2016 йил 18-19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси бўлиб ўтганди. Сессия ишида Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо 26 давлат ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби, Ислом тараққиёт банки президенти, ташкилотнинг ёрдамчи ва махсус муассасалари бош директорлари, АҚШ, Франция, Италия, Буюк Британия, Швейцариянинг ИҲТдаги махсус вакиллари ҳамда БМТ, ЕХҲТ, Араб давлатлари лигаси, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш каби қатор тузилмалар вакиллари қатнашган.
Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев сессиянинг очилиш маросимида иштирок этиб, нутқ сўзлаган. У ўз нутқида «Таълим ва маърифат — тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» мавзусини сессиянинг асосий шиори ва устувор ғояси деб эълон қилган.
Тошкентда янграган ўша нутқнинг тарихий салмоғини бугун, ўн йиллик масофадан туриб, янада теран англаш мумкин. Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси Ўзбекистоннинг мусулмон дунёси билан мулоқотида муҳим воқеа бўлди. Шавкат Мирзиёев илгари сурган қарашлар эса кейинги йилларда аждодлар меросини ўрганиш, маърифий муассасалар барпо этиш ва миллий ўзликни мустаҳкамлаш ишларида ўз аксини топди.
Тарихий бурилиш янги нигоҳдан бошланади. Халқ асрлар давомида шакллантирган ва асраб келган тарихий-маданий ва илмий меросга давлатнинг муносабати қандай бўлади? Уни ўтмишнинг ёдгорлиги сифатида эъзозлаш билан чекланадими ёки келажакни қуришда иштирок этишга қодир маънавий ва интеллектуал куч сифатида ишга соладими? 2016 йилги Тошкент нутқининг бугунги аҳамияти айнан шу саволга жавобда мужассам.
Ўша куни минбарга чиққан Шавкат Мирзиёев мамлакат сиёсий ҳаётида янги босқич бошланаётган, жамият келажак йўлини англашга интилаётган бир пайтда, таълим, маърифат, тарихий хотира ва муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳияти ҳақида сўзлади. Бу мавзулар нутқда бир-биридан ажралган йўналишлар эмас, халқнинг маънавий салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қиладиган яхлит қараш сифатида намоён бўлди.
Нутқнинг рамзий қудрати шунда эдики, унда Бухорий ва Хоразмий, Термизий ва Беруний, Мотуридий ва Улуғбек мероси бир тарихий маконда учрашди. Диний илмлар билан аниқ фанлар, эътиқод билан тафаккур, миллий хотира билан умуминсоний тараққиёт ўртасидаги узвийлик яна бир бор жаҳон ҳамжамиятига кўрсатилди.
Бугун бу нутқни кейинги ўн йил мобайнида амалга оширилган ислоҳотларнинг муҳим ғоявий манбаларидан бири сифатида ўқиш, ўрганиш мумкин. Унинг дастурий мазмуни кейин бунёд қилинган илмий марказлар, йўлга қўйилган тадқиқотлар ва кенгайган халқаро алоқаларда ўз ифодасини топди. Тошкентда айтилган сўзлар мамлакатнинг маърифий қиёфасини янгилаш йўлида амалий мазмун касб этди.
Тарихий давомийлик ва янги кўлам
Собиқ иттифоқ даврида ислом олами билан алоқалардан узиб қўйилган Ўзбекистон мустақиллик йилларида ушбу ришталарни тиклашга киришди. 1996 йилда мамлакат ИҲТга аъзо бўлди, Ислом тараққиёт банки ва таълим, фан, маданият соҳасидаги ислом халқаро институтлари билан ҳамкорлик қила бошлади. Мустақилликнинг дастлабки йилларида диний ҳаётни тиклаш, зиёратгоҳларни обод этиш ва диний таълимни ривожлантириш борасида муҳим ишлар бажарилди. 1999 йилда Тошкент ислом университетининг очилиши ҳам шу жараённинг бир қисми эди.
Бу ўзгаришларнинг тарихий заминини унутмаслик керак. Мустамлака давридаги атеистик сиёсат диний хотирага оғир зарба берган, авлодлар ўртасидаги илм ва маърифатни узатиш занжирини заифлаштирган эди. Мустақилликнинг дастлабки йилларидаги экстремизм ва терроризм таҳдидлари эса диний соҳага хавфсизлик нуқтаи назаридан қарашни кучайтирганди. Бундай шароитда мероснинг тарбиявий ва интеллектуал имкониятларини тўлиқ намоён этишга ўтиш осон кечмади.
ИҲТ ва унинг тузилмалари билан ҳамкорликнинг иқтисодий, илмий-маърифий ва цивилизацион имкониятларидан мамлакат тараққиётининг янги босқичида кенгроқ ва тизимлироқ фойдаланишга киришилди.
2016 йилги нутқни шу мураккаб тарих фонида ўқисак, ундаги янги урғу равшанлашади. Исломий меросни ўрганиш жамиятнинг маънавий барқарорлигига, ёшларнинг билимли бўлишига ва халқлар ўртасидаги ўзаро тушунишга хизмат қилиши керак. Хавфсизлик масалалари билан маърифий вазифалар бир-бирини тўлдириши лозим. Кейинги йилларда ташкил этилган илмий муассасалар ва қабул қилинган қарорлар бу йўналишнинг амалий ифодаси бўлди.
Миллатни бирлаштирувчи маънавий таянч
Буюк ислоҳотлар халқнинг ички ишончига таянади. Инсон ўзининг ва меҳнатининг қадрини, фарзандининг истиқболини ва ўз юртининг жаҳондаги ўрнини ҳис қилганида келажакка бошқача қарайди. Миллий тарихнинг шонли саҳифалари ана шу ишончни озиқлантиради. Улар халққа буюк ўтмиш ва аждодлардан ғурурланиш билан бирга ўз салоҳиятига ишонч туйғусини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йилги нутқида алломалар номининг эҳтиром ва фахр билан тилга олиниши шу маънода алоҳида аҳамиятга эга. Бухорийнинг ҳадис илмидаги хизматлари, Мотуридий таълимотида заковатнинг ўрни, Хоразмий, Фарғоний, Беруний ва Ибн Синонинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси нутқда умумий илмий-маърифий мерос сифатида кўрсатилди. Миллий ғурурнинг таянчи шу меросни билиш, англаш ва авлодларга етказиш экани таъкидланди.
Буюк аждодлар номини айтиш осон. Уларнинг тафаккур даражасига муносиб бўлиш эса меҳнат талаб қилади. Бухорий меросини эъзозлаш манбанинг ишончлилигини текширишни қадрлашдир. Берунийни улуғлаш кузатиш, таққослаш ва далилга таянишга интилишдир. Улуғбек хотирасини асраш илм учун зарур муҳит яратиш масъулиятини ҳис қилишдир. Ана шунда тарихий фахр инсоннинг кундалик танловига таъсир кўрсата олади.
Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳақидаги тасаввур ҳам шу ерда маъно касб этади. IX — XII асрлардаги илмий юксалиш ва темурийлар давридаги маданий-интеллектуал тараққиёт мамлакат тарихида катта тафаккур муҳитлари мавжуд бўлганини эслатади. Бу муҳитларда қўлёзма, мадраса, кутубхона, таржима ва илмий мулоқот муҳим ўрин тутган. Бугунги Уйғониш ҳақида ўйлаганда, айнан илм яратиш ва ривожлантириш маданиятини давом эттириш зарурлиги англашилади.
2016 йилги нутқда тарихий меросни ёшларнинг замонавий билим олиши ва жамият тараққиёти билан боғлаш ғояси мавжуд эди. Кейинчалик Ренессанслар мероси ва янги маърифий юксалиш ҳақидаги қарашлар шу йўналиш билан уйғун ривожланди.
Миллий тарихнинг шонли саҳифаларидаги маънавий таянчнинг бирлаштирувчи кучи бағрикенгликда намоён бўлади. Ўзбекистоннинг умумий тарихи, маданияти ва келажаги турли миллат ҳамда эътиқод вакилларига дахлдор. Исломий мероснинг инсонпарварлик мазмунини очиш ушбу умумий маконни бойитади. Миллий ўзликни чуқур англаш бошқа халқларни ҳурмат қилишга, ўз тарихини билиш эса жаҳон билан очиқ мулоқотга замин яратади.
Ғоянинг ҳаётий ифодалари
Тошкент нутқининг дастурий хусусиятини аниқ кўрсатадиган далил — унда Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини очиш ташаббусининг бевосита маълум қилингани. Марказ 2017 йил 27 мартдаги Президентимизнинг қарори асосида ташкил этилди; ўша йилнинг 10 июлида унинг фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди. Нутқдаги таклиф ҳуқуқий ва ташкилий асосга эга бўлди.
2017 йилда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Тошкентда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш тўғрисидаги қарорлар ҳам имзоланди. 2018 йил 16 апрелда Ўзбекистон халқаро ислом академияси очилди. 2020 йил 11 августда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказига асос солинди. Ушбу муассасалар мерос тадқиқи, таълим ва ёшлар тарбияси вазифаларини ўзаро боғлади.
