Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Кубровия тариқатининг тарихни ўзгартириб юборган намояндаси

Кубровия тариқатининг тарихни ўзгартириб юборган намояндаси

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ҳамда Туркиянинг Мармара университети ҳамкорлигида “Тасаввуф: Ўтмиш, бугун ва келажак” туркумида навбатдаги онлайн илмий семинар ўтказилди.

Унда икки марказ, шунингдек, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институти, Тил ва адабиёт институти, Қорақалпоғистон гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти, Бухоро давлат техника университети, Самарқанд ва Урганч давлат университетлари, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби каби нуфузли муассасалардан қирққа яқин тадқиқотчи ва тингловчи иштирок этди.

Семинарда Туркиянинг Измир шаҳридаги Дўқуз эйлул университети профессори, доктор Сулаймон Гўкбулут “Кубровия шайхи Сайфиддин Бохарзий ва унинг Бухородаги фаолияти” мавзусида маъруза қилди.

Кубровия тариқатининг XIII аср (1190-1260)да Марказий Осиёда яшаб ижод қилган йирик намояндаси Сайфиддин Бохарзийнинг мураккаб кечинмаларга тўла ҳаёти ва ранг-баранг илмий мероси ўта тадқиқотталаб мавзудир. Туркиялик олим бу улуғ шайхнинг Бухородаги фаолияти, у асос солган мадрасанинг минтақа илмий-маърифий ҳаётидаги ўрни, Бохарзийнинг мўғул ҳукмдорлари, жумладан, Беркахон билан ўзаро муносабатлари ҳақида батафсил сўзлади.

Яхши маълумки, Чингизхоннинг набираси (Жўжихоннинг учинчи ўғли) бўлган, 1257-1266 йиллари мўғуллар империясининг ғарбий мулки бўлмиш Олтин Ўрда (Жўжи улуси)га хонлик қилган Беркахон чингизий ҳукмдорлар орасида биринчи бўлиб исломга киргани ва уни давлат дини сифатида жорий этгани билан танилган сиёсий ва ҳарбий арбобдир. Бунга эса шайх Бохарзийнинг таъсири асосий сабаб бўлган. Бу воқеа бутун ислом дунёси ва мўғуллар салтанати тарихини тубдан ўзгартириб юборган.

Шунингдек, маърузада алломанинг бой илмий мероси, жумладан, ҳадис ва тасаввуф илмига оид асарлари шарҳланди. Унинг фарзандлари орқали Онадўли мутасаввифлари, хусусан, Кўня шаҳрида Мавлоно Румий билан тарихий алоқалари илмий манбалар асосида очиб берилди.

Семинар давомида бугунги кунда ёш авлодга диний ва маънавий билимларни етказишда учраётган муаммолар, жумладан, замонавий технологияларнинг таъсири, ишонч масалалари ва сиёсий жараёнларнинг маънавий амалиётларга кўрсатаётган таъсири юзасидан қизғин фикр алмашилди. Ислом ва тасаввуфнинг асл моҳияти инсонларни маънавий баркамолликка етаклаш, жамиятда тинчлик ва тотувликни таъминлашдан иборат экани алоҳида таъкидланди.

Қизғин баҳс-мунозаралар ва савол-жавобларга бой бўлган халқаро онлайн семинар иштирокчиларда катта таассурот уйғотди ва бундай илмий лойиҳалар келгусида изчил давом эттирилиши қайд этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказ олимларидан халқаро симпозиумга илмий ҳисса

Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида жойлашган Аҳмад Яссавий номидаги Қозоғистон-Туркия университетида «Мовароуннаҳрдан Онадўлигача туркий ислом тафаккури: Билим …