуд Эрол Қилич эса “Маънавий мерос, тафаккур уйғониши ва замонавий тараққиёт” номли маърузасида тарихий тажриба ва маънавий қадриятларга бугунги дунё эҳтиёжлари нуқтаи назаридан ёндашиш муҳимлигини қайд этди.
Италиянинг Милан Дизайн университети профессори Марио Таддеининг Хоразмий, Ибн Сино, Беруний сингари буюк алломаларнинг Европа уйғониш даври, айниқса, Леонардо да Винчи кашфиётларига катта туртки бергани ҳақидаги маърузаси ҳам йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.
Париждаги тақдимот Ўзбекистоннинг тарихий меросини намойиш этиш билан бирга, жаҳон илм-фани тараққиётида мамлакатимиз тутган муҳим ўринни қайта англашга чорлаган халқаро воқеага айланди.
Олти асрлик тарихга эга дипломатик мулоқот
Париждаги тадбирларнинг иккинчи куни — 8 октябрда Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонасида соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро илмий анжуман бўлиб ўтди. Тарих саҳифаларига назар ташласак, Амир Темурнинг Европа давлатлари билан алоқалари орасида Франция алоҳида ўрин тутганига гувоҳ бўламиз. Соҳибқирон билан Франция қироли Карл VI ўртасида дипломатик ёзишмалар олиб борилгани маълум. Бу мактублар бир-биридан минглаб чақирим узоқда жойлашган икки сиёсий куч ўртасидаги муносабатлардан дарак берувчи тарихий ҳужжатлардир. Улар Ўрта асрлардаёқ Шарқ ва Ғарб ўртасида фаол дипломатик алоқалар мавжуд бўлганини кўрсатади.
Францияда Амир Темур ва темурийлар тарихини ўрганишнинг ўзига хос илмий анъаналари шаклланган. Анжуманда бу йўналишда узоқ йиллардан буён изланиш олиб бораётган таниқли француз олимлари иштирок этди.
Жумладан, Темурийлар санъати ва тарихи ассоциацияси президенти Фредерик Бопертюи-Брессан Амир Темурнинг санъат ва маданият ҳомийси сифатидаги фаолияти ҳақида маъруза қилди. Унинг бу борадаги кўп йиллик меҳнати алоҳида эътиборга молик. Ўтган асрнинг 80-йилларидан буён темурийлар меросини тарғиб этишга ҳисса қўшиб келаётган тадқиқотчи “Темурийлар” журнали орқали ҳам Франция илмий жамоатчилигида ушбу мавзуга қизиқиш уйғонишига ҳисса қўшган. Анжуманда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан мазкур нашрнинг ўттиз йил давомида чоп қилинган сонларини жамлаб, алоҳида тўплам шаклида нашр этиш режаси маълум қилинди.
Шунингдек, Париждаги Шарқ тиллари ва цивилизациялари миллий институти — “INALCO” профессори Катрин Пужоль испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг машҳур сафарномаси юзасидан чиқиш қилди. Маълумки, Клавихо XV аср бошларида Самарқандга келиб, Амир Темур саройидаги ҳаёт, қабул маросимлари, шаҳарнинг қиёфаси ва одамларнинг урф-одатлари ҳақида қимматли маълумотлар қолдирган. Бугун бу сафарнома тарихчилар учун ўша давр ҳаётини тасаввур қилиш имконини берувчи муҳим манбалардан бири саналади.
Шу тариқа бир анжуманда Амир Темур шахсиятига турли илмий мактаблар нигоҳидан ёндашилди: тарихчи учун у — давлат арбоби, шарқшунос учун — тарихий манбалар марказидаги шахс, санъатшунос учун — маданият ҳомийси, дипломатия тадқиқотчиси учун эса Шарқ ва Ғарб алоқалари тарихидаги муҳим сиймо. Мулоқотнинг ана шу кўп қирралилиги уни янада мазмунли қилди.
