Home / МАҚОЛАЛАР / ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЗИЁРАТ ТУРИЗМИ СОҲАСИДА ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК АЛОҚАЛАРИ

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЗИЁРАТ ТУРИЗМИ СОҲАСИДА ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК АЛОҚАЛАРИ

(Туркия Республикаси билан ҳамкорлик мисолида)

Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлик алоқаларида зиёрат туризми муҳим ўрин тутади. Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасида бу борада қатор ишлар амалга оширилмоқда. Натижада, бу мамлакатдан юртимизга муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишни мақсад қилган сайёҳлар сони ортиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, икки мамлакат алоқаларининг янада мустаҳкамланишига ҳисса қўшмоқда. Шу билан бирга, бу борада ҳали ишга солинмаган имкониятлар талайгина. Шу сабабдан, бу борада амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг натижаларини таҳлил қилиш долзарб илмий аҳамиятга эга бўлиб, берилаётган тавсиялар соҳа ривожига ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.

Ўзбекистон дунё миқёсида муқаддас қадамжоларга бой мамлакатлардан бири бўлиб, бу муқаддас замин ислом оламида донг таратган кўплаб буюк сиймолар абадий қўним топган юрт саналади. Ҳозирги кунда биргина Самарқанд вилоятининг ўзида 1105 та археологик, 670 та меъморий, 37 та диққатга сазовор жой, 18 та монументал, 21 мемориал тоифага кирувчи жами 1851 моддий-маданий мерос объектлари мавжуд бўлиб, уларнинг орасида зиёрат қилиниши мумкин бўлган жойлар талайгина [5].

2016 йилдан эътиборан Ўзбекистон-Туркия муносабатлари янги босқичга чиқди. Икки мамлакат давлат раҳбарларининг ташрифлари амалга оширилди. 2017 йил октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркияга давлат ташрифи амалга оширилган бўлса, 2018 йил 29 апрель – 1 май кунлари Туркия Президентининг мамлакатимизга давлат ташрифи бўлиб ўтди. Шу ва бошқа ташрифлар давомида бошқа соҳалар қатори зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича ҳам бир қанча ҳужжатлар имзоланди.

Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг юртимизга юқорида келтирилган санадаги ташрифи доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги диний ишлар қўмитаси ва Туркия Республикаси дин ишлари бошқармаси ўртасида Зиёрат туризмини ривожлантириш тўғрисидаги меморандум имзоланди. Мазкур меморандумда оммавий ахборот воситаларида зиёрат туризмини оммалаштиришга доир кенг кўламли фаолият, туризм саноатида диний ва таълимий тадбирлар сонини кўпайтириш, шунингдек жаҳон ҳамжамиятига исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишга, исломнинг бой меросини ўрганиш ва сақлашга қаратилган халқаро тадбирларни ташкил этишни кўзда тутилди.

Бундан ташқари, меморандум доирасида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида танишув сафарларини ташкиллаштириш ва уларнинг туристик салоҳиятига доир маълумотларни тақдим этиш, шунингдек, сайёҳлик салоҳиятига доир маълумотларнинг диний тадбирларда тарғиб қилиниши назарда тутилди [3].

Мазкур келишувлар доирасида кўплаб тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, 2022 йил октябрь ойида Туркиянинг Анталия шаҳрида Ўзбекистон – Туркия туризм қўшма комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишда Туризм ва маданий мерос вазирлиги мутасаддилари томонидан “Туризм соҳасига инвестицияларни жалб этиш, туризм зоналарини ташкил этишда Туркия тажрибаси, республикада туристик зоналарни ривожлантириш”, “Ўзбекистон Республикасида тарихий обидалардан туризм объекти сифатида фойдаланиш мақсадида реставрация қилиш соҳасида ҳамкорлик бўйича таклифлар”, “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университети фаолияти” мавзуларида тақдимот-маърузалар қилинди [6].

Мазкур йиғилишда туризмнинг бошқа йўналишлари қатори, зиёрат туризми масалалари ҳам муҳокама этилди. Жумладан, гастрономик, зиёрат туризми ва туризмнинг бошқа соҳаларида умумий лойиҳаларни амалга ошириш, тарихий обидаларнинг реставрацияси ва консервацияси ҳамда “Табаррук зиёрат” маршрутларини белгилаб олиш ва бунда маркетинг сиёсатини ишлаб чиқиш соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

Бундан ташқари, хусусий сектор вакиллари билан музокараларда “Табаррук зиёрат” концепциясида белгиланган маданий туризм йўналишларида TGА билан биргаликда умумий саёҳат маршрутларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилиш, “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университети талабаларининг ёзги таътил давомида TÜRSAB таркибидаги туроператорлар ҳамда Туркиядаги машҳур меҳмонхоналарда малака оширишларини ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар алмашинувини амалга ошириш, университет кутубхонасини илмий адабиётлар билан тўлдиришда ҳамкорлик қилиш каби масалалар муҳокама этилди [6]. Бундай тадбирларнинг амалга оширилиши бу борада эришилган келишувларнинг амалиётга татбиқ этилишида муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Бу даврда мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича турли фармон ва қарорлар ҳам қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 февраль куни эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳим аҳамиятга эга бўлди. Унда соҳани ривожлантиришга қаратилган кўплаб вазифалар белгилаб берилди. Транспорт вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси “Uzbekistan Airports” АЖ ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан биргаликда бир ой муддатда ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш доирасида Фарғона-Урганч-Фарғона, Термиз-Урганч-Термиз ҳамда Қарши-Урганч-Қарши авиарейсларини йўлга қўйиш ва Андижон-Хива-Андижон темир йўл қатнови сонини ошириш, 2021 йил 1 апрелга қадар Термиз-Қарши-Хива, Хива-Урганч-Нукус ва Термиз-Қарши-Самарқанд йўналишлари бўйича доимий темир йўл қатновини йўлга қўйиш чораларини кўриш ва бошқалар шулар жумласидандир [3].

