Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига туркиялик таниқли исломшунос олим, профессор Аҳмет Ўнсал шогирдлари билан ташриф буюрди.

Марказ директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев билан суҳбат давомида ислом илмлари, хусусан, ҳадисшунослик ва фиқҳни ўрганиш, алломаларнинг бой илмий меросини тадқиқ этиш, бу йўналишлардаги ҳамкорлик имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.


Аҳмет Ўнсал ислом ҳуқуқи, фиқҳ ва усулул фиқҳ соҳаларидаги илмий фаолияти билан танилган олим бўлиб, кўп йиллар Дин ишлари бошқармасида фаолият юритган. Ҳанафийлик маданиятини тарғиб қилиш вақфи асосчиси ва раҳбари. Айни пайтда Анқарадаги Йилдирим Боязид университетининг Илоҳиёт факультетида фаолият олиб бормоқда.

Олим Марказ музейи экспозицияларини кўздан кечирди. Марказ фаолияти билан танишиб, қадимий қўлёзмалар, ислом илми ривожига улкан ҳисса қўшган алломаларнинг бой илмий мероси, тадқиқотчиларимизнинг сўнгги йиллардаги нашрларига алоҳида қизиқиш билдирди.
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




