Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Тил байрамига бағишланди

Тил байрамига бағишланди

21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Она тили – аждодлар мероси, авлодлар ифтихори” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Марказ директори Шовосил Зиёдов иштирокчиларни барчамиз учун қадрли бўлган шукуҳи айём билан табриклаб, она тилини асраб-авайлаш, унинг бой имкониятларидан самарали фойдаланиш ва келажак авлодларга соф ҳолида етказиш ҳар бир ватандошимизнинг муҳим вазифаси эканини таъкидлади.

Тадбир давомида она тилимизнинг миллий ўзлик ва маънавий мерос ифодаси сифатидаги аҳамияти, аждодлар илмий меросида тил ва маърифатнинг ўрни юзасидан маърузалар тингланди. Таъкидланганидек, ўзбек тили асрлар давомида шаклланган бой адабий ва илмий анъаналарга эга бўлиб, Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк мутафаккирлар ўз ижоди орқали унинг юксак бадиий ва маънавий имкониятларини намоён этган. Айниқса, Алишер Навоийнинг бой адабий мероси туркий тилнинг кенг имкониятларини очиб беришда беқиёс ўрин тутади.

Шунингдек, давлат тилига ҳурмат унинг меъёрларига риоя қилиш, сўз бойлигидан ўринли фойдаланиш, нафақат расмий ва илмий мулоқотда, балки кундалик ҳар қандай жабҳада тил маданиятини сақлаш, ўзбек тилининг нуфузини ошириш, уни замонавий илм-фан ва ахборот технологиялари соҳаларида кенг қўллаш билан узвий боғлиқ экани қайд этилди.

Марказда бу санага алоҳида эътибор берилиши бежиз эмас. Зеро, тарихий манбаларни ўрганиш, буюк аждодларимиз илмий меросини тадқиқ этиш ва кенг жамоатчиликка етказишда тилнинг, ундаги софликни сақлашнинг ўрни беқиёсдир. Илмий фикрни аниқ ва равон ифода этиш, манбалар мазмунини тўғри талқин қилишда тил билими ва тил маданияти муҳим аҳамиятга эга.

Тадбир якунида иштирокчилар мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдириб, она тилини асраб-авайлаш, унинг жамиятдаги нуфузини янада ошириш ва ёш авлодда тилга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш муҳим вазифалардан эканини таъкидлади.

Маънавий-маърифий тадбир иштирокчиларда она тилига муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат ва аждодлар меросига дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказ олимларидан халқаро симпозиумга илмий ҳисса

Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида жойлашган Аҳмад Яссавий номидаги Қозоғистон-Туркия университетида «Мовароуннаҳрдан Онадўлигача туркий ислом тафаккури: Билим …