Мазкур йилларда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятини хорижий мамлакатларда манзилли тарғиб этиш ишлари амалга оширилди. Хусусан, юқорида келтирилган Фармоннинг 3-иловасида хорижий мамлакатларда Ўзбекистон Республикасининг зиёрат туризми салоҳиятини манзилли тарғиб қилиш чора-тадбирлари режаси қабул қилинди. Мазкур режада кўплаб мамлакатлар қатори Туркия Республикасидан зиёрат мақсадида ташриф буюрувчилар учун манзилли рўйхат шакллантирилди. “Етти Пир” зиёратгоҳи, Имом Мотуридий ва Абу Муин Насафий мақбаралари, Имом Бухорий ва Имом Термизий мақбаралари, Ҳазрати Имом мажмуаси (Усмон мусҳафи), Зангиота ва Сузук-ота зиёратгоҳлари Туркиядан ташриф буюрувчи сайёҳлар учун тарғибот қилинадиган йўналишлар ва зиёрат туризми объектлари рўйхатига киритилди [3].

Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил 24 февралда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор асосида соҳа ривожини таъминловчи бир қанча дастурлар тасдиқланди. Ташриф буюрувчилар учун шарт-шароитлар яратилиши режалаштирилган туризм салоҳияти юқори бўлган маданий мерос объектлари рўйхати, зиёрат туризми маршрутларида фойдаланиладиган маданий мерос объектларининг 2021 — 2025 йилларда устувор равишда реставрация қилиш дастури, узоқ хориж ва қўшни республикалардан хорижий туристларни қабул қилиш ва уларга қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича “Йўл харитаси”, Хорижий тилларга таржима қилинадиган ва тарғиботи кенг амалга ошириладиган алломалар ва зиёратгоҳлар тўғрисидаги фильмлар рўйхати, Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш ҳамда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган йўналишлар харажатларининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан қайтариш тартиби тўғрисидаги низом ва бошқалар шулар жумласидандир [4]. Мазкур ҳужжатларнинг амалиётга татбиқ этилиши барча мамлакатлар қатори, Туркия Республикасидан ҳам сайёҳларни кенгроқ жалб этишда муҳим аҳамиятга эга бўлди [7].

Сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар натижасида, салмоқли ютуқлар қўлга киритилди. Хусусан, мазкур йиллар давомида туркиялик мутахассислар Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантиришга жалб этилди. Аҳолиси ислом динига эътиқод қиладиган давлатлар орасида Туркия фуқаролари Ўзбекистоннинг маданий-тарихий ва қадимий диққатга сазовор жойларига энг кўп қизиқиш билдирди. Натижада, 2023 йилда Туркиядан Ўзбекистонга 100 мингдан ортиқ сайёҳ ташриф буюрди.

Бу борадаги ишлар кейинги йилларда ҳам давом эттирилди. Хусусан, 2025 йил февраль ойида Туркияда ушбу мамлакат Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовнинг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда “Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги билан Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ўртасида туризм соҳасидаги Келишув баённомаси ва Ҳаракатлар режаси” имзоланди. Унга кўра, икки давлат ўртасидаги авиарейслар сонини ошириш ва сайёҳлар сонини 1 миллион кишига етказиш кўзда тутилди [1].

Хулоса сифатида шуни айтишимиз мумкинки, Ўзбекистонда 2016 йилдан эътиборан туризм мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири деб эълон қилинди. Шу сабабдан туризм ва унинг муҳим йўналишларидан бири бўлган зиёрат туризмини ривожлантириш ва уни жаҳон миқёсига олиб чиқиш ишлари олиб борилди. Бу борада Туркия Республикаси билан олиб борилган ҳамкорлик алоқалари муҳим аҳамиятга эга бўлди. Хусусан, охирги йилларда зиёрат туризми соҳасида Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлиги янада мустаҳкамланди, туризмни ривожлантириш бўйича Туркия тажрибаси ўрганилди. Шу билан бирга, бу борада илм-фан соҳасида ҳам ҳамкорлик кенгайди. Шу ва бошқа омиллар Ўзбекистонга, хусусан, мамлакатимиздаги муқаддас жойларни зиёрат қилиш учун келаётган зиёратчилар сонининг сезиларли даражада ошишига олиб келди.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. http://m.xabar.uz/siyosat/turkiya-va-ozbekiston-ortasida-turizm-sohasida
  2. https://kun.uz/kr/57813270?q=%2F57813270
  3. https://lex.uz/docs/5283956
  4. https://lex.uz/docs/5315060?ONDATE=09.01.2023
  5. https://religions.uz/news/detail?id=812 Қадим Самарқандга бир келиб кетинг!
  6. https://yuz.uz/news/ozbekiston–turkiya-turizm-qoshma-komissiyasining-navbatdagi-yigilishi-bolib-otdi
  7. Lex.uz
Жонибек ЖУМАЕВ,
Имом Бухорий илмий тадқиқот маркази
Диний – маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи,
фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Check Also

ЖИҲОД НОМИ ОСТИДАГИ ЗЎРАВОНЛИК — ИСЛОМ МОҲИЯТИГА ЗИД

Ҳозирги глобаллашув жараёнида тинчлик дини – исломни инсонларга нотўғри талқин қилаётган гуруҳлар унга туҳмат тошлари …