Home / МАҚОЛАЛАР / ҲАЛОЛЛИК ОИЛАДАН БОШЛАНАДИ

ҲАЛОЛЛИК ОИЛАДАН БОШЛАНАДИ

Шахснинг маънавий-ахлоқий тарбиясида оила биринчи ижтимоий муҳит саналади. Инсоннинг яхшилик ва ёмонлик, ростгўйлик ва ёлғон, ҳалол ва ҳаром, адолат ва зулм ҳақидаги дастлабки тасаввурлари аввал шу ерда шаклланиб, унинг хулқ-атворига бевосита таъсир кўрсатади. Шу маънода, жамиятнинг маънавий ҳолатини оиладаги ахлоқий муҳитдан айри ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди. Ўзбек оилаларида фарзанднинг тарбияси азалий умуминсоний урф-одат, қадриятлар ва ота-боболарнинг панд-насиҳатлари негизида вояга етади. Шунингдек, буюк алломаларимизнинг авлоддан авлодга ўтиб келаётган илмий-маънавий мероси, ибратли ҳаёти, фаолияти ва ҳикматли ўгитлари ёшлар тарбиясида муҳим ўрин тутади. Фарзандлар қалбига юксак инсоний фазилатларни сингдириш, уларда ҳалоллик, меҳнатсеварлик, масъулият, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ҳалол меҳнат ва ўзгалар ҳаққига кўз олайтирмаслик каби хислатларни шакллантириш ота-онанинг муҳим вазифаларидан биридир.

Покиза ризқ оила маънавиятининг муҳим асосларидан бўлиб, унинг тарбиядаги аҳамияти беқиёсдир. Инсоннинг моддий неъматларга қайси йўл орқали эга бўлаётгани нафақат унинг шахсий ахлоқий қарашлари, балки оила муҳити ва фарзандлар тарбиясига ҳам бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис ислом таълимотида ҳалол меҳнат маънавий қадрият сифатида эъзозланади.

Қуръони каримда “Ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар” (Бақара сураси, 168-оят), “Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг покларидан енглар ва Аллоҳга шукр қилинглар…” (Бақара сураси, 172-оят) деб, покиза ризқдан баҳраманд бўлишга даъват этилади. Бу кўрсатмалар оила ҳаётида муҳим тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, фарзандларда ҳалоллик, меҳнатсеварлик, қаноат ва масъулият каби фазилатларни сингдиришга хизмат қилади. Зеро, ҳалол меҳнат орқали топилган ризқ оилада меҳнатга ҳурмат ва шукрона туйғуларини мустаҳкамлайди. Аксинча, осон йўл билан бойишга интилиш, ўзгалар ҳаққига тажовуз қилиш ёки ноқонуний даромад оила маънавий муҳитига салбий таъсир кўрсатиб, фарзандларнинг ахлоқий тарбиясида номақбул қарашлар шаклланишига сабаб бўлади. Шу нуқтаи назардан, покиза ризқ нафақат оиланинг моддий фаровонлигини таъминлашда, балки унда соғлом маънавий муҳит ва яхши ахлоқий қадриятларни қарор топтиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Миқдом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч ким ўз қўли меҳнати билан топган таомидан яхшироқ таом еган эмас. Аллоҳнинг набийси Довуд алайҳиссалом қўл меҳнати билан кун кўрар эдилар”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Мазкур ҳадис ҳалол меҳнатнинг қадрини юксалтириб, инсонни ўз меҳнати орқали ризқ топишга ундайди. Айниқса, оилада ота-онанинг ҳалол касб қилиши фарзандлар учун амалий намуна бўлиб, уларда меҳнатсеварлик, ҳалоллик ва масъулият туйғулари шаклланишига хизмат қилади.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром ҳам очиқ-ойдиндир. Улар орасида кўп одамлар билмайдиган шубҳали нарсалар бўлади. Инсонларнинг кўпи унлари билмайди. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, дини ва шаъни учун ўзини пок тутибди. Ким шубҳали нарсаларга кўнгил боғласа, ҳаромга йўлиқибди” (Имом Бухорий ривояти).

Инсонни ҳаром ва шубҳали нарсалардан сақланиши, оилага келадиган неъматларнинг ҳалол йўл билан топилиши нафақат моддий таъминот, балки фарзандларнинг ахлоқий тарбияси учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ота-онанинг ҳалол меҳнати ва ризқнинг покизалигига риоя этиши фарзанднинг ҳаётга, меҳнатга ва жамиятдаги масъулиятига қарашларини шакллантирувчи муҳим омиллар саналади.