Илмий анжуман доирасида “Темурийларнинг буюк мероси: Марказий Осиё санъати, илм-фани ва маданияти” номли кўргазма ҳам ташкил этилди. Кўргазмада темурийлар даврининг меъморий ва бадиий ютуқлари, китобат санъати, илм-фан ва маърифат анъаналарига оид материаллар намойиш қилинди. Шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари томонидан тайёрланган илмий ҳамда илмий-оммабоп нашрлар хорижлик меҳмонларга тақдим этилди.
Ўзбек алломалари яратган илмий мактаблар ва асарлар ҳақидаги китобларга қизиқиш миллий меросимизнинг халқаро илмий муҳитда ўрганилиши учун кенг имкониятлар мавжудлигини кўрсатди. Учрашувнинг яна бир ўзига хос жиҳати — илмий мунозаралар анъанавий ўзбек дастурхони атрофида давом этди. Самимий суҳбатлар расмий анжуманларда бошланган мулоқотларга янада илиқлик бағишлади.
Буюк аждодларнинг бебаҳо излари
Париж сафари доирасидаги яна бир муҳим учрашув Франция Миллий кутубхонасида бўлиб ўтди. Бу маърифат масканининг тарихи бир неча асрларга бориб тақалади. Унинг Шарқ қўлёзмалари тўплами эса XVII асрдан бошлаб мунтазам бойитилган. Хусусан, Людовик XIV даврида араб, форс, туркий ва бошқа тиллардаги асарларни тўплашга катта эътибор берилган.
Бу хазинада ўзбек халқи тарихи ва адабиётига оид бебаҳо манбалар ҳам сақланади. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Ҳайдар Хоразмий сингари буюк шоир ва мутафаккирлар асарларининг қўлёзма нусхалари ана шулар жумласидан. Учрашувда эски ўзбек тилидаги 150 дан ортиқ қўлёзмалар ҳақида маълумот берилди.
Кутубхонадаги мулоқот чоғида Шарқ қўлёзмалари бўйича мутахассис, бўлим раҳбари Лоран Эрише делегация аъзоларига нодир фондлар ҳақида маълумот берди. У Ўзбекистонга ташрифи давомида мамлакатимизда маданий меросни сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишганини билдириб, мазкур йўналишдаги ўзгаришларни ижобий баҳолади.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари жаҳоннинг энг машҳур музейларидан бири — Луврда ҳам бўлиб, бу ерда сақланаётган тарихий ва бадиий экспонатлар билан яқиндан танишди. Қадимги Миср, Юнонистон, Рим, Шарқ мамла-катлари тарихи ва санъатидан ҳикоя қилувчи бу осори-атиқалар тарихни алоҳида давлатлар доирасида эмас, бутун инсониятнинг умумий тараққиёти сифатида англашга ундайди.
Ташриф давомида Париждаги нуфузли диний-маърифий ва маданий муассасалардан бири — Париж Ислом институтида ҳам мулоқот ўтказилди. Бир асрлик тарихга эга ушбу мажмуа 1926 йилда очилган бўлиб, Франция мусулмонлари ҳаётида муҳим ўрин тутади. Муассаса раҳбари Шамсиддин Ҳофиз билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихида тутган беқиёс ўрни, буюк алломалар мероси ҳамда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр алмашилди.
— Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш, уни ЮНЕСКО, БМТ сингари нуфузли халқаро ташкилотлар минбарларида, дунёнинг етакчи давлатларида кенг тарғиб қилиш ғояси бевосита Президентимиз Шавкат Мирзиёевга тегишли, — деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ди-ректори Фирдавс Абдуҳолиқов ушбу сафар якунларига тўхталиб. — Бугун биз бу ташаббуснинг амалий самараларини кўрмоқдамиз. Бундай тақдимотлар орқали жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистоннинг бетакрор маънавий салоҳияти, шонли ўтмиши, бой маданий мероси, буюк алломаларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссасидан яна бир бор воқиф бўлмоқда. Энг муҳими, биз дунёга фақат буюк тарихимизни эмас, балки ана шу меросга муносиб бўлишга интилаётган, илм-фан, маърифат ва халқаро ҳамкорликка очиқ Янги Ўзбекистонни ҳам намоён этмоқдамиз.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