Бундай марказлар қўлёзмаларни ўқиш, асарларни таржима қилиш, илмий нашрларни тайёрлаш ва халқаро тадқиқот алоқаларини мустаҳкамлаш учун муҳит яратади. Муҳими, халқнинг буюк алломаларга ҳурмати профессионал билим ва изланиш билан бойийди. Зиёратгоҳларнинг маънавий таъсири илмий марказларнинг тафаккур қудрати билан туташади.
Цивилизация хотираси ва келажак масъулияти
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ушбу маърифий йўналишнинг энг йирик ифодаларидан бири бўлди. Дастлаб Ислом маданияти маркази сифатида белгиланган лойиҳа кейин унинг ташаббускори таклифи билан Ислом цивилизацияси маркази номи билан ривожланди. Бу ном илмий меросни диний ҳаёт доирасидан кенгроқ — илм, маданият ва инсоният тараққиёти билан узвий боғлиқ ҳолда ўрганишга кўпроқ мос келиши ҳисобга олинди.
2026 йил 17 мартда марказнинг расмий очилиш маросими ўтказилди. Унда Президентимиз илм ва таълимнинг мамлакат келажагидаги ўрнини яна бир бор таъкидлади. 2016 йилда Тошкент минбаридан билдирилган маърифий қарашларни 2026 йилги очилиш воқеаси билан ёнма-ён қўйганда, қарийб ўн йиллик ҳаракатнинг ички уйғунлиги намоён бўлади. Биринчи нутқда меросни ўрганиш ва оммалаштириш вазифаси қўйилган бўлса, янги марказ бу вазифаларни бажариш учун муҳташам макон яратди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг жамоатчилик учун қиммати унга келган инсоннинг тарихни қандай англашида намоён бўлади. Ўқувчи бир қўлёзмага қараб, унинг ортидаги олим меҳнатини тасаввур қилади. Ёш тадқиқотчи аждодлар илмини замонавий мавзулар билан боғлайди. Хорижлик меҳмон Ўзбекистоннинг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссасини кенг тарихий манзарада кўради. Мерос шу тариқа турли касб ва қизиқишга эга одамлар билан мулоқотга киришади.
Бу ерда эътиқод билан билимнинг тарихий яқинлиги алоҳида аҳамиятга эга. Қуръони каримни англашга интилиш тафсир, калом, балоғат каби илмларни, тилшунослик ва манбашуносликни ривожлантирган; инсон ва оламни билиш иштиёқи эса дунёвий илмларга қизиқишга сабаб бўлган. Ўтмишни бор мураккаблиги билан бирга кўрсата олган марказ ёшларга цивилизациялар қандай яратилганини тушуниш имконини беради.
Шу маънода, янги илмий муассасалар катта ва муҳим ишларнинг бошланишидир. Олимларнинг тадқиқотлари, таржимонлар меҳнати, устозлар маҳорати ва ёшларнинг қизиқиши ушбу марказлар жойлашган муҳташам биноларга ҳаёт бағишлайди. Ҳар бир илмий асар, ҳар бир сифатли тадқиқот, ҳар бир аниқ тушунтирилган тарихий далил улкан мажмуанинг илмий-маънавий қудратини оширади. Аждодлар меросини келажакка олиб ўтиш масъулияти айнан шу кундалик меҳнатда бажарилади.
Зиёрат орқали кенгайган мулоқот
Тарихий меросга муносабатдаги ўзгариш халқаро алоқаларда ҳам кўринди. 2016 йилги нутқда ИҲТ мамлакатларидан Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар ва меҳмонлар учун мамлакатга кириш расмиятчиликларини соддалаштириш чоралари кўрилиши айтилган эди. Бу хабар мамлакат ҳудудида жамланган меъморий ва илмий мероснинг жаҳонга очиқлиги, одамлар ўртасидаги ўзаро учрашувлар ва мулоқотларга берилажак аҳамиятга ишора эди.
Бухоро, Самарқанд, Термиз ва Тошкентга келган зиёратчи халқнинг хотираси билан танишади. У муқаддас қадамжолар билан бирга меъморчиликни, маҳаллий ҳаётни, ҳунармандчилик ва меҳмондўстликни кўради. Зиёрат туризми шу боис маънавий мулоқотни хизмат кўрсатиш, маданий меросни асраш ва ҳудудлар ривожи билан боғлаш имконини беради. Бу имконият сайёҳларга сифатли хизмат ва тарихий маълумотнинг ишончлилиги билан янада бойийди.