Шу боис ота-она “ҳалол бўл” деб насиҳат қилиши билан бирга, ўзи ҳалол меҳнат қилиб, бу борада шахсий намуна кўрсатиши энг таъсирчан тарбия бўлади. Ахир, оила ҳалоллик ва юксак ахлоқий фазилатлар шаклланадиган биринчи тарбия мактаби саналиб, Қуръони каримда бежиз “Эй имон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳлингизни дўзахдан сақланг!”[1] (Таҳрим сураси, 6-оят) деб марҳамат қилинмаган. Мазкур оятдан келиб чиқиб, ота-она фарзанд тарбиясидаги маънавий масъулиятини, аввало, шахсий намуна ва кундалик ҳаёт орқали намоён этиши муҳимдир. Шу нуқтаи назардан, оилада ҳалол меҳнат, пок даромад ва тўғри яшаш фарзанд тарбиясининг муҳим асосларидан бири ҳисобланади. Чунки фарзандга сингдирилган ҳалоллик ва масъулият туйғуси унинг келажакдаги шахсий ҳаёти, меҳнат фаолияти ва жамиятдаги муносабатларига бевосита таъсир кўрсатади. Демак, оилани моддий таъминлаш билан бирга, унда соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш ва фарзандларга ҳалоллик сабоғини бериш ота-она зиммасидаги энг катта бурчдир.

Нотўғри тарбия ва ноҳалол даромад нафақат ота-она, балки фарзандлар тақдирига ҳам салбий таъсир қилади. Буни Худойберди Тўхтабоевнинг “Мунгли кўзлар” романида тасвирланган воқеалар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Асарда оиладаги маънавий муҳит ва ота-онанинг ҳаёт тарзи фарзандларнинг дунёқараши ва ахлоқий камолотида қандай акс этиши Зуфар ва унинг ака-укалари тақдири орқали очиб берилган. Ота пора олади, она чайқовчилик билан шуғулланади, моддий жиҳатдан фаровон ҳаёт кечирилади. Бироқ бу бойлик ҳалол меҳнат асосига қурилмагани сабабли оиладаги маънавий муҳити издан чиқиб, фарзандлар руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Зуфар дастлаб тўкин ҳаёт тарзидан таъсирланиб, ота-онага тақлид қилмоқчи бўлади. Лекин турли синовлар, устози ва аммасининг меҳр-эътибори, ҳалол меҳнат муҳити билан танишиши натижасида унинг қарашлари ўзгара бошлайди. У ҳаётдаги ҳақиқий қадрият бойлик эмас, балки ҳалоллик, меҳнатсеварлик ва масъулият эканини англаб етади. Асар якунида ҳалол яшаш ва ҳаромхўрликка қарши курашишга қатъий қарор қиладики, бу инсон ўз хатоларини англаб, тўғри йўлни танлаши мумкинлигини кўрсатади.

Гапнинг индаллоси шуки, ҳалоллик – инсоннинг шахсий фазилати бўлиш билан бирга, оила маънавияти, фарзанд тарбияси ва жамият барқарорлигини таъминловчи муҳим маънавий қадриятдир. Оилада ҳалол меҳнат, покиза ризқ ва юксак ахлоқий қадриятларнинг қарор топиши фарзандларнинг дунёқараши ва келажакдаги ҳаётига бевосита таъсир кўрсатади. Ислом таълимотининг негизида ҳалол меҳнат ва пок ризқ инсон маънавиятининг муҳим шартларидан бири сифатида қаралади. Оилада ҳалоллик қарор топса, фарзандда ишонч, масъулият, адолат ва меҳнатсеварлик каби фазилатлар шаклланади. Булар унинг таълими ва касбий фаолияти, жамоатчилик билан муносабатлари ва ижтимоий ҳаётида акс этади. Шунинг учун жамиятда ҳалоллик муҳитини мустаҳкамлашни оиладан бошлаш зарур. Зеро, ҳалол инсон – ҳалол оиланинг, ҳалол оила эса ишончли ва барқарор жамиятнинг асосидир. Жамиятни ўзгартириш катта минбарлардан эмас, аввало, инсоннинг ўз уйидан бошланади. Оилада айтилган ҳар бир рост сўз, ҳалол меҳнат билан топилган ҳар бир луқма ва буюм, адолат билан қилинган ҳар бир иш жамиятнинг маънавий пойдеворини мустаҳкамлашга қўшилган ҳиссадир.

Фойдаланилган манбалар
  1. Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. Тафсири Ирфон. Қуръони карим маъноларнинг ўзбекча таржимаси ва тафсири.
  2. “Саҳиҳул Бухорий”, № 240 рақамли қўлёзма нусха. Султон Аҳмад III кутубхонаси.
  3. [1] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. Тафсири Ирфон. 6-ж. Қуръони карим маъноларнинг ўзбекча таржимаси ва тафсири. Тахрим сураси, 6-оят. – Тошкент: Шарқ нашриёт, 2019.  – Б 174.

 

Ирода ДАУРБЕКОВА,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

«ҲИЗБУТ ТАҲРИР»НИНГ ХАЛИФАЛИК ДАЪВОСИ: ИСЛОМ МОҲИЯТИГА ЗИД ҒОЯЛАР

Бугунги кунда ўзларини аҳли сунна вал жамоа таркибида деб даъво қилиб, ислом давлатини барпо этишга …