БМТнинг Женевадаги қароргоҳида 22 октябрь куни «Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий-илмий мероси ва маърифат уфқлари» мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. Анжуманда аждодларимизнинг бой илмий-маънавий мероси, Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан буюк алломаларнинг жаҳон цивилизацияси равнақига қўшган ҳиссаси, илмий қарашларининг бугунги аҳамияти муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, 2025 йили Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг 80-сессиясида Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийнинг бой илмий-маънавий меросини нуфузли халқаро ташкилотларнинг мулоқот майдонларида кенг тақдим этиш ташаббусини илгари сурган эди. Жорий йил 7 октябрь куни ЮНЕСКОнинг Париждаги Бош қароргоҳида ўтказилган халқаро тақдимотдан сўнг Женевада ташкил этилган мазкур конференция ўша ташаббус амалий самарасининг изчил давоми бўлди.
Анжуманда БМТнинг Женевадаги бўлинмаси Бош директори Татьяна Валовая, Ўзбекистоннинг Доимий вакили Элдор Тошматов, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов, Женева дипломатик маркази раиси Роберт Блюм, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Маҳсудов, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермуҳамедов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев, шунингдек, маҳаллий ва хорижий олимлар, халқаро ташкилотлар вакиллари маърузалари билан иштирок этди.

Конференция доирасида О.Муҳаммадиев «Мовароуннаҳрнинг икки муҳаддиси – Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг илмий мероси» мавзусида маъруза қилиб, бу икки буюк алломанинг ҳадис илми ривожига қўшган улкан ҳиссаси, илмий изланишлари, ҳадисларни тўплаш, текшириш ва ишончлилигини аниқлашдаги ёндашувлари ҳақида сўзлади. Шунингдек, Имом Бухорий ва Имом Термизий мероси орқали Мовароуннаҳрда шаклланган бой илмий анъаналар, уларнинг ислом цивилизацияси тараққиётидаги ўрни ва бугунги авлод учун аҳамиятини ёритиб берди.
Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг илмий мероси асрлар давомида ўз аҳамиятини йўқотмагани, уларнинг манбаларни синчковлик билан ўрганиш, ривоятларнинг ишончлилигини текшириш ва илмда холисликка амал қилишга асосланган ёндашувлари бугунги илмий тадқиқотлар учун ҳам муҳим экани таъкидланди.

Анжуман дастуридан ислом цивилизацияси ва буюк алломалар меросига бағишланган илмий маърузалар, видеороликлар ва муҳокамалар кенг ўрин олди. Уларда кенг жамоатчиликни Мовароуннаҳр заминида камол топган мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани ва маънавий тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссаси билан таништириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг тинчликпарварлик ва маърифатпарварликка асосланган ташаббусларини халқаро ҳамжамиятга яна бир карра намойиш этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Женевадаги мазкур халқаро конференция Ўзбекистоннинг кўп асрлик тарихий, илмий ва маънавий меросини жаҳон миқёсида кенг тарғиб этиш, халқаро илмий-маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлди. Шу билан бирга, у Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуслар асосида буюк алломаларимиз меросини нуфузли халқаро минбарларда намойиш этиш ҳамда маърифат, бағрикенглик ва ўзаро англашув ғояларини кенг ёйиш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг изчил давоми сифатида улкан аҳамият касб этди.
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




