Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ўзбекистон тажрибаси халқаро илмий ҳамжамият эътиборида

Ўзбекистон тажрибаси халқаро илмий ҳамжамият эътиборида

Булғор ислом академиясида “Россия ва МДҲ мамлакатларида академик ислом илоҳиётшунослигини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Баёзхон Маҳмудов Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари ҳамда диний таълимни ҳуқуқий тартибга солиш масалаларига бағишланган маъруза билан қатнашди.

Тадқиқотчимизнинг сўзида Ўзбекистонда диний таълим тизимини такомиллаштириш, анъанавий исломий билимларни замонавий академик ёндашувлар, илмий тадқиқотлар ва касбий тайёргарлик талаблари билан уйғунлаштириш масалаларига эътибор қаратилди.

Шунингдек, қатнашчиларга Ўзбекистонда ислом таълимини ривожлантириш билан бир қаторда, соҳанинг инфратузилмасини мустаҳкамлаш, халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини йўлга қўйиш, теология ва исломшуносликни академик йўналишлар сифатида ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг давлат ва дин муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш ҳамда диний таълимни ривожлантириш борасидаги тажрибаси нафақат маҳаллий, балки Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари илмий жамоатчилигида ҳам қизиқиш уйғотади. Турли мамлакатларда давлат билан диний конфессиялар ўртасидаги муносабатлар моделларини қиёсий ўрганиш тарихий ва маданий хусусиятларни инобатга олган ҳолда, соҳадаги долзарб муаммоларга самарали ҳуқуқий ечимлар топишга хизмат қилиши қайд этилди.

Конференция доирасида Россияда илоҳиётшунослик соҳасининг ривожланиш босқичларига бағишланган давра суҳбати ҳам ўтказилди. Унда иштирокчилар академик теологиянинг шаклланиши ва тараққиёти билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашди.

Ташриф давомида Баёзхон Маҳмудов Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси олимлари билан бирга Булғор ислом академияси ректори бошчилигидаги профессор-ўқитувчилар билан учрашувда ҳам иштирок этди. Мулоқот асносида илмий-академик ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш, исломшунослик ва теология йўналишларидаги тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

ЎЗБЕКИСТОННИНГ МАЪРИФИЙ УЙҒОНИШ ЙЎЛИ

2016 йил 18-19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг …