Home / Имом Бухорий ҳадислари / ҚИЁМАТ АЛОМАТЛАРИ КЎЗИМИЗНИ ОЧИШИМИЗ УЧУН АЙТИЛГАН

ҚИЁМАТ АЛОМАТЛАРИ КЎЗИМИЗНИ ОЧИШИМИЗ УЧУН АЙТИЛГАН

(Бир ҳадис шарҳи)

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам умматни кўплаб муҳим воқеалардан огоҳ этганлар. Келажакка доир энг аҳамиятли хабарларнинг мавзуларидан бири, албатта, охир замон, яъни қиёмат яқинлашганининг аломатлари бўлган. Унинг ҳақлигига ишониш ғайбга имон келтириш, Аллоҳ таоло ва Расулини тасдиқлашнинг бир қисмидир. Бу эса ўшандай аломатларга гувоҳ бўлган кишининг имони кучайиши, собит туриши ва тўғри муомала қилишини таъминлайди.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ «يَتَقَارَبُ الزَّمَانُ، وَيَنْقُصُ الْعَمَلُ ، وَيُلْقَى الشُّحُّ، وَتَظْهَرُ الْفِتَنُ، وَيَكْثُرُ الْهَرْجُ». قَالُوا يَا رَسُولَ اللَّهِ أَيُّمَ هُوَ. قَالَ «الْقَتْلُ الْقَتْلُ».

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Охир замонда) вақт қисқаради, (савобли) амал камаяди, хасислик ўрнашади (қалбларни эгаллаб олади), фитналар юзага чиқади (ёйилади) ва ҳарж кўпаяди”, дедилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, у нима?” деди. У зот: “Қатл, қатл (қирғин, қирғин)”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Бу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат аломатларининг баъзиларини баён этмоқдалар. Биринчиси – вақтнинг қисқариши. Яъни, умрнинг қисқариши ва ундан барака кетиши.

Баъзилар бу “қисқариш”ни қиёмат вақтининг яқинлашишига йўйган бўлса, айримлар “тезлашиш”ни ҳам англатишини ҳам айтган – йил ойдек, ой кундек, кун соатдек ўтиб кетишига ишора маъносида.

Бугунги олимлар – юқоридагиларга қўшимча тарзида – бу сўзни шаҳар ва минтақалар ўртасида масофа “яқинлашиши”, уни босиб ўтиш вақтининг қисқариши сифатида ҳам изоҳлайди. Чунки ҳозир қуруқлик, денгиз ва ҳаво йўллари орқали ҳаракатланувчи турли транспорт воситалари узоқ масофани нисбатан анча қисқа вақт ичида босиб ўтиш имконини беряпти. Шунингдек, телефон, телерадио ва бошқа телекоммуникация воситалари узоқдаги нарсани жуда тез яқинлаштиряпти. Воқеа-ҳодисалар ҳақидаги хабарлар зумда дунёнинг у четидан бу четига етиб боряпти.

Умумий хулоса шуки, бу сўз бизни вақт ғаниматлигини теранроқ англашга чақиради. Вақт тез сарф бўладиган, энг муҳими, тугайдиган омонатдир.

Иккинчи аломат – амалнинг камайиши. Одамлар мудом дунё ишлари ва ташвишлари билан андармон бўлиб, таот-ибодат ва эзгу ишларга вақт ажратмай қўяди. Инсоният кўп нарса билан банд, аммо унинг хатти-ҳаракатида хайр ва барака оз бўлади. Кўп нарсани билиш даъвоси ва кам амал қилиш замонамиз касаллигидир.

Бошқа ҳадисда айтилганидек, “Амалларнинг Аллоҳга энг суюклиси оз бўлса ҳам давомли бўлганидир”. Амал камайиб бораётган замонда оз бўлса ҳам мунтазам хайрли иш қилишга одатланиш мўминнинг вазифасидир.

