Ўзбекистон халқаро ислом академиясида 15 октябрь куни Дин ишлари бўйича қўмита ва Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) ҳамкорлигида “Марказий Осиёда ислом цивилизацияси: Ўтмиш ва ҳозирги замон” мавзусида VII халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдов онлайн иштирок этди ва “Бухоро амирлиги кутубхоналари тарихидан” мавзусида маъруза қилиб, ушбу шариф заминда шаклланган кутубхоначилик анъаналари, хусусий ва жамоат кутубхоналарининг шаклланиш босқичлари ҳамда уларнинг минтақавий илмий-маданий ҳаётдаги ўрни хусусида атрофлича сўз юритди.

Қайд этилганидек, Бухородаги кутубхоналар тарихи Сомонийлар даврига бориб тақалади. Х асрда бу сулоланинг сарой кутубхонаси минтақадаги энг йирик қўлёзмалар мажмуаси ҳисобланган. Абу Али ибн Синонинг мазкур хазинадан фойдалангани ҳақидаги қайдлари ислом оламидаги кутубхоначилик тарихига оид муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Шовосил Зиёдов ўз тадқиқотлари давомида нодир қўлёзмаларда сақланиб қолган муҳрлар (жумладан, вақф муҳрлари) ва эгалик белгилари орқали тарихий кутубхоналар фондини қайта тиклаш (реконструкция қилиш) бўйича эришилган янги илмий натижаларни тақдим этди.

Маърузада таъкидланганидек, мазкур тадқиқотлар кўҳна Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан буюк Бухорий, Мотуридий, Замахшарий, Марғиноний, Сарахсий мутафаккир алломаларнинг илмий мероси қай даражада кенг ўрганилгани ва тарқалганини холис баҳолаш имконини беради.

Нотиқ Бухоро амирлиги кутубхоналари фондини аниқлаш ва тадқиқ этиш ишлари давом этаётганини, келгусида мамлакатимиз ва хориждаги бошқа қўлёзма фондларидан ҳам янги манбалар топилиши кутилаётганини маълум қилди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