АЙСЕСКО томонидан 2024 йилда Хивага “Ислом дунёсининг туризм пойтахти” мақомининг берилиши, шаҳарда ИҲТ туризм вазирлари конференцияси XII сессиясининг ўтказилиши ўзбек халқи илмий-маданий ва меъморий меросининг халқаро мулоқотдаги ўрнини кўрсатди. Тошкентда маърифат ҳақида айтилган ғоялар кейинги йилларда бошқа шаҳарлар ва бошқа соҳаларда давом этди. Маданий хотира мамлакатнинг дунё билан муносабатларида фаол қатнаша бошлади.
Ислоҳотларнинг инсон ҳаётига дахлдор жиҳати Ҳаж ва Умра зиёратлари имкониятларида ҳам кўринади. 2016 йилги нутқда Ўзбекистондан ҳар йили беш мингдан зиёд кишилар Ҳаж амалини адо этаётгани айтилганди. 2026 йилда 15 минг нафар ўзбекистонлик Ҳаж зиёратини ва йилнинг биринчи ярми мобайнида 167 минг нафар инсон Умра амалларини бажарди. Бу рақамлар ортида зиёратга йўл олган минглаб инсонларнинг орзуси ва оилаларнинг қувончи турибди.
Давлатнинг эътиқодга ҳурмати инсон қадри билан уйғун бўлганда маърифий сиёсат ҳаётий мазмун касб этади. Бунда тарихий қадамжонинг ободлиги ҳам, тадқиқотчининг меҳнати ҳам, зиёратчининг хотиржамлиги ҳам бир мақсадга — инсоннинг маънавий эҳтиёжларига ҳурмат билан ёндашишга хизмат қилади.
Тамаддунни давом эттирадиган авлод
2016 йилги Тошкент нутқининг бугунги аҳамиятини фақат ўтган йиллар натижалари билан чегаралаб бўлмайди. Унда қўйилган вазифалар келгуси авлод олдида ҳам турибди. Меросни англаш, ёшларни билимга йўналтириш, илм-фанни ривожлантириш ва халқлар ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш узоқ муддатли меҳнатни талаб қилади.
Билимли инсон диний даъвонинг манбасини сўрайди, тарихий ҳодисанинг далилини қидиради, ҳиссиётга таъсир қилувчи гапни ҳақиқат билан таққослайди. Ана шу кўникма жаҳолат ва радикал ғоялар таъсирини камайтиришга ёрдам беради. 2016 йилги нутқда маърифий меросни ўрганиш ёшларнинг илмга интилиши, ислом қадриятларини тўғри англаши ва маданиятлараро мулоқот билан боғлангани бежиз эмас.
Миллий ғурур ҳам билим билан мустаҳкамланади. Ўз тарихини чуқур билган авлод уни соддалаштиришдан асрайди, бошқа халқлар ҳиссасини эътироф этади ва аждодлар меросига масъулият билан қарайди. У буюкликни фақат машҳур номларда эмас, ўша номларни буюк қилган меҳнат, интизом ва тафаккурда кўради. Янги уйғонишнинг инсонга дахлдор мезони ана шудир.
Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёевнинг ушбу йўналишдаги сиёсатини тарихий хотирани жамиятнинг маънавий кучига айлантиришга қаратилган фаолият сифатида тавсифлаш мумкин. Илмий марказлар, таълим муассасалари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, зиёрат туризми ва халқаро ҳамкорлик шу фаолиятнинг турли кўринишларидир. Уларнинг умумий мазмуни — халқнинг меросини келажагига хизмат қилдириш.
Бу йўлнинг натижаси бугунги кун авлодининг интилишлари ва қизиқишларида ҳам акс этмоқда. Мактаб ўқувчиси Беруний қандай изланганини билишни истаса, талаба қўлёзмани ўқиш учун тил ўрганса, ёш олим ишончли тадқиқот билан жаҳон илмий мулоқотига кирса — аждодлар мероси бугуннинг ҳаётида давом этади. Шунда миллий хотира янги билим яратишга куч беради.
Ўзбекистоннинг буюк ўтмиши унинг келажаги олдидаги масъулиятини ҳам буюк поғонага кўтаради. Биринчи ва Иккинчи Ренессансни яратган заминнинг ворислари учун буюк аждодларга энг муносиб эҳтиром илмни қадрлаш, ҳақиқатни излаш ва инсонга хизмат қилишдир. Тошкентда янграган маърифий даъватнинг келажакка йўналган қудрати ҳам шунда. Миллий тамаддун уни давом эттиришга бел боғлаган авлод билан юз очади.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