Учинчиси – хасисликнинг ўрнашиши. Яъни, бахиллик ҳаддан ташқари кенг тарқалади. Одамларнинг қалбини шу даражада эгаллайдики, бой мол-мулкида, олим илмида, ижодкор ижодида бахиллик қилади. Моддий фаровонлик ошган сари ичидаги “етмайди” деган туйғу ҳам ошади, қаноат камаяди. Қалб ҳирс билан тўладиган бўлиб қолади.

Қуръони каримда “Ким ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар (охиратда) нажот топувчидирлар” (Ҳашр сураси, 9-оят) дейилган. Хасислик нафснинг табиий хусусиятларидан биридир. Инсон нафси билан курашиши орқали хасисликдан халос бўлади. Хасислик инсонни ўзига тегишли бўлмаган нарсани эгаллаш ва зиммасидаги бурч ва мажбуриятларни адо этмасликка ундайди. Бу эса қариндошлик алоқаларини узиш ва қон тўкиш каби ёмон оқибатларга ҳам олиб боради. Бунинг давоси яхшиликни одат қилишдир. Дейлик, муҳтожларга хайр-эҳсон, ҳадя ва енгиллик бериш қалбни даволайди.

Тўртинчи аломат – фитналар юзага чиқиши. Фитна фақат қуролли тўқнашув эмас. Ахборот уруши, ёлғон хабарлар, ғийбат ва туҳматнинг бир зумда тарқалиши, ҳақ билан ботилнинг аралашиб кетиши ҳам фитнадир. Одамлар нима тўғри, нима нотўғрилигини ажрата олмай қолади.

Шунингдек, кишининг дину дунёсига зарар келтирадиган воқеа-ҳодисалар, хиёнат ва зулм, ёнғин, зилзила ва бошқа офатлар, гуноҳ ишларнинг кўпайиши ва оддий ҳолга айлана бориши ҳам фитнадир.

Фитна содир бўлганда, шошилмаслик, тарқалаётган гапни текширмай такрорламаслик, тилни тийиш ва илм аҳлига мурожаат қилиш лозим. Негаки, дуч келган гапга ишониб, уни ёйиш ҳам фитнанинг бир қисмидир.

Бешинчиси – қирғин. Ҳадисдаги энг оғир қисм шу. “Ҳарж” сўзини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари “қатл”, “қирғин” деб изоҳлаяптилар. Бу нафақат жисмонан ўлдириш, балки қадр-қиммат, обрў ва ҳаёт ҳурмати йўқолишини ҳам англатади. Одамлар бир-бирини ноҳақ ва тажовузкорона, шунчаки ўз манфаати йўлида айблайди, камситади, жисман ва маънан жароҳатлайди, моддий ва молиявий талофат етказади. Шунингдек, бузуқ истакларини қондириш учун ёки ўзи сезмаган ҳолда душманга хизмат қиладиган баъзи ҳалокатли ғоя ва қарашларга мувофиқ иш тутади.

Бугунги ҳаётда юқорида айтилган ҳолатларнинг барчасини учратяпмиз. Бу ҳадис умидсизлик ва қўрқув уйғотиш эмас, огоҳликка чақириш учун айтилган. Ундаги сўзлар ижтимоий хасталикларни олдиндан кўрсатиб, чора топишни ўйлашга ундайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аломатларни айтиб, гўё “ҳар бирингиз ўз ўрнини билсин, қадамини ўйлаб боссин!” демоқдалар. Вақт қисқараётган экан, хайрга сарфлаш; амал камаяётган экан, борини давомли қилиш; хасислик ёйилаётган экан, саховатли бўлиш; фитна кўпаяётган экан, тилни ва нафсни тийиш; ҳарж авж олаётган экан, ҳар бир жоннинг ҳурматини ҳимоя қилиш лозим.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

САҲИҲ ҲАДИС ҚИСМЛАРИ

Ҳадис илмида ривоятларнинг саҳиҳлик даражасини аниқлаш ва уларнинг ишончлилик мақомини белгилаш муҳим аҳамиятга эга. Муҳаддис …