Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Нодир манбаларни асраш – муштарак мақсад

Нодир манбаларни асраш – муштарак мақсад

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Тоҳир Эвадуллаев ва Ҳафизулло Бойқобиловнинг Туркияга хизмат сафари доирасида Истанбул шаҳридаги қўлёзма манбаларни сақлаш, ўрганиш ва реставрация қилишга ихтисослашган муассасага экскурсия ташкил этилди.

Ташриф давомида илмий ходимларимиз Туркия Маданият ва туризм вазирлиги тизимидаги қўлёзмалар билан ишлаш бўлими фаолияти билан танишди. Мутахассисларнинг иш жараёнини бевосита кузатиб, қўлёзма манбаларни асраб-авайлаш ва уларни келажак авлодларга етказиш борасида қўлланаётган амалий усулларни ўрганди.

Рами кутубхонаси ҳудудида жойлашган ушбу лаборатория раҳбари Умер Кузгун билан учрашувда қўлёзма китобларни сақлаш, таъмирлаш ва реставрация қилиш, асл ҳолатини тиклаш ва рақамлаштириш жараёнлари хусусида фикр алмашилди.

Марказимиз ва Туркия мутахассислари ўртасида анчадан буён давом этиб келаётган ҳамкорлик алоқалари самарали бўлаётгани эътироф этилди. Илмий ходимларимиз мазкур муассасада малака оширгани, шунингдек, туркиялик мутахассисларнинг Ўзбекистонга сафарлари ташкил қилингани ва бу жараён давом этаётгани мамнуният билан таъкидланди.

Бундай яқинлик, албатта, келгусида ҳамкорликни давом эттириш ва ўзаро алоқаларни янада ривожлантиришга замин яратади.

Мазкур ташриф қўлёзма меросни сақлаш, реставрация қилиш ва рақамлаштириш борасидаги илғор тажриба ва ишланмаларни ўрганиш, шунингдек, Марказимиз билан Туркиянинг тегишли илмий муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш нуқтаи назаридан аҳамиятли бўлди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Хорижлик тадқиқотчилар Бухоронинг бой илмий ва маданий мероси билан танишди

Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури доирасида Малайзия Ислом тараққиёти департаменти (JAKIM) илмий ходимлари Моҳд